Ҳайбатли тепаликлар сири

ёхуд Соҳибқирон Амир Темур бобомиз туғилган макон ҳақида янги тадқиқотлар

— Дада, анови қандай тепалик?

— Билмадим, болам…

— Ахир нега билмайсиз?

(Суҳбатдан)

Одам боласи ёши улғайган сари тез-тез ўтмишга қарайдиган, оиласи, уруғ-аймоғи, қишлоғи, юрти ҳақида кўпроқ ўйлайдиган бўлиб қолар экан. Баъзан гурунгларда кимдир гапни айлантириб: “Бобомнинг чопағон отлари кўп бўлган ёки сурув-сурув қўйлари бўлган”, деб мақтаниб қолади. Гоҳида ичингда унга ҳавасинг ҳам келади. “Хўш, менинг аждодларим ким бўлган, қандай яшаган?” — деб ўз-ўзингга савол берасан. Бу савол тинчингни бузади, кекса кишилардан фурсат топиб суриштирасан, жавоб топсанг, эшитганларингни болаларинг, набираларингга бот-бот сўзлаб берасан.

Аммо жавоб топмасангиз нима қиласиз? Мактабда ўқийдиган набирангизнинг тарих китобини титкилаб кўрасиз. Қадимги Рим, Юнон, Миср тарихига оид рангли суратларни ҳайрат билан томоша қилиб, тарихий маълумотларни ўқиб чиқасиз. Аммо негадир қониқмайсиз, ўзингиз истаган нарсани тополмайсиз…

Қишлоқнинг тоғ тарафида, Самарқанд – Ғузор катта автойўлининг Қашқадарё кўпригига яқинроқ жойда баланд тепалик бор. У менга болаликдан таниш, неча бор қўй боқиб юрганимизда устига чиқиб ўйнаганмиз. Лекин бу қандай тепалик, у қадимда қандай жой бўлган, унда кимлардир яшаганми — билмасдик. Аждодларимиз эса тепаликларга Қизтепа, Жангалтепа, Бўритепа, Наймансаройтепа деб ажабтовур номлар қўйишган.

Ўтган асрнинг 90-йиллари эди. Воҳамиз ижодкорлари билан бўлган учрашувдан сўнг оқсоқол ёзувчи, Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмаднинг “Турна қўнган қирларда” мақоласида “Қашқадарё шундай маконки, унинг қирлари, тепаликларида ёнбошлаб олиб, қисса ва романлар ёзса бўлади”, — деган сатрларни ўқиганман. Бу билан кўпни кўрган ва билган адиб воҳамизнинг ҳали ўрганилмаган ўтмишига ишора қилгандир, балки.

Раҳматли Бибисора аммам айтарди:

— Қизилтепада қирқ малак яширинган. Ярим кечада туйнук очилиб, қизлар ташқарига чиқади. Гулхан ёқиб, ўйин-кулги қилишади, тонг оқариши билан яна маконларига беркиниб олишади. Уларни кўрган одам жинни ё девона бўлади.

Тарихчи олим Поён Равшанов Қизилтепа ҳақида ёзар экан, бу тепаликда топилган ашёлар орасида аёлларнинг ўсма қўядиган митти идишлари ва бошқа пардоз буюмлари борлигини таъкидлаган. Бир неча йил тепалик атрофида қўй боқиб чўпонлик қилган Равшан бобо эса у ерда олов ёлқинини кўргани ва овозлар эшитганини ҳамон гурунгларда ҳайратланиб сўзлаб юради.

* * *

— Эллигинчи йилларнинг охири эди. Мактабни тугатгандим. Чимқўрғон сув омбори қурилиши туфайли қишлоғимиз аҳолисини Жонбўзсойга кўчириш бошланди. Тепаликларни ва бошқа тарихий жойларни ўрганиш учун пойтахтдан шошилинч равишда қадимшунос олимлар келиб, ишга киришди. Қазиш ишларида мен ҳам икки йил ишладим. Гуруҳ раҳбари Сергей Кабанов деган олим билимдон, ажойиб инсон эди. Эҳ, бу тепаликлардан яшик-яшик буюмларни топиб жўнатганмиз. Сополдан ясалган ҳар хил уй-рўзғор буюмлари, лойдан ясалган турли ҳажмдаги ҳайкаллар, қадимги тангалар, қурол-аслаҳалар топганмиз. Жангалтепадан эса катта бир оиланинг яхши сақланган тобутлари чиққанди, — деб сўзлайди кекса муаллим Ҳасан Равшанов.

Эсабой қишлоғида яшовчи Саид муаллимнинг уйида меҳмонда эдик. Суҳбатимиз айланиб қишлоқ яқинидаги Қулоқлитепага тақалди. Саид муаллим шундай деди:

— Қулоқлида сир-синоат кўп. Кўпчилик бу ердан яна юз йил ҳам фойдаланса бўладиган кўзалар, хумлар топиб, ҳамон ишлатиб юришибди. Бундан ташқари, бу тепалик ичида кутубхона бўлса керак. Чунки тепаликнинг дарёга тарафи қиялик. Қушларнинг ин қўйиши учун бехавотир жой. Қушлар уяларидан арабийми, форсийми ё бошқа ҳарфларда битилган варақларни чиқариб ташлашади. Баъзи одамлар бу қоғозларни топиб олиб, “тиллари ўтмагач”, ташлаб юборган.

