Ижтимоий тармоқларнинг “қармоқ”лари

ёки бу борада ҳуқуқий маданият даражаси қандай аҳволда?

 

Барча соҳаларга ахборот-коммуникация технологиялари кириб келган бугунги кунда ҳаётни ижтимоий тармоқларсиз тасаввур қилиш мушкул. Сабаби ижтимоий тармоқлар ҳаё­тимизнинг бир бўлагига айланиб улгурди.

Фуқароларнинг ҳукуматга мурожаати, давлат ва жамоат ташкилотларининг аҳолига ахборотию мурожаатлари, турли савдо компанияларининг рекламалари, ҳар хил соҳалардаги баҳс-мунозаралар бугун айнан мана шу – ижтимоий тармоқларда олиб борилмоқда. Аммо кўнгилни хира қиладиган бир нарса бор, бу ижтимоий тармоқлардаги ҳуқуқий маданият масаласидир.

Бугун ҳатто мактабларнинг бошланғич синф ўқувчиларидан тортиб, ёши бир жойга бориб қолган айрим пенсионерларгача ҳар куни камида уч-тўрт соат вақтини ижтимоий тармоқлардаги турли хабарларни ўқиш, контентларни томоша қилиш билан ўтказмоқда. Ҳатто қандайдир муҳим иш устида ишлаётган одам ҳам бир неча дақиқа танаффус вақтида бир бор ижтимоий тармоқларга кўз ташлайман деб соатлаб қолиб кетади.

Сабаби, дунёдаги ҳар бир соҳа, илм-фан дейсизми, савдо-сотиқ ёки шоу бизнес дейсизми, ҳамма-ҳаммаси мана шу тармоқларда жам бўлгандек гўё. Қолаверса, маълум бир ташкилот ва корхона вакиллари томонидан қилинган, қилинаётган ишлар ҳақида тез ва осон ахборот тарқатиш ҳам айнан ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилмоқда.

Одамлар ҳам йўл-йўлакай қандайдир воқеага гувоҳ бўлса, зудлик билан ижтимоий тармоқларга жойламоқда. Хўш, бу каби ахборотлар жамоатчиликка қандай таъсир қилади? Фойдалими, фойдасизми, ростми ёки ёлғонми, деган масалалар – иккинчи ўринда.

Катта-ю, кичик ижтимоий тармоқларга шунчалик ўрганиб, боғланиб қолганки, кўриб ўйланиб қоласан киши.

Қизиқ, одамлар бу дунёга яшаш учун келганми ёки қандай яшаётганини соатма-соат, дақиқама-дақиқа бошқаларга расм ва видеолар орқали намойиш этиб бориш учунми?!

Ишонмасангиз сиз ҳам бир кузатиб кўринг, қандайдир каттароқ, ҳашамдорроқ ресторан ёки кафе ё бўлмаса табиати гўзал бўлган бирор жойга борган одамлар у ерларга ўзаро суҳбатлашиш, чақчақлашиб кўнгил ёзиш ёки саёҳат қилиш учун эмас, гўёки ҳаммалари расм, видеога тушиш ҳамда уларни ижтимоий тармоқларга жойлаб бошқаларга мақтаниш учун боришгандек туюлади гўё. Юрган-турган йўлида тўғридан-тўғри эфир қилишларини айтмайсизми яна.

Тан олиш керакки, ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ҳуқуқий маданият ҳали етарли даражада шаклланиб улгурмади.

Хўш, ижтимоий тармоқларда ҳуқуқий маданиятнинг етишмаслиги нималарда намоён бўляпти?

Биринчидан, шахс қадр-қимматини камситувчи ҳолатлар ижтимоий тармоқларда жуда кўпайиб бормоқда. Масалан, бирор фойдаланувчи “Facebook” ижтимоий тармоғига ҳали айби исботланмаган, суд томонидан айбдор деб топилмаган инсоннинг суратини жойлаб “мана бу ўғри” ёки “жиноятчи”, “порахўр” каби сўзлар билан ҳақоратлайди. Ҳали ҳеч нарсадан хабари йўқ омма ҳам сурат жойланган пост тагида ҳақоратлар ёмғирини давом эттиради.

