Шарқнинг ойномаси
“Шарқ юлдузи” журнали — 90 ёшда
Сирожиддин РАУФ,
“Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока”
журналлари Бош муҳаррири
Бугун электрон нашрлар, ахборот коммуникациялари ривожланган бир пайтда, таъкидлаш жоизки, босма матбуотнинг асосий турларидан бири сифатида фаолият кўрсатадиган ҳар қандай журнал ўз фаолиятини жамият маданий-маънавий, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ишлаб чиқариш ҳаётининг деярли барча қатламларини акс эттиришга йўналтирган ҳолда олиб боради. Масалан, 1655 йили илк бор Парижда нашр этилган энг биринчи “Журнал де Саванс” нашри ҳам даставвал адабиёт, санъат, фалсафа ва табиий фанлар бўйича китобларга шарҳлар бериб борган. Кейинчалик Лондон, сўнг Россияда, XX аср бошларидан Туркистонда ҳам илк журналлар пайдо бўла бошлагач, 1913 йили Самарқандда жадидчилик ҳаракати намояндаси, оташин маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий томонидан “Ойина” журналига асос солинган. Бу журнал туркий тилдаги илк ижтимоий, илмий, адабий нашр ҳисобланган. Кейинчалик, 1915 йили Тошкентда “Ал-ислоҳ”, ундан сўнг Тошкентда “Чаён”, “Чўл чаёни”, “Инқилоб”, “Ер юзи”, “Муштум” каби кўплаб журналлар нашр этила бошланган.
Тўқсон йиллик олис ва машаққатли йўлни босиб, бу давр орасида турли қийинчилик ва йўқотишларга қарамай, аввал бошдан биринчи ўринда ўзбек адабиёти ва миллатимиз маънавиятида ўзига хос маёқлик мавқеини сақлаб қолишга эришиб келаётган “Шарқ юлдузи” журнали ҳам бутун дунё матбуотида ана шундай янгиланишлар пайдо бўлаётган пайтда ташкил этилган эди.
Мазкур адабий-бадиий, илмий, ижтимоий-сиёсий журнал расман 1931 йилдан чоп этила бошлангани қайд этилса-да, даставвал “Қурилиш”, 1934 йилдан “Совет адабиёти”, 1937–1941 йилларда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 1946 йилдан эътиборан улуғ адиб, Ойбек домланинг саъй-ҳаракатлари билан “Шарқ юлдузи” номини олган.
Салкам бир асрлик муддат давомида ўзбек ёзувчи ва шоирларининг бутун бошли авлодларини вояга етказиш билан бирга жамоат фикри ва маънавий камолоти минбари ҳам бўлиб келаётган нашр ҳар доим биринчи ўринда халқимиз маънавий-маърифий ҳаётини эзгулик ва тафаккур ёғдулари билан ёритишга ҳаракат қилди.
Шундай замонлар бўлдики, адабиёт оламида ҳам асл истеъдод эгаларига нисбатан шубҳа ва ҳаддан зиёд “ҳушёрлик” билан қаралди, чин даҳолик эса жамият учун қўрқинчли бир жиҳатдек белгиланди. Аксинча, ўртача ёки зўраки ижодий фаолият кўпроқ олқишланди. Замон талабига айланган бундай нохуш жиҳатлар матбаачилик соҳасидан ўзига хос ёзилмаган қоидаларга амал қилишни ҳам талаб этган.
Шунга қарамай, “Шарқ юлдузи” журнали бадиий адабиётни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш билан бир қаторда, турли даврлар ижодий жараёнларининг барча, ҳатто ўта мураккаб йўлларини масъулият ва шараф билан босиб ўтишга эриша олди. Ҳозир ҳам ўзбек миллий адабиётининг кекса, ўрта ва кейинги авлод намояндалари қаламига мансуб насрий, назмий, драматик, илмий-назарий ва публицистик асарларни мунтазам чоп этиб келмоқда.
Журнал ўз саҳифаларида атоқли ёзувчи ва шоирларнинг роману достонлари билан ёнма-ён тарзда “йилт” этган иқтидори бўлган оддийгина талаба ёки мактаб ўқувчисининг илк ҳикоя ёки шеърий машқларини ҳам чоп этишдан чўчимади.
