Ҳар битта сукутда бор битта афсус

Дадахон МУҲАММАДИЕВ

 

Муаллиф ҳақида:

Дадахон МУҲАММАДИЕВ — 1989 йил Пахтачи туманида туғилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Тирик тош” номли китоби чоп этилган. Ҳозирда ЎзРФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти таянч докторанти.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ­аъзоси.

 

                  ТЕСКАРИ ЭРТАК

Эртак сўнгги билан бошланди бир кун,

Кейин бир бошидан бошланди ғамлар,

Улар муродига етдилар бирдан,

Ташвишлар бошланди, курашлар, жанглар.

 

Эртак тескарига бошланган ўша

Машъум кун ҳеч қачон қайтиб келмади.

Эртакчи охирга етар чоғида

“Бир йўқ экан”, деди,

“Бир бор”, демади…

 

                              * * *

Кел, мен билан сайр этгин, ҳилол,

Бўм-бўш йўллар кузатсин маъюс.

Ҳаммаёқ тинч, ёпиқ эшиклар,

Хиёбонлар тўла ғам, афсус.

 

Қочиб кетгинг келар жимликдан

Одам истар кўнглинг, бир ОДАМ.

Тўкин ҳаёт, саришта турмуш –

Ҳаммаси бор ва… нимадир кам…

 

Орамизда масафо – талаб,

Пардаларни тутмоқлик бажо.

Ой юзингнинг тўлишин тилаб

Ёлғиз-ёлғиз қиламан дуо.

 

Биз ҳеч кимга нолимаймиз ва

Умр ўтар, кузатамиз жим.

Таҳликага тўла дунёда

Тушунмайди бизларни ҳеч ким.

 

                         * * *

Мен сузишни билмаган одам –

Сув юзида ва чўкмайман ҳам.

 

Чўкаётган хасга ёпишар,

Мен ҳам хасми, чўпманми ё пар?

 

Нажот кутар чўкаётган дам,

Мана, хасман, чўкма, эй одам!

 

      ТОШГА УРИЛМАГАН

            БОШ ҲАҚИДА

 Нималарни кўрмаган бу бош,

Бу соч йиллар дея оқарган.

Одамларга рост гапдан кўра

Алдаганинг кўпроқ ёқаркан.

  

Яна бу бош бошини олиб

Кетаверган ҳар гар ҳар томон.

Қанча азиз бошлар ўтган-у,

Бу бош қолган ҳар сафар омон.

 

Ахир бу бош неча юз йиллик,

Ким кўрибди бу қадар ёшни.

Тошга уриш керак бўлганда,

Истамаган тош ҳам бу бошни.

 

                   ЭШИК

 Ичкарида бир сарҳуш наво –

Ташқарида қор босган ҳаво.

 

Ичкарида энг гўзал сўзлар,

Ташқарида сукунат бўзлар.

 

Ичкарида бир қуш сақлар жон,

Ташқарида қотиб қолар қон.

 

Ичкарида тўрт девор, эшик,

Ташқарида аёз… озодлик.

 

              САҲРОДА

 Ер тескари айланди аста,

Бир чоҳ чиқди ва тўсди йўлим.

Қимирласам қум тортар пастга,

Тинч турмоқлик – барибир ўлим…

 

                               * * *

Сендан ҳеч таъна ҳам гина қилмадим,

Одам ҳам бўлмадим ҳар қанча бўлсам.

Қанчалик тирикман, рости, билмадим,

Табибим, уйғотиб қўярсан, ўлсам…

 

                                * * *

Синдирилган субут,

Қайтарилган раъй,

Айтилмаган сўзлар, қилинмас гуноҳ.

Телефон гўшаги, пиёлада май,

Тор хона шифтига тикилган нигоҳ.

 

Хирароқ келаётган қизнинг овози,

Йиғими, хўрсиниқ – эзилар виждон.

Ташлаб кетаяпти юзга чанг босиб,

Қачонлардир ташлаб қўйилган имкон.

 

Энг сўнгги нафасдай титраяпти ишқ,

Энг охирги қадам – изи қолмаган.

Ишқнинг энг сўнгги чин изҳорини ҳам

Журъати етмаган, айта олмаган.

 

Энди ҳар тонг янграр битта сўз:

Келма…

Тўй қилиб тўймадинг, айирдинг, дунё!

Кўникдик, кўндик ва тақдирни кутдик,

Ўлмасдан олдин ҳам дийдор борми ё?

 

                                * * *

Ўлмадим, тақдирга чап бердим чоғи,

Азроил ёнимдан ўтиб кетди жим.

Ўттиз йил ҳайқирдим, ҳўнградим гоҳи

Аммо менлигимни билмади ҳеч ким.

 

Кунлар ўтаверди оғир, бемажол,

Дарёга тўр ташлаб кутавердим мен.

Дунё ўтаверди менсиз бемалол,

Ҳар куни дунёдан ўтавердим мен.

 

Бирда ёмғир бўлиб, бирда шамолдай,

Худо – борлигини эслатиб турди.

Коинот заррадан бунёд бўлди ва

Менинг борлигимни бир одам кўрди.

 

Ҳеч ким рози эмас – арз этдим бирга

Ҳар тонгда осмонга уравердим дўқ.

Ҳамма таъна қилар, аммо тақдирга

Савол берай десам саволим ҳам йўқ.

 

                             * * *

Худонинг амрига итоат қилмоқ,

Тақдирга кўникмоқ ва яшамоқ жим.

Чегарасиз ҳислар – Ҳақдан ҳам йироқ,

Ишқ эса золим.

 

Сўроқ бор, жавоб йўқ ва руҳ қўрқинчи,

Ичингда ҳадикми, титроқми ё ғам.

Мен борман ва У бор.

Вужуд ўткинчи –

Ўзимдан қўрқаман, ўзимдан.

 

Биз фақат айтганни бажарамиз, лек,

Ҳар кору амалдан кутамиз шафқат.

Сен борсан,

мен борман,

яна чексизлик –

Меҳр кўрсатишга қодирмиз фақат.

 

Ҳар битта инграш бир оҳангдан юксак,

Ҳар битта сукутда бор битта афсус.

Ёлғиз сен малҳамсан,

ёлғиз сен керак

Ва яна “Кел” деган биттагина сўз…

 

               ТИРИК ТОШ

 Тош – тонгача гапириб чиқди,

Туркий тилми ё қадим лаҳжа.

Тош кўнглини бир дам ёрай деб,

Чайқалиб ҳам қўйди бир лаҳза.

 

Бегона кўз ўтса ёнидан,

Сал панага оларди ўзин.

Офтоб уриб, сувлар емириб,

Силлиқланиб кетганди юзи.

 

Минг йилларнинг ҳасрати бўлиб,

Қотиб қолган томчи ёш эди.

Ўрхундами ё Энасойда

Битиги йўқ – тирик тош эди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + two =