Бу айниқса давлат ҳокимияти органлари вакилларига нисбатан кўп қўлланади.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 26-моддасида “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди” деб белгилаб қўйилган. Шунингдек, Конституциянинг 27-моддасида “Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва тураржойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга” деб қайд этилган.

Ҳар бир инсон шуни ёдда тутиши лозимки, эркинлик дегани қонунсизлик дегани эмас. Эркинлик ўз фикрини мус­тақил билдиришни назарда тутади, бу кимнидир ижтимоий тармоқда ҳақорат қилиш ёки унга нисбатан ҳар хил бўҳтонлар ёғдириш мумкинлигини англатмайди.

Инсон ўз ҳақ-ҳуқуқлари баробарида бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳам англаса унда ҳуқуқий маданият шаклланган бўлади. Ваҳоланки, ҳуқуқий демократик жамиятнинг шарти одамларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларидан ташқари бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳам билиши, ҳурмат қилишидир.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда алоҳида гуруҳлар ташкил этиб кимларнидир асоссиз кўкка кўтариш ёки кимларнидир ерга уриш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Бу кўпинча сохта профиллар очиш орқали амалга оширилади. Аммо ҳар бир инсон шуни унутмаслиги керакки, эркин фикр айтиш имкониятидан шундай йўллар билан фойдаланиш мумкин деб ўзини оқлаш ўша инсонларнинг савияси нечоғлик эканидан далолат беради. Шуни ёдда тушиш зарурки, ахборот-коммуникация технологиялари ривожланган бугунги кунда хоҳ сох­­та профил орқали, хоҳ очиқ профил орқали кимдир ҳақорат қилинар экан, бунга албатта қонун олдида жавоб берилади.

Бу борада қонунчилигимизда нормалар белгилаб қўйилган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасида ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши қайд этилган.

Жиноят кодексининг “Ҳақорат қилиш” деб номланган 140-моддасида ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, башарти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланган.

Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернетда жойлаштириш орқали ҳақорат қилиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Юқорида масаланинг қонуний тарафини кўриб чиқдик. Яна бир муҳим жиҳати эса ўзининг омма тарафидан сазойи этилганини кўрган, эшитган шахсда оғир психологик тушкунлик пайдо бўлади одатда. Бундан сўнг у шахс стресс ҳолатида ўзига ёки атрофдагиларига турли зиён етказиши мумкин.

Шунинг учун кимдир ҳақида ижтимоий тармоққа маълумот жойлашдан аввал бунинг ҳуқуқий томонлари борлигини унутмаслик керак.

Иккинчи масала. Аксарият ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари кўп ҳолатларда текширилмаган маълумотларни тарқатишади. Бунинг натижасида бошқаларда нотўғри фикр ва хулосалар пайдо бўлади. Аслини олганда ислом динида ҳам, дунёвий илмларда ҳам асоссиз, текширилмаган хабарларни тарқатиш маъқулланмайди. Масалан, “Теlegram” ижтимоий тармоғида ички ишлар органи ходимларининг бир фуқарони ушлаб хизмат автомобилига солишаётгани ҳақидаги видео тарқалди. Одамлар эса видеога турли салбий изоҳлар қолдиришди. Асл ҳолатдан бехабар инсоннинг бу ҳолатга нисбатан ғазаби, нафрати қўзиши табиий ҳол албатта. Одамларнинг салбий изоҳ ёзишига эса фойдаланувчининг видео тагига “Ички ишлар органлари беайб фуқарони тутиб кетмоқда” деб ёзгани сабаб бўлди.

Бу каби ҳолатлар, албатта, давлат органларига, уларнинг масъулларига нисбатан аҳолининг норозилигини туғдиради. Чунки омма эҳтиросга тўла, бунақа ҳолатларда оммани ақл эмас, ҳиссиёт бошқаради. Бундан ташқари фалон жойни сув босди, фалон жойга ўт кетди деган мазмундаги асоссиз маълумотлар тарқатиш ҳолатлари кўп учрайди. Текширилганда эса дунёнинг бошқа бир четида рўй берган ҳодиса эканлиги маълум бўлади. Бу маълумотни уни тарқатувчи кейинчалик ўчириб ташласа ҳам, лекин бу ёлғон маълумот оммада ваҳима уйғотиши ва турли салбий ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин.