Нафақат Ўзбекистон, қардош Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлар, шунингдек, Туркия, Хитой, Покистон, Арабистон, Афғонистон, АҚШ, Германия ва яна кўплаб мамлакатларда ўз мухлисларига эга бўла олди.
Албатта, бундай натижаларга эришиши осон кечмаган. Нашрнинг ўз номига муносиб, яъни Шарқнинг энг ёруғ маърифий-адабий юлдузи, маёғи бўлиб қола олишида, шубҳасиз, турли давр ва йилларда шу журнал бош муҳаррирлари ҳамда ижодий жамоанинг ҳиссаси катта бўлди.
“Шарқ юлдузи” журнали ташкил этилган вақтдан буён бу нашрда Умаржон Исмоилов (1931–1932), Раҳмат Мажидий (1932–1934), Қурбон Берегин (1935–1937), Холмат Қурбонов (1938–1939), Сотти Ҳусайн (1940), Комил Яшин (1941), Ойбек (1946–1948), Воҳид Зоҳидов (1949), Уйғун (1950–1951), Мирмуҳсин (1951–1960, 1972–1981), Асқад Мухтор (1961–1965), Ҳамид Ғулом (1965–1971), Ҳафиз Абдусамадов (1981–1983), Пирмат Шермуҳамедов ( 1983–1985), Ўткир Ҳошимов (1986–2002), Омон Мухтор (2002–2006), Минҳожиддин Мирзо (2006–2007), Сирожиддин Саййид (2007–2009), Улуғбек Ҳамдам (2009–2015) каби таниқли ёзувчи ва шоирлар бош муҳаррир бўлдилар. Уларнинг фидойилиги ва машаққатли меҳнати туфайли журнал жамиятда ўзига хос ўрнини эгаллади. Бу инсонларнинг кўплари “Шарқ юлдузи” каби залворли журналга раҳбарлик қилишдек масъулият юкини мардона кўтариш билан бирга, турли сиёсий ўзгаришлар ва замонасозлик азобларини ҳам етарли даражада бошдан ўтказишди, аммо журнал фаолиятининг бутунлай тўхтатилишига йўл қўймадилар.
Масалан, 1931–1932 йиллар “Қурилиш” номи билан чоп этилган ушбу нашр бор-йўғи сиёсат қўғирчоғи бўлишни инкор этиб, Ғафур Ғуломнинг “Нетай” қиссаси, Ғайратий, Ойдин, Ғиёс Соатий, Жиғой, Н. Раҳимий каби шоирларнинг шеърлари ва қатор адабий-танқидий мақолаларни эълон қилган. Ойномада анчайин бадиий бақувват шеър ва ҳикоялар, қисса ва мақолалар ҳам босилган.
1932 йилдан “Ўзбек шўро адабиёти” деб номлангач, журнал адабий йўналиши кенгайтирилади. Бу пайтда мазкур нашрга эндигина 26 ёшга кирган ижодкор Раҳмат Мажидий бош муҳаррир қилиб тайинланади. Раҳмат Мажидий таҳририятда ўзига хос юксак ижодий муҳитни юзага келтиришга эриша олади. Ҳатто ўша даврда Ўзбекистонда бошқа адабий нашрлар ҳам кўп бўлса-да, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Шокир Сулаймон, Абдураҳмон Саъдий, Миён Бузрук каби танилган ёзувчи ва шоирлар энди ёзган ижод намуналарини биринчи бўлиб айнан шу журналда чоп эттиришни маъқул кўришган.
Журнал саҳифаларидан Абдулла Қодирийнинг “Обид кетмон”, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” асарлари, ўзбек адабиётига энди кириб келган Абдулла Қаҳҳорнинг “Сароб” романи, Ойбекнинг “Дилбар – давр қизи” достони, Усмон Носир, Фитрат, Элбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Уйғун, Мақсуд Шайхзода, Ғайратий каби ижодкорларнинг достон ва шеърлари илк бор ўрин эгаллаб, дунё юзини кўрган.
