Замондош ҳақида рисола

Яқинда таниқли ёзувчи Луқмон Бўрихоннинг “Шу замин фарзанди” номли биографик рисоласи чоп этилди. Унда замондошимиз, узоқ йиллардан буён нефть-газ соҳасида фидокорона меҳнат қилиб келаётган Шермат Шамсиевнинг фаолияти, ҳаёт йўли қаламга олинган.

Мустақилликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшган ва бу йўлда алоҳида шижоат кўрсатиб, олдинги сафда бораётганлар талайгина. Шулардан бири – замондошимиз, Муборак газни қайта ишлаш заводининг директори Шермат Шамсиевдир.

Рисолани қўлга олар экансиз, меҳнат фахрийси Камол Эрназаровнинг “Замондош сиймоси акс этган асар” сарлавҳали мақоласига кўзимиз тушади. Мақола муаллифи мустақилликнинг дастлабки йиллари ҳақида фикр юритиб, мамлакатимиз учун оғир кечган дамларга асосий эътиборни қаратади. Собиқ иттифоқ парчаланиб, унинг ўрнида қатор давлатлар пайдо бўлди. Натижада эски молиявий иқтисодий алоқалар узилди. Ҳар бир мустақил давлат ўз аравасини ўзи тортадиган бўлди. Бу ёқилғи-энергетика масаласида ҳам бир қатор муаммоларни келтириб чиқарди. Етакчи мутахассислар йирик корхоналардан жуфтакни ростлашди. Уларда маҳаллий кадрлар бизнинг ишимизни қай даражада уддалайди деган шубҳа гумонлар ҳам йўқ эмас эди. Тезкор чора-тадбирлар туфайли ёқилғи-энергетика соҳасида ишончли қадамлар ташланди.

1997 йилга келиб давлатимиз машаққатли меҳнатлар эвазига нефть ва газ мустақиллигига эришди. Бу энг аввало, истиқлол туфайли қўлга киритилган имкониятларимиз, қолаверса, юртимиз олимлари, етук мутахассислари, нефть ва газ конлари қидирувчилари ва мазкур соҳа олимларининг фидокорлиги, омилкорлиги туфайлидир. Мамлакатимиз ёқилғи-энергетика ресурс­лари мустақиллигини таъминлашда ва уни мус­таҳкамлашда тармоқнинг таянч жамоаларидан саналмиш “Муборак нефть-газ” унитар шўъба корхонаси ишчи-хизматчиларининг улкан ҳиссасини таъкидлаш жоиз. Улар чинакам жасорат намуналарини кўрсатиб ишладилар ва ҳозирги кунда ҳам фидойилик кўрсатишяпти.

АҚШнинг “Келлогг” компанияси билан ҳамкорликда бунёд этилган “Кўкдумалоқ” компрессор станцияси ўзининг мустаҳкамлиги билан жаҳонда саноқлилардан, МДҲ давлатлари дои­расида эса ўхшаши йўқ иншоот ҳисобланади. “Кўкдумалоқ”да нефть-газ, газ конденцати конларини ўзлаштириш борасида асрларга татигулик улкан режалар амалга оширилди. У ерда кўплаб нефть ва газ қудуқлари ковланди. Нефть ва газни комплекс тайёрлаш қурилмалари, насос станциялари барпо этилди. Барча қулайликларга, шарт-шароитларга эга ишчилар шаҳарчаси қад ростлади.

Айни пайтда мамлакатимиздан қазиб олинанаётган газнинг 50 фоизидан ортиғи, нефть маҳсулотларининг деярли тенг ярми шу жой ҳисобига тўғри келади. Уни “Муборакнефтгаз” тармоғидаги энг йирик йўлбошчи корхона деб атасак тўғри бўлади.

