Бадал

Холиёр САФАРОВ

Холиёр Сафаров 1983 йил 21 февралда таваллуд топган.

2005 йилда СамДУ ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.

“Ой ботмаган кечалар” (2010 йил, ҳикоялар), “Қанотсиз қушлар” (2015 йил, қисса ва ҳикоялар), “Номус ва ҳаёт” (2019 йил, қисса ва ҳикоялар), “Онамнинг ёлғонлари” (2024 йил, ҳикоялар) номли китоблари чоп этилган.

Айни дамда “Ўзбекистон тарихи” телеканали “Илмий-оммабоп телефильмлар” муҳарририяти катта муҳаррири.

(Ҳикоя)

Фараҳбахш пайшанба оқшоми. Макканинг улуғвор тоғларига туташиб кетган пасту баланд иморатлар, тунда ҳам қатнов тинмайдиган гавжум кўчалар, уловлар чироғи ёруғидан кўкдаги юлдузлар хира кўзга ташланади. Саодатли бир кеча. Уч кун Мадинаи мунавварада Пайғамбар алайҳиссалом Равзаларини зиёрат қилишган ва Масжиди Набавийда намоз ўқиб, унинг файзу тароватидан баҳраманд бўлишиб, ўша ерда ифторлик ҳам қилишиб, қалбларида ажиб бир сокинлик, таскин ва ҳаловат туйишган зиёратчилар хуфтонда Зулҳулайфада мийқотдан ўтиб, “Лаббайка Аллоҳумма лаббайк” дея талбия айта-айта Маккага кириб келишмоқда. Автобус тўла. Олд томонда эркаклар, орқа томонда аёллар. Гуруҳда оқ-сариқдан келган, оппоқ соқоли кўксига тушган, нуроний чеҳрасидан нур ёғилиб турган, ўрта бўйли, юмалоқ юзли, тўла гавдасига нисбатан ниҳоятда чаққон бўлган етмиш ёшлардаги Зайниддин эшон ва унинг ёнида тўққиз-ўн ёшлардаги Нурмуҳаммад исмли набираси ҳам бўлиб, у ниҳоятда юзи тиниқ, икки ёноғи қизарибгина турувчи, истарали ўсмир эди. Сафардошлар уларга зимдан қараб-қараб қўяр, аммо ҳали кўпчилик бир-бири билан яқиндан танишишга улгуришмаган эди.

Автобус меҳмонхонага яқинлашганда ўзи қорачадан келган бўлса-да, Саудия офтобида афт-ангори малларанг тусга кириб қолган элликбоши микрофонни олиб, деди:

— Азизлар, Маккага хуш келибсиз! Насиб бўлса, тонг отса, жума – муборак кун! – деди тўлқинланиб. — Аллоҳ бизга рамазон ойида умра қилиш бахтини насиб этиб турибди. Етказганига шукр. Бу бир саодат, азизлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам “Рамазондаги умра мен билан қилинган ҳажга тенг келади” дея марҳамат қилганлар. Ушбу ҳадиси шарифдан ҳам англашиладики, рамазондаги умра Пайғамбар алайҳиссалом билан қилинган ҳажнинг савобига тенг. Буни уламоларимиз ҳам айтганлар. Азизлар, рамазони шарифда Аллоҳнинг байтини тавоф қилиш, умра амалини бажариш ва жума намозини Каъбатуллоҳда ўқиш қанчалар бахт! Бунинг шукрини қилишимиз керак! Бу кунни орзу қилганлар қанча эди?.. Бунинг ҳасратида ўтганлар қанча эди?.. – элликбошининг овози титраб кетди. – Азизлар, – деди ҳирқироқ овозда, – модомики, шундай бахт бизга насиб этган экан, шунга муносиб бўлайлик.

— Аллоҳга шукр! – дейишди зиёратчилар. — Етказганига шукр!

— Ҳозир меҳмонхонага бориб, хоналарга жойлашамиз, – деди элликбоши. — Юкларни қўйиб, вақтлироқ бўлса ҳам саҳарлик қилиб, тезда яна автобусга чиқамиз.