Энг қизиғи, бошқа нашрлар томонидан “ёт унсур”, “буржуа”, “жадид адиби” каби сифатлар билан айбланган қатор ижодкорлар асарлари 1934 йилдан ўша давр мафкураси туфайли номи “Совет адабиёти” деб номланган мазкур журнал саҳифалари орқали ёритиб борилган.
Ойбек домла “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири вазифасида ишлаган 1946–1948 йиллар давомида Ғафур Ғуломнинг “Вақт” шеъри, Уйғун ва Иззат Султон ҳаммуаллифлигидаги “Навоий” драмаси, Абдулла Қаҳҳорнинг “Қўшчинор чироқлари” романи, Парда Турсуннинг “Ҳақ йўл” қиссаси, Собир Абдулла шеърлари, Ҳаким Назир ҳикоялари, Шукруллонинг “Чоллар” достони чоп этилади. Шу билан бирга таржимачиликка ҳам катта эътибор қаратилиб, Уильям Шекспирнинг “Ромео ва Жульетта” драмаси, Александр Фадеевнинг “Ёш гвардия” романи, Ги де Мопассаннинг “Дўндиқ” ҳикояси, Константин Симоновнинг “Рус масаласи” пьесаси, Александр Твардовскийнинг машҳур “Василий Тёркин” поэмаси ва бошқа кўплаб хориж адабий асарлари илк бор ўзбек тилида нашр этилади.
Ниҳоят, 1961–1980 йилларга келиб “Шарқ юлдузи”да янаям жиддий сифат ўзгаришлари рўй бера бошлайди. Абдулла Қодирийнинг кўплаб асарлари қайта нашр қилинади. Шунингдек, Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек”, Саид Аҳмаднинг “Уфқ”, Мирмуҳсиннинг “Меъмор”, Уйғуннинг “Парвона”, Мирзакалон Исмоилийнинг “Фарғона тонг отгунча”, Шуҳратнинг “Олтин зангламас”, Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси”, “Кўҳна дунё”, Пиримқул Қодировнинг “Қора кўзлар”, “Юлдузли тунлар” каби йирик асарлари эълон қилинади. Эътиборли жиҳати, уларнинг кўпчилиги ҳозирга қадар ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган тарзда мутолаа қилиб келинмоқда.
Ўз вақтида атоқли ўзбек шоири Ғафур Ғулом асос солган “Гулқайчи” рукни остида машҳур шоир ва ёзувчилар асарлари билан бир қаторда мамлакатнинг турли шаҳар ва қишлоқларидан ҳаваскор ижодкорлар томонидан юборилган ҳажвий ижодий машқлар бугун ҳам мунтазам эълон қилиниб келинмоқда.
Ўтган асрнинг 80-йилларидан адабиёт майдонига кириб келган янги адабий оқим ва ўзгача нафас журнал учун ҳам хайрли, ҳам залворли бўлди, десак, хато қилмаймиз. Бу даврда Эркин Аъзам, Мурод Муҳаммад Дўст, Нурали Қобул, Xайриддин Султон, Xуршид Дўстмуҳаммад, Ҳожиакбар Шайхов, Тоғай Мурод, Шароф Бошбеков, Анвар Обиджон, Асад Дилмурод, Аҳмад Аъзам, Нурилла Отахонов, Набижон Боқий, Олим Отахонов, Эркин Усмонов, Ражаббой Раупов, Неъмат Арслонов, Назар Эшонқул, Шоим Бўтаев, Нормурод Норқобил, Маматқул Ҳазратқулов, Нодир Норматов, Ашурали Жўраев, Мирзапўлат Тошпўлатов, Ғози Раҳмон каби носир ва драматурглар, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Xуршид Даврон, Икром Отамурод, Тўра Мирзо каби янги, таъбир жоиз бўлса, дунёвий қадриятлар йўналишида ижод қилувчи авлод асарларини журнал саҳифаларида кўриш мумкин.
