Ҳамон тўйларимиз обрўимизми?

Тўй ва таъзияға сарф қилинатурғон оқчаларимизни биз туронийлар илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб ўврупойиларидек тараққий этармиз ва ўзимизда обрўй ва ривож топармиз. Йўқ ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдир.

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

 

Тўй — икки ёшнинг ҳаётини никоҳ билан боғлаш ва ўзидан насл қолдириш учун қилинадиган анъанавий маросим. Аммо “орзу-ҳавас қурбонига айланаётган баъзи юртдошларимиз хатти-ҳаракатлари кишини ўйга толдиради. Юқорида Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратларининг шу хусусда билдирган фикрларини бежиз келтирмадим. Демак, тўйдаги ортиқча дабдабабозликлар кеча ёки бугун кириб келмаган. Қарийб бир аср муқаддам билдирилган бу фикрлар ҳозирги замон тўйларига ҳам “қолипдек” мос келади.

Тўйни ҳамма ўз шароитидан келиб чиқиб ўтказади. Аммо “Кўрпасига қараб оёқ узатмайдиганлар” ҳам талайгина. “Одамлардан боламнинг нима ками бор?”. “Эртага эл нима дейди?” дея қарз-қувала кўтариб, кредит олиб, бор-будини сотиб  бўлса-да, тўй қилаётганларни ҳам кўриб-билиб турибмиз. Қанчадан-қанча танбеҳлар бериляпти, кексаю ёш бу ҳақда бонг урмоқда. Аммо аҳвол жуда секин ўзгаряпти. Омма орасида камхарж тўйлар бошлангандай бўлдию “орзу ҳавас” қурғур яна ҳакалак ота бошлади. Қатор-қатор машиналар карвони, ким­ошар базму жамшидлар такрорланмоқда.

Ота-оналар томонидан фарзандини “қўшнининг боласи” билан тенг­лашлар, “Сен тенгининг болалари мактабга чиқаяпти” каби таънаю маломатлар ёки бўлмаса, тўшакдаги бобо-бувининг “Кўзим очиқлигида тўйингни кўрсам армоним йўқ эди” каби орзулари орқасидан ўн беш кунда ёшларнинг ҳаётлари ҳал бўлмоқда. “Оила қурмоқчи бўлган инсон турмушга тайёрмикан?” дейиш йўқ! “Жисмонан ва руҳан ОИЛА аталмиш кичик, аммо катта масъулияти бор қўрғоннинг паст ва баландликларига кўникиб кета олишармикан?” дея мушоҳада  қилиш йўқ!

Яқин бир дугонам билан ўзаро суҳбат чоғида гапдан-гап чиқиб, мавзу тўйга тақалди. У орзу қилаётган тў­йи­­ни таърифлаганида, тўғриси, мен лол қолдим. Қанийди, ҳамма қизлар шундай фикрласа…

У дедики:

