“Гул жамолин ёпқон ул гулнинг ики райҳонидир” ёхуд олмос жилолари
Улуғ шоир ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобурни ўқиш, уқиш ҳамда англаш учун китобхон у яшаган давр муҳити зиддиятлари-ю сиёсатидан хабардор бўлиши лозим. Шундагина шоирнинг мумтоз лирикасидаги ишқ, вафо, муҳаббат, висол, ҳижрон, дард, алам замирида ўз даврининг сурат ва сийрати қоришиқ рангларда кўз ўнгингизда намоён бўлади.
Бобурнинг биргина ғазалини олиб кўринг.
Гул жамолин ёпқон ул гулнинг ики райҳонидур,
Ғунча сиррин очқон ул икки лаби хандонидур.
Хўш, “ики райҳон” нима? Гул юзини бекитган унинг япроғи — ёрнинг зулфи, кокили эмасми?! Ахир ёр жамоли қанчалик ёқимли, хуш ва беназир бўлса, уни “ёпқон” “райҳон” ҳам шунчалик ифорли ва хуморлидир. Бобур наздида ёр жамоли — реал ҳаёт ва унинг инъоми, шириндир, нордондир, тириклик ташвишлари, тахт ва мамлакат ўйи, фуқаро ва келажак ғами.
Гулга япроқ, япроққа гул соя солади. Лекин иккиси ҳам бирдек азиз ва зарур бўлсада, бирининг ўрнини бири босолмайди. Аммо биргаликда жозиба ва мукаммаллик кашф этади. Уларнинг ифори ҳам, хумори ҳам алоҳида, алоҳида… Ёинки, давлатни фуқародан, фуқарони давлатдан айри кўролмаган шоҳ ва шоир жуда катта сиёсий, ижтимоий, айни пайтда, ҳаётий муаммони бобурона гўзал ифода билан таърифлаб, чуқур фалсафий умумлашма ҳамда хулосага келади.
Бобурнинг ҳар бир ғазали ва ҳар бир рубоийсида шахс сифатидаги унинг ҳаётдаги позициясини, бадиий, ижтимоий, маънавий, маданий ва сиёсий портрети — сийрат ҳамда суратини кўриш мумкин. Алалхусус, шахснинг жонида, қонида бўлган мардлик, жасорат, муҳаббат, салоҳият, садоқат каби олий инсоний туйғулар унинг ҳаётидаги фаолиятига, амалиётига, битикларида ҳам ўз аксини топган. Бу исбот талаб қилмайдиган — аксиома! Бобур шахсияти ва ижоди олмосга ўхшайди. Уни қанчалик ўқисангиз, ўргансангиз янги-янги қирраларининг бетакрор жилосига дуч келаверасиз.
Бетакрор истеъдод соҳиби — Бобур мирзонинг нафақат ғазаллари, балки “Бобурнома”нинг ҳар бир саҳифасида қудратли сиймонинг ўткир нигоҳи сизга боқиб тургандай бўлади. “Мен ҳар не ташвиш бўлса ва машаққат бўлса кўрайин, ҳар нечук ва эл тоқат қилиб турса турайин, бир форсий мақол бор: “Марг ба ёрон сур аст” (Дўстлар билан бирга ўлиш тўйдир). …“Бобурнома”дан олинган бу парчадан ҳам шоирнинг шахсияти мана мен, деб турибди. Бундай мисолларни қомусий асарнинг исталган саҳифасидан топишингиз мумкин. Шу маънода ҳам “Бобурнома” мумтоз, беназир асар бўлиб, биргина туркий халқларнинг эмас, балки жаҳон адабиёти ҳамда фанининг ривожида бадиий, тарихий, жуғрофий, этнографий илмий қиймати жиҳатидан бебаҳо манба эканлигини бутун дунё тан олганлиги ҳам шундадир.
Шоирлик Аллоҳнинг инъоми, нисбасидир. У қондан қонга, наслдан наслга ўтмайди, дейишади. Шу маънода Бобур ва бобурийларга Яратганнинг назари тушган, валлоҳу аълам. Қудратли империянинг ғам-ташвиши куну тун елкасида турган Бобур болалари тарбиясини, уларнинг эртанги кунини бир лаҳза бўлса-да, унутмаган табаррук ота тимсоли ҳамдир. Маълумингизким, Бобурнинг етти фарзанди бўлган. Улар Ҳумоюн, Комрон, Аскарий, Ҳиндол, Гулчеҳрабегим, Гулрангбегим ва Гулбаданбегим. Ота эътибори ва таъсирини қарангки, Аллоҳнинг инояти билан Ҳумоюн, Комрон, Гулбаданбегимлар ҳассос шоир ва адиб сифатида тарихда қолдилар. Уларнинг ижодкор бўлиши — Бобур ота сифатида ўзининг энг ноёб хислатларини болаларига тинмай сингдиришга ҳаракат қилганлиги, фарзандлар тарбиясини биринчи муҳим масала, деб билганлиги ҳосиласидир.
