Тинч элнинг боғи гуллар

Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик хусусида

 

Толерантлик (бағрикенглик) тамойиллари дунёдаги   кўпчилик давлатларнинг қонун ҳужжатларида, инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва   эркинликлари сифатида мустаҳкамлаб қўйилган ва халқаро декларацияларда ўз ифодасини топган. Бу соҳада БМТ томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумий декларацияси, шунингдек, Фуқаролик ва   сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги   Халқаро Пакт, Иқтисодий, ижтимоий   ва маданий ҳуқуқлар   тўғрисидаги Халқаро Пакт энг асосий ҳужжатлар бўлиб хизмат қилади.   Европа Кенгаши доирасида инсон   ҳуқуқлари ва асосий   эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги   Европа Конвенцияси амал   қилади.

Конвенция   юзасидан   тузилган ва уни ратификация қилган давлатлар зиммасига   барча ҳуқуқларни ҳеч   бир камситишсиз кафолатлаш мажбуриятини юклайдиган ва мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда жазо чорасини қўллашни кўзда тутадиган 12-баённома   кучга кирди. Ҳозирги кунда   бағрикенглик   бутун дунё­­да   долзарб муаммо сифатида топилиб,   тегишли халқаро ташкилотларда муҳокама қилинмоқда.   Чунончи, ЮНЕСКО бағрикенгликни шакллантириш йўлида муҳим   ишларни амалга оширмоқда.   Унинг Париждаги қароргоҳида 1993 йили толерантлик бўлинмаси тузилди. Орадан   икки йил ўтиб   (1995 йил 16   ноябрда) ЮНЕСКО Бош   Конференцияси «Declara tio n of   princip le s on to lerance” ни тасдиқлади. Бу ҳужжатни   185 та давлат, шу жумладан Ўзбекистон ҳам имзолади. Декларацияда   миллий, этник, диний   ва тил гуруҳларига нисбатан зўравонлик, ётсираш ва камситишнинг ялпи авж олишига   қаршилик кўрсатиш лозимлиги таъкидланади. Бағрикенг­лик халқлар ўртасида муросага келиш йўлини топиш, можароларни тинч йўл билан бартараф этишнинг муҳим шарти эканлигини кенг жамоатчилик эътироф этмоқда. Мана, кўп йиллардан буён 16 ноябрь   куни   Халқаро толерантлик куни сифатида нишонланиши одат тусига кириб қолди.   Шу куни бутун   дунёда ҳамжиҳатликни тарғиб қилишга бағиш­ланган қатор тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Халқаро ЮНЕСКО ташкилоти дунёда тинчлик, динлар ва конфессиялараро мулоқотни ўрнатиш, миллатлар ва элатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга ошириб, ҳозирда бағрикенгликка оид 70 дан зиёд халқаро ҳужжатлар қабул қилинган. Уларнинг ёрқин намунаси 1995 йил 16 ноябрда Парижда ЮНЕСКО Бош конферен­циясининг 28-сес­сиясида эълон қилинган “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси”дир.

Ўзбекистондаги барқарорликни ҳамда давлат ва жамият тараққиётини мамлакатда истиқомат қиладиган 136 дан ортиқ миллат ва элатнинг ўзаро тотувлигисиз, расман рўйхатдан ўтган 16 диний конфессия вакиллари ўртасида бағрикенглик муносабатларисиз тасаввур этиб бўлмайди.Таркиби ва миқдори жиҳатидан қатъи назар ҳар бир миллат ўз маданий марказини тузиш ҳуқуқларига эга. Агар 1500 га яқин хитойлар, 1300 та литваликлар ва 200 мингдан камроқ дўнганларнинг ҳам миллий маданий марказларини инобатга оладиган бўлсак, Республикамизда ҳар бир миллат ва элат вакилларининг миллий қадриятлари, урф-одат ва расм-русмлари, тили ва маданиятини сақлаш ва ривожлантиришлари учун ҳуқуқий, назарий ва амалий асосларга кенг имкониятлар яратилганлигини кўрамиз.