Жиноят кодексининг “Ёлғон ахборот тарқатиш” деб номланган 244-6-моддасида шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернетда тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилгача озодликни чеклаш билан жазоланиши белгиланган.

Жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернетда тарқатиш, ушбу кодекснинг 244-1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш)да назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Нетонгки, ҳар хил беўхшов қилиқлар, одамларга қўпол ҳазиллар, ножўя саволлар бериб контент яратиш орқали обуначиларини кўпайтиришга уриниш чиндан ҳам жуда ортди. Бундан уларга нима наф дейишингиз мумкин. Улар қандайдир йўл билан бўлмасин ижтимоий тармоқларда ўз обуначилар сонини кўпайтириб олиш, ундан кейин эса турли рек­ламаларга буюртма қабул қилиб пул ишлашни мақсад қилишади. Ишонаверинг, бу орқали аллақачон етарли натижага эга бўлганлари ҳам кам эмас. Шунинг учун ҳам ўз шаъни, ҳурмати ва ота-онасининг юзи ерга қарашини ҳам ўйламай обуначи йиғадиган кўпайди. Ҳатто айрим қизлар ярим яланғоч ҳолда ўзини видеога олиб кўпчиликни ўз саҳифасига тортмоқда.

Ижтимоий тармоқлар маъмурияти бу каби ҳолатлар кўпайгани боис тақиқларни кучайтириш ўрнига аёлларга ўзини янада очиқ-сочиқ намойиш қилишга рухсат берди. Бундан улар учун инсониятнинг қай томонга кетиши эмас, балки оладиган фойдалари қизиқ экан, холос деган тушунчага келиш мумкин.   Аммо ҳамма одамлар ҳам инсофи ва тар­биясини ютиб юборган эмас. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай таркиб ахлоқий меъёрларга зид бўлган бир қатор мамлакатларда Instagram ва Facebook блокировка қилиниши кутилмоқда.

Хўш юқоридаги сабаблардан келиб чиқиб бу тармоқларни блоклаш тўғри бўладими? Биз бу орқали нимага эришамиз-у, нима йўқотамиз? Бу ҳақда юртдошларимизнинг фикрини билишга қизиқдик.

Рўзимуҳаммад ҲОШИМОВ, Республика Маънавият ва маърифат маркази Ёзёвон туман бўлинмаси раҳбари:

Бугун ижтимоий тармоқларнинг яхши томонини ҳам ёмон томонини ҳам кўряпмиз. Одамга қай бири кўпроқ таъсир қилишини билмадим-у, аммо айрим вақтларда бу тармоқлар кўпчилигимизнинг вақтимизни беҳуда олиб қўяётгани, фарзандларимиз ҳам бизларга эргашиб, болалигиданоқ эртак китоб, расм дафтар, болалар учун мўлжалланган журналларни эмас, балки телефон ўйнаб улғаяётгани ачинарли.

Сўнгги вақтларда ўқувчи йигит-қизлар томонидан мактабларда атайлаб жанжал чиқарилиб, буни ижтимоий тармоқларга жойлаш, кимнингдир шахсий расмларини монтаж орқали ўзгартириб, масҳара қилиш ёки дарс ўтаётган устозини суратга олиб бўлмағур изоҳлар билан тарқатиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Бу каби контентлар кенг тарқаладиган ва турли яхши-­ёмон муносабатлар билдириладиган тармоқларнинг сафида Facebook ва Instagram энг асосийларидандир. Айниқса, Instagramда ёшлар тарбиясини бузадиган кўплаб видеолар жамланган деб ўйлайман. Сабаби, уйидаги автомашинани ота-онасидан сўроқсиз олиб чиқиб кетиб, катта йўлларда ҳар хил қилиқлар қилиб, ўйинчоқ тўппончаларни ҳақиқийдек кўрсатиб, ўзини кўча безориси, зўравонлардек тутиб видеога олиш, тарқатиш айнан шу тармоқда кўпроқ кўзга ташланади.

Қолаверса, ҳозирги пайтда янги чиқаётган блогер, vineларнинг турли беўхшов хатти-ҳаракатлари билан обуначи йиғадиган асосий тармоғи ҳам айнан шу “Instagram”дир.

