Дўст нега кам бўлади?

Дўст яхши-ёмон кунда билинади, деган нақлни кўп айтамиз. Ҳар қандай ҳолатда сиз билан дардлашадиган, моддий ёки маънавий кўмак берадиган қиёфа — дўстга Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов шундай таъриф беради:

 

Дўст билан обод уйинг, гар бўлса у вайрона ҳам,

Дўст қадам қўймас эса, вайронадир кошона ҳам.

 

Халқ орасида шундай гап юради: “Душманинг битта бўлса ҳам кўп, дўстинг юзта бўлса ҳам кам”. Мажозий маънода айтилса ҳам, бу ҳаёт ҳақиқатига тўла мос келадиган ҳикматдир! Душманнинг кам бўлса ҳам кўпга қиёс қилиниши — унинг етказадиган зарари ва хусумати етарли бўлгани учун шундай таъриф келиб чиққан. Дўстнинг сони кўп бўлса-да, камга менгзалиши — яхшилик қанча кўп бўлса, шунча яхши дегани.

38 йиллик қадрдонлар

Минг йиллик қадрдон… Бу ибора — лоф, чунки минг йил умр кўриш ҳеч мумкин эмас. Аммо кўп йиллар ҳамнафас, елкадош бўлиб келаётган кишилар гўёки минг йиллик дўст-биродарга айланиб кетадилар. Тошкент шаҳридаги “Сайёҳ” меҳмонхонаси менежери лавозимида хизмат қилиб келаётган Улуғбек Қурбонов ўзининг содиқ дўстлари ҳақида мамнун бўлиб сўзлади:

— Бухородаги 10-умумтаълим мактабининг биринчи синфига 1985 йилда қабул қилинганман. Ерга урса, кўкка сапчийдиган боламиз. Синфдошлар ўртасидаги танишув илиқ муносабатга айланиб кетди. Мени Шавкат Ҳаётов деган синфдошим ўзига оҳанрабодек тортди. Маҳалладош эканмиз. Ўқувчилар саройида “Ракетамодель” тўгарагида шуғулланиб, уй-рўзғор ишларида бир-биримизга кўмаклашардик. Мен мактабни тамомлаб, Тошкент давлат авиация институтига ўқишга кирдим. Шавкат БухДУ тарих факультетини тамомлади. Буни қарангки, Аллоҳ менга абитуриентлик давримда яна бир дўстни инъом қилди. Ихтиёр Ҳапизов билан 1995 йилдан бошлаб дўстлигимизга тамал тоши қўйган бўлсак, мана, 28 йилдирки, бир-биримизни заррача унутганимиз йўқ. Орамиздан қил ўтмайди, сирдошмиз. Деярли ҳар куни эрталаб Ихтиёр менга қўнғироқ қилади: “Қалайсан, дўстим, тинчмисан?” Ёки мен унга сим қоқаман. Оилавий борди-келди бор, тўй-маъракада елкадошмиз. Бухорои шарифга қадам ранжида этсам, болаликдаги қадрдоним Шавкат Ҳаётов вақтим зиқлигини сезиб, ота-онамнинг уйига нон ва қаймоқ билан йўқлаб келади. Дийдордан ширин нима бор? Эҳҳе, 38 йиллик қадрдонларнинг илиқ хотираларини эслашига соатлар тугул, кунлар камлик қилади. Ҳар иккала дўстим билан умрим маъно-мазмунга тўлиқ.

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти профессор-ўқитувчилари орасида ёши улуғ зиёлилар кўп. Фарзандларини уйли-жойли қилиб, касб-ҳунар эгаллашига шароит яратган, неваралари ардоғида яшаётган бу инсонлар дўст, биродар танлашда ҳам катта ҳаёт йўлини босиб ўтишган. Техника фанлари номзоди, доцент Абдусаттор Абдуғаффоровнинг 48 йиллик қадрдони Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани Духчи қишлоғида истиқомат қилади. Тошкент қайда-ю, Шаҳрисабз қайда? Аммо йўл йироқ бўлса-да, кўнгил яқин.

