Чин юртида ҳоким бўлган юртдошимиз
Шахсий қизиқишим бўйича – ижодкор, хизмат вазифам бўйича эса илмий ходимман, шу боис ҳам, ҳамиша изланишда, ҳамиша бой тарихимизнинг ёритилмаган жиҳатларини халқимизга етказишда ўз ҳиссамни қўшишга баҳоли қудрат ҳаракат қилиб келяпман. Кейинги тадқиқотларим, айниқса, буюк аждодларимизнинг ўзга давлатларнинг тараққий этишида амалга оширган жуда катта ишлари кўпчилик қатори мени ҳам ҳайратга солади, қувонтиради. Ёш авлод буларни билиши зарур, чунки бу тарих Ватанимизга бўлган меҳримизни янада оширишга, салоҳиятли аждодларимиздан ўрнак олишга, ўзлигимизни англашга, энг муҳими, ғуруримизни кўтаришга ёрдам беради. Зеро, ғурурсиз инсондан унумдор кесак фойдалироқ, деган гап беҳуда айтилмаган. Бугун арзимаган чойчақага юрт ғурурини сотаётган баъзи оми кимсаларнинг миллатимиз шаънини ерга ураётганларини эса ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бу жуда уят ва шармандали ҳолат.
Билъакс, ўтмишда маънавиятсизлик туфайли тамом инқирозга юз тутган давлатлар, йўқолиб кетган тиллар, тарих санасидан тушиб кетган миллатлар ҳам борки, бу воқеалар бизни огоҳликка даъват этмасдан қолмайди. Мисол учун, бир замонлар Андалусия – энг тараққий этган давлат эди, Эрон қолди-ю, Турон номи эса ўчириб ташланди. Аччиқ ҳақиқат! Бировларга ҳамон ёқмайдиган гаплар! На илож, бугунги имкониятлардан фойдаланиб, ортимизга бир қараб қўйишга мажбурмиз. Чунончи Хитойга бориб, унинг ички ва ташқи сиёсати, иқтисоди ва ҳарбий соҳасида фаолият юритган юртдош аждодларимиз жуда кўп. М.Азимов, А.Хўжаев, С.Турсунов, Қ.Рашидов сингари ижодкор ва тарихчиларимиз улар ҳақида баъзи қизиқарли манбаларни эълон қилишган. Бизнингча, уларни хулосалари ҳам тадқиқотчи Ш.Мадаеванинг фикрларига мосдир, билъакс, “Хитой миллий қадриятлари, миллий анъаналари мамлакатнинг ҳеч бир қисмида, ҳеч қачон замонавий қадриятлар билан тўлиқ алмаштирилмаган”, яъни четдан кириб келган ҳар қандай ғоя ва таълимот “хитойлашиб” кетган ва бу жараённи ҳалигача кузатиш мумкин.
Жумладан, улар буюк аждодларимизнинг салоҳиятидан ўз манфаатлари учун жуда ўринли фойдаланишган, ҳатто бир қатор қийин муаммо, камчиликларни ҳам уларнинг ёрдами билан ҳал этишган.
Ана шундай юртдошларимиздан бири термизлик будда авлиёси Дхармамитра бўлиб, ўқувчиларимизга бу машҳур ватандошимиз ҳақида ҳали тўлиқроқ маълумот ҳам берилган эмас.
