Қўлимда муҳаббат хатлари
Нозимоҳ ДИЛКАШ
Муаллиф ҳақида:
Нозимоҳ Дилкаш (Нилуфар Жуманова) — 1976 йили Бўстонлиқ туманидаги Хумсон қишлоғида туғилган.
Олий маълумотли, она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.
Шоиранинг “Қалб билан суҳбат”, “Туйғуларим нолалари” номли китоблари нашр этилган.
НАФАС
О бахтидан сархуш, телба юрагим,
Мудроқ сукунатга уруш очдингми?!
Заминнинг ғуборин ювган томчидек,
Қурғоқ туйғуларга умид сочдингми?!
Бунчалар сиғмайин кетдим оламга,
Тирналган қўлимда наъматак гули…
Гўзалми шунчалар, тушунолмайман,
Ёқиб юборилган муҳаббат кули?!
Воажаб, қоришиб кетди ҳаммаси,
Гулдурак, сокинлик, ишқ, ўй ва ҳавас.
Бўғзимдан бармоғинг олсанг бўлгани,
Ҳаёт, мен ҳам бир бор олайин нафас!
БАХТ
Ғурур тутиб турарди қўлдан,
Ор чиройли жилмаяр эди.
Сукунатнинг исканжасида
Онг тўсатдан ўзимни енгди.
Мангу мағрур турар қаддингга,
Мерган қайғу дахл қилмади.
Лабларингнинг сояларида,
Сабр савил қолди, билмади.
Вақт тўхтаган дақиқа, онда,
Сониялар ортингдан елди…
Дунёларни тўлдириб бахтга
Сўнг ўзингга кўмилгим келди.
… КЕРАК?!
Қадрсиз қадримга қоқилавериб,
Қуруқ шох-шаббадек қарсиллаб синдим.
Тўфон эдим гўё, оламга сиғмас,
Денгиз сувларига яширди, тиндим.
Мудом қалбим билан чиқишолмайман,
Руҳимни бошқариб боради ақл.
Мен сохта кўнгилга гул бўлиб ўтдим,
Жисмимнинг афтида кўринар заҳил.
Ғўрга ғўр, нодонга бўлдим ҳам нодон,
Заминга сиғмади матлуба юрак.
Умр юзларимга нақшин солганда,
Меҳримга муносиб нимага керак?!
“Оҳҳ” дан ўзга сўзинг йўқ, жимсан.
Соғ тан, ўзга ўзинг йўқ, зимсан.
Сени азиз, мени муборак
Этган ишққа, айтгин-чи, кимсан?
ЎЗИНИ УНУТГАН…
Бошимни оламан қоядан,
Ўзимни тортаман соядан,
Дуолар сўрайман доядан,
Ўзимни унутган кунларим!
Жўр бўлиб йиғладим ёмғирга,
Хор бўлиб, тиғландим олғирга,
Онаси бўлганман сағирга,
Ўзимни унутган кунларим.
Отамни тиндириб кетганман,
Онамни жимдириб кетганман,
Дилимни шилдириб кетганман,
Ўзимни унутган кунларим.
Қўлимда муҳаббат хатлари,
Лоларанг қоғозим қатлари,
Қатлга маҳкум ул ҳадлари…
Ўзимни унутган кунларим.
Ўзимдан ўзликлар ясадим,
Сўзимдан кўприклар ясадим,
Зерикдим, кўпиклар ясадим…
Ўзимни унутган кунларим.
Майлида, ҳавога соврилса,
Бу жоним жонингда қоврилса,
Эсларсан, бир куни ғов илса,
… Ўзимни унутган кунларим.
АЙБ
Эпкин парда тортса, кўрмасанг,
Чечак ғунча очса, кўрмасанг,
Дунё гулга ботса, кўрмасанг,
Баҳорда не айб?!
Ёнса ёниб, кул бўлолмасанг,
Ишқ қасрида қул бўлолмасанг,
Ё назмда гул бўлолмасанг,
Ёзда нима айб?!
Чўрт узилди томир, билмасанг,
Чирт узилди япроқ, билмасанг,
Ҳаёт рангдор… бир боқ, билмасанг,
Кузда нима айб?!
ЁЛҒИЗ ОДАМ
Соғинчлардан тикиб йўлларни,
Ҳар бир онга исминг ўйяпман.
Дақиқада ясаб сийратинг,
Ғойибона ҳайкал қўйяпман.
Ё таскинга кўнмайди қалбим,
Ё тузоқда туролмайди тек.
Ўтмас арра тишлари каби
Ғуруримни арралайди кек.
Зирҳлангандек эди наздимда
Қўрқмай қўйган муқим баётим.
Чок-чокидан узилиб кетди,
Зўрға илиб қўйган ҳаётим.
Кечикдингми, ё мен аввалроқ
Туғилганман сиғмай оламга.
Юрагимдан кўчяпти титроқ,
Суянганча ёлғиз одамга…
Соғинчлардан…
ТЕРАК
Кўнгилда чироқ йўқ, ёқайин десам,
Ё меҳр қолмаган, ёқайин десам.
Баланд дарахтларга қилибман ҳавас,
Адашдим… теракмиш ё қайин десам.
НИҲОЯТ
Кузда баҳор бўлдим, ишон, азизим!
Барглар тўкилмади, рангланди, ёрқин.
Нимадир оғрирди ёқимли… сим-сим,
Умид муродланди, англанди – ёлқин!
Қақраган лабларда бахт кулимсираб,
Йиллар йиқилишин кўчирди оққа.
Умр ўтганмиди ё уйқусираб…
Ўттиз икки йилни тутди сўроққа.
Ёмғир қўшилишди, тун ҳам чироқсиз,
Жўр бўлиб куйлашди юрак амрини.
Сирли мусиқа ҳам тавалло қилди,
Неъмат ато этган буюк Тангрини!
Кузим баҳор бўлди, ишон, азизим!
БАҲОНА
Барг дарахтдан зерикса, куз баҳона бўларкан.
Емак бемаза бўлса, туз баҳона бўларкан.
Ишқ ўйинчоқ ошиққа, олқордек сакрар тоғда,
Тил ростга айланмаса, юз баҳона бўларкан.