Калтабинлик касофати…

Эрталаб ўқишга кеч қолаётганим учун “Yandex” такси чақиришга мажбур бўлдим. У платформадаги таксининг ҳам келиши роса қийин-да. Олдин яқин ҳудуддаги шу платформага уланган автомобилларни қидиради, кейин эса яқинроқ ва мосини сен томонга йўналтиради.

Ҳа бўлди. Яқинимдан автомобиль топишга топди, энди тезроқ келса дарсга эртароқ улгурсам бўлди, деб машинанинг келишини нақ 10 дақиқача кутдим. Телефонимга таксининг етиб келгани ва мени кутаётгани ҳақида хабар келди. Ва ниҳоят, деб тезликда сумкамни олдимда ташқарига чиқдим. У ёққа қарайман, бу ёққа қарайман таксидан дарак йўқ, лекин етиб келгани ҳақида хабар менга келган. Қарасам кўчанинг бошида тўхтаб турибди. Шунисигаям шукр, деб бориб ўтирдим, чунки бошқа илож ҳам йўқ эди. Ҳайдовчи ака билан сўрашиб олганимдан кейин мендан “Манзил қаер?” деб сўради. Ичимда ана сизга “локация” бериб қўйганман шу бўйича юраверинг дегим келди. Лекин унга вазминлик билан манзилни тушунтирдим. Ҳаммаси яхши кетаётган вақтда бир пайт яхшироқ танишиш мақсадида ҳайдовчи савол бера бошлади.

— Қаердансан?, – дея даб-дурустдан савол бериб қолди.

— Жиззахданман ака.

— Ўқийсанми? Манзилда ҳам ўқиш жойимга айтган эдим, хотираси чатоқроқ ёки атай асабимга тегмоқчимикин?

— Ҳа, ўқийман.

— Нималикка?

— Нима? – дея саволига қарши савол бердим жўртака. Чунки ўзини жуда ғалати, катта тутаётгани жаҳлимни чиқара бошлаган эди. Бор бўлса мендан беш ёки олти ёш катта бу йигит.

— Йўналишинг нима?

— Журналистика.

— Воҳ, “ёзувчи” бўласанми?

— Нега ундай деяпсиз?

— Кўп журналистлар шунақа-ку?

— Қанақа?

— Бировларнинг устидан ёзиб, ишкалини чиқариб юради.

— Бу яхшимасми?

— Ия, қизиқсану-а, нима одамлар жабр кўриб кетаверсинми?

— Жамиятимиз ўғри-муттаҳамларга тўлиб кетсинми унда?

— Нега тўлади?

— Журналистлар холис, тўғри гапни айтмаса, нима бўлади, ғирромлик баттар авж олмайдими сизнингча?

— Ҳа майли, ука, кўп қизишма. Энди айтчи, ўқишингни битириб вилоятингга қайтасанми?

— Билмадим. Агар режаларим амалга ошса, шаҳарда ишлаш ниятим бор.

— Тушунарли. Демак, сен ҳам кетмайсан. Шаҳар аҳолисини таркиби ҳам, қони ҳам бузилиб кетти-да.

—Тушунмадим.

У яна савол беришда давом этди:

— Мисол учун қанчадан-қанча одамлар шаҳарга ўқиш, ишлаш учун келади, уларнинг қанчаси вилоятига қайтиб кетади деб ўйлайсан?

— Қизиқмаганман.

— Aна кўрдингми?

— Сиз бу билан маҳаллийчилик қиляпсизми? Одамни вилоятига қараб ажратмоқчимисиз? Биз ҳаммамиз бир юртнинг одамларимиз-ку!

— Йўғе, нотўғри тушундинг. Мисол учун ҳозир Тошкентда шаҳарликлардан вилоятликлар кўп. Шунга бизнинг маданиятимиз, тилимиз бузилди.

— Қандай бузилди?

— Мисол учун қара, ўзбек тили Тошкент ва Фарғона шевасига асосланган. Лекин ҳозир тилимиз, шевамиз бузилган…

— Aка, гапларингиз ғалати-ку, бунда вилоятлардан келганларнинг нима алоқаси бор?

— Алоқаси бор-да.

Хайрият, шу пайт ўқиш жойимга етиб келдим. Лекин орамизда шундай фикри ноқис одамлар борлиги дилимни хуфтон қилиб улгурган эди. Бундай кимсалар билан баҳслашиб ўтириш эса бефойда эканлигини тушуниб, тезда машинадан тушиб қолдим.

Шоҳжаҳон МАЖИТОВ,

Тошкент давлат Шарқшунослик университетининг

халқаро журналистика йўналиши талабаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × three =