Кўҳна Термиз милодий I-VII асрларда будда дини марказига айланган эди. V асрда Термизга келган Хитой сайёҳи Сюань Цзан бу ерда 12 ибодатхона ва 1000 га яқин мубод-роҳиб борлигини ёзиб қолдирган. Дхармамитрани “Қуёш ёғдуси”, “Бароққош устод” дея шарафлаб, эъзозда тутишган. У ўткир ақл соҳиби, ўзига жуда талабчан, диний расм-русумларга қаттиқ риоя қиладиган, элу юртнинг ҳурматига сазовор инсон эди. Хитой пойтахтидаги Циюан-си ибодатхонасига келганда, Сун сулоласидан бўлган император Вэнъди рафиқаси – малика Юань ҳамда тахт вориси бўлмиш шаҳзода ва бошқа аслзодалар уни Гуйгун саройига таклиф этишиб, будда динига ўтганликларига шоҳид бўлишни сўрашган. Боз устига, уни Хитойда олиб қолишиб, илми ва салоҳиятидан етарлича фойдаланишган. У Чан Цзинь, Чан фа яо, пу ян гуань, Сюй кун цзань каби тафсир ва шарҳларни Хитой тилига таржима қилган. Ва буюк хизматлари эвазига будда динининг бутун дунё бўйича етук тарғиботчиси, “Дх-ьяндаги улуғ устод” унвонига мушарраф бўлган.
Шу ўринда бир масала хусусида жиддий тўхталишга тўғри келади.
Бизнинг тарихчилар ўзга халқларнинг жой ва шахс ҳамда бошқа соҳа номларини ўз шаклидай ёзишни талаб этишади. Хитойларда бундай эмас. Шу боис, Хитой манбалари билан ишлаганда, жуда эҳтиёткор бўлмоқ керак. Айниқса, ҳали катта илмга эга бўлмаган мактаб ўқувчиси Хитой манбаларини ўқиганда, юртимизга оид жуда кўп манбаларни тўла ўзлаштиролмаслиги аниқ. Масалан, қадимда хитойликлар Фарғонани – “Цао давлати”, Самарқандни – “Канг”, Бухорони – “Ан”, Тошкентни – “Ши” деб аташган. Фарғонадан бориб, ўша ерда яшаб қолган ҳоким аждодларимиз – Цао Сяосяо, Цао Туличжини ҳамда самарқандлик Канг Фу, бухоролик Ан Хаози, шошлик Ши Шўлўдан, Ши Мопўларнинг асл исмларини аниқлаш зарур деб ўйлайман! Бу ишни Хитой иероглифлари бўйича махсус мутахассислар аниқлашлари мумкин. Худди шунингдек, Муҳаммад исмли кишиларни “Ма” ёхуд “Махаму” деб талаффуз этишган. Бундай мисоллар шунчалик кўпки, улар катта бир тадқиқотни талаб этади. Ва бу тадқиқотларни, албатта, амалга ошириш керак, чунки энди маълум бўляптики, евроцентризм, чинпарастлик, “денгиз орти” гегемончилиги ва бугунги “оммавий ахлоқсизлик” тарғиботлари бизга қимматга тушган, тушяпти. Дунёга шунча кўп тараққиёт даврларини, буюк ихтиролар, янгиликларни берганига қарамай, кейинги бир юзу эллик йил давомида халқимизнинг буюк ўтмишини инкор этиб, чалкаштириб, сохталаштириб, онги остини фаромуш этган ёвуз кучларга қарши туриш учун ҳам тарихимизнинг асл ҳақиқатларини ёшларимизга кўпроқ ва тўлиқроқ етказишимиз керак. Аслини олганда ҳам, ана шу мавзунин ўзи ватанпарварман, деган ёш тадқиқотчиларимиз учун энг муҳим докторлик ишларидан бири бўлиши мумкин.
Энди аждодларимизнинг Хитойга кетиб қолишганларининг сабаблари ҳақидаги фикрларга ойдинлик киритадиган бўлсак, айтиш керакки, бу борада бир хиллик кўзга ташланмайди, аксинча, уларнинг кўпларини Хитой императорлари таклиф этишган бўлса, айримлари сайёҳ сифатида бориб, уларнинг назарига тушган, баъзилари эса юртнинг ғирром кимсалари туфайли узоқларга, хусусан, Чинга бош олиб кетишга мажбур бўлишган. Масалан, самарқандлик икки ака-ука – Ҳалим ҳамда Раҳмон маҳаллий дин пешволари билан ўрталарида низо чиқиб қолганда, улар билан келишолмай, Шарқ томонга қараб бош олиб кетишган ва яшаш учун қулай жой қидиришиб, охири серсув, ҳавоси мўътадил, деҳқончилик учун қулай бўлган Сюнхуа туманига етиб боришиб, Жези деган жойда тўхташган. Жези бизнинг тилда “кўча” маъносини берар экан. Уларнинг ортидан яна 45 нафар киши борган ва ўша ерларда уй-жой қилиб, ўрнашиб олишган. Иложи бўлса, ана шу жойларга экспедициялар уюштириш лозим, чунки давлатчиликнинг бошида бундай ишларнинг амалга оширилиши жуда катта фойда келтиради, чунончи рус давлати биз томонларга, Сибир ва Антартикага айнан давлатчиликнинг илк йиллариданоқ кўплаб экспедициялар уюштирган эди.