Шоирнинг яна бир жиҳати, бешафқат ва шиддатли тақдир найрангларига қарамай, ҳаётдан завқ оладиган оддий инсон, бир банда сифатида ўз даврининг комилу орифи бўлган. Шу сабабли ҳам Бобур ҳамма нарсанинг чашмаси ҳаёт эканлигини, тириклик зийнатига нималар зеб беришини унутмаган даҳодир:
“Ёз фасли, ёр фасли, дўстларнинг суҳбати:
Шеър баҳси, ишқ дарди, боданинг кайфияти”, —
деб ёзганида шоирни юқоридаги жиҳатлардан келиб чиқиб англаш жуда тўғри бўларди.
Бундай олиб қарасак, Бобурни ижод, ижодни Бобур юксак чўққига кўтарган. Жангу жадаллар, тақдир дашномлари ва қийноқларига қарамай Бобур самарали ижод қилган сиймолардан бири эди. Ҳақиқий даҳо ижод учун, тафаккур учун вақт ва жой танлаб ўтирмайди. У давлат, сиёсат ишлари, ҳарб юришларидан нечоғлик толиқса-да, “Бобурнома”дек бебаҳо асарни яратди. Яна Бобурнинг Шарқ адабиёти ва шеърияти ҳақидаги “Муфассал” асари катта илмий аҳамиятга эга. Бунда арузнинг баҳрлари ва вазни турларини мисоллар билан кўрсатиб ўтади. Бундан ташқари арузнинг баҳрлари, қофия санъати ҳақида сўз юритади ва улар борасида ўз муносабатини билдиради. Ўзбек форс шеърияти мисолида арузнинг назарий асосларини баён қилади. Унинг хизмати шундаки, бошқа ёзма илмий манбааларда учрамайдиган фақат туркий халқлар шеъриятига хос бўлган шеър вазнларини ҳам “Муфассал” асарига киритади. Бобур ўзининг бу асарида арузнинг 19 баҳри ва 500 дан зиёд вазн турини мисоллар тариқасида келтириб ўтади. Аруз баҳрлари ҳақида сўз борар экан, унга ўзи ёзган ғазал ва рубоийлардан намуналар келтириб, фикрини илмий ва амалий жиҳатдан исботлашга эришади. Яна бир муҳим жиҳати, аруз вазнини 9 доира – туркум сифатида шарҳлашдан ташқари, ўзидан олдинги ёзилган бу борадаги илмий-назарий асарларда йўл қўйилган хатоларни ҳам тўғирлайди.
Бундан ташқари Бобур “Ҳарб иши”, “Мубаййин”, “Мусиқий” каби ноёб асарлар ҳам ёзган. Узоқда бўлсада, у ўз ватандошлари, пир ва дўстларини унутолмайди. Шу сабабли ҳам 1528 йилда Ҳожа Аҳрорнинг “Волидия” китобини биринчи бўлиб, форсчадан ўзбек тилига шеърий йўл билан ўгирган улуғ таржимонлардан бири ҳисобланади. Улуғ бобомиздан бизгача 100 дан ортиқ ғазал, 200 дан зиёд рубоийси етиб келган бўлсада, улар мумтоз адабиётимизнинг энг ёрқин намуналари сифатида юксак бадиий қиймат касб этади. Айниқса, унинг “Муфассал” асари Алишер Навоийнинг “Мезонул-авзон”идан сўнг туркий шеърияти назарияси борасидаги энг мукаммал манбаа саналади.
Бобур шундай ижодкор ва шахски, ҳеч қандай ортиқча баҳога, мақтовга муҳтож эмас. Ўз даврида Бобур шахсияти, ижоди билан Ғарб ва Шарқни лол қолдирган ўзбек адабиётининг мумтоз вакилидир. “Бобур тахтда ўтирганига қарамай, оддий турмушнинг энг яхши туйғуларини ва иштиёқини ўзида сақлаб қолган. Биз Осиёдаги ҳукумдорлар ичидан Бобур сингари буюк ва истеъдодли кишиларни камдан-кам учратамиз… Унинг ўткир, хушчақчақ ақлий фаолияти, совуққон ва бевафо тақдирнинг найрангларига қарамай, руҳининг тетиклиги, подшолар орасида камдан-кам учрайдиган сахийлиги, мардлиги, истеъдодлилиги, фанга, санъатга муҳаббати ва улар билан муваффақиятли шуғулланиши жиҳатидан олиб қараганда, Осиёдаги подшоҳлар ичидан Бобурга тенг келадиган бирорта ҳам подшоҳ тополмаймиз”. Бу битиклар бугун ёки кеча ўйланган, айтилган гап эмас. “Бобурнома”ни 1826 йилда инглиз тилига тўлиқ ўгирган таржимонлар Жон Лейден ва Уильям Эрскинларнинг эътирофларидир.
Биз бежиз Бобур шахсияти ва ижодини олмос жилоларига қиёсламадик. Минг йиллардан кейин ҳам Бобур меъроси жозибаси ва бадиий қудрати билан башариятни оҳанграбодек ўзига тортаверади, иншооллоҳ!
Сафар ОМОН