Айтмоқчи бўлганим бу икки тармоқдан ҳамма ҳам яхшилик мақсадида фойдаланаётгани йўқ, менимча. Энди маъмурлар томонидан истаганингча фойдаланавер қабилида уятсизлик ва беҳаёликка-да кенг йўл очиб берилар экан, бу тармоқларнинг юртимизда бўлганидан кўра бўлмагани яхшироқмикан дея ўйлаб қолади киши.

Сарвиноз ҚОСИМОВА, Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги 8-мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари:

– “Facebook” ва “Instagram” тармоқлари ишлатишга қулай, бажарилган ишни оммага кенг миқёсда тақдим этиш имконини берадиган тармоқлар деб биламан. Дунёга чиқишнинг, тажриба алмашишнинг қулай усули эканини фойдаланувчи сифатида кўп кўрдим. Вазиятга замонавийлик нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, нега бутун жаҳон фойдаланган нарсадан биз ортда қолишимиз керак. Бу танганинг бир томони. Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор. Бунда кенг тарқалаётган ахлоқсизлик тарғиботи назарда тутилмокда.

Халқимизнинг бир машҳур гапини айтмоқчиман, муаммодан қочма, уни ҳал эт, дейдилар. Бизнинг бу тармоқларни блоклашимиз муаммодан қочишимиз бўлади. Аксинча, биз халқимизни улардан тўғри фойдаланишга, порнографик файлларга чеклов қўйишга, ҳукумат эса ўз қонунлари билан миллий менталитетимиздан келиб чиқиб бундай тармоқлар устидан етарлича назорат ўрнатиши лозим деб ўйлайман.

Бир ҳикояда уй ичидаги икки нафар болага кўриб турган манзарангизнинг расмини чизинг дейилса, бири деразадаги панжарани, бири эса дераза ортидаги гўзал табиат тасвирини туширади. Демак, ҳар кимнинг кўзи ҳар ерда. Биз ҳам келажагимиз бўлган ёшларни маънавий бузуқликдан сақлашимиз, очиқ расмларни   қўйишга қарор чиқарганларга чора кўришимиз керак. Ахир технология ривожланган ҳозирги замонда тармоқларга ким томонидан қандай кортент жойланаётганини аниқлаш қийин эмас-ку. Шундай эмасми? Намуна сифатида беҳаё контентларни тарқатишга уринганларни жазога тортиб кенг оммага кўрсатиш керак. Шунда балки бу каби ҳолатлар кескин камаяр.

Маҳбуба АҲМЕДОВА “Фарғона” радиоканали бош­ловчиси:

Ижтимоий тармоқларнинг блоклаб қўйилиши муаммога ечим бўлмайди. Айрим ривожланган мамлакатлар инсон маънавиятига салбий таъсир қилувчи бундай “нозик” муаммоларни аллақачон енгиб ўтган деб ҳисоблайман. Сабаби, у давлатларда ижтимоий тармоқларнинг бу каби салбий таъсирларидан сақланиш иммунитети шаклланган. Лекин бизнинг ёшларимизда бу каби иллатларга кўр-кўрона эргашиш барҳам топгани йўқ. Бу ботқоқдан бизни асраб қолувчи йўл оилалардаги яхши тарбия муҳити ва юксак маънавий ахлоқни камол топтириш деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам айни дамда юртимиздаги айрим хотин-қизларнинг ижтимоий тармоқлардаги ахлоқсизлиги ортиб бормоқда. Йигитларнинг ўзларини тутишлари ҳам албатта бундан қолишмайди. Кўча маданияти баҳонаси билан қўпол сўзлар орқали шарқона маданиятимизга зид имиджини пешма-пеш қилиш тасвирларини тармоқларга жойлаётган муаллифларни бирданига тўғри йўлга бошлаш менимча деворга гапириш билан тенг. Бунинг олдини олиш учун ёшларга болалигиданоқ тарбияни яхши бериш керак. Бизда эса йиғлаётган болани юпатиш учун қўлига телефон тутқазиш одат тусига айланиб улгурди. Албатта, бундай хатти-ҳаракатлар ахлоқсизликнинг турли кўринишлари оммалашишига олиб келиши табиий. Бунинг олдини олиш учун эса ота-оналар фарзандининг тарбияси ҳақида ҳали у улғаймасидан ҳаракат бошлаши керак. Уларга кўпроқ эътибор қаратиши лозим. Аммо ҳозирда ота-­оналарнинг ўзлари телефон “жинниси” бўлиб қолган. Тўғри, бу тармоқларни блоклаш билан ниманидир олди олингандек бўлар, бироқ ёшлар интернетнинг бошқа тармоқларидан ҳам ахлоқсиз нарсаларни излаб топмасликларига ким кафолат бера олади?

