Борингизча боримсиз, ОНА!
Ўзим журналистика соҳасида ўқиб, анчагина сўзга чечан бўлсам ҳам негадир онамга ҳар доим ҳам яхши кўришимни айтавермайман. Бунинг сабабини ўзим ҳам аниқ билмайман. Бир куни ўқитувчимиз “хоҳлаган инсонингизни портрет очеркида тасвирланг” дея вазифа берди. Шунда менинг кўз ўнгимда, аввало, мунисам — онажоним гавдаланди. Меҳрибонимни баландпарвоз гаплар-у, теша тегмаган иборалар билан алқаб ёзишни унчалик хуш кўрмадим. Шунчаки онамнинг характерини кўрсатгим келди. Ўзларининг сўзларида, меҳрида ва жонкуярлигида…
Туш кўрибман. Ғалати туш. Астағфуриллоҳ. Тушимда ўз уйимизда эканман. Қарасам аямлар йўқ. Излайман, излайман тополмайман. Кейин, не кўз билан кўрайки … йўқ-йўқ буёғини айтолмайман. Чўчиб, кўзимда ёш билан уйғониб кетдим. Бўғзимга нимадир тиқилар, танамдан совуқ терлар оқар эди. Хайрият, тушим экан… Шу ҳафта охирида уйга бориб онамни кўриб келмасам кўнглим жойига тушмайди…
Ахири, шанба ҳам келди. Уйга кетишга отландим. Аммо боришимни аямга айтмадим. Сюрприз бўлақолсин… Автобусга ўтириб қишлоғим томон йўл олдим. Ва ниҳоят етиб ҳам келдим. Қарасам аям дарвоза ёнида қўшни аёл билан суҳбатлашиб турган экан. Гап билан бўлиб менга унча эътибор бермадилар шекилли. Узоқдан ҳам бирам истарали, чиройли кўринадилар-ки. Оҳҳо, қошларига ўсма ҳам қўйибдиларми?! Янги кўйлак тиктирибдилар, аввал кўрмаган эдим.
…Аям мени ҳар доим ўзига ўхшатарди. Сен менинг ёшлигимсан дердилар. Шунда ая мени кўзларим қисиқ-ку, сизники катта-катта, чиройли дердим. Йўқ сеники ҳам катта бўлсанг менинг кўзимга ўхшаб кетади. Мен ҳам ёшлигимда бодомқовоқ қиз эдим деб кўнглимни кўтарардилар… Эҳҳҳ, шу гапларга ҳам қанча вақт ўтди. Тўғри, мен онамга ўхшайман, лекин улар мендан юз чандон гўзалроқ…
Вой, анчагина озиб, кўзларининг атрофи солғин бўлиб қолибдими?
Шу хаёллар билан уйга яқинлашай деганимда кўзлари ярқ этиб менга тушди. Кўриши билан севиниб, бағриларига босдилар.
— Телефон қилиб айтиб қўймабсанда. Келинойиларингга яхши кўрган овқатингни пиширтириб қўярдим.
— Ҳа ая, бир сюрприз қилай дедимда…
— Ўзинг қалайсан Дилдоржон! Ўқишларда қийналмаяпсанми? Пулинг етяптими?
— Ҳа аяжон, ҳаммаси яхши, ўқишларим зўр. Яқинда янги мақолам чиқди…
— Аллоҳ мартабангни улуғ қилсин. Ишларингни ривожини берсин ҳар доим.
— Ая, сочларингиз анча оқариб кетибди-я. Бир бўяб қўяман ўзим…
— Ҳа ўзим атайлаб бўямаяпман. Кўп “химикат” зарар экан болам…
— Бунақа юрмангда, зарарсизроқ соч бўёқда бўяймиз.
