Бозор

Шуҳрат МАТКАРИМ

 

Муаллиф ҳақида:

Шуҳрат Маткарим — Туркманистоннинг Тошҳовуз туманида туғилган. 1985 йилда Хоразм давлат педагогика институтининг филология факультетини инглиз тили ўқитувчиси ихтисослиги бўйича тамомлаган. Кўп йиллар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида ишлаган. Ҳозир Хоразм вилояти ҳокимлигида хизмат қилади.

Ҳикоялари “Ёш куч”, “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, журналлари, “ЎзАС”, “Туркистон” (ҳозирги “Ёшлар овози”) каби газеталарда, жамоа тўп­ламларида чоп этилган. Эрнест Ҳеменгуэйнинг қатор ҳикояларини инглиз тилидан таржима қилган. Таниқли ўзбек шоири Матназар Абдулҳаким ҳақидаги “Устоз ҳақида сўз” хотира – эссеси алоҳида рисола шаклида нашр этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

БОЗОР

(Ҳикоя)

 

Ўзи бу бозорнинг жойлашган ери ҳам ғалати десакмикан, анойи десакмикан, нима дейилса экан-а, ҳозир бирданига хаёлга ҳам келмаяпти бу сўз, бу калом, аммо   шундай сўз бор ўзбекда, нима эди-я, нима эди-ии… ҳай майли, ёдга тушса айтиб ўтармиз, ҳозир қизиғида ҳикоямиздан қолмайлик. Лекин барибир, азиз ўқувчига бу бозорнинг жойлашган ери ҳақида озгина маълумот бермасак, биз айт­моқчи бўлган гапнинг мағзини, асл мазмунини англаб олишлари бироз қийин кечади. Шунинг учун бироз чўзилса ҳам   бу бозорнинг ерлашган жойи ҳақида бир-икки оғиз сўз айтмоқ жоиз. Бу бозор, дарвоқе, бу бозор бўладиган қишлоқ Хоразмнинг минг йиллардан бери емирилиб ётган Юмритов деган тоғи пойида жойлашган. Эътирозингиз ўринли азиз ўқувчи. Тўғридан ҳам Хоразм деганда ҳеч ким тоғ ҳақида ўйламайди. Хоразм десак дарров кўз олдимизга чексиз қумлик­лар ва ўша қумликлар орасида ёзда қуёшнинг олов тафтидан ҳансириб ё қаҳратон қишида тиши тишига тегмай таккиллаб, совуқдан қунишиб ётган воҳа келади. Бу ҳам аслида тўғри. Лекин Хоразмда кўп­лар борлигини ёддан чиқариб қўйган тоғлар ҳам бор. Булар, кўчма маънода шоир айтмоқчи, одамлар қиёфасида яшайдиган тоғлар эмас, Султон Уайс ёки Юмритов каби ҳақиқий тоғлар. Ана шу Юмритовга яқин ерда бир қиш­лоқ бор. Бу ерликлар уни Қтой, дейди. Асли Хитой эмиш. Қайсиси тўғри Қтойми, Хитойми, биз билмаймиз. Буни биладиган, билмаса билдирадиганлар бор. Бизнинг ҳозирги ҳикоямиз бу қиш­лоқ ҳақида эмас, шу қишлоқда ҳафтада бир марта бўладиган аломат бозор ҳақида. Бир томондан Амударё билан Юмритов, бошқа томондан чексиз қумликлар ўртасида жойлашган Қтой ёки Хитой деган қиш­лоқда бўлгани учунми ё авто йўллар ва гавжум шаҳарлардан узоқда қолгани учунми бу бозор замон ва тараққиётни, замон ва тараққиёт бу бозорни асрлардан бери четлаб келган. Бу нима дегани дейсизми? Нима десак, қандай тушунтирсак экан-а? Мана, масалан, катта-катта шаҳарларни кўз олдингизга келтиринг. Булутларни тешиб ўтган учи сунчиқ осмонўпар бинолар, уларнинг пойидаги ўргимчак тўридай бир-бирига чувалашиб кетган йўллар, ўша йўлларда меҳнаткаш қумурсқалардай олдингисининг кетига тумшуғини тираб кеча-кундуз ҳаракатдан тинмайдиган русум ва расмларини биз минг йилда ҳам тўлиқ тасаввур қила олмайдиган автолар, тунлари эллик, юз   қаватли биноларни, кўчаларни чароғон қилиб турган рангго-ранг, кўз олғувчи тунчироқлар… хуллас, ана шундай бир манзарани тасаввур этинг-да, ўша юзми, юз эллик қаватли, турли рек­лама чақириқлари илиниб ташланган бино тагига тасаввурингизда бундан икки-уч аср олдинги Хоразмнинг бир қишлоғини ташланг. Юлғун, қамишлар ўсиб ётган, оп-оппоқ шўри чиқиб ётган ер, бир амаллаб лой ва нигирикдан тикланган паст-пасалдак капалар, ёзда тўпир, қишда тиззага келадиган лой-балчиқли эгри-бугри кўчалар… Контрастни ҳис қилдингиз-а? Ана. Бу қишлоқ бозори ҳам, ундаги харидору сотувчилар замондан ана шу даражада орқада қолиб кетган.