* * *

Кунларнинг бирида манбашунос олим Абдусаттор Жуманазарнинг 2007 йилда чоп этилган “Насаф” номли китоби қўлимга тушиб қолди. Аввало, муаллифнинг илмий маълумотларни ўзига хос содда услубда, оммабоп қилиб ёзгани диққатимни тортди.

Китобдаги мен учун энг қизиқарли жойи “Ниёза” деб номланган боби бўлди. У биз учун болаликдан қадрдонимиз ўша Қулоқлитепа тарихи экан. Бу қутлуғ маскан Насаф вилоятининг шимоли-шарқий чегарасида жойлашган. Дарёнинг шундоққина нариги қирғоғидан Кеш вилояти ҳудуди бошланаркан. Китобда ўрта асрларда бу жойдан бир нечта олим ва адиблар етишиб чиққани айтилиб, улар ҳақида қимматли маълумотлар келтирилган.

Муаллиф тадқиқотида бирламчи қўлёзма манбалардан Амир Темур бобомиз Хожа илғор ёки Занжирсойда эмас, балки Ниёза мавзесида туғилгани ҳақида маълумот топади ва уни ўқувчилар эътиборига ҳавола қилади. Ниёза ҳақида Истахрий (Х), Нажмиддин Умар ан-Насафий (ХII), Абдукарим ас-Самъоний (XII), Ёқут ал-Ҳамавийлар (XII-XIII) маълумотларини беради. Улардан сўнг Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома”, Муиниддин Натанзийнинг “Мунтахаб-ат таворих”, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарларида Соҳибқирон Амир Темурнинг Ниёзада (Ажиғи) кечган тарихи батафсил ёритилиб ва таҳлил қилинади. Бу асарлар орасида Низомиддин Шомий асари Соҳибқирон бобомиз кўрсатмаси билан ёзилган. Натанзий асарини темурий Искандар Мирзо буюртмаси билан ёзишга киришади. Китоб ёзиб тугатилганда у вафот этган эди ва асар Соҳибқирон Амир Темурнинг кичик ўғли Шоҳрух Мирзога туҳфа қилиниб, унинг назаридан ўтказилади. Шарафиддин Али Яздий асарини Шоҳрух Мирзонинг машҳур ўғли Иброҳим Султон ҳузурида ёзган.

“Аммо, — дейди Абдусаттор Жуманазар. — Хожа Илғор қишлоғи номи бу қимматли манбаларнинг бирортасида учрамайди.

Бу китобларнинг барчаси Соҳибқироннинг ўзи, ўғли ва набиралари назаридан ўтказилиб ёзилган. Улардаги маълумотлар бирламчи ва ишончлидир.

Ҳанузгача дарсликларимизда қайта-қайта зикр этилаётган Хожа илғор қишлоғи номи қаердан пайдо бўлди? У фақат XV аср ўрталарида ёзилган Ибн Арабшоҳнинг “Ажойиб ал-мақдур фи тарихи Таймур” асарида қайд этилган. Бу асар Шомий асаридан 34, Натанзий асаридан 25, Али Яздий асаридан 13 йил кейин ёзилган. Аммо Арабшоҳ асарининг бирор ўрнида Ниёза ёки унинг туркийдаги иккинчи номи — Ажиғи зикр этилмаган”.

Буни қарангки, биз юқорида тилга олган Қулоқлитепа, аслида, қадим ўтмишда Ниёза (форсча) ва Ажиғи (туркийча) номлари билан машҳур бўлган тарихий жой экан. Абдусаттор Жуманазарнинг “Насаф” китобида бу жойнинг топилиши воқеалари жуда қизиқарли тарзда батафсил ҳикоя қилиниб, унга оид тарихий манбалар чуқур таҳлил этилган. Ниёзага бағишланган мақола: “Ниҳоят, Хемингўй балиғи қўлга тушди”, сатрлари билан якунланади. Бу жой шу тариқа 2006 йили илмий асосларда том маънода кашф қилинади ва омма эътиборига етказилади. Чунки шу пайтга қадар Ниёза қишлоғи олимлар томонидан Яккабоғда ё унга яқин ҳудудлардан бирида жойлашгани тахмин қилинарди, кўрсатиларди. Ниёзанинг топилиши ва юзага келган янги вазият Соҳибқирон Амир Темур таржимаи ҳоли ҳамда тарихига ҳам қайтадан жиддий назар ташлашни талаб этаётир. Наҳотки бир марҳум бечоранинг қабртошини Соҳибқирон кўтариб машқ қилган “полвонтош”га айлантириш ва бировларни шу каби яна ҳар хил жоҳилона ўтрикларга ишонтиришга уринишда давом этаверамиз?