— Хўп. Жуда яхши.

— Насиб бўлса, бомдодгача умрани адо этамиз.

Фурсат – ғанимат. Ислом меҳвари бўлган ушбу муборак заминда ҳар бир дақиқанинг қадрига кетиш керак. Айтилган вақтда ҳамма автобусга чиқиб бўлганди.

— Аллоҳ муҳаббатингизни янада зиёда этсин, – деди элликбоши қувониб. — Рамазонда ният қилган умра амалимизни ўзи осон қилсин ва биздан қабул айласин! Илоҳим, барчангизни дуолари ижобат бандалари қаторида қилсин.

— Омин! – деди зиёратчилар.

Зиёратчилар ўн дақиқа ўтар-ўтмас Каъба ҳудудига етиб келишди. Автобусдан тушишгач, аёлларни ўрталарига олишиб, “Лаббайка Аллоҳумма лаббайк…” дея талбия айта-айта Ҳарами шариф томон юра бошлашди. Улар жойнамоз шаклида терилган оқ мармарлар бўйлаб Аллоҳнинг уйига яқинлашган сари юраклари тошар, атрофдан улуғворлик, муаззамлик, ажиб бир ёруғлик тушар, мусулмонлар қибласи – Байтуллоҳга талпинган сари вужудида ҳали ҳеч бир замон ҳис этмаган туйғулар жўшар, лаблар пичирлар, баданлар қизир, айримларнинг мижжаларида ёш ҳалқаланарди. Улар “Бисмиллаҳ…” айтиб, “Ас-салом” дарвозасидан кириб боришаётган эди.

— Каъбанинг маҳобатини тўла ҳис этиш учун хушу ҳолатида ерга қараб борамиз, – деди элликбоши. — То мен айтмагунимча бошимизни кўтармаймиз.

Қалбларда саодатли бир ҳаяжон эди. Улар яна бироз юришиб, шиша билан ўраб қўйилган кичик Марва тепалиги ёнидан ўтишди.

— Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! Энди тўғрига қараймиз! – деди ниҳоят элликбоши.

Гўё тушда содир бўлаётгандай сатҳига оқ мармар тўшалган, устига олтин ипларда Қуръони карим оятлари туширилган кисва ёпилган маҳобатли Каъбатуллоҳ кўринди.

— Ё, Аллоҳ! Етказганингга шукр! – деди Зайниддин эшон ва Каъбани илк бор кўрганда ўқиладиган дуони баланд овозда айтди.

— Аллоҳим, ўзингга шукр! Байтингга етказдинг! – кўзларда ёш қалқди. Шукроналик ортди. — Ўзингга шукр!

Зиёратчилар Каъбанинг Ҳажар ул-асвад бурчагидан “Бисмиллаҳи Аллоҳи акбар” дея тавофни бошладилар. Байтуллоҳни айланар экан, элликбоши, баъзан Зайниддин эшон баланд овозда оят ўқир, қолганлар жўр бўлишар, дуолар ижобат маконда кимда не тилак, орзу-истак бор, барчаси сўралар, гуноҳлару савоблар қоришар, ҳақ тарозиси кўтарилар эди.

— Ота-онамни ўзинг мағфират қил, ё Аллоҳ…

— Бизларнинг гуноҳларимизни кечир, ё Аллоҳ…

— Ўзинг бизни ҳидоят эт, ё Аллоҳ…

— Фарзандларимни сиҳат-саломат қил, эй, Яратган эгам…

— Ё Худойим, ўзинг мол-давлатимни зиёда қил…

— Ё Аллоҳ! Ўзинг бизга тинчлик-омонлик бер!

— Ё Худойим, қизимнинг бахтини бер. Ўғлимга яхши жойлардан ато қил…

— Эримга ўзинг инсоф бергин, Художон…

— Аллоҳ, ўзинг бизларга раҳм қил…

Зиёратчилар дилда борини сўрай-сўрай Каъбани етти марта айландилар. Сўнгра Мақоми Иброҳимда тавоф намозини ўқиб, Сафо ва Марва оралиғида саъй қилдилар. Ҳали улар Марвадан тушишларига улгурмай бомдодга азон айтилди.