“Мен умримда бирон марта кўрмаган, синалмаган инсонга турмушга чиқмайман. Совчиларнинг мақтовини эшитиб, вақтимни бекорга сарфламайман. “Нон синдириш” каби кичик, аҳамияти у даражада юқори бўлмаган маросимлар учун юздан ортиқ меҳмон кутиб, бир жонлиқ сўйиб, таниш, нотаниш одамларни меҳмон қилиш учун дадам бечоранинг кира қилиб топган пулини кўкларда совуришниям хоҳламайман. “Фотиҳа тўйи” деб аталувчи кичик одат учун миллион-миллион сарфлашни, “турецкий сарпо”лардан биратўласига неччидир йилларга етадиган қилиб кийим-кечак йиғишни, соч ювиш воситасидан тортиб нам сочиқларгача одамларга кўргазма қилиб, яна буни данғура-дунғур билан олиб келинишини истамайман. Нимага энди бирваракайига неччидир йиллар учун кийим олиш керак? Ахир тўйдан сўнг ҳам вазиятга қараб, танлаб либос олиш мумкинку! Замон ўзгармайдими, урфлар ўзгармайдими? Ортиқча дабдабабозликнинг нима кераги бор? Тўйимда кераксиз “тоғоралар” икки қуда тараф ўртасида айланмайди. Бирор одамга наф келтирмайдиган, кийилмайдиган матолар, бундан 20 йил аввал машҳур бўлган, ҳалигача “олди-берди”га ишлатилаётган рўмолу эркаклар кўйлаклари алмашинилмайди. Мен орзу-ҳавас қурбони эмасман! Бир кунлик юз пардози учун 200 доллар сарфлайдиган, бир марталик ижарага оладиган тўй либосимга 1000 доллар сарфлайдиган ахмоқ ҳам эмасман. Тўй ўтгач, юзлар ювилади, кўйлак эгасига берилади. Либосим қиммат ёки арзонлиги эртанги ҳаётим бахтли бўлиш-бўлмаслигини кафолатламайдику. Тўйимда 20 та “Иномарка” келсин деб хархаша қиладиган “қўғирчоқ”лардан ҳам эмас­ман. Бир кунлик ижара машиналари учун 1000, 2000 доллар сарфлагандан кўра, ўша пулга келгусида шахсий машина харид қилиши ёки рўзғор учун маиший техника сотиб олгани маъқул. Албатта, бу менинг шахсий фикрларим. Тўйимда келин дугоналар бир хил кўйлак киймаса ҳам майли. Топганини кийсин. Тўйимда дугоналаримнинг либоси нима аҳамият касб эта оларди? Қолаверса, фалон пулга антиқадан-антиқа таклифномалар чиқартириб нима қиламан? Тўйга тарқатилган таклифномаларни кимдир ардоқлаб, сандиғига солиб қўярмиди? Умуман бунда қоғозни увол қилишнинг нима кераги бор? Ҳозир замон жуда ривожланган. Ҳамманинг қўлида смартфонлар, менга қолса, электрон таклифнома ясатардим, жуда кўнглим бўлмаса, шахсан таклиф қиламан. Яна, тўйим “бирровчилар” учун саҳнага айланмайди. Фонограммада оғзини икки марта қимирлатиб турадиганларни чақириб, “Гала концерт” уюштирилмайди. Тўй оқшомида ярим яланғоч раққосалар эркак меҳмонларга хиром айлаб, чўнтагидаги пулни шилмайди. Тўйхона тунги клуб эмаску?! Оқшом базмида эркин бўлишни хоҳлайман. Тасвирчининг камераси туну кун мен билан бўлиб, ҳар бир ҳаракатимни ўргатиб туришининг нима кераги бор? Ҳаммаси табиий бўлсин. Ахир, тўй фильмни тасвирга олиш жараёни эмаску. Менинг орзуимдаги тўй — оддийгина. Оила аъзоларим ва яқин инсонларим  бу бахтли кунимда ёнимда бўлса, отам ва онам кўнглида минг ўй, ташвишсиз, сидқидилдан оқ фотиҳа берса ва ўзимни эркин тутиб, оқ либосда жуфтим истиқболига чиқсам, бас! Ёнимда мен ишона оладиган, муносабатимиз муҳаббат ва ўзаро ҳурмат асосида қурилган, энг муҳими, мен қилган мебелга эҳтиёж сезмайдиган инсоним бўлса, шунинг ўзи етарли! Асосий мазмун тўйнинг қандай ўтишида эмас, қандай умр йўлдош билан ҳаёт йўли боғланишида деб биламан. Гап сарпода эмас, гап икки томон бир-бирини тушунишида. Мен мана шу фикрларим ва орзуларимни ҳурмат қиладиган инсон билан, Аллоҳ насиб этса, тақдир йўлимни боғлайман”.

Аммо тан олиш керак, бундай фикр­ловчилар бармоқ билан санарли. Лекин ҳақиқатан ҳам, дабдабали тўйсиз ҳам инсон бахтли яшай олади. Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, ҳар бир инсон ўзи хоҳлагандек ва виж­дони буюргандек яшашга ҳақли. Тўйдаги урф-одатларни бажаришни истамаслик ёки бажармаслик  инсоннинг бахт­­ли ёки бахтсизлигини ҳал қиладиган омил эмас, ҳеч қачон!

Мен бу борада тенгдошларимнинг фикрини ҳам билишни истардим. Келинг, дўстлар, ўз тақдиримизни одоб-ахлоқ доирасида ўзимиз ҳал қилайлик, мунис ва меҳрибон ота-онамизга тиргак бўлайлик. Бугун биз бу борада ҳам дадил қадам ташлаб, ўзгармасак, жамият ўзгармайди. Тўйдаги исроф­гарчиликлар мавзуси кейинги асрларда ҳам долзарблигича қолаверади.

Дилдора ДЎСМАТОВА

 

Ўзбекистон Журналис­тика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил топ­ганинг беш йиллиги муносабати билан ушбу олий ўқув даргоҳида таҳсил олаётган бир гуруҳ талабаларнинг мақолалари — изланиш намуналаридан эълон қилмоқдамиз. Уларни ўқиб, танишиб ёш ижодкорларнинг ўй-кечинмалари, тил ва услуби, маҳоратини баҳолаш қийин эмас.

Қолаверса, улар мисолида эртанги матбуотнинг эгаларини тасаввур қилиш, уларнинг тафаккур тарзини англаш имкони ҳам мавжуд.

Қуйида бўлажак журналистлар қаламга олган лавҳалар билан танишинг:

 

Аёл фақат турмуш қуриш учун яратилганми?

 

Ҳамон тўйларимиз обрўимизми?

 

“Ўқимаган”ларнинг “ўқиган” болалари

 

Гуллар чаёнга айланмасин

 

Саҳифани  ЎзЖОКУ ўқитувчиси Ўктам МИРЗАЁРОВ  тайёрлади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five − 1 =