Айниқса, истиқлол арафасида Қуръони Каримнинг Алоуддин Мансур томонидан илк бор ҳозирги замон ўзбек тилига қилинган маънолар таржимаси, “Темур тузуклари”, “Дулбаржин”, “Ўғузнома”, Аҳмад Яссавий ҳикматлари, Маҳмуд Қошғарийнинг “Яхши кишилар одоби”, Вамберининг “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” асарлари, профессор Бегали Қосимов таҳририда “Аср садолари” рукни остида берила бошланган мумтоз адабиётга доир шеърий асарлар журнал фаолиятидаги энг залворли қадамлардан бўла олади.
Шу билан бирга “Шарқ юлдузи” саҳифаларида Туркистоннинг чор Россияси томонидан босиб олиниши ва мустамлакага айлантирилиши ҳақидаги ҳақиқатларга доир қатор чуқур таҳлилий материалларга ҳам кенг ўрин ажратилади. Журналда чоп этилган Баёнийнинг “Шажараи Хоразмшоҳий”, Ҳамид Зиёевнинг “Чоризм истилоси”, Фозилбекнинг “Дукчи эшон воқеаси”, Абдулла Авлонийнинг “Афғон дафтари” асарлари, Верешчагин хотиралари мухлисларда катта қизиқиш ва ҳаяжон уйғота олади.
“Шарқ юлдузи” биринчилардан бўлиб 37-йилларда қатағон қилиниб, қораланган қаламкашларнинг пок номларини тиклаш ва улар асарлари билан янги авлод муфассал таниша олиши учун кенг йўл оча олди. Чўлпон шеърлари, унинг “Кеча ва кундуз” романи, Фитратнинг “Абулфайзхон”, “Ҳинд ихтилочилари”, Беҳбудийнинг “Падаркуш” асари тўлиқ эълон қилиниши билан бирга, Тавалло шеърлари, “босмачилик” тамғаси билан қораланган халқ ҳаракатининг туб омиллари, собиқ тузумнинг яна бир репрессияси –“пахта иши” га нисбатан бадиий ифодага эга ҳаққоний баҳо бўла олган асарлар ҳам шу нашр саҳифаларидан муносиб ўрин эгаллади. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг “Қўрқув салтанати” суҳбати, Набижон Боқийнинг “Қатлнома” қиссаси, “Босмачилик: ҳақиқат ва уйдирма” давра суҳбати бу йўлдаги дастлабки жиддий ва залворли ҳаракат эди. 1983–1985 йиллар журнал саҳифаларида Мирмуҳсиннинг “Темур Малик” романи, Ўлмас Умарбековнинг “Аризасига кўра”, Муроджон Мансуровнинг “Мангу жанг” романи, Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам ҳикоя ва қиссалари, Тоғай Муроднинг “Ойдинда юрган одамлар” қиссаси, Шуҳратнинг “Дўстимнинг ўғли”, Шекспирнинг “Макбет” драмалари, Мақсуд Қориевнинг “Спитамен” романи, Асқад Мухторнинг “Чорраҳа”, Йўлдош Шамшаровнинг “Ер томири” қиссалари, Фарҳод Мусажон ҳикоялари, Рауф Парфи, Маъруф Жалил, Ҳусниддин Шарипов, Турсунбой Адашбоев, Муҳаммад Али, Анвар Обиджон, Хуршид Даврон, Абдусаид Кўчимов шеърлари, Омон Матжоннинг “Ҳаққуш қичқириғи” достони ва бошқа кўплаб сара, залворли асарлар эълон қилинган.
“Шарқ юлдузи” журнали мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида турли иқтисодий қийинчиликлар туфайли ўқувчи ва нашр ўртасида юзага келган узилишларни тиклаш мақсадида энг долзарб мавзулардаги адабий-танқидий чиқишлар, ҳали сиёҳи қуримаган йирик асарлар, шеърият оламига ўзига хос янгича овоз билан кириб келаётган ёшлар ижодига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг адабиётга, матбуотга катта эътибори туфайли “Шарқ юлдузи” ҳамда “Звезда Востока”, “Жаҳон адабиёти”, “Ёшлик”, “Амударё” журналлари таҳририятларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиши бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Шу ўринда, бир воқеани ёдга олишни истардим. 2019 йил сентябрида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси йўлланмаси билан Новосибирск шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган бешинчи “Книжная Сибирь” деб номланган халқаро фестивалда қатнашишимга тўғри келди. 130 дан ортиқ тадбирни ўз ичига қамраб олган анжуманнинг оддий иштирокчиси бўлсам-да, фестиваль қатнашчиларининг “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналлари номини эшитиб, “О, биз бу журналларни яхши биламиз, уларни бемалол афсонавий нашрлар, дейиш мумкин!” деб худди эски қадрдонлардек сўрашишларидан ниҳоятда ғурурландим.