— Пастга тушиб, бомдодни ўқиб оламиз, – деди элликбоши.

То такбир айтилгунча қуйи қаватдаги гилам – жойнамозлар тўшалган жойга етиб келишди ва намозни адо этишди. Энди соч олдиришлари керак эди. Эркаклар Каъба ҳудудидаги сартарошга боришди, аёллар автобусда кутадиган, меҳмонхонага боргач, сочларини маҳрамларига кестирадиган бўлишди.

Зиёратчилар орасида эллик ёшлар атрофидаги икки дўст ҳам бўлиб, уларнинг бири ўқитувчи, бири тижоратчи эди. Ўқитувчи чувак юзли, бўйдор, озғин, тижоратчи эса бироз тўлишган, ўрта бўйли киши эди. Сартарошхонада уларнинг навбати кечроқ келди. Соч олдириб чиқиб, атроф-жавонибни кузатиб, Макканинг файзи, зиёратчиларнинг кўплиги, ҳатто одам юришга қийналаётганлигидан гаплашиб, бекатга келишса, автобус кетиб қолибди.

— Тавба, ҳаммани кутиб турмайдими? – деди тижоратчи асабийлашиб. — Биринчи келишимиз бўлса! Бу нимаси?

— Майли, бундаям бир ҳикмат бордир, – деди ўқитувчи босиқлиқ билан атрофга боқиб. — Қаранг, тонг отди. Лекин мен бугун оқшом қандай ўтганини сезмай ҳам қолдим.

— Тўғри, мен ҳам вақтни унутибман, – деди тижоратчи. — Мен кўп давлатларда бўлганман, лекин бу ер умуман бошқача экан. Бир ғалати бўлиб қолдим.

— Сизга бир таклиф…

— Хўш? – тижоратчи дўстига олазарак боқди. — Таксида кетамизми?

— Йўғ-э! – ўқитувчининг юзи буришиб кетди. — Ҳозир меҳмонхонага борсангиз, барибир ухлайсиз. Кейин жумага келасиз. Ундан кўра, юринг, яна тавоф қилайлик. Кейин бир жой топиб, намоз ўқиб ўтирамиз.

— Майли…

Улар изига қайтиб, яна Каъбани етти марта айланиб, тавоф қилишди. Мақоми Иброҳимда намоз ўқиб, энди ўтириш учун жой излай бошлашди. Мусофирнинг ишини худо ўнглайди. Икки дўст айланиб, Рукни Ямоний бурчаги рўпарасидаги устунлар орасига келиб қолишди. Бу ерда зиёратчилар ниҳоятда кўп, жой эгаллаш мушкул эди. Ўнг томони Ҳарами шариф сатҳи меҳроби экан. Амаллаб жой топишди. Кўпчилик Қуръон ўқиб ўтирибди, аммо айримлар чўзилиб, айримлар ёнбошлаб ухлаб ҳам ётишибди.

— Буларни қаранг, – деди тижоратчи ажабланиб.

— Пешинга яқин туриб, таҳорат янгилашади-да. Ўзи энг зўр, ҳавас қиладиган уйқу шу ердаги бўлса керак, – деди ўқитувчи. У анчайин билимли ва муҳаббатли эди. Меҳмонхонада ҳам таҳоратдан кейин икки ракаат таҳорат ҳақи намози ўқир, дўстини ҳам шунга даъват қилар, масжидга борганда ҳам аввал икки ракаат масжид ҳаққини адо этиш кераклигини айтарди. Ҳозир ҳам: — Жумагача анча бор, намоз ўқисак бўлади, – деди.

— Таҳажжудми? – сўради дўсти.

— Нафл, шукр ўқиймиз-да…

— Атрофда ҳеч ким ўқимаяпти-ку, бироз дам олиб ўтирайлик, – деди тижоратчи. — Ҳозир намозлар ўқилмайдиган пайт-ов? Янаям билмадим.

