Қайга борадирсан ўзингдан кетиб…

Муаллиф ҳақида:

Ойдиннисо (Йўлдошева) — Пахтачи туманида туғилган. 2002 йилда ЎзМУнинг журналистика факультетини битирган. “Менсизлик” (2003), “Номсиз” (2006), “Қайтиш” (2008), “Ҳовур” (2011), “Қоралама” (2016), “Серенада” (2018), “Арафа” (2022) номли шеърий тўпламлари, “Ҳаёт дарахти” (2016) лирик қиссаси, “Афв” (2019) достони нашр этилган. Ижод намуналари инглиз, рус, турк, олмон, тожик, қозоқ, қорақалпоқ тилларига таржима қилинган.

Шоира таржимон сифатида Рюноскэ Акутагаванинг бир қатор новеллаларини, Чингиз Айтматов ва Икэда Дайсакунинг “Буюк руҳ қасидаси” номли суҳбатлар китобини, Ўлжас Сулаймоновнинг ва бошқа ўнлаб рус шоирларининг шеърларини ўзбек тилига ўгирган.

Айни пайтда Ўзбекистон миллий ахборот агентлигида етакчи муҳаррир ва “Ойдин” нашриётида бош муҳаррир лавозимида фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

                                 * * *

Бир қадам бор бахтга етишга, аммо,

Кўксинг ичра ўксиб турар нимадир.

Ҳислар ҳалал бермас кетишга, аммо,

Йўлларингни тўсиб турар нимадир.

 

Оқ йўлга чиқмайсан қаро юз билан,

Ҳис этмайсан ҳаёт, қазо нимадир.

Жазо бергинг келар, аммо билмайсан

Кетишдан баттарроқ жазо нимадир.

 

                               * * *

Юракда орзу бор: “Шундай яшасак,

сиримиз ғунчадай очилган сайин

юзимиз тобора ёришиб борса!”

деган бир орзу бор юракда тайин.

 

Ва яна армон бор – ойнинг юзига

ёпилган этакдай очилган бир сир

ҳақида армон бор. Ва ҳар сўзингга

ишонмоқ истаган мен борман ахир.

 

Ишонмоққа тайёр мен борман, ишон,

Буюк ёлғон ила тўлса-да олам.

Ахир… ортиқ қандай яшаши мумкин,

Фақат ғамингни еб кун кўрган одам?

 

Ёнаётган кўнгил ҳоврин босгали

ичмоққа қасам бор беқасам кунда.

Азизим, азизим, демакки ҳали

яшаб туриш учун ҳар не бор бунда.

 

Сен қасам ичасан, мен ғаминг ейман,

Ичган сари ташна, еган сари оч

иккита кўнгил бор. Ва бордир яна

“ишон” деган сўзда жон берган ишонч…

 

                               * * *

Юракда санчиқми ё тош кўчкиси?

Кўчаётган тошсўз ва ё тошсукут?

Кимга отилмоққа шайланган тошлар

Қайга кўчаётир, манзили унут?

 

Ёвузликми энди энг оқил чора,

Дунёга қаршими танланган йўллар?

Сўзингга, ўзингга, узлатгоҳингга,

Худога қаршими ёлланган йўллар?

 

Азоб чекаётиб кулмоқ не учун

Ўзинг туяётган қайғу устидан?

Кулаётиб кўзёш тўкмоқ не учун

Ўзинг кулаётган кулгу устидан?

 

Нечун кирган эдинг беқарор дилга

тутиб ўз кўнглингнинг қарори, аҳдин?

Тирик қолармисан суғуриб отсанг

Юракка ханжардай санчилган бахтни?

 

Қайга оғиб борар бу тош кўчкиси,

сенга кўчмоқчими у сендан ўтиб?

Дил оёқ остида, бошинг осмонда

Қайга борадирсан ўзингдан кетиб?

 

                       * * *

Жимжит кеча, ёлғизоёқ йўл,

Оғироёқ ўйлар жонимда.

Қайтаяпман ёнингдан буткул,

Энди қайтмас бўлиб ёнингга.

 

Юрагингни қандай кўрдим мен,

Сотдимикан уни саслари,

Ё шафқатли очиқ чеҳранинг

Кўп бешафқат ёпиқ ростлари?

 

Умр бир дам эди, аямай,

Бир умрга айланди бу дам.

Хабар олсин ҳолингдан қандай,

Ўз ҳолидан бехабар одам?

 

Жуфтлашолмас ёлғизоёқ йўл,

Туташмайди сенинг йўлингга –

Туғса ҳамки оғироёқ ўй,

Чинқирса ҳам сенинг тўғрингда.

 

Кўнглим чўкар тирмашмай хасга,

Юрагингни кўриб қўйдим мен!