Ўтган давр мобайнида бу ерда ўз ишини пухта биладиган мутахассисларнинг янги авлоди шаклланди. Улар орасида Шермат Шамсиев алоҳида ажралиб туради. Тошкент политехника институтининг “Нефть-газ” факультетини тамомлагач, меҳнат фаолиятини “Помиқ” конидан бошлаган бу муҳандис йигит “Кўкдумалоқ”ни ўзлаштиришда ўзининг ёрқин иқтидорини кўрсата олди. Худди шу ерда корхона ривожига, ишлаб чиқариш самарадорлигига аҳамияти катта бўлган қатор ихтиролар, рационализаторлик таклифлари муаллифи бўлди. Кўплаб шогирдлар етиштирди. Шермат Жўрақуловичнинг илми, соҳани кенг ва чуқур билиши, раҳбарлик салоҳияти юқори ташкилотларнинг доимо эътиборида турарди. Шу боисдан у 2006 йилда “Муборакнефтьгаз” унитар шўъба корхонаси директори этиб тайинланди. Ш. Шамсиев мазкур корхонани 10 йилдан ортиқ бош­қарди. Ишлаб чиқаришни ривожлантиришда, жамоа турмуш фаровонлигига катта эътибор берди. 2016 йилда эса Шермат Шамсиев “Муборак газни қайта ишлаш заводи” директори лавозимига муносиб кўрилди.

Рисола муқаддимасида кўҳна тарих зарварақларидан воқиф бўласиз. Бухоро, Қашқадарё вилоятлари билан боғлиқ кўплаб воқеа ва ҳодисаларга дуч келасиз. Ипак йўлининг қоқ ўртасида жойлашган бу сирли ҳудуднинг ўзига хос томонлари ҳақида маълумотлар берилади.

Муаллиф “Мен касбим тақозосига кўра Муборакка уч марта борганман”, – деб ҳикоя қилади. “Ҳар гал борганимда олам-олам таассуротлар билан қайтганман. Ўша борганларим асосида туғилган мулоҳазаларимни мазкур рисолада акс эттиришни ният қилдим”.

Дарҳақиқат, асарнинг биринчи қисми “Адашмасам, бир минг тўққиз юз тўқсон тўққизинчи йилнинг куз ойлари эди” деб бошланади. Кўриниб турибдики, бу рисола бир, икки йилдаги воқеа ҳодисаларни эмас, балки қарийб чорак асрлик кузатишлар ҳосиласи. Бош муҳаррир топшириғи билан Муборакка борган ижодкор “Кўкдумалоқ”да Шермат Шамсиев деган фидойи, шижоатли йигит раҳбар ҳақида очерк ёзиш учун йўлга отланади. Унинг дастлабки суҳбатдоши корхона қоровули бўлади. Унинг билдиришича бугун-эрта бу ердан ҳеч кимни топа олмайсиз сабабини тушунтиролмайман, – дейди. Ижодкор ноилож ортига қайтади. Шу пайт беш-олти қадам нарида ўрта бўй, елкалари кенг, 40 ёшлар чамасидаги киши кузатиб турганини пайқайди. У билан салом аликдан сўнг мақсадга кўчади. Суҳбатдан сўнг у киши ўзини Шермат Шамсиевнинг Косондаги болаликдан дўсти Фатхиддин деб таништиради. Воқеалар ривожи давомида суҳбатдош мабодо танқидий мақола ёзсангиз яхши эмас, ижобий томонларни акс эттирувчи очерк бўлса Шермат дўс­тимни айни пайтда кайфиятини кўтарган бўлардингиз, деб фикр билдиради. Ижодкор мақсадга кўчиб, Ш.Шамсиев ҳақида очерк ёзажагини айтгач, унинг дўсти хурсанд бўлиб, ёшлик йиллари, пойтахтда олий даргоҳдаги таълим, ётоқхона излаб ижарама-ижара юрганликларини ҳикоя қилиб беради. Шунингдек, Ш.Шамсиевнинг касб танлашдаги қизиқарли хотиралари билан ҳам ўртоқлашилади.