Ўқитувчи у ёқ-бу ёққа қаради-да, шаштидан қайтди. Оёқ кийими солинган сумкасининг олди чўнтагидан тасбеҳ чиқариб, жойлашиб ўтириб олди.

— Каъбага қара-аб ўтириш ҳам савоб… – деди у ҳалимлик билан.

— Келаётганимизда элликбоши ҳам шунақа деганди, – тижоратчи ҳомуза тортди. — Жуда чарчадим, жумагача ухлаб қолмасак бўлди.

Ўқитувчи дўстига бир қараб қўйди-да, пичирлаб тасбеҳ ўгира бошлади. Тижоратчи ҳам тасбеҳ олмоқчи бўлдими, сумкасини ковлаб-ковлаб, “Оббо, қолиб кетибди-да…” деди.

— Намоз ўқиб бўлмайдиган вақтлар ҳам бор экан-а? – деб сўради бир маҳал.

— Тўғриси, мен ҳам унча билмайман, – деди ўқитувчи. — А, шундай нарсаларни Эшон бувадан сўрамайсизми? Орамизда тирик энциклопедия бор-ку!

— Одам уялади-да…

— Ўзингизга зулм қилманг-да, ошна. Билмаганни сўраш керак.

Шу пайт уларнинг ёнида Қуръон ўқиб ўтирган киши ўрнидан турди. Кетмоқчи бўлди, шекилли, одамлар оралаб китоблар тахлаб қўйилган кичик жавонлар олдига бормасдан қўлидаги Қуръонни тижоратчига узатди. Тижоратчи икки қўлини сермаб, “йўқ, ўқишни билмайман”, деган ишора билан “Но, но райтинг” деб юборди. Ҳалиги киши жилмайди ва ўзбекчалаб, “Қаердансизлар?” деб сўради.

— Ўзбекистондан! – деди тижоратчи илжайиб.

— А, Имом Бухорий юртиданми?! – ажнабийнинг кўзлари чақнаб кетди.

— Ҳа!

— Машааллоҳ! – деди Қуръон узатган киши. — Қандай ажойиб! Сизларга ҳавасим келди, – дея қўл узатди. У ҳам қувонганидан ажнабийнинг қўлини сиқиб қўйди.

— Раҳмат, раҳмат!

— Қуръон ўқишни билмайсизми? – деди ажнабий киши яна китобга ишора қилиб.

— Йўқ… – тижоратчи мулзам тортди.

— Бу киши ҳам сизларданми?

— Ҳа, мен ҳам Бухорий юртиданман, – деди ўқитувчи.

— Сиз ўқишни биласизми?

— Энди… – каловланди у. Жавоб ўрнига қизариб, бош чайқади ва икки қўлини кўксига қўйди. — Аллоҳ кечирсин… Ниятим бор…

Ажнабийнинг туси ўзгарди.

— Нега унда Имом Бухорий юртиданмиз, деб мақтаняпсизлар?

— Мақтанганимиз йўқ… – ўқитувчи “ғилт” этиб ютинди. — Мусулмон киши аввало имони билан ўлчанади. Аллоҳдан умидимиз бор, умрага келганмиз…

— Мол-давлатингиз бор, умра қиласиз. Имом Бухорийдай, Имом Термизийдай, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғинонийдай юзлаб аждодларингиз бор, мақтанасиз, лекин Аллоҳнинг каломини ўқий олмайсиз…

Ўқитувчининг бошига тўқмоқ билан урилгандай бўлди.

— Бошимиздан нималар ўтганини билмайсиз-ку! – деди чидай олмай.

— Бироз хабарим бор, аммо мустақил бўлганларингизга неча йил бўлди?