Бу бозор юз йиллардан бери ҳар якшанба, Хоразмда шу куни бозор ташкил этилгани учун бозор куни дейилади, қишлоққа туташ бир майдонда бўлиб ўтади. Харидори ҳам сотувчиси ҳам асосан шу қишлоқ, Қтойдан. Аҳён-аҳёнда бошқа ерлардан бу бозорнинг таърифини эшитган бир-икки ётлар ҳам келиб қолиши мумкин. Уларни бозордагилар дарров танийди. Худди товуқкатакка нотаниш товуқ кириб қолгандай харидор ҳам, сотувчи ҳам хурпайиб олади. Бегонасирайди. Чунки бу бозордагиларнинг, харидорининг ҳам, сотувчисининг ҳам кўти-боши чатиқ – ҳаммаси бир-бирига қариндош – амма – хола, дойи-жиян, қуда-анда, оғайни, ёр-дўст. Шу сабаб улар бозордаги бегона кишини дарров танийдилар. Уларга муомалалари ҳам, нима десак экан-а, бошқаларга нисбатан бироз совуқроқ бўлади. Йўқ, улар айтай ёт кишиларга совуқ муносабатда бўламиз, демайдилар. Йўқ. Ўз-ўзидан шундай, сал совуқроқ чиқади. Бундан ўзлари ҳам хижолат чекадилар. Ахир нимани ҳам гаплашасан танимаган билмаган одаминг билан? Салом! Салом! Мана бунинг ничча сўм? Фалон сўм! Бир кило беринг. Мана, марҳамат. Раҳмат! Бўлдими шу? Бўлди-да! Уни сен танимасанг, у сени билмаса. Кетди-да олган бир кило картошкасини орқалаб. На сендан ҳол сўради, на сен ундан. Шу ҳам гап бўлибдими? Албатта, йўқ. Ана энди бу бозорнинг ўз аҳлини кўринг.

— Иш, иш, ишшш! – узоқдан бозорнинг сулдари кўриниб, ғала-ғовури эшитила бошлагач Саъдулла полвон эски, ранги ўнгиб кетган “Жигули”сига тормоз берди. Улкан гавдасини минг хил мақомга солиб, бир амаллаб машинасидан тушди. Керишиб орқа бўйнини ёзди. Кейин хотинига имо қилди: туш!

— Авваал Сапар холани кўринг, – деди полвоннинг хотини. – Кейин бошқаларини…

— Ажаб бўлади, – полвон капчадай кафтини кўксига қўйди. – Яна не топшириқлар бор?

— Бошқасини ўзингиз биласиз, – деди Тўхтажон опа эрининг киноясига заррача ҳам эътибор бермай. – Энди ёш бола эмассиз.