Асарда “Кўкдумалоқ” конидаги иш жараёни, кутилмаган фалокат оқибатлари ҳам китобхонни бефарқ қолдирмайди. Ўзига хос матонат ва жасорат тимсоли – қаҳрамонимиз “Кўкдумалок” компрес станциясида рўй берган ёнғинда жасорат, фидойилик, ватанпарварлик намуналарини кўрсатади. Ёнғин туфайли бироз жароҳат олган бўлсада, ўзини йўқотмади. Туну-кун жамоа билан бирга бўлди. Прокуратура ходимлари билан бўлиб ўтган суриштирувда Ш. Шамсиев ўзини вазмин тутди. Воқеа-ҳодисаларни босиқлик билан сўзлаб берди. Миришкор тумани судида бўлиб ўтган суд мажлисида айрим ҳолларда ноҳақликлар кузатилган бўлса-да, уни сабр-тоқат билан енгди. Адолат учун ҳақ йўлидан қайтмади.

Президент Шавкат Мирзиёев юртимизга раҳбар бўлиб иш бошлаган фаолиятининг илк даврида ижодкорлар билан учрашув чоғида замонамиз қаҳрамонлари образини бадиий асарларга олиб кириш ҳақида долзарб фикр билдирган эди. Бундан муаллифнинг ҳаёлида Муборак, у ердаги фидойи инсонлар жонланди. Шермат Жўрақуловичнинг барча қийинчиликларни ўтмишда қолдириб, тағин иштиёқ ва илҳом билан ишга киришгани рисола муаллифини руҳлантиради. Бир маҳаллар дилга туккан китоб ёзиш режаси ёзувчига тинчлик бермайди. Қашқадарёлик адиб Жумақул Қурбонов Тошкентга келган пайти, у билан суҳбатлашиб, кўнглидаги ниятни билдиради. Ж. Қурбонов Л. Бўрихоннинг бу ташаббусини мамнуният билан маъқуллайди. Натижада, Ш. Шамсиев ҳақида мазкур “Шу замин фарзанди” биографик асари яратилди.

Асарнинг иккинчи бобида Нурилло Қурбонов, Ш. Шамсиевнинг шогирдлари Алишер Мустафоев, Дилшод Ҳақбердиев, турмуш ўртоғи Гулсара опа, Ҳошим Жалилов, Ахтам Ашуров, Жумақул Қурбонов, Шароф Раҳматовларнинг Ш. Шамсиев ҳақидаги ўйлари, фикрлари, нефть-газ саноатининг фидойилари Абдисалом Азизов, Иван Келеш, Нуриддин Зайниевнинг одамохунлик, ватанпарварлик билан йўғрилган бетакрор фазилатлари қаламга олинган.

Шермат Шамсиев нафақат моҳир раҳбар, шу билан бирга етук мутахассис, одамлар дарди, ташвиши билан яшайдиган фидойи инсон. У меҳнат фаолияти давомида ҳар бир нефть-газ участкасида бўлиб, энг аввало ишчи-хизматчиларнинг шароити билан қизиқади. Депутат сифатида жойларда бўлиб, уларнинг муаммоларига камарбаста бўлмоқда. Йўл ва кўприклар барпо этиш, ногирон, ёрдамга муҳтож оилаларга беғараз кўмак кўрсатиш, Китоб туманидаги “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари ҳолидан тез-тез хабар олиш, ёхуд корхона тасарруфидаги “Ёш алангачи” оромгоҳи болаларининг кўнглидан оталарча жой олишининг ўзи ватан, элга меҳр туйғуси билан яшашнинг ифодасидир.

Ёзувчи Луқмон Бўрихон қаламига мансуб ушбу рисолада қаҳрамонлар образини яратишда бадиий бўёқлардан моҳирлик билан фойдаланилади. Нефть-газ саноатининг истиқлол йилларидаги равнақи факт ва рақамларда акс этиш билан бирга Ш. Шамсиев ҳаёти, фаолиятига доир суратлар ҳам ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Ушбу асар навқирон авлод тарбиясида ёшларнинг вояга етишида ўзига хос ибратли қўлланма бўлиб хизмат қилади.

Ҳусан ТЕМИРОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 5 =