Кези келганда айтиш лозимки, “Юань” сулоласининг махфий тарихи” (“Юанчао биши”)да келтирилган маълумотларга кўра, ҳаммамиз яхши биладиган Маҳмуд Ялавочни Чингизхон ва унинг авлодлари давлат ишларига жалб этишиб, режаларини амалга оширишда ундан ўринли фойдаланишган эди. Албатта, ўша пайтларда элчини “ялавоч” деб атардилар. Хитой манбаларида Махама, Махама Ялавачи, Ялаваши, Махаму-Ялавачи, дея аталган аждодимиз моҳир элчи бўлгани боис ҳам, “ялавоч” дея эъзозланган. Бу зот ҳақида етарлича маълумотга эга бўлганимиз боис, унинг ҳақидаги қайтариқларни такрорлаб ўтирмаймиз. Лекин Хитойда фаолият кўрсатган яна бир қанча юртдошларимиз, хусусан, Умар Камолиддин ва Маҳмуд Чжен ҳақидаги маълумотлардан албатта хабардор бўлишингиз керак, деб ўйлаймиз. Чунончи Хитой тарихчилари Ян Хуэйчжун, Чжпн Хунглар улар тўғрисида қолдирган муҳим манбалари биз учун жуда қимматбаҳо ҳисобланади.
Чжан Хунг ёзадики, Хитойнинг Юннан ҳудуди муаммолар сиртмоғига тушган нотинч ўлка эди, Умар Камолиддин ана шу ўлкага ҳоким этиб тайинланади. Бу ҳудудни фақат шу инсон ривожлантира олишига тўла ишонишади. Бир куни хитой деҳқонлари билан суҳбатлашган Умар Камолиддин:
— Агар биз сизларга мушкулингизни осон этиб, ер ҳайдаш учун керакли жиҳозларни ҳамда экин учун уруғ ҳам берсак, 15 гектардан қанча ҳосил олишингиз мумкин? – деб сўрайди.
Деҳқонлар:
— 120 кг.дан ҳосил олишимиз мумкин! – дея жавоб қилишади.
Умар Камолиддин:
— Унда бизга қанча солиқ тўлайсизлар? – дея уларнинг фикри билан қизиқади.
Деҳқонлар бу сафар:
— Ҳосилнинг ярмини топширамиз! – дейдилар.
— Унда сизлар қийналиб қоласизлар! – дейди Умар Камолиддин. – Биздан олган молларингиз нобуд бўлса, ўрнига мол сотиб олиш, ускуналарни таъмирлаш лозим бўлади, буни ҳисобга олдингларми?
Деҳқонлар яна катта ваъда бериб юборишади:
— Унда ҳосилнинг учдан бир қисмини топширамиз!
— Йўқ, бу ҳам кўп! Агар шу ҳажмда солиқ тўлаб борсангизлар ва бу анъанага айланса, келажакда болаларингиз ва авлодларингиз қийналиб қолишади, натижада, ҳукуматга қарши чиқишлари мумкин! – дейди Умар Камолиддин.
Деҳқонлар ундан мамнун бўлишиб:
— Ҳукуматга қанча солиқ тўласак, адолатли бўлади? – деб сўрашади.
Умар Камолиддин:
— Биз сизлардан ҳосилнинг 10 дан бир қисмини оламиз. Хоҳласангизлар, дон ёки пул билан солиқ тўлашингиз мумкин! – дея фикр билдиради.