Иштирокчилар менга ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари, Тошкентда рўй берган зилзила оқибатларини бартараф этиш ишлари жадал олиб борилаётган кезлар жаҳонга таниқли адиб ва шоирларнинг ижод намуналари асосида “Звезда Востока”нинг битта сони махсус нашр этилгани ҳамда собиқ иттифоқ республикаларида қўлма-қўл ўқилгани ҳақидаги илиқ хотираларини айтиб беришди. Бундай эътирофдан кўнгил янада ўсди. Фестиваль давомида аҳолини, айниқса, ёшларни китобхон қилиб тарбиялаш, мутолаа маданиятини тарғиб қилиш борасида кўп фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунда давлатимиз раҳбарининг “Эртанги кунини ўйлаган, фарзандларини чин маънода комил инсонлар этиб тарбиялашни мақсад қилган ҳар қандай жамият, аввало, уларнинг қўлига китоб беради, уларни китобга ошно қилади”, деган сўзлари адабиёт давлат, миллат ва ҳудуд танламаслигини, бугун бу масала дунё миқёсида глобал аҳамият касб этиб, барча эзгу ниятли кишилар унга оқилона ечим излаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Шукрки, мамлакатимизда жадал олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида ижодкор зиёлилар жамият ҳаётида ўз ўрнини топмоқда. Айниқса, ёшларни китоб мутолаасига кенг жалб қилиш борасида турли тадбирлар, кўрик-танловлар ташкил этилаётгани, ғолибларга мукофот тариқасида қимматбаҳо совғалар, ҳатто енгил автомобиллар берилаётгани бошқа ҳеч бир мамлакатда учрамайдиган ғамхўрлик бўлса керак.
Халқимиз ўқишга ташна, ижодга ташна, яхши асарлар қадр-қимматини билади. Аммо бугунги кунда китоб, газета ва журналлар нархи баландлиги ана шу эҳтиёжни қоплашга тўсиқлик қилаётгани ҳам бор гап. Қолаверса, кейинги йилларда “мажбурий обуна” баҳонасида миллий матбуотимиз майдонида ҳўлу қуруқ маънавий устунларимиз баробар ёнди. Албатта, таълим тизимини мажбурий обунадан ҳимоя қилиш ўзига хос жасорат. Бироқ келажагимиз эгаларининг тақдири, онгу тафаккури учун масъул бўлган устоз-мураббийларни зарур адабиётлар билан таъминлаш, керак бўлса, уларга бу борада жўяли тавсиялар бериш ҳам ана шу олиймақом ваколат доирасида эди. Афсуски, танганинг иккинчи томони эсдан чиқиб қолди. Мактаб кутубхоналарига нафақат “мажбурий”, ҳатто зарур адабиётлар ҳам келмади. Оқибатда, мутасаддилар “обунадан ҳимоя қилиш” бўйича қўллаган қатъий чора-тадбирлар туфайли соҳа ходимларининг, устоз-мураббийларнинг ахборот олиш манбалари жиддий чекланди.
Шундай экан, “Шарқ юлдузи” каби залворли журнал ҳажм сонини янада ошириш борасида силжиш юз бериши, мазкур нашрнинг бундан кўп йиллар илгаригидек ҳар бир хонадонга, ҳар бир маҳалла ва энг олис қишлоқларга кириб бориши, қўлма-қўл ўқилиши учун бугунги глобаллашув, интернет олами ҳамма жабҳани эгаллаган даврда китоб, газета-журнал – босма адабиёт ўлади, деб аюҳаннос солиш эмас, балки шу жараёнларга мослашиш, керак бўлса, ўзгаришлардан бир-икки қадам олдинда юришимиз керак.