Сира қайтмас бўлиб ёнингга,

Қайтаяпман ёнингдан беун.

 

                             * * *

Вафо кутдим, кўнглим ойнаси узра

Аёз чизиб кетган омонат гулдан.

Ризқим – ишқим эди, Лавҳи Маҳфузда

Гуноҳу савобим битилган ундан.

 

Қиёматдан бурун Маҳдий ҳисларим

Дажжол истак-ла жанг қилди беомон.

Ўзимни ўзимдан поклаш истагим

Энг тирик ҳислардан ундирди товон.

 

Мен жон сақлаш учун кавшаб юрибман

Ҳисларнинг жасадин. Кечирар Миғфар.

Умидвор боқяпсиз, кўриб турибман,

Сизга ҳаром ахир ўлакса ҳислар.

 

                  * * *

Ёриқ пешонамда

энг ёруғ битик,

Чадиққа битилган исминг

ёртими?

Нега қисматимга

боқолмайсан тик,

Шу эски чандиқлар

исминг ёрдими?

Сени

юрагимга битганман ахир,

Ҳар лаҳза

учмоққа шайланган Жонқуш,

Тўхта,

кўзларимдан ўқиб кўргин сир:

(Сенсиз)

Битиклари ғиж-ғиж

ҳаётим бўм-бўш!

 

Сендан кетсам,

сенга ошиқдим тинмай,

Оёқларим синса,

қанотим ўсди.

Инон шубҳа қилмай,

инон ўкинмай,

Ой сира йитмади,

булутлар тўсди.

Кўзим ёшларида

кўринар аксинг,

Лабим хандалари –

ўтмишдан бир туш.

Вайрона қалбимга

кўмилган ганжим,

(Наҳот)

Кўнглингга қўл солсам,

ҳовучим бўм-бўш!

 

                               * * *

Менга тўлиб кетган олти томоним,

кўксин ерга бериб увлаётган – мен

Ва битта ўткинчи севги баҳона

йиғлаганим учун кулаётган – мен.

 

Йўл четида бадмаст ағанаб ётиб,

хорлик ичра беҳуш яйраётган – мен,

Ўзимдан жирканиб ё раҳмим келиб,

“Эссиз одам-а!” деб қараётган – мен.

 

Ширин сувли дарё, шўр сувли денгиз,

бир танда қоришмай оқаётган – мен,

Сўнгги васияту илк айтилган сўз,

Ҳар заррамга ҳайрон боқаётган – мен.

 

Бир майса ҳаёти мўъжизасини

ҳис этиб, Худони таниётган – мен.

Дунёни титратган кўзёш сасини

тинглаёлмай, қалбсиз танда ётган – мен.

 

Дунёда кимки бор, ҳаммаси ўзим,

мендаги ҳаммани “сиз”лаётган – мен.

Мен тўла вужудни менсиз кезиб жим,

Ўзимдан ўзимни излаётган – мен.

 

                               * * *

Ўзгалар энтикиб ҳидлаган сўзнинг

Тикани кўксингга санчилса, чида!

Мажнуннинг Лайлига боққувчи кўзи

Ҳар гулга Лайли деб термилса, чида!

 

Чида, қўлингдаги эркни ғижимлаб,

тутқун юрак томон ота билмасанг,

ўзингни ўзингга бутунлай жамлаб,

улоқиб ва ташлаб кета билмасанг,

 

Юракдан кечирган изтиробларни

юракдан кечириб, қолгинг келганда,

“Сен кучлисан!” деса эрк шамоллари,

Ожизу бахтиёр бўлгинг келганда,

 

Чида, бегонадай боқиб умрингга,

изла малол ичра бир бемалоллик,

беҳоллик ичра ҳол топгин ўзингга,

тийилган тан ичра топиб ол шодлик!

 

Чида, ўрганиб ол дарддан унишни,

Чида, бебахтликдан оғир келса бахт!

Ўрганмоғинг учун бахтли бўлишни,

Сен бахтли қилишни ўрганмоғинг шарт!

 

                         * * *

Тушунаман ҳаммадан кўпроқ,

Тушунаман ҳаммани, бироқ,

Тушунмайман ўзимни зинҳор.

Ўзимгача йўл жуда йироқ,

Менга мени тушунтир, эй ёр!

 

Ўйламасам, фақат ҳис этсам,

Бошдан оёқ ҳис бўлиб кетсам,

Бари гўзал! Мислсиз гўзал!

Ўйлаб қўйсам, изласам ечим,

Даҳшат-ку бу тақдири азал!

 

Баландми, паст мен ошган ҳадлар,

Ҳадми ўзи баланду пастлар?

Менга мени тушунтириб бер!

Йўлдан чиқдим, чиққан менми, ё

Сиғиб бўлмас қадар торми ер?