Саъдулла полвон, бир қўлига оғир сумка, иккинчисига ярмидан кўпроқ картошка солинган халтани олди-да, товонглаганича бозорга қараб юрди. Бугунги таниш-билиш, қориндошлар билан бўладиган учрашувлар, гурунгларни ўйлаб тани-жони бир ҳаз этди, мийиғида кулиб қўйди. Узоқдан қозиққа қантарилган қирчанғи отга кўзи тушди: “Ҳа-аа, Қурбон қозоқ келибди”, ўйлади у. Кейин янги тушган келиндай ясатилган, ғайрати ичига сиғмай қозоқнинг қирчанғисига қараб ҳадеб олдинги оёғини таппиллатаётган, семизликдан ялтираб турган қорабайирга қараб, “Марат туркман ҳам шу ерда”, деб қўйди. Полвон бозор атрофидаги оту эшак, икки шотини осмонга ўқталган аравалар, бир-бирига суянган велосипеду мотоциклларни бир-бир кўздан кечириб кимнинг келгани, кўзига чалинмаган кўликларни санаб кимнинг ҳали келмаганини ҳисобга олиб кетаверди.

Полвон эсини билганидан бери шу бозорга келади. Бола вақтида уни бу ерга отаси эргаштириб келган. Ўўў, у вақтлар. Бола бўлгани учунми ё бошқами у вақтдаги бозор ҳам, ёзда оқ кўйлак-иштон кийган, қишда санг-санг пўстинларга ўраниб оладиган чоллар ҳам, Қилич балиқчининг қозон бошида осиб қўйилган 100-120 килолик лаққасидан кесиб қовуриб берган балиғининг мазаси ҳам бошқачадай туюлади.

— Ассалому алайкууум, Сапар хола! – дейди кунгура печдай гавдасини иложи борича эгиб Саъдулла полвон олдига тўрт-беш килоча гуруч, икки килодан сал ортиқ қоқ ўрик, ўн –ўн беш товуқ юмурта ёзиб ўтирган кампирга капчадай икки кафтини чўзар экан. – Ничиксиз? Жонлимисиз?

— Кимсааан? –момо қўлларни хира кўзларига соябон қилиб бошини кўтаради. Унинг ориқ, муштдай гавдаси фақат тери ва суякдан иборат бўлиб қолган. Кампирнинг бошидаги қават-қават ўралган оппоқ катта лачаги бўйнига оғирлик қилаётгандай ияги момонинг икки тиззасига тегиб туради. – Саъдулламисан?

— Ҳовва, менман хола, Саъдулламан!

— Омон – совмисизлар? Тўхтажон фароғат ўтирибми?

— Ҳавво, яхши!

— Келин қўзиламадими?

— Қўзиласа суюнчилиймиз-ғў! Ўтирибди ҳали.

— Ҳаа, икки жонини бир берсин ишқилиб.

— Айтганингиз келсин! Дойим тандорми?

— Худога шукур, чаққон.

— Аса, салом айтинг. Менам борин. Бол билан карчика олиб келган эдим.

— Борағўй, болам борағўй. Тўхтажонга, оқтиқларга салом айт. Келининг қўзиласа оқтиқлардан бирини юбор. Пинсиядан суюнчи пули қўйибман.

— Яхши хола, яхши…

Саъдулла полвоннинг хотини олдига шпагат халтасини ёйиб   унга картошка, помидор, булғор мурч, аччиқ мурчларни тера бошлайди. Полвон ёнида товуқ, хўроз сотиб ўтирган йигитга сув қоғозга   ихлос билан ўралган кўкўтларни кўрсатади.

— Акбар жўра ина, бугун зелен ҳам олиб келдим. Ўтган сафар Жобби отанинг боласи сўраган эди. Индиги бозор олиб келаман, деган эдим.

— Яхши этибсиз, – дейди ўттиз-ўттиз беш ёшларидаги узун бўйли Акбар жиддийлик билан. – Ҳар сафар бир-икки нарса қўшиб бораверсангиз бизнесингиз ҳам ривожланаверади.

— Кххх! – Саъдулла полвон девникидай икки эгнини қисиб, муштига пихиллаб кулади. –   Қтой бозорга шу… бизнес деган гап ҳам ярашмийди экан. Ина сен айтиб турибсан менинг кулгим келиб кетди. Бизнес… кххх! Биз бу ерга жўра-ёрон, қориндош-туққанни кўрмакка келамиз.