Хитой деҳқонлари ҳозирги кунгача ҳам бу ҳақда мамнун гапириб юришар экан.
Хўш, биз нима учун бу воқеани биринчи ўринда келтирдик, ваҳоланки, юртдошимизнинг туғилганидан, яъни таржимаи ҳолини батафсил келтириб, сўнг шундай ибратли ишлари хусусида сўз юритишимиз керак эди. Аслида эса унинг таржимаи ҳоли эмас, балки бугунги кунимиз учун биз намуна оладиган фаолияти муҳимдир. Зеро, Умар Камолиддиннинг битта шу сиёсати билан бутун Юннан ўлкаси гуллаб, ривожланиб, тараққий этган заминга айланган эди.
Ана энди мазкур юртдошимиз ҳақида айтадиган бўлсак, у 1211 йилда Бухорои шарифда туғилган эди. Отаси Камолиддин Саййид, хитойлар уни Гумалдинг-Сайдянчи, деб аташган. Онаси Бибихоним (Бибуйха) – доно ва меҳрибон аёл бўлган. 1219 йилда Чингизхон Бухорои шарифни босиб олгач, Умарнинг буваси Саййид Шамсиддин халқни қирғиндан сақлаб қолган. Отаси Умар Камолиддин эса ёлланма сифатида ҳарбий хизматга жалб этилган.
Умар Камолиддин ноёб қобилиятли, жуда илмдор, зукко инсон эди. Туркистон тамом забт этилгач, уни Хитойга олиб кетишади. Бу ерда у турли соҳаларда фаолият юритган ва уларни ўрганар эканмиз, ҳайратимиз тобора ошиб борди.
Масалан, Умар Камолиддин – энг яхши ҳоким.
Ўқтойхон даврида у Ички Монголия вилоятлари ҳокими этиб тайинланган эди.
Мункэхон тахтга ўтирган пайтда, Хитойнинг жуда катта ҳудудига эгалик қила бошлайди. Аммо бу ҳудудда идора ишлари ҳали йўлга қўйилмаган эди. Мазкур ишни айнан Умар Камолиддинга топширади. Зиммасига юкланган вазифани бажариш жараёнида Умар Камолиддин давлат қурилиши ишларида юксак иқтидор эгаси эканлигини намоён этади. Шу боис, у Пекин ҳокими этиб тайинланади.
Яна битта жиҳати – Умар Камолиддин – моҳир таъминотчи.
1258 йилда Мункэхон Хитойнинг жанубий вилоятларини забт этишга киришади ва қўшиннинг таъминот вазифасини Умар Камолиддинга ишониб топширади. Ана шу ерда юртдошимизнинг салоҳияти ёрқин кўзга ташланади. Хусусан, у бу муҳим ишда “бирорта камчиликка ҳам йўл қўймаган” ва доимо олқишларга сазовор бўлган.
Умар Камолиддин – моҳир молиячи.
У мамлакат пул бирлигини таъминлади ва инфляцияни жиловлай билди. Узоқ давр мобайнида пулнинг қадрсизланишига йўл қўймади.
Чингизхоннинг невараси Ҳубилай эса Хитойни ўн вилоятга бўлиб, унинг муҳим қисми бўлган Пекин вилоятини ҳарбий ва маъмурий жиҳатдан бошқаришни Умар Камолиддин зиммасига юклайди. 1264 йилда эса уни ўзига сиёсий маслаҳатчи этиб тайинлайди. Аслида эса бу лавозимни Хоннинг иқтидорли фарзанди эгаллаши керак эди. Демак, юртдошимиз, туркистонлик Умар Камолиддиннинг бу масъулиятли лавозимга тайинланиши бизга бир неча жиҳатдан ибратлидир. Бу жиҳатлардан бири шуки, ҳатто мўғуллар ҳам “сен фалончининг одами, фалончининг думи, фалончи халқ вакили” дея уларни сиёсий майдондан четга улоқтириб ташламаган.