Ўзбекистоннинг мустақил ривожланиш йўлини танлашида ҳам аввало республиканинг кўп миллатлилигига катта аҳамият берилганлиги эътиборга моликдир. Чунки гап   Ватанимизда яшовчи   турли миллатларга мансуб   юз минглаб кишиларнинг тақдири,   уларнинг ўз мамлакати   равнақи йўлидаги жипслашган бунёдкорлик ишлари ҳақида. Республикада яшовчи   турли-туман аҳолининг кўпчилиги   учун Ўзбекистон қадрдон ватан   бўлиб қолган. Ўзбекистон   Республикаси Президентининг ижтимоий   ва миллатлараро   ҳамжиҳатлиги тўғрисидаги, Ўзбекистон – унда истиқомат қилувчи барча халқларнинг умумий уйи ҳақидаги баёни, республикамизнинг тегишли ҳуқуқий ва бошқа расмий ҳужжатларида ўз ифодасини топган. Хусусан, “Ўзбекистон   халқини, миллатидан қатъи   назар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ташкил этади”,   — дея таъкидланади Конституциямизда.

Жаҳонга маълумки, Ўзбекистон диёрида яшовчи барча халқларнинг ҳамжиҳатликка ва иноқликка интилиши   барқарорликнинг ўзига хос нишонасидир. Ўзбекистон ҳамиша кўп миллатли ва кўп динли шароитда миллатлараро ҳурмат ва тотувлик руҳи билан ажралиб келган. Ҳуқуқий давлат барпо этиш сари бораётган жамиятимизнинг маданийлиги ва давлатимизнинг демократик даражаси, миллий ва этник гуруҳларга яратиб берилган   шароит ва имкониятлар билан белгиланади. Шу туфайли улар маданий ўзига хосликни қарор   топтириб, ўзларининг маънавий ва ақлий салоҳиятини тўла-тўкис тарзда рўёбга чиқариб келмоқдалар. Бизда — давлат ва жамиятнинг   сиёсий тузилиши, тизимини белгилайдиган, фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайдиган халқаро қабул қилинган меъёрий ҳужжатларга   жавоб берадиган ва халқнинг тарихий тажрибасига мос келадиган Конс­титуция — мустақил, демократик, ҳуқуқий давлатни   қарор топтириш ва ривож­лантиришнинг энг   муҳим шарти ҳисобланади.

Эътибор берсангиз, Бош Қомусимизнинг 18-моддасида ҳам бу мустаҳкам асос қилиб белгилаб қўйилган: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар” дейилган. Бу борада бугунги кунда юртимизда миллатлараро аҳиллик ва конфессиялараро тотувликни мус­таҳкамлаш, маънавий-ахлоқий тарбияни кучайтириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномасида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилди: “Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради. Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади. Бу – бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир”. Мамлакатимизда олиб борилаётган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенг­лик сиёсати нафақат ички, балки ташқи сиё­сатда ҳам ўз аксини кўрсатмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг ялпи мажлиси томонидан муҳим бир ҳужжат — “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилинди. Ушбу резолюцияни қабул қилиш ташаббуси 2017 йил 19 сентябрда Бош Ассам­блеянинг 72-сессиясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган эди. Ўзбекистон Президенти томонидан билдирилган ушбу таклиф Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган 193 та давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланди ва қабул қилинди. Жаҳон ҳамжа­миятида Президентимизнинг бу ташаб­бусларини нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда тинчлик ва тараққиётни таъминлашга қаратилган юксак ҳаракат деб баҳоланди.

Тинч элнинг боғи гуллар, деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Тинчлик бор экан – тараққиёт мавжуд. Тотувлик бор экан – келажагимиз ёруғ. Ватанимизда — Ўзбекистон деб аталган 35 миллионли кўп миллатли оиламиз истиқболи учун диний эътиқоди, миллий мансуб­лиги, касбу кори ва ёшидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро масъул эканини англаш, фарзанд­ларимизни шу руҳда тарбиялаш асосий вазифа этиб белгиланган экан, янги даврга қадам қўйган Янги Ўзбекистонда ҳар бир фуқаро жамиятда ҳамжиҳатлик ва барқарорлик, инсон ҳуқуқи ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини ўйлаб яшаши лозим. Бунга бизни чорлаб турувчи халқимизнинг бой тарихий мероси, маданияти ва санъати бор.

Раҳбар ХОЛИҚОВА,

Тошкент давлат техника университети

профессори, тарих фанлари доктори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine + one =