“Ўқимаган”ларнинг “ўқиган” болалари
Қишки таътил бошланиш арафасидаги кунлар эди. Уйдагиларимни кўрмаганимга тўрт ой бўлган (бу уйидан узоққа кетмаган қиз учун жуда кўп вақт)и учун ўқиш тугашидан икки кун аввал қишлоққа жўнадим. Эҳ-ҳе, таълим жараёни, “Тош шаҳар” манзараларини уйдагиларимга ҳаяжонлар билан сўзлаб бердим. Юз-кўзимдан пойтахтда ўқиш менга ёққанлиги шундоқ кўриниб турарди. Ота-онамнинг нигоҳида қувонч. Ҳавасдан юзлари порларди, чунки улар олийгоҳда ўқишмаган.
Опаларим эса Тошкентда ўқимаганлиги учун менга енгилгина “ҳасад қилишарди”, буни ўзаро ҳазил мутойиба чоғида сезиб қолардим. Таътилдан фойдаланиб, дадамдан зарур китобларни олиш учун пул олиб, шаҳарга жўнадим. Бир дунё китоб билан уйга автобусда қайтдим, чунки таксига пулим етмасди. Аввалдан автобусда узоқ манзилга боришни ёқтираман. Мазза! Ҳар хил одамларни кузатасан, турли мулоҳазаларни эшитасан. Буям бир мактаб-да. Тошкентда “Талабалар шаҳарчаси” бўлганидек, бизнинг туманда “Абитуриентлар шаҳарчаси” деб ном олган “Тамабаҳрин” қишлоғи бор. Жуда кўпчилик ўқувчилар ўқишга кириш учун шу ерга репетиторга боришади. Баъзилари ижарада туриб, баъзилари уйидан қатнаб, қийналиб бўлса-да, ўқишади.
Шу қишлоқдан бир ўрта ёшли аёл кичкина қизчаси билан автобусга чиқди. Кўринишидан бу ерлик эмас, анча қийналганлиги кўриниб турарди, чунки қиш бўлишига қарамай усти анча юпун эди. Аёлларни биласизку, танишми, нотанишми, дарров ҳангомани бошлаб юборишади. Беихтиёр қулоқ тутдим. Автобусга чиққан аёл тусмоллаганимдек чекка қишлоқдан экан. Бу ерга қизидан хабар олиб, курс пулларини тўлаш ва унга озиқ-овқат ташлаб кетгани келган экан. Бу гапларни эшитган ёши каттароқ бир хотин: “Эҳ-ҳе, ўзи бир гадойтопмас қишлоқдан экансизу қизингизни шу ерда ўқитишингиз шартмиди? Камига қиз бола экан. Тенги чиқса эрга берворардингиз, қутулардингиз, қизларга пул сарфлаб ўқитишнинг ҳеч кераги йўқ”, деб қолди. Бу гапни эшитиб ғалати бўлиб кетдим, шундай фикрлайдиганлар ҳали ҳам борлигига ачиндим, маслаҳатгўй аёлни… ёмон кўриб кетдим. Абитуриентнинг онаси эса шундай жавоб қайтарди: “Мен ўқимадим, шунинг учун тоғлар орасида яшаб юрибман. Қизим менга ўхшаб саводсиз бўлишини хоҳламайман. Ўқисин, дунё кўрсин, бир касбнинг эгаси бўлсин, эрга бериш қочиб кетмас. Тўрт қизим бор. Худо хоҳласа, ҳаммасини ўқитиб, одам қиламиз. Отаси улар учун кечаю кундуз тиним билмай мусофир юртларда ишлаб юрибдилар. Биз кўрган хорлик, зорликларни болаларимиз кўришмайди, Худо хоҳласа ”.
Бу муштипаргина аёлнинг гапларини эшитиб, олти фарзандини бошқалардан кам қилмай ўстираётган ота-онам кўз олдимга келиб кетди. Хотинларнинг гапи бошқа мавзуларга кўчиб, кета-кетгунча суҳбатлашишди. Мен эса ўзим билан ўзим бўлиб, дадам ва аям ўқишимнинг шартнома пулини тўлаш учун қанчалик қийналишлари, ўзлари киймасдан мени “бойнинг боласидай” кийинтириб қўйишлари, ҳамма-ҳаммаси кўз олдимдан бирма-бир ўта бошлади. Шунда ҳалиги ёши катта хотиннинг кейинги гапи хаёлларимни чалкаштириб юборди. Айтишича, кичкина ўғлига келин излаётган экан, ўқиган, яхши жойда ишлайдиган қиз қидираётган эмиш. Жаҳлим чиқди. “Ўзингиз боягина қизларни ўқитиш шарт эмас, деяётгандингиз, энди нега ўқиган қиз қидираяпсиз” дегим келди.
Ана шундай ўйлар билан икки ярим соатлик йўл ортда қолиб, манзилимга етиб келдим. Қарасам, дадам ва аям мени кутиб туришган экан. “Дўконга чиқаётгандик, қизим, биратўла сени ҳам олиб кетамиз, деб кутиб турибмиз” дейишди. Ўзимни бағирларига отиб, йиғлаб юбордим. Аста пичирлаб: “Ҳаммаси учун раҳмат. Яхшиям бахтимга сизлар борсизлар” дедим. Кўп гапларим бўғзимда қолди…
Бир курсдошим: “Сизнинг ота-онангизга ҳайкал қўйиш керак, чунки олти фарзандни тарбиялаб, ўқитиб, элга қўшиш ҳамманиям қўлидан келмайди”, деганди. Ҳақиқатан, мунисам волидам, суянган тоғим падари бузрукворим мен учун орзуимдагидай инсонлар! Қолаверса, “шахсий банким” (албатта, ҳазил).
Шундай қилиб, таътил ҳам узайиб, бир ойча уйда, ота-онам бағрида қолдим. Пойтахтга қайтиб, мусофирчилик кунларимни ўтказарканман, баъзида қийналиб, ўқиш ҳам жонимга текканда беихтиёр ота-онамнинг менга билдирган ишончларини эслайман: “Болам, сендан умидимиз катта, биз сенга ишонамиз”. Мен учун бундан ортиқ даъват йўқ.
Аммо беш қўл баробар эмас, деганларидек, айрим тенгдошларим ота-оналарининг не-не заҳматлар эвазига, орзу-умидлар билан уларни ўқитишаётганини унутиб қўйишади. Ҳар биримиз бизни вояга етказганларнинг юзларини ёруғ қилиб юрайлик, илоҳим. Қишлоқда қора меҳнат қилиб, ўзлари ўқимаган бўлса ҳам фарзандини ўқитаётган ота-оналарга эса тасаннолар! Бундай ота-оналар замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонларидир!
Севинч ЁҚУБОВА
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил топганинг беш йиллиги муносабати билан ушбу олий ўқув даргоҳида таҳсил олаётган бир гуруҳ талабаларнинг мақолалари — изланиш намуналаридан эълон қилмоқдамиз. Уларни ўқиб, танишиб ёш ижодкорларнинг ўй-кечинмалари, тил ва услуби, маҳоратини баҳолаш қийин эмас.
Қолаверса, улар мисолида эртанги матбуотнинг эгаларини тасаввур қилиш, уларнинг тафаккур тарзини англаш имкони ҳам мавжуд.
Қуйида бўлажак журналистлар қаламга олган лавҳалар билан танишинг:
Аёл фақат турмуш қуриш учун яратилганми?
“Ўқимаган”ларнинг “ўқиган” болалари
Саҳифани ЎзЖОКУ ўқитувчиси Ўктам МИРЗАЁРОВ тайёрлади.