 

Ҳаётимда кемтикларим кўп,

Аскар ўғил меҳр-ла тишлаб,

Қўлга тутган қадрли нондай –

Кемтикларим ҳаётимда кўп.

Шонсизликни асрайман шондай.

 

Деразамга ўзин урар қуш,

Ўзин уриб йиқилар беҳуш.

Қушнинг жони оғришин эмас,

Шунчаки бир қушлигин ўйлаб,

Боқиб қўйдим оламга беҳис.

 

Менга мени тушунтириб бер,

Юлдузимда жимирлар не сир?

Кўргуликлар истарлар нени –

Тобора мен бойми ё фақир?

Эй дўст, менга тушунтир мени!

 

                             * * *

Сассиз қанот қоқар ҳавода бир сас,

Қуёшсиз порлайди хонада ёғду:

“Мен сени севаман!” деган сўз эмас,

“Мен сени севаман!” деган бир туйғу.

 

Барибир, нимадир излайман сендан,

Фақат йўқотганин изларми одам?

Фақат топмаганин изларми чиндан?

Излаш эмасмикан ҳар босган қадам?

 

Уммонсану сенда қалқиган хас-чўп

қайиқдай нажоткор мен – чумолига.

Нима ахтараман сендан бунча кўп,

Боқмай чўкаётган кўнгил ҳолига?

 

Сачрар нигоҳингдан юрак чўғларинг,

Юлдуз каби порлар тонгу тунингдан.

Барибир устурлоб – қорачўғларим

нимадир истайди фалак – кўнглингдан.

 

Заминсан, гиёҳу гулинг меники,

тутсанг, ҳар гулбаргин ифори ўзга.

Тўшалсанг, тиканли йўлинг меники,

санчган ҳар тиканинг озори ўзга.

 

Сендан ҳар не топиш ва тўлиш мумкин,

Ҳатто топиш мумкин сендан мени ҳам.

Сен билан ё яшаш, ё ўлиш мумкин,

Мен эса нимадир истайман сендан…

 

                                * * *

Мана тун, мана сен – мана қаршимда

Одам сайқал берган ҳодисот эмас,

Ҳодисалар сайқал берган бир одам.

Мана, юрагимга оғир ботган сўз

Ҳамда оғир ботган юрак кўксимга,

Мана, кулаётган бир йиғи – малҳам.

 

Мана тун, мана мен – мана қаршимда

Ўз озодлигига қамалган маҳбус,

Эрксиз эрк ахтариб кўтарар исён;

Сен – бўшлиқ томонга отилган туйғу

Гумбурлаб қайтади қулоқларига,

Сендан сени кутиб кўз тикар ҳамон.

 

Мана тун, мана биз – мана қаршимда

Ҳар лаҳзада такрор ўлган марҳумлар,

Ўлиб ҳам оғриқдан титраётган жон.

Юракларда тошдай осилган сўзнинг

Кўзига тик боқмай юмилган кўзлар,

Ўлиб ҳам ўлимдан қўрқаётган жон.

 

Мана тун, тириклар яшашдан қўрққан,

Ўликлар ўлимдан қўрққан, мана тун…

 

                        ЯНА

Яна кўрдим сени, яна мен ўша,

Яна оёғимда тебранади жон.

Яна дунёларга бўлди томоша

Менинг қиёфамни кийган ҳаяжон.

 

Яна кўрдим сени, яна мен сенсиз,

Яна дунё билан орамиз очиқ.

Яна мен ҳаммадан қилдим танаффус,

Яна фақат сендан бунёд қорачиқ.

 

Яна кўрдим сени, мен тирик одам –

Ўлимдан кейин ҳам ўлмас юраги.

Буткул ғариб бўлиб туйилган олам

Яна бой, ушалган барча тилаги.

 

Яна кўрдим сени, ўзгаси сохта,

Яна бахт юракда бир азиз меҳмон.

Яна ҳайкал қўйиб лаҳзалик бахтга

Мен унинг пойида саргардон.

 

Яна кўрдим сени, яна мен – менми?

Яна тирилдию таралди бир зум

Курашларда қўлга киритганиму

Яна қўлларимда жон берган орзум.

 

Яна кўрдим сени, яна мен ёмон,

Яна тартиббузар, тийиқсиз юрак.

Яна англадимки, дунёда ҳамон

Сен кераксан менга, яна сен керак!

 

Яна кўрдим сени, яна чалкаш йўл,

Яна кулган мену, табассум сенда,

Йиғлаган менману, сенинг дилинг ҳўл,

Яна биз бирлаша олмас очунда.

 

Яна кўрдим сени, яна мен ўша –

Ҳар юриши ортга чекинган қадам,

Яна ҳаётингнинг ичкарисида,

Яна ҳаётингдан ташқари одам.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + 11 =