— Дўстларим жуда кўп. Ўспиринлик даври, мактаб йилларида топган жўраларим кам эмас. Лекин ҳақиқийси битта. 1976 йилда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтига ҳужжат топшираётиб, сипогина бир йигитча билан танишиб қолдим. Талабалик бахтига муяссар бўлиб, яхши-ёмон кунларни Маҳмасоли билан ўтказганларим худди кечагидек ёдимда. Талабалар турар-жойида ҳозиргидек шарт-шароитлар қаёқда? Хоналар совуқ, қишда дийдираймиз. Ош-овқатга пулимиз кам, ётоқхона ошхонасида қозон қайнатамиз. Беш йил кўз очиб-юмгунча ўтди-кетди. Курсдошлар баъзан Самарқандга, гоҳида Бухорою Хоразмга отланамиз. Мен билан Маҳмасолининг дўстона муносабати аҳён-аҳёнда Қуйи Чирчиқ туманидаги Гул қишлоғи ва Шаҳрисабзга бориш-келиш билан мустаҳкамланди. Тўй-маърака, байрамда биргамиз. Ота-она, ака-ука, опа-сингилларимизни танидик, билдик. Талабалик даврига нуқта қўйилиб, Маҳмасоли ўз юртига кетди. Мен инс­титутда ишлашга қолдим. Мана, ҳали-ҳануз алоқамиз узилгани йўқ. 2023 йилнинг май ойида дўстим билан Бухорои шарифда учрашдик. Биродаримиз Рустамжон Саидовнинг турмуш ўртоғи вафот этган экан, ҳамдардлик билдиргани бориб, шу заминнинг етти пирини зиёрат қилдик, ўтган дамларни эсладик. Маҳмасолидек садоқатли дўстим борлиги мен учун чинакам бахт. Биз у билан, насиб этса, Наврўз байрамида кўҳна ва навқирон Шаҳрисабзда учрашмоқчи бўлиб хайрлашдик.

Калта ўлчов

Кутилган ва кутилмаган воқеалар қаршисида лол қоламиз. Бирининг кўнглидан иккинчиси чуқур жой эгаллаб, узоқ йиллар ўзаро яқинлик риштаси ила ҳамкор, ҳамнафас бўлиб келаётганларнинг орасидан “ола мушук” ўтиб қолади-ю… Бунга нима сабаб, бош қотирганингиз билан жавоб тополмай қийналасиз.

— Салкам қирқ йиллик дугонам билан орамиз бузилиб қолди. Сира тушунолмайман, ўла-ўлгунимизча бир-биримизга содиқ қоламиз, деб юрардим. Яқин йилларда ҳукм сурган коронавирус панде­мия­си туфайли кўплаб ишхоналар онлайн ишлаш тартибига ўтди. Ҳаммамиз уйга қамалдик. Маълум муддатдан сўнг вазият сал ўнгланиши билан идоралар аввалги тартибга ўтди. Онлайн ишлаш одамларни бир-биридан узоқлаштириб қўяркан. Кўп йиллик қадр­доним билан битта хонада ишлардик, қандай бахт бу! Тушлигимиз бирга, хурсандчилигимиз бирга, муаммомиз бўлса, ечим излашимиз бирга. Нимагадир офлайн ишлашга ўтсак ҳам дугонам ишга келмасди. Хонадошларим: “Нега дугонангиз ишга чиқмайди, кимнинг эркатойи у?” дея менга таъна-маломат қилса-да, уларга ён босмас, аммо дугонамни ҳам оқламасдим. Тўғрироғи: “Кемага тушганнинг жони бир. Нега эл қатори келмайди ишга? Бу ер отасининг корхонасими?” деган ҳаққоний фикрлар тез-тез кўнглимдан ўтарди. Сабаби кўп ўтмай аён бўлди, ҳамкасбим раҳбаримиз билан ўзаро келишиб, уйда ишлашга қарор қилибди. Бунга хонада тўрт аёлнинг бирга ўтириши, улар ўртасида кечадиган узун-қисқа мулоқот туфайли дугонамнинг ишлай олмаслиги сабаб бўлаётган экан. Очиғи, хонадош бўлганингиздан кейин, айниқса, аёллар бор жойда гап-гапга уланиб кетади-да. Мен дугонамнинг ўрнига ўзимни қўйиб кўриб, уни ҳақ ҳисобласам-да, унга қарши ҳеч қандай саъй-­ҳаракат қилмадим. Бир куни тасодифан хонамизга ташриф буюрган дугонам мен билан ҳам эл қатори совуққина сўрашди-да, чиқиб кетди. Кетидан югуриб бориб: “Дугонажон, нима бўлди? Мен сизга ҳеч нарса деганим йўқ-ку!” деганимни биламан: “Шуми ҳеч нарса қилмаганингиз? Бегона ходимлар билан гуруҳ бўлиб олдингиз-ку! Сиздан кутмагандим буни!” деса бўладими? Анграйиб қолдим. На уни кузатишимни биламан, на хонамга қайтишимни. Шу даражада ўзгариб кетдими у? Ахир мен унга қандай ёмонлик қилдим? Раҳбарнинг “арзанда” ходимасига айланган дугонамга нисбатан жамоада туғилган адоват ва нафратга заррача ҳам хайрихоҳлик кўрсатганим йўқ эди. Нима учун мени айбсиз айбдорга айлантиряпти? Сира ақлим бовар қилмайди, ўйлаб ўйимнинг тагига етолмайман.

