Навоий бобомизнинг чироқлари ўчмагай

                                    (Бағишлов)

                                                             Профессор Шуҳрат Сирожиддинов,

                                                             отдошлари ва навоийшунос олимларга

 

Бизда Шуҳратлар бисёр. Бари элга дастиёр,

Ҳар Шуҳрат ҳам эл аро ном қозонмиш, эътибор.

 

Дейлик, Шуҳрат домладан қолмиш “Шинелли йиллар”,

Яхши оту яхши ёд ҳам зангламас олтинлар.

 

“Маҳаллада дув-дув гап” киносини олган зот –

Шуҳрат Аббос домланинг номи доим барҳаёт.

 

У кўрсатмиш экранда чин ўзбек онасини,

Лутфихоним аянинг ҳақиқий сиймосини.

 

Шон-шуҳратнинг дунёда турфа маънилари бор,

Арбоблардан айтсам гар – Шуҳрат Ғанилари бор.

 

Шунча отдошлар аро, гоҳ ризо, гоҳ норизо,

Шуҳрат Жаббор ҳам бордир, бор яна Шуҳрат Ризо.

 

Шуҳрат Ҳайитдан айтсам – мухлислари розидир,

Тарих каналининг у жонбози, сарбозидир.

 

Қолмайин деб замондан орқада чарчаб, ҳориб,

Шуҳрат Азиз талпинар, тинмайди Шуҳрат Ориф.

 

Айтаберсам, яна бир Шуҳрати замон бордир,

Навоий бобомиздан унда бир унвон бордир.

 

Қўлёзма матнларнинг нуктадон билимдони,

Икки мунглуғ кўзидир донолик сиёҳдони.

 

Мумтоз адабиётдан ногоҳ гуфтор айлагай,

Икки кўзи ҳам шу он ажиб рафтор айлагай.

 

Ҳар байту ғазал мисли божу хирожи диндир,

Мен айтмоқчи бўлганим – Шуҳрат Сирожиддиндир.

 

Яъниким, Шуҳрат домла – Навоийшунос олим,

Не кечарди, эй дўстлар, биликсиз менинг ҳолим?

 

“Хамса” узра ўртаниб қайдин имдод кутардим?

Ўз бобомни бир умр мен билмасдан ўтардим.

 

Қўлёзмалар узраким туну кун чекиб жонлар,

Умрин бахш этиб ўтмиш не Ҳамид Сулаймонлар.

 

“… Қалб дафтари” деб битмиш Иззатли Султонларинг,

Алийбек Рустам қайда – Рустами достонларинг?

 

Бир янги байт топса гар – гўё буюк инъом-ла,

Жилмайиб келар ҳануз Азизхон Қаюм домла.

 

Номлари менинг қарзу фарзликларимда бордир,

Натан Маллаев домла дарсликларимда бордир.

 

Бу бўстонда бир умр гулгашти чаман айлаб,

Суйима опа кетмиш ҳар сатрин Ватан айлаб.

 

Навоийнинг ҳар байти дил тўйига тўйхатмиш,

Нажмиддин Комил домла – комилликка ўргатмиш.

 

“Хизр чашмаси” дебон битганида муаллим –

Биз олий мадрасада олгандай бўлдик таълим.

 

Бир-бировга уйқашсиз, бир-бировга ўхшашсиз,

Сиз – Воҳид Абдуллою Ботир Валихўжасиз.

 

Мен бу улуғ зотларни кўрганларни кўрганман,

Навоийни мен асли шулардан ўрганганман.

 

Демак, ҳар байт мисоли божу хирожидиндир,

Мен айтмоқчи бўлганим Шуҳрат Сирожиддиндир.

 

Яъниким, Шуҳрат домла – Навоийшунос олим,

Не кечарди, эй дўстлар, шуларсиз менинг ҳолим?

 

Не бахту толеларким элга илм келтиргай,

Элнинг фарзандларига завқу билим келтиргай.

 

Заҳматкаш инсонларнинг меҳрпайванди, насли,

Каттақўрғондан, яъни Самарқандийдир асли.

 

Мен, Сирожиддин Саййид, истаб дил навоини,

Шуҳрат Сирожиддиндан ўргансам Навоийни.

 

Бобур Мирзо айтгандай, мен бир толиби илм,

Пахтазорларда қолмиш дарсларим, билимларим.

 

Шу боисдан, айб этманг, мен ҳам илмга зорман,

Минг-минглаб талабалар сафида мен ҳам борман.

 

Ўз-ўзидан келмагай шуҳрат, мартаба, обрў,

Олий дорилфунунда ректўрдирсиз баобрў.

 

Муаззам пештоқида ҳазрат бобо номи бор,

Бунда муаллимларнинг на тинч, на ороми бор.

 

Ҳар бири меҳру соғинч шодасида гавҳар, дур –

Тўққиз минг талабанинг кўзларида чақнар нур.

 

Мен ҳам давру замоннинг тобларига эшилсам,

Шу ўғил-қизларимнинг қаторига қўшилсам.

 

Сизга айтсам чин дилдан, эй толиби илмлар,

Билим бирлан ечилгай бу дунёда тилсимлар.

 

Бунда адаб бўстони, чексиз чаман яралгай,

Бунда ёш қалблар билан тенгсиз Ватан яралгай.

 

Шуҳрат домла, яъниким, Навоийшунос олим,

Шу қутлуғ даргоҳларда мен ҳам олсайдим таълим…

 

Илму ирфон йўлида бўлмас асло танаффус,

Ватан адабиёти сабоқдир кеча-кундуз.

 

Ватан номи кўнгиллар китобидан кўчмагай,

Навоий бобомизнинг чироқлари ўчмагай.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 1 =