Ўзга тилни ўрганишнинг шарти бор

Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний ёзганлар: “ Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурғон ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”. Бугунги кунда сайёрамизда 50 миллион киши ўзбек тилида сўзлашади. Демак, ўз-ўзидан аёнки, она тилимиз жуда қадимий. Шу боис ҳам унга эътибор заррача сусаймаслиги керак. Қуйидаги лавҳалар шу хусусда.

Яқинда ҳаж зиёратидан келган дугонамни йўқлаб бордим. У муқаддас сафар таассуротларини тўлқинланиб гапирди. Айниқса, бир ҳи­кояси менга таъсир қилди.

— Ибодатдан бўшаган чоғларимизда Маккадаги дўконларни айланардик, — деди у. — Тилла тақинчоқлар сотиладиган дўконга кирдим. Сотувчи йигит кўзимга таниш кўринди. У билан арабча муомала қилишга уриндим.

— Ўзбекча гапираверинг, холажон, мен ўзбекман, — деди у фарғонача лутф билан.

— Э, айланай сиздан, ўзбекмисиз. Шу ерда яшайсизми? — сўрадим ундан.

— Юз йиллардан ошган, — дея кулди у, — Катта бобом тақдир тақозоси билан келиб қолган. Шундан бери Арабистондамиз. Мен учинчи авлод вакилиман.

— Демак, шу ерда туғилгансиз. Қандай қилиб сўзлаш йўсинингиз сира ўзгармай қолган. Қойил қолдим.

— Мен сизга айтсам, ўзбеклар яшайдиган маҳаллада истиқомат қиламан. Уйда ҳам, кўчада ҳам ўзбекча гаплашамиз. Урф-одатлар, тўйлар, маросимларимиз ўзбекча. Биз ҳам сизлар каби ўзбек тилида радио эшитамиз, телевизор кўрамиз, ўзбек адибларининг китобларини ўқиймиз, сизлардек палов, манти, қайнатма шўрвани яхши кўрамиз. Сиз ўзингиз Ўзбекистоннинг қаеридансиз?

— Тошкентдан, Қўйлиқ бозорига яқин жойда тураман.

—Келинойим ўша жойдан. Айтиш­ларича Қўйлиқда фарғоналиклар кўп экан-а?..

Йигит билан анча суҳбатлашдим. У санъатимиздан ҳам яхши хабардор экан. Лутфихоним Саримсоқова, Сойиб Хўжаев, Маъмуржон Узоқов, Юсуфжон қизиқ, Таваккал Қодиров ва Шерали Жўраевлар ҳақида завқланиб гапирди. Катта бобосининг 20 ёшда келгани, у тўқсон ёшдан ошганда отам ва невара-эвараларини чақириб, менинг уйимда ҳамиша ўзбекча гапирилиши керак, деб васият қилганини ғурурланиб айтди. Ҳатто унинг хотини афғонистонлик туркман экан. У ҳам болаларига ўзбекча гапираркан. Оилада ҳеч ким катта бобонинг васиятини бузишга ҳаққи йўқ экан. Кейин дугонам бунинг тескариси бўлган ҳолат ҳақида гапирди. Жиянлари атиги ўн-ўн беш йил яшаб тилимизни, урф-одатларимизни тамоман унутганлигини айтиб, оғринди.

Орамизда Ўзбекистонда яшаб тилимизга эътиборсиз бўлиб яшаётган ватандошлар йўқми? Қўшним Ҳожимурод асли чимкентлик. Аммо кўп йилдан буён Тошкентда истиқомат қилади. Хотини Насибахон ҳам ўзбек оиласидан. Бир кун келин уйи­миз тўғрисига қўйилган ўриндиқда инглиз тилида сўзлаётган икки қизалоқ билан ўтирган экан. Ёнларидан ўтаётиб, ҳазиллашдим:

— Ии-е, маҳалламизга чет элдан меҳмонлар келибди-ку, — дедим жилмайиб.

— Шунга яқинроқ, — кулимсиради Насибахон, кейин қизларга русчалаб, салом бермайсизларми, деганди, улар бараварига “привет тётя” дейишди. Булар акамнинг қизлари, оилада рус ва инглиз тилларида сўзлашишади, — деди у.

— Нима, улар ўзбек тилини билишмайдими?, — ҳайрон бўлдим.

— Наима сал-пал тушунади, Нафиса қип-қизил инглиз. Акам уларни олдин инглиз тилига ихтисос­лашган боғчага берди. Ҳозир хорижий тилга ўқитиладиган мактабда таҳсил олишмоқда. Акам билан келин­ойим беш йил Лондонда яшашган. Менимча, қизларини ҳам ўша ёққа юборишади. Замон талаби шу-да! Болаларимиз дунё билан бўйлашсин, ўзларини дунёга танитсин. Шундай эмасми?