— Ҳа, айтганча, сепингга идишлар олганман юр кўрсатаман. Қара буларни чиройлилигини. Ҳавас қилиб олдим…
— Нима қилардингиз овора бўлиб, барибир ҳали эрга тегмайман-ку…
— Мен сени хурсанд бўлади деб ўйлагандим. Ая зўр экан ҳам деб қўймайсан-эй…
— Йўқ роса чиройли экан. Менга ёқди. Фақат ҳозир шарт эмас эди-да.
— Ия… Йўлдан оч келгандирсан. Мана бу сариёғ билан нонни еб тур. Тез овқатга ҳаракатни бошлаймиз…
— Қорним унчалик оч эмас аяжон. Ўзингиз яхшимисиз? Юрак дорингизни ичяпсизми?
— Ҳа, ҳа ичяпман. Кеча тугади. Қара-я дадангга айтиш эсимдан чиқибди…
— Бунча соғлигингизга беэътиборсиз. Ахир доктор у дорини узмасдан ичасиз деб айтганку… Эртага ўзим олиб келиб бераман.
— …
Ая бир туш кўрибман… (Эее нималар деяпман ёш болага ўхшаб. Кўнгиллари ғаш бўлади. Айтмайман).
— Ҳа, қанақа туш экан.
— Эее қўяверинг, тушга нималар кирмайди.
— Ҳааа тушингда менга нимадир бўлибдими, айтавер…
— Ҳааа, дедим йиғламсираб…
— Вой Дилдоржоней, ҳалиям ўзимни эрка қизимсанда. Мана кўриб турибсан аянг отдай. Эътибор берма… Қизболани туши тескари келади…
— Жонингиз соғ бўлсин-эй. Бахтимга бор бўлинг Аяжон…
— Сенга айтадиган дардларим бир талай. Ўзи ўқишдан озиб-ёзиб ойда бир келсанг ҳам бўлмағур гаплар билан бошингни оғритаман. Лекин кимгадир айтиб ёрилишим керак-ку…
— Ая-ей қизиқ гапларни гапирасизда. Менга айтмай кимга айтасиз. Нима гап, айта қолинг.
— Шу иккинчи аканг анча ичкиликка ўрганиб қолган. Ора-сирада уйида жанжал экан. Учинчисининг ҳаёти ўхшамади… Каттадан-ку кўнглим тўқ. Ҳар доим менга тиргак бўлиб келган…
— Аяжон шуларга ҳам сиқиласизми? Бўлиши керак бўлган нарса бўлди. Акамлар ҳам ёш бола эмас. Ҳаётидаги муаммоларни ўзлари ҳал қилсин-да. Қачонгача ёш боладек кўтармалаб юрасиз…
— Шундай дейсан-у, боланг бўлгандан кейин ҳамиша уларга масъул экансанда…
— Ҳа ая, ҳали иккита ўғлингизнинг ҳам эси киради. Ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Сиз умуман сиқилманг. Соғлигингиз бизга керак. Бўлар-бўлмас нарсаларга ўйланаверманг-да.
— Ҳа шуни айт. Ҳали сенинг роҳатингни кўришим керак. Яхши жойларга узатишим, болаларингга бешиктўй қилиб боришим керак… Сендан умидим катта жон қизим. Фақат яхши кунларингни кўрай. Катта-катта ютуқларга эришиб, бахтли, саодатли қиз бўлгин илойим…
— Айтганингиз келсин волидагинам. Умрингиз узоқ бўлсин. Барча умидларингизни оқлаб, сизга ва дадамга муносиб фарзанд бўлиш менга ҳам насиб қилсин!
Бир туш баҳона келганим яхши бўлган экан. Онажоним билан узоқ суҳбат қурдим. Нурли юзларига юзимни босиб, сира айрилгим келмасди. Аммо эртаси яна ўқишимга қайтишим керак эди.
Начора. Аммо онажон, сизни қанчалар яхши кўришимни билсангиз эди. Биргина ўтинчим, ҳамиша бор бўлинг, умрингиз жуда-жуда узоқ бўлсин,—дейман қўлимни дуога очиб. Илоҳим онамни ҳамиша ўзинг асра!
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзЖОКУ талабаси