Умар Камолиддин – йирик губернатор.
1264 йилда у бирданига икки ҳудудга – Шенши, Сичуан ўлкаларига губернатор этиб тайинланади ва бу вазифада ҳам 9 йил хизмат қилиб, Ҳубийлайнинг ишончини оқлайди: энг муҳими, у халқни ўзидан рози қилади, яъни иккала ҳудудни ҳам боғу-роғларга айлантиради, мактаблар очади, ариқлар қаздириб, дашту биёбонларга ҳам сув олиб келади, ҳатто баланд тоғлар орасида яшайдиган аҳолига қулайлик яратиш учун жарликлар узра осма кўприклар қуриб, узоқ йўлларни яқин қилади. Унинг бу ишларидан маҳаллий аҳоли беҳад миннатдор бўлиб, номини ҳурмат билан тилга олишиб, ўзини эъзозлашади.
Юқорида айтганимиздек, 1267 йилларда Жанубий Хитойдаги Юннан ўлкасида нотинчлик ҳукм сура бошлайди. Ўлканинг кичик хони этиб тайинланган Хугечи, яъни Ҳубилай хоннинг бешинчи фарзанди сиёсий курашларнинг қурбонига айланади. Хуллас, Юннан хон учун жуда катта бош оғриқ масала бўлиб қолади. Ноилож қолган Ҳубилай яна Умар Камолиддинни ҳузурига чорлаб, вазиятни тушунтириб, ундан ёрдам сўрайди.
Ана шу ўринда Умар Камолиддиннинг уста дипломат эканлиги ҳам ўз тасдиғини топади.
1247 йилда у ҳоким сифатида Юннан ўлкасига келади. Хуш, у бу ерда қандай йўл тутди? Биз ундан нималарни ўрганишимиз мумкин? Одатда, ўқувсиз кимса бир вилоятга бош бўлиб қолса, ишни нимадан бошлашни билмай, ҳар шохга йурғалай бошлайди ва кулгуга қолади. Бу салбий ҳолатни биз ҳозир ҳам айрим нўноқ амалдорлар мисолида кўриб, билиб турибмиз, халқ эса улардан рози эмас. Демак, Умар Камолиддин қандай йўл тутдики, бу ўлка халқи унга итоатда бўлди, деган савол яна олдимизда кўндаланг бўлади. Биринчи галда, у ўлкани яхши биладиган ақлли кишиларни атрофига тўплаб, уларнинг фикрларини босиқлик билан эшитди, иккинчидан, ўлка ҳудудларини, уларнинг шарт-шароитларини, халқ анъаналари ва урф-одатларини, ҳарбий жиҳатларини чуқур ўрганиб чиқди ва сўнгра ҳарбий йўл харитасини тузди. Қаерда истеҳком қуриш, қаерда қўшинни жойлаш масалаларини ҳам теран ҳал этди. Лекин у аҳоли билан тинчлик борасида музокарага киришди. Баъзи мулозимлари: “Нима учун бу итоатсизларга бунчалик раҳмдиллик қиляпсиз?” деб сўрашганда, у: “Ҳоқон мени одам ўлдиришга эмас, халқни итоат этишга юборган. Қон тўкиш йўли билан халқ итоат қилдирилса, биздан юз ўгириши мумкин”, дея жавоб қилади ва бу фикри билан давлат учун асосий нажоткор халқнинг ўзи эканлигини исбот этади.
Умар Камолиддин – камбағалпарвар инсон.
Машҳур аждодимизнинг олис тарих қўйнидан эшитилаётган сўзлари нечун биз учун сабоқ бўлмаслиги керак?! Чунончи Умар Камолиддин келгунга қадар Юннан ўлкасида тузукроқ мактаб ҳам йўқ эди, 1278 йилда у илк бор Шанчан вилоятидаги Ухуашан тоғ қўйнида фақат мактаб қуриб бердигина эмас, ўқув даргоҳига икки гектар ер ажратиб, уни харажатлари учун ҳам имконият яратди. Бир қанча жойларда шифохоналар, дорихоналар қурди, камбағалларни бепул даволашни йўлга қўйди, ҳатто уларни бепул дори-дармон билан таъминлашни жорий этди.
