Тош ибрати

Биз ғаройиб инсонлармиз… Ҳар куни бир нималарни ўйлаб топамиз. Албатта, ана шу ўйлаб топганларимиз ҳақида ўз фикримизни айтгимиз келади. Бу борада эса ижтимоий тармоқлар биз учун эркин минбар вазифасини ўтайди. Мавзулар ҳам турлича: уруш, маданият, тўй, табиий офатлар, аёллар, эркаклар, зўравонлик… Мен ҳам бўш вақтларимда ижтимоий тармоқлардаги янгиликларни кузатиб бораман. Бироқ мени бир нарса ажаблантиради, сўнгги вақтларда яхши хабарлардан кўра ёмон хабарлар кўпайгандай. Гўё дунё ёмон, ҳамма ёмон, яхшилар, яхшиликлар камдек. Аммо мен яхшилик ҳамиша ёмонлик устидан ғалаба қозонишига ишонаман.

Энди бошқа масала. Кўчада бирон киши юпун кийиниб юрганини кўрсак, тамом! У ёмон, узоқ юр, эҳтиёт бўл, хавфли одамга ўхшайди… Кўп ҳолларда бизнинг хулосамиз шундай бўлади. Эҳ, у инсонни умримизда биринчи марта кўриб турамиз-у, ёмонлиги ҳақидаги шунча гапни қаердан била қоламиз экан-а?! Бизнинг кўзларимиз атрофдан, атрофдагилардан нега фақат ёмонлик ахтаради?

Ҳеч ёдимдан чиқмайди. Душанба куни, аср вақти эди. Дарсдан чиқиб, дугонам билан уй томон йўл олдик. Орқада ҳам, олдинда ҳам икки-учта ўқувчи кетяпти. Ҳавони таърифлаш шарт эмас. Шунчаки, ажойиб! Катта кўчада дугонам билан берилиб гаплашиб кетяпмиз. Шунда олдимизга келаётган бир кишига кўзим тушди. Соч-соқоли, усти-боши ҳам анча тартибсиз, оёғига мўкки (туякалиш, бўтик) кийган, эски қалпоғи қийшайиб қолган, елкасида катта қоп бор эди. Ўша киши секин-секин биз тарафга қараб юриб келарди. Бизга етишига 7-8 метр­­ча қолганда ерга энгашиб кафтдек келадиган тошни қўлига олди. Дарҳол “Каттагина тош экан, ниманидир пачоқ қилишга ярийди” деган ўй хаёлимдан ўтди. Боз устига ўша киши биз тарафга қараб келяпти.

Қўрқинчли ҳолат. Шу катта тошини бизга отса-я? Нақд бошимиз чақилиб кетса керак, неча метргача қочиб кетишга улгурамиз экан-а? Хуллас, шундай ваҳимали ўйлар бирин-кетин хаё­лимдан ўта бошлади. Ҳа, ўша дам келди. Ҳозир мен тамом бўламан… Сабаби, амаки бизга жуда яқин келган эди.

Доимгидек, одатимизга содиқ қолиб, амакига салом бердик. Ҳеч бўлмаса, сўнгги нафасимизда савоб олайлик, дедик:

— Ассалому алайкум.

— Ва алайкум ассалом, ота-оналарингга раҳмат, қизларим.

Мен дугонамга, дугонам менга ҳайрат билан қараб қолди. Биз ҳалиям тирик эдик. Энг қизиқ томони шуки, биз қутилган эканмиз, энди у тош кимга тегади? Ўгирилиб қарадик, ўша тош ортда келаётган болаларга ҳам тегмади. Яна озгина юриб, ҳалиги тош бир чеккага қўйилди…

Ишонасизми, мен тамом бўлдим. Вақти келса, ўзига оро бериб юрган киборлар саломга алик олишга ярамайди. Лекин биз ёмонлик кутган инсон… аликни ола туриб, ота-онамизни ҳам эслаб ўтди. Овози майин ва ёқимли эди. Биз бошимиз чақилишини кутиб турсак, у инсон кўчанинг ўртасида инсонларга халақит бераётган тошни олиб, бир чеккага қўйишни истаган экан.

Шу онда ўз-ўзимга дедим. Эҳ, ўзимиз нақадар ёмон эканмиз! Қаердадир бир-икки марта бўлган кўнгилсизлик деб, атрофимиздаги ҳаммани шундай деб ўйлаймиз-а…

Амаки ва тош билан бўлган воқеа хаёлимдан бир умрга жой эгаллади. Кези келса, айта оламанки, мен яна бир ҳаёт дарсининг гувоҳи бўлдим. Хўш, сиз ҳам шундай ҳаёт дарсларига гувоҳ бўлганмисиз? Сўзим сўнг­гида шундай демоқчиман: яхшилар, яхши бўлайлик. Ёмонликлар ҳақида кам ўйлаб, кам гапириб, ўзимизни-­ўзимиз яхши қилишга ҳаракат қилсак, менимча, атрофда ёмон одамлар қолмаса керак.

Мунисабону

ТОЖИБОЕВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 3 =