Матбуот тақдири – жамият тақдири

Давлат ва жамоат ташкилотлари матбуотнинг муносабатига беэътибор бўлар экан, унинг роли ҳамда яшаб қолиши ҳақида гапириш мушкул бўлади.

Гапнинг индаллосини айтганда, иқтидорли журналист, тажрибали бош муҳаррир Ҳусан Эрматовнинг “Босма нашрларнинг трансформацияси: нималарга боғлиқ бўлиб қолмоқда?” (“Hurriyat” газетаси, 2022 йил 2- ноябрь №43-сон) сарлавҳали мушоҳадали мақоласи каминани ҳам жуда қайғу-ўйга толдирди ва айрим фикрларни ўртага ташлаб, муштарийларнинг хоҳиш-истакларини ўрганишга даъват этди. Назаримда муаллифнинг босма нашрлар тўғрисидаги ўнга яқин ўта жўяли таклифлари бугуннинг долзарб, эртанинг ҳал қилувчи жиҳатларини ташкил этади. “Менинг назаримда, — қайд этади мақола муаллифи. – Бу ҳам бир “проект” бўлди. Бу лойиҳадан мақсад интернетга куч бериш, одамларни кўпроқ ахборот технологиялари орқали банд қилиш ва пировардида янги ахборот маконида каттароқ ва мўмайроқ тушумларга эга чиқиш эди.

Ва ниҳоят, бу амалга ошди ҳам. Хўш, нима ўзгарди, жамият нима ютди? Нима ютгани очиқ савол. Бой берилаётган нарса шулки, жамият бугун маърифат олишда вариантсиз қолмоқда? Ҳа, очиқ тан олиш керак, бугун бош воизлик интернет тармоқлари қўлига ўтди: сўкишлар, ҳақоратлар, олди-қочди, қўйди-чиқди ҳақидаги миш-мишларга тўла интернетдаги миллий лахтагимиз (сигмент) бугун бош “тарбия­чи”га айланди. Маърифатдан кўра кўпроқ жаҳолат, самимиятдан кўра кўпроқ разолат қайнаётган бу “қозон” бизга эртага яна неларни тақдим этаркан ҳали?!

Бир замондан бери мактаб дарсликлари ҳақида гапирилмоқда. Дарвоқе, айни борада аҳволимиз энди бутун бўй-басти билан аёнлашди. Киши шундай ўйга борадики, бунга ўша бояги “проект”ларнинг ҳам таъсири катта бўлган бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас. Чунки маърифат гўшаси бўлган мактабга газета бормай қолгани, у ерлар ҳам “ижтимоий тармоқлар” томонидан “ишғол” этилганига анча бўлган?”

Фахрий журналист Тўлқин Қозоқбоев эса шундай фикр билдиради: “Умр бўйи ўзим ишлаган матбуот соҳасини олайлик. Болалар матбуотининг бугунги аҳволи менга тушунарсиз. Нима, болаларимизга оммавий ахборот воситаларининг хизмати керакмасми? Болалар матбуоти тақдири билан ким шуғулланиши керак? Мутасадди ташкилотлар бу масалада қачон уйғонади? Болалар қўлига “сотка” эмас, китоб ва газета тутқазишимиз керак-ку! Мени ўйлантирган нарса бу ҳам шунга боғлиқ, ёшлар тарбиясига жуда кучли таъсир этувчи масаладир. Бу борада Халқ таълими вазири қабулига кира олмадим. Баъзиларига хат ёздим. Жавобларда ваъдадан бош­­қа нарса кўрмадим. Мактабларимиз кутубхоналаридан: “Тонг юлдузи” газетаси, “Ғунча” ва “Гулхан” журналларини излаб кўринг. Тополмайсиз. Нега? Болаларимиз орасида шундай нашрларнинг улар учун чиқаётганини билмай катта бўлаётганлар жуда кўп. Ахир, китобхонлик шу болалар нашрини ўқишдан бош­ланади-ку! (“Hurriyat”. 2022 йил, 9 ноябрь).

Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Сирожиддин Саййид яқинда “Маданият ва маърифат” телеканалида “Оламнинг қалби” кўрсатувида ўзи ўқиган мактабда кутубхона ташкил қилгани, китобларни Тошкентдан Сариосиёга саралаб олиб боргани, ўзи таърифлаганидек сулоласининг адабий-бадиий солномасини яратаётгани, кутубхона кираверишида “Китоб ўқимаслик – жиноят”, “Китоб – бу ижодий салтанат хазинаси” деб ёзиб қўйилгани, машҳур ижодкорлар, чунончи Ўзбекистон Қаҳрамонлари – адабиётшунос Иброҳим Ғофуров, устоз-шоирлар: Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовларнинг китоблари мавжудлиги ҳақида гапириб берди.

Икромжон Аслий-Андижоний: “Мактабда китоб ё журнал кам, бўлса ҳам, уни ўқийдиган ёшлар оз. Муштдай боламизнинг, кечагина туғилган ва тили чиққан набирамизнинг ҳам “Самсунг”дек мураккаб аппаратларимиздан биздан кўра чапдастлик билан фойдаланишидан ғурурланиб, давраларда гапириб юрамиз.

Афсуски, болага уяли телефон ҳам жисмонан, ҳам маънан, ўзимизга эса иқтисодий зарар келтираётганидан қайғурмаймиз?! Гўёки, ҳаммаси шундай бўлиши керакдек” – деб ўзининг халқона фикрларини баён қилади.

Яна бир гап, мактаб кутубхонаси бугун истаймизми-йўқми, жамиятнинг пинҳона тиш оғриғи. Кутубхоналари бўшаб қолган мактаблар қанча?

Шундай. “Hurriyat” газетасида чоп этилган қатор мақолаларда тақдири қил устида турган газеталар ҳақида кўплаб фикрлар юритилади. Аммо муаммо барҳам топмаяпти. Қачон бундай ғоявий фикрлардан тегишли хулосалар чиқариб, бироз бўлса-да, ўзимизни қийнаймиз, ахир! Президентнинг сўзлари бунга даъват этиши керак!

Бу фикрларни ўйлаб, шундай хулосага келдим: соатларимиз милларини тўғрилаб оладиган вақт аллақачон келган. Вазирлик ва ҳокимликлар, давлат ва жамоат идоралари, барчаси қулоқ солмас экан, матбуотнинг роли ва яшаб қолиши ҳақида қанча гапирсак ҳам фойдасиз. Энг асосий масала эса бу – OABгa бўлган муносабат ўзгариши даркор. Очиғини айтганда матбуотда чиқаётган жуда кўплаб мавзулар ишимиз ривожи учун асқотиб қолади. Бунинг учун матбуотга қулоқ тутиш лозим. Баъзан соҳа мутахассисларидан турли масалаларни журналистларнинг яхшироқ тушунишига гувоҳ бўляпмиз.

Албатта, ўз навбатида босма нашрларнинг даражасини ҳозирги замон технологияларига мос ҳамда истеъмолчиларга манзур бўладиган ҳолга кўтариш ҳам жуда муҳим.

Карим НОРМАТОВ,

профессор

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five + 1 =