Яна энг муҳим жиҳати, Юннанда илк бора Расадхона барпо этди. “Конфуций ибодатхонаси”ни ҳам қайта қурди. Ана шу буюк ишлари туфайли Юннанда илм-фан ривожланди, фалакшунослик, қонуншунослик ва тиббиёт тараққий этди, шунингдек, савдо, ҳунармандчиликка эътибор қаратди, йўллар, карвонсаройлар қуришга катта аҳамият берди. Ислом динини тарғиб этишга ҳам эътибор қаратиб, адолатли тадбирлар қўллади, чунончи у масжид қурмоқчи бўлган инсон авваламбор, мактаб қурмоғи лозим, деган ғояни илгари сурди ва ўзи ҳам шу қоидага амал қилди.
Юртдошимиз, улуғ аждодимиз Умар Камолиддин 1279 йилда 69 ёшида вафот этди. Халқ уни иззат-ҳурмат билан дафн этди. Мангу қўним топган манзили эса зиёратгоҳга айланди.
Унинг Насриддин ва Ҳусайн деган ўғиллари, авлод ва кўплаб зурриёдлари ҳам Хитой давлатига баҳоли қудрат хизмат қилишди. Ва умуман олганда, бу катта тарих, биргина мақолада уларнинг амалга оширган улкан ишларини тўла кўрсатишнинг иложи йўқ. Лозим бўлса, кейинги мақолаларда улар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтамиз. Айни пайтда эса биз сизларга яна бир буюк юртдошимиз, Хитой давлати тарихида катта из қолдирган Маҳмуд Чжен ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз, зеро, буниси янада қизиқ, янада ҳайратланарлидир.
Маҳмуд Чжен ҳозирги Хитой Халқ Республикасининг Юннан ўлкасидаги Кунъянг вилоятида туғилган. Ота-боболарининг бари “ҳожи” бўлишганлиги боис, уларни “хожамлар” деб аташган. Отасини хитойликлар Милижин, Ма деб чақиришган. Маълумки, хитой иероглифида Ма шарифини ёзиш учун буюк от иероглифидан фойдаланишади. Маҳмуд, Муҳаммад, Мансур сингари мусулмонлар ҳам “Ма” деб аталади. Шу боис, отасининг исми Муҳаммад бўлгани аниқ. 1381 йилда 39 ёшида вафот этган. Бу пайтда Маҳмуд 12 ёшда эди.
Онаси Венлар авлодидан эди. Оилада олтита фарзанд бўлиб, улардан икки нафари ўғил фарзандлардан эди. Маҳмуднинг акасини Венмин, деб аташган.
Дастлаб Маҳмудга Пекин ҳокими Чжу Ли эътибор қаратади. Бир томондан, алпомишсимон келбати, серғайрат, фаросатли, ўткир зеҳни ва кучли иродага эга эканлиги, иккинчи томондан, ота-боболарининг Хитой давлати учун садоқат билан хизмат қилганликлари ҳам ҳоким жанобларининг назаридан четда қолмаган эди. Ва худди ўйлаганидек, ёш Маҳмуд унинг ҳокимият учун олиб борган курашларида жуда катта ёрдам кўрсатади. Ниҳоят, узоқ курашлардан сўнг Чжу Ли ҳокимият тепасига келади. Ва ўзини ЧЕНГЗУ (1404-1424) деб атайди. 1404 йилнинг бошида ўзига ёрдам кўрсатган барчани мукофотлайди. Маҳмудга ўз қўли билан иероглифда “Чженг”, яъни “энг ҳурматли”, “олижаноб” сўзини битиб, унга шу юксак унвонни беради. Шу тариқа у Маҳмуд Чжен номи билан тарихга киради.