Ҳаётхон НАБИЕВА, талаба:

– Ҳозир ижтимоий тармоқларсиз ҳаётни тасаввур этишнинг ўзи бўлмайди. Аммо ижтимоий тармоқларнинг салбий томонларини кўп гапиришади. Ўзим ҳам кўнгилсиз воқеаларнинг анчасига гувоҳ бўлганман. Aлбатта, бу фойдаланувчининг фойдаланиш истагига боғлиқ деб ўйлайман. Шахсан мен ижодкор сифатида Facebook тармоғида борман ва аудиториямни фақат ва фақат шоир, ёзувчи ҳамда журналистлар билан бойитганман. Бундан ташқари бошқа касб эгалари улар ҳам том маънода ижодкор ҳунарманд, тадбиркор, ўқитувчи… Доим ўзимга керакли маълумотларни олиб бораман. Ишонасизми? Фарғонадан етишиб чиққан ёш ижодкорлар ҳозирда Тошкентда таҳсил олиб келишаётган ўз шеърлари, таржималари билан адабиётга кириб бўлган кўплаб ука-сингилларимни мана шу тармоқ орқали танидим ва юзма-юз мулоқот қилиш насиб этди. Уларни бирма-бир келтириб ўтишни жоиз деб билдим. Шаҳризода Ботирова, Шоҳсанам Омонова, Гулзода Ўринбоева, Умида Ёқубова, Умидабону Ҳасанхўжаева Муаттар Маматкаримова сингари ёш истеъдодларнинг бари шеър оламида ўз сўзини топиб бораётган ижодкорлардир. Юқорида исмлари қайд этилганларнинг аксарияти 2022-йил Зомин семинари иштирокчилари ҳамдир. Кунда-кунора шеърий мушоиралар ўтказиб, фикр алмашиш кишига завқ бағишлайди. Бу мендек ҳар доим пойтахтга бориб “Хиёбон оқшомлари”да қатнаша олмайдиган ижодкор учун яхшигина имкониятдир.

Юқоридаги мулоҳазалардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчи ҳар бир шахс нафақат тарқатаётган маълумотларини, балки олаётган маълумотларини ҳам текшириши, асл ҳолат қандайлигини билиши зарур.

Агарда бу борадаги хориж тажрибасига мурожаат қиладиган бўлсак, бугунги кунга келиб кўплаб мамлакатлар қонунчилигида интернет орқали бошқаларни ҳақоратлаш масаласига қатъий қарорлар белгиланганини кўриш мумкин.

Масалан, Германияда “Ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни қўллашни такомиллаштириш тўғрисида”ги қонун амал қилади. Қонунда конституциявий тузумга, миллатлар ўртасидаги аҳилликка зид бўлган, нацизм ғояларини тарғиб этувчи, шахс, унинг шаъни, қадр-қимматини камситувчи, шахсий ҳаёт дахлсизлигига дахл қилувчи, болалар порнографияси билан боғлиқ маълумотларни тарғиб қилиш, ижтимоий тармоқларда тарқатиш тақиқланади. Швейцарияда ҳам туҳмат ва ҳақорат (Defamation) учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Инсон қонунга амал қилишни бошқалардан талаб қилишдан аввал ўзи қонунларга риоя этиши зарур. Ана шунда ҳуқуқий демократик давлат қура оламиз.

Мақоламизга французларнинг улуғ мутафаккири Шарл-Луи де Монтескенинг қуйидаги ибораси билан хулоса ясасак ўринли бўлса керак: “Сиёсий эркинлик хоҳлаганча иш тутиш дегани эмас. Эркинлик қонун йўл қўйган ҳар қандай ишни бажариш ҳуқуқи билан белгиланади. Агар фуқаро қонунда тақиқланган ишга қўл урса, эркинликдан маҳрум бўлади”.

Фурқат АЛИМАРДОН,

Камолиддин РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × one =