Ўқитувчи гапиролмай, ер чизиб қолди. Унинг учун бу саволга жавоб бергунча жойнамоз вазифасини бажарувчи гилам туклари орасига зарра бўлиб кириб, йўқолиб кетиш авлороқ эди…

Уларнинг бахтига гуруҳдаги Зайниддин эшон эрталаб меҳмонхонага қайтмасдан набираси билан яна тавоф қилишга қолган экан. Жой ахтариб, тасодифан уларнинг олдида келиб қолди ва вазиятни англагач, суҳбатга қўшилди:

— Биродар, мен ҳам Ўзбекистонданман. Мўмин мўминнинг ойнасидир, – дея уларнинг ёнидан чўккалаб ўтирди. — Суҳбатларингизни эшитдим. Бизда ҳам ўтиш даври бўлиб, бир авлод муфлис бўлиб қолдик. Муфлис нималигини биласиз-а? – Зайниддин эшон ажнабийнинг жавобини ҳам кутмай давом этди: — Қуръони карим сизларнинг ёзувингизда. Бу анча енгиллик беради. Аммо ўқиш бошқа, уқиш бошқа. Муҳаббат бошқа. Минг шукрки, бугун бизда ҳам янги авлод нафақат сиз истагандай Қуръонни ўқишни билади, бошқалардан кам бўлмаган ҳолатда тарғиб этади, сабоқ ҳам беради. Биздан гумонда бўлмаслигингиз учун, мана, набирамни имтиҳон қилиб кўринг.

Ажнабий бироз ўйланиб қолди. Сўнг “қани” дегандек Қуръонни йигитчанинг қўлига тутди. Нурмуҳаммад бобосига бир қараб қўйди-да, исталган саҳифани очди ва кўзи тушган жойдан тажвид билан бир оят ўқиди ва китобни ажнабийга узатиб, қолганини ёддан айта бошлади. У хуш овозда қироат қилар экан, ажнабий сатрлар учра кўз югуртирар ва мутаассир бўларди. Сура тугаши билан тиззалаб келиб, йигитчанинг пешанасидан ўпди.

— Қанийди, менинг ҳам шундай қори ўғлим бўлса…

Нурмуҳаммад қорининг қироатидан атрофдагилар ҳам сел бўлиб, ҳайрат кўзлари билан қарай бошлади. Зайниддин эшон эса Каъбага юзланиб, набирасини дуо қилиб қўйди.

— Аллоҳ сизларни янада зиёда қилсин… – деди ажнабий охири. Бошқа гапиролмади.

— Омин! – деди Зайниддин эшон. Сўнгра унга қараб: — Сизнинг ҳам Иллийюн китобингиз тўлиқ бўлсин, – деди.

— Иллийюн?.. – атаманинг маъноси ногоҳ ёдига келмаган ажнабий Зайниддин эшонга тикилиб қолди.

— Тақсир, сиз кутилмаганда бизникиларни муқаддас китобни ўқитиш билан синадингиз, – деди Зайниддин эшон. — Афсуски, кўнгилдагидек жавоб бера олишмади. Бунинг-чун улар номидан узр сўрайман. Аммо сизга ҳам бир саволим бор. Пайғамбаримизнинг ваҳий котиби бўлган ва Қуръони каримни илк бор кўчирган саҳобани биласизми?

Ажнабий кўзларини олиб қочди.

— Гуноҳимиз кўп, билимимиз оз, биродар… Ихлосимиз ҳам жуда оз… – деди Зайниддин эшон куюниб. — Аллоҳни севишимизни айтамиз, Байтини тавоф қиламиз, аммо буйруқларига кўпам бўйсунмаймиз. Қуръон ўқиймиз, аммо унга мувофиқ яшамаймиз. Ҳазрати Пайғамбаримизни севишимизни айтамиз-у, суннатларига доим амал қилмаймиз. Одамларнинг айблари билан машғулмиз, аммо ўз хатоларимизни кўрмаймиз… Қиёматда буларнинг жавобини қандай берамиз? Аллоҳ ўзи кечирсин…

Атрофдагилар жим бўлиб, ўйланиб қолишди. Шу пайт азон айтилиб, саф тортилди ва ажнабий жамоат орасига сингиб кетди. Икки дўст елкасидан чуқур нафас олди. Зайниддин эшон уларга бир маъноли қараб қўйди-да, набирасининг ёнидан сафга турди…

Аммо жума намозидан кейин ўша икки дўстни қайтиб биров Каъба ҳудудида кўрмади…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + 13 =