Таниш аёлнинг ҳасратини эшитдим-у, муносабат билдиришга лол қолдим. Қаранг, қирқ йиллик қадрдонларнинг орасига арзир-арзимас ҳолатда рахна тушибди. Ким ҳақ, ким ноҳақ, Аллоҳга аён. Суҳбатдошим ҳикоясини қолган жойидан давом эттирди:

— Туғилган кунимда хонамизга мени йўқлаб келган дугонамни кўрдим-у, бошим кўкка етди. Ўртага тушган совуқчилик юмшайди, деб ўйлабман. Бир пайт дугонам собиқ хонадошлари билан галма-гал носамимий руҳда сўрашиб, менга яқинлашди. Юзида қандайдир сохталик. Ё тавба! Мен унга бағримни очмоқчи бўлиб тургандим, дарҳол шаштимдан қайтдим. “Туғилган кунингиз билан табриклайман!” дея пакетни ҳиссизгина қўлимга узатди. “Раҳмат, дугонажон, овора бўлибсиз-да!”,– дея мулозамат қилиб совғани олдим ва кузатиш учун шошиб чиқиб кетаётган қадрдонимнинг кетидан эргашдим. “Қолувринг!” Жойимда тош қотдим ва ўрнимга чўкдим. Қувончли кунда таъбим жуда тирриқ бўлди, дугонам билан кечган яхши-ёмон кунларимиз бир-бир кўз ўнгимдан ўтди. Наҳотки энди у билан аввалгидек қадрдон бўлолмаймиз? Мени ана шу савол қийнайди… Руҳий қийноқлар ўз йўлига. Уйга бориб, дугонам берган совғани очсам… Не кўз билан кўрайки, бу мен унга туғилган кунида совға қилган кўйлаклик мато эди. Қалқиб тушдим. Агар душманингиз шу ишни қилса, қўл силтайсиз, қасддан қилган-да, деб. Аммо бир бурда нонни бўлишиб еган одаминг қилса, танг ҳолатга тушиб қоларкансан. Анча кунгача унинг калта ўлчовидан ўзимга келолмай юрдим.

Кўнглида бир дунё ҳасрат, бир дунё алами бўлган танишимга нима ҳам дейман? Жимгина тингладим. Дугонасининг узоқ йиллик дўстона муносабатларга асоссиз айб қўйиш орқали якун ясаганига қандай баҳо бериш керак? Қадрдонлик ришталарига калта қарич билан қаралиб, нуқта қўйилгани маънавий фожиа эмасми?

Кайковуснинг ҳикмати

Муносиб дўст излаш ва топиш ҳам омад, аслида. Чин маънодаги дўстлик йиллар мобайнида шаклланади, тобланади, мустаҳкамланади ва унга ҳеч нарса рахна сололмайди. Шарқ мутафаккирларидан бири Унсурулмаолий Кайковуснинг “Қобуснома” асари йигирма саккизинчи боби ана шу мавзуга бағишланадики, муаллиф ўғли Гилоншоҳга шундай насиҳат қилади: “Ҳамма вақт дўст тутмоқни одат қилғил, зероки, ҳар кишининг дўсти кўп бўлса, айб­лари шунча сир тутилур ва фазилати кўпаюр. Лекин ҳар вақт янги дўст топсанг, кўҳна дўстларни тарк этмағил ва улардан юз ўгирмағил, токи ҳамиша дўстинг кўп бўлсун, дебдурларки, яхши дўст кишига улуғ ганждур. Одамлар ҳақида ўйлаб кўрки, улар сен билан дўстлик йўлига кирарлар, аммо ярим дўст бўлурлар. Шулар била соз муносабатда бўл ва улар била ҳар турлук яхши ва ёмонда мутаффиқ (дўст, бирлашган) бўлғил, токи улар сендин кўп яхшиликларни кўрса, тадриж (аста-секин) била кейинроқ якдил дўст бўлурлар”. Дарҳақиқат, агарки, мажозий маънода дўстликни дарахтга қиёсласак, унинг илдизи вафо, шохлари умид, япроқлари саодатдир. Ҳар бир инсоннинг дарахтга менгзалувчи содиқ дўс­ти бўлсин!

Албатта, дўст, ҳақиқий дўст топиш жуда қийин. Балки шунинг учун ҳам дўст кам бўлар. Чин дўст — яхши кунингда ҳам, ёмон кунингда ҳам, борингда ҳам, йўғингда ҳам бирдек ёнингда турувчи қанотинг. У бўлса, бу  бахтдир. Фақат… дўстликни сақлаб қолиш осон эмас экан-да!

Ҳулкар ТЎЙМАНОВА,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen + 3 =