Ўзингни кут

Бугун тилимизда шунчалик кўп сўз, терминлардан фойдаланамизки, баъзан уларнинг бир қанчаси ҳам бобо-момоларимиз қўллаган биргина жумланинг мазмунини англатмайди.

Ёшлигимизда Улбош энамиз (охирати обод бўлсин) болам “ўзингни кут” —   дерди. Тўғриси буни тушунмасамда, хўп деб қўя қолардим. Негаки, дарс тайёрлаётганимда ҳам, овқатланаётганимда ҳам, кўчага чиққанимда ҳам, бирор юмуш билан машғул бўлганимда ҳам шу сўзни айтар эдилар.

Улбош энамиз бутун қишлоғимизнинг момоси эдилар. Уларнинг олдига нафақат қишлоғимиздан, балки қўшни қишлоқ ва туманлардан ҳам одамлар маслаҳат сўрашга, муаммоларини айтиб ечим топиб беришга умид қилиб келар эдилар. Худди машҳур кинофильм қаҳрамонлари — Фармонбибидек, Анзират холадек — эдиларда ўзлариям.

Эсимдан чиқмайди йигирма йиллар олдин қўшни қишлоқдан бир эр- хотин уйимизга келди. Иккаласи ҳам хафақон, тунд қиёфада эди. “Моможон деди эр, турмуш қурганимизга 10 йилдан ошди. Фарзанд доғи қийнайди бизни. Одамларнинг гап сўзлари юрагимизга наштардек санчилади. Ҳамма қўлини бигиз қилиб бизни кўрсатаётгандек бўлаверади”. Энам жимгина уларни эшитди. Уларни эшитиб бўлганларидан кейин, йигитга қараб, ўзингчи, яшаш ниятинг борми хотининг билан деди. Ҳа, лекин… лекин пекини йўқ, яшайсанми ёки… дея қайта сўради. Ҳа деди эр. “Ўзингни кут”гин болам…, тушундингми деди. Ҳа деди йигит жавдираб. Шундай савол жавоб жувон билан ҳам такрорланди. Унга ҳам “ўзингни кут”гин қизим, тушундингми деди. Ҳа деди жувон ҳам кўзларини ерга тикиб. Бўпти бораверинглар деди, муродларинг ҳосил бўлсин, дея дуо қилиб.

Мен эса ҳайронман. Энамиз эр-хотинга бир хил маслаҳат берди. Ва улар ўйлашимча тушунмасаларда тушундик деб жавоб қайтарди. Ана шунда биринчи маротаба энамдан “ўзингни кут” деган гапнинг мазмунини сўрадим. Ҳаётда ҳар қандай тушунмовчилик, қўйди-чиқди, одамларнинг бир-бирлари билан ғаразли муносабатлари, ёшлар тарбиясига беэътиборлик, умуман жамиятдаги ахлоқий-маънавий парокандалик, ижтимоий иллатлар замирида “ўзини кут”маслик туради болам дедилар энам. Бу жайдари фалсафанинг мазмунини энди орадан шунча йил ўтиб сал-пал тушунгандайман. Унинг замирида сабр, жасорат, матонат, ахлоқийлик, маданият, маънавият, сифат умуман одамийликнинг барча хислат, фазилатлари мужассам экан.

Ҳа, бобо-момоларимиз биз каби бирор муаммонинг ечимини ҳал этишда ортиқча гап-сўзларга ўрин қолдирмаган. Биргина жумлаларни “Сабр таги – раҳмон”, “ноумид шайтон” кабиларни ишлатиш орқали ҳар қандай масаланинг ижтимоий, маънавий, ахлоқий мазмун-моҳиятини тушунтириб қўйишганлари ҳар қандай эътироф ва эҳтиромга лойиқ десак муболаға эмас.

Орадан бир йилдан ортиқ вақт ўтиб, энамиз ёнига фарзандли бўлганликларини айтиб, миннатдорчилик билдиришга келган эр-хотинлар “ўзимизни кут”гандик эна, Сизга катта раҳмат дегандилар шодликдан кўзлари ёниб.

Бугун-чи, бугун одамлар нега бунча сабрсиз, қаноатсиз бўлиб қолишган. Ҳеч кимни кутгилари келмайди. Ҳаммаси бирдан бўлса, дарров бўла қолса.

Англасам улуғ тарбия, улуғ қадрият экан-да, ўзни кутмоқлик!

Б.БАҲРОМОВ,

“Янги Сирдарё” газетаси

бўлим мудири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight + 20 =