— Акангиз бир нарсани ҳисобга олмаганлар, — дедим негадир ичимдан зил кетиб. — Хорижлик меҳмонлар юртимизга ўз тилларини унутиш учун келмайдилар-ку! Инглизларга ҳам ўз тили, урф-одатини йўқотган бошқа тилда гапирадиганларнинг кераги йўқ, менимча! — дилимдагини очиқ айтдим ва ўз йўлимда давом этдим.

Ўйлаб қоламан, ўзи, ўзлигини билмаган одам қандай қилиб дунё танийди? У хорижликка ўзини ким деб таништиради? Фарзандларининг замонавий бўлишини истаётган бундай ота-она ўз миллатига хиё­нат қилмаяптими? Миллий ғурур ва ифтихор тушунчалари ундайлар учун эрмак учун айтиладиган гапми? Ўзингники ўзагингни кесади, деганлари шу бўлса керак-да!

Уйимиз яқинидаги автобус бекатида янги дўкон фаолиятини бош­лади. Афишада ўқловдай қилиб “Мы открилысь” деб ёзиб қўйилибди. Бирам шинам, бирам бежирим, маҳсулотлар пештахталарда дид билан қўйилган дўкон эгаси ўқувчим Ғафурхўжа эди. У билан кўришгандан кейин гинага ўтдим:

— Ғафурбой, “Устоз, хуш келибсиз” деган ўзбекча талаффузингдан дилим яшнаб кетди. Чунки ибратли бир ўзбек оиласида камол топгансан. Аканг ҳам ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси. Аммо… бир ишингга қойил қолмадим. Дўконнинг очилганлиги ҳақидаги хабарни ўзбек тилида ёзсанг бўлмасмиди? Биласан, маҳалламизда рус миллатига мансуб бўлганлар йўқ. Ҳатто мактаблардаги хорижий тиллар ўқитувчилари ҳам ўзбек. Кейин Ўзбекистонда тилимиз Давлат тили сифатида қабул қилинганини билмайсанми, нима бало? “Дўконимиз ишга тушди” ёки “Дўконимизга марҳамат” деб ёздирсанг, кифоя эмасмиди?

— Опажон, гапингиз тўғри, — гапимдан хижолат ҳам тортмай, ҳазил-чин аралаш ўзини оқлашга тушди у. — Ҳозир ҳамма шундай ёздираяпти. Ахир, маҳалламизга туристлар келиб қолади…

Бу нима? Ўз қадрини билмасликми? Ўзбекона бағрикенгликми? Ахир, ўзимизнинг шундай гўзал, ҳар қандай фикр ва маънони анг­латишга қодир сўзларимиз бор-ку! Нима Лондону Парижга туристлар боришмайдими? Улар ўзга тилда ҳаммаёқни тўлдириб ташлашмаганку.

Ўлганнинг устига тепгандек, машинада кетарканман, бир кабобхона пештоқидаги ёзувга кўзим тушди: “Кўмир бор. Ангириниский. Киригизиский”. Дод деб юборай дедим. “Русчада шунақа саводсиз экансан, нима қиласан уни бузиб? Ундан кўра ўз тилингда ёза қолмайсанми?

Хуллас, нима демоқчиман? Албатта, хорижий тилларни ўрганиш керак. Боболаримиз шундай бўлган. Беруний бобомиз энг мураккаб бўлган санкрит тилини ҳам ўрганган. Замахшарий бобомиз эса араб граматикасига асос солган. Алишер Навоий ўз даврининг энг нуфузли бўлган форсий тилни чуқур билган ҳолда туркий тил ривожига умрини бағишлаган. Тошкентлик Абулқосим эшон рус тилида Туркистон генерал-губернаторига ариза ёзиб ҳамшаҳарларини “вабо исёни” дан қутқариб қолган. Бундай аждодларимиз кўп.

Аммо улар ўз тиллари заминида туриб, хорижий тилларда ўз иқтидорларини намойиш қила олганлар. Биз ана шундай аждодларнинг ворислари эканлигимизни унутмайлик! Бинобарин, машойихлардан бири деган экан: “Ёвдан қўрқма, унинг кимлигини биласан — ҳушёр бўлиб турасан, ўзингдан чиққан нодондан қўрқ, у билиб-билмай сенга душманлик қилади”.

Ўз тилини яхши ўзлаштирмай, урф-одатлари қандайлигини билмай юрган хориж тилига ҳавасманд ёшлар юқоридаги ҳикматни асло унутмасликлари керак.

Муҳаббат ҲАМИДОВА,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 − 1 =