—Мен ҳамм, – Акбар ўнғайсизланиб энсасини қашиб қўйди. – Мен ҳам шунга келаман. Азон билан бозорни бир айланиб ҳамма қориндош-туққан билан кўришиб, сўрашиб чиқдим, – Акбарнинг юзига мулойим кулгу ёйилди. Ўзининг бояги гапидан ўзи хижолат чекаётгани кўриниб турарди. – Шу… бозор бўлмаса ничик бўлар эди-я, Саъдулла ака?

— Эээ, асалому алайкууум!

“Гурс!” Саъдулла полвон ҳам, Акбар ҳам овоз чиққан томонга қарашди. Турсунбой читойи орқасидаги юкини буларнинг ёнига ташлаган экан. Улар қучоқлашиб кўришдилар, ҳол-аҳвол сўрашдилар.

— Эээ, карчикани ҳам хароб этдинг, – деди Саъдулла полвон читойи ташлаган халтага қараб. – Шу келин зўрлаб олиб келди ўхшийди сени бозорга. Бўлмаса сен ўзингни мундай чанг тўзонга минг йилда ҳам урмайсан.

— Шу, шу, – деди ихлос билан эгнидаги чанг­ларни қоқар экан читойи. – Шу боланг билан бориб келавер бозорга, десам, йўқ, ўзингиз юринг, дейди. Мунинг боласи дам олиши керак экан бозор куни. Мен дам олмасам ҳам бўлаверар экан.

— Туври, –   деди полвон. –   Сенинг суягинг қотган.   Дам олмасанг ҳам бўлаверади.

— Йоооқ, Саъдулла ака. Гап суякда эмас экан. Мен буни билдим.

— Ҳа, не ерда экан?

— Хотин деган боласини эридан яхши кўрар экан. Шунинг учун у боласини аяб, эрни нихалайверар экан. Ина, гап нерда!

— Эээ, ундай эмас! Бунинг ҳам бир қони юрсин, қориндош-туққанини кўрсин, деган келин. Бор гап шу. Сен бўлса… ай, қўйсанг-а!

Шу орада Турсунбойнинг хотини ҳам етиб келди. Дарров биргалашиб унга жой ҳозирладилар. Тарозиларини ўрнатиб бердилар.

— Ина, жўра! – деди Турсунбой кафтларини бир-бирига уриб тозалар экан хотинига. – Мен инди бир айланиб келаман. Қориндошлар билан бир сўрашиб чиқай.

— Матти пасоннинг ёнига бориб бир коса чой ҳам ичиб олинг. Азонда ҳеч нарса емадингиз, – деди хотини олдидаги картошкаларни чиройли қилиб терар экан.

Ҳар бозор Қтойнинг анойи бозори шундай ёки тахминан шундай ўтади. Бу ерда савдо, мол талашиш, олиб – сотару, даллолларнинг шовқинидан ҳам кўра яқинларнинг қучоқлашиб кўришишлари, осойишта ҳол-аҳвол сўрашишлари, бир-бировларининг қувончу дардларига шерик бўлиб гоҳ шодон, гоҳ маъюс гурунглари устун. Бозорга одамлар кўпроқ дийдор, суҳбат ва кўнгил очиш учун келадилар. Шунда бу бозорни бозор дейиш керакми ё бошқача бир от қўйиш керакмикан, деб ўйлаб юрганларида бир кўнгилсиз воқеа ҳамманинг дилини ранжитди. Кимдир хирик этиб уюлган қовун уюми ёнига тарозу ўрнатиб қовунни ўлчаб сота бошлади. Бозордагилар бу одамни ҳам, қовуннинг ҳам қаердан келганини билмасдилар. Ҳамманинг юрагига совуқ бир ҳис ўрлади. “Нима бу? Ким бу?” Бу гап Сапар момонинг қулоғига етиб борганида кампир оғир сўлиш олди:

— Энди бу бозордан ҳам баракат кетади, – деди у тез-тез ёшланиб турадиган кичик ва хира кўзларини оппоқ куйлагининг узун енгига артар экан надомат билан. — Бу ерларга ҳам олиб-сотарлар келибди. Ота-буваларимиз ҳеч қачон қовун-тарвузни килолаб сотмаган…

Бозорга, бу ғаройиб бозорга бир совуқ шамол оралагандай бўлди. Одамлар эндиги бозорларимиз нечук бўлар экан, деб ўйланиб қолдилар.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − two =