Ҳозир Ниёза қалъаси қолдиғини маҳаллий халқ “Қулоқлитепа” номи билан атайди. У ер сатҳидан тахминан 25-30 метр баланд, 6-7 гектар майдонни эгаллаган.

* * *

Шу ўринда болалиги Чимқўрғон сув омбори остида қолган Наймансарой қишлоғида ўтган марҳум шоир Йўлдошбек Кенжанинг хотираларига қулоқ тутсак.

— Уйимиз яқинида Тепабобо деган газа бўларди, болалигим шу кенгликларда ўтган, ўшанда етти-саккиз ёшларда эдим.

Жўраларим билан Тўлғоной момонинг уйи ёнидаги тепаликка ўйнагани чиқар эдик. Биз болаларнинг назаримизда тепалик дунёдаги энг баланд жой бўлиб, кўзимизга қудратли, енгилмас қўрғон бўлиб кўринарди.

У — бизнинг митти Ватанимиз эди. Кунларнинг бирида тепаликни бузгани машина ва баҳайбат бульдозерни олиб келишди. Қишлоқ аҳли томошага чиқди. Бобо ва момоларнинг кўзларидан ёш юмалади. Бульдозер эса тепаликка худди тошбақадек ўрмалаб чиқа бошлади. Шунда кимдир: “Эй, Тепабобо, кароматингни, қудратингни кўрсат!” — дея ҳайқириб юборди.

Кейин эса бирдан бульдозер кўринмай қолди. Одамлар тепаликка қараб чопишди. Трактор тепаликдан очилган улкан туйнук оғзида муаллақ турар, унинг ҳайдовчиси эса кабина ичида ҳушсиз ётарди. Ҳайдовчини бир амаллаб тортиб олишиб, шифохонага олиб кетишди. Бульдозер эса тепалик оғзида узоқ муддатга “асир”ликда қолди.

Кунларнинг бирида тепалик устида ўйнаб, бехосдан унинг ичига тушиб кетдим. Жўраларим отамга хабар бергани қишлоққа чопиб кетишди. Мен эса, билсангиз, ўзга бир дунёга тушиб қолгандек эдим. Улкан сарой, деворларда турли расмлар, буюмлар, ҳайкалчалар турарди. Дарё тарафга кетадиган йўлакка эса тош тўшалган. Отам келиб, менга арқон ташлаб тортиб олди. Мен тепалик ичида кўрганларимни уйдагиларга, дўстларимга сўзлаб бердим. Кейинчалик шу тепаликда текшириш ишлари олиб борган С.Кабанов, З.Усмонова, Т.Аъзамхўжаеваларнинг асарларидан мен болалигимда кўрган сарой маҳобатли Сўғд иморати эканлигини билдим. Демак, болалик тасаввурларим мени алдамаган экан.

Қашқа воҳасининг ўрта қисмидаги қадимий манзиллар 1971 йилда яна текширувдан ўтказилди ва қадим аждодларимиз томонидан ясалган кўплаб осори-атиқалар топилди. Айниқса, Жангалтепадан топилган болаларнинг сут эмизишига мўлжалланган, биқинида жўмраги бўлган митти эмизиклар диққатга лойиқ эди.

Шу топилманинг ўзи ҳам аждодларимизнинг болалар тарбиясига катта эътибор беришини ва болажон бўлганини кўрсатади. Шунингдек, Чокартепа, Дўстбердитепа, Байрамтепа, Қоратепа, Ирзотепа, Ойдонатепалар ҳам ўтмишимиздан кўплаб сир-асрорларни ўз бағрига олгани билан муҳимдир. Қадимшунос олимларнинг таъкидлашича, биргина Қамаши тумани ҳудудида 32 та илмий-тарихий аҳамиятга молик тепаликлар мавжуд экан.

* * *

Ҳа, юртимизнинг исталган жойига борсангиз, албатта, тарихимизга дахлдор жойларга дуч келасиз. Бу маконларнинг кўпчилиги илмий жиҳатдан етарлича ўрганилмаган. Тадқиқотлар олиб борилган маконлардан эса нималар топилган, уларнинг тарихий аҳамияти қанча, бундан кўпчилик бехабар. Бу жойларни ўрганган олимларнинг асарлари эса жуда кам нусхада чоп этилган ва тор доирада тарқатилган.

Шу ўринда бир мулоҳаза юритсак. Юртимиз тарихига оид оммабоп китоблар нега мактаб ва олий ўқув юртларида ўрганилмайди? Агар шундай хайрли ишлар амалга оширилса, ёшлар тарихимизни яхшироқ билган ва Она Ватанимизга меҳр-муҳаббати, қизиқиши янада ортиши тайин.

Мисрликлар аждодлари яратган эҳромлари билан неча-неча юз йилликлар оша дунё аҳлини ҳайратга солиб келмоқда. Бизнинг аждодларимиз бунёд этган ҳайбатли тепаликлар ҳам ўзининг сир-синоати ва узоқ кечмиши билан миср эҳромларидан асло кам эмас.

Ўролбой ҚОБИЛ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − nine =