Буюк ватандошимиз Маҳмуд Чжен ҳақидаги Хитой манбаларида айтилишича, Чжу Ли ҳокимият учун курашаётган кунларда Маҳмуд Чжен жанговар ҳарбий кемаларни бошқаришда жуда уддабурон ва қобилиятли эканлигини намоён этган. Шу боис, давлат ишларига киришган Чжу Ли уни Хитой ҳарбий флотининг қўмондони этиб тайинлайди ва унга дастлаб 67 та, сўнгра 249 ҳарбий кемаларини ишониб топширади.
Унинг дастлабки денгиз сафари 1405-1407 йилларда амалга оширилади. 63 та кемада 27 минг киши билан йўлга чиққан Маҳмуд Чжен Индонезия оролларига етиб боради. Кемаларининг узунлиги 59,5, эни эса 14,5 эди. 1409-1411 йилларда 250 га яқин ҳарбий кема билан Ҳинд ярим оролининг ғарбий қирғоқларигача, 1413-1415 йилларда Форс кўрфазидаги йирик савдо маркази Хормосгача, 1416-1419 йилларда Африка қитъасининг шарқий қирғоқларида жойлашган давлатларгача етиб боради ва зиммасига юкланган ҳарбий ва савдо хизматларини аъло даражада бажариб, ҳеч бир талафотсиз ҳолда Хитойга қайтиб келади. Шу билан бирга, у ўз динига бўлган эътиқодини ҳам ўрнига қўяди. Чунончи 1430-1432 йилларда 61 та кемада қарийб 28 минг киши билан амалга оширилган режаси “Макка сафари” номи билан аталган эди. Кемалар Саудия Арабистонига яқинлашганда, Маҳмуд Чжен кемаларда хизматда бўлган бир қанча мусулмонларни ҳажга юборади.
Маҳмуд Чженнинг вафоти 1433 йилда деб аниқ қайд этилган. Бу пайтда у 64 ёшда эди. Уни жуда катта иззат-ҳурмат билан Хитойнинг Нанкиндаги қабристонга дафн этишган. Ва унга бўлган ҳурмат шу билан тугаган эмас. 1985 йилда Хитойнинг буюк денгиз элчиси, юксак мартабали сарой аёни бўлган Маҳмуд Чженнинг илк денгиз сафарига 580 йил тўлиши муносабати билан унинг мангу қўним топган манзили қайта таъмирланиб, хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилган эди.
Халқ таъбири билан айтганда, бу хамир учидан патир! Чунончи Хитой давлати ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг ҳар бири ҳақида алоҳида ёзсак арзийди. Ва улар ҳақида қайта-қайта ёзишга маънан ҳақлимиз ва бу эътирофларимиз бугунги авлод қалбида янгича ғурур, ватанпарварлик туйғуларини уйғота оладики, бу жараённи назардан четда қолдирмаслигимиз керак. Чиндан ҳам, Хитойда фаолият юритган астроном ва географ олимлар Жамолиддин Бухорий, Камолиддин Бухорий, Муҳаммад Бухорий, Шайх Муҳаммад Косоний, Шайх Али Имомаддин Бухорий, яна бир юртдошимиз Ма Жу Чин – Юсуф исмли файласуф олим ҳамда яна бир ҳоким Аҳмад Фанокатий ҳақидаги маълумотларни ўрганиш ва бу манбаларни халқимизга етказиш учун уларга жиддий эътибор қаратиш лозим.
Мақолага нуқта қўйишга ошиқаяпман-у, аммо Умар Камолиддин аждодимизнинг хитой деҳқонлари билан солиқ олди-бердиси ҳақидаги зукко тадбири кўз олдимдан кетмаяпти. Битта ҳокимнинг адолатли қарори бутун бошли халқни Ватанга бўлган меҳрини ошириб юборади, аксида эса, битта зулм юртда катта нафратни вужудга келишига сабаб бўлади. Тарих нима учун керак, деган сафсата сотаётган кимсаларга ҳам бу яхшигина сабоқ бўлиши керак деб ўйлайман. Биздан кейин тараққий этган Ватан қолсин, халқ биздан рози бўлсин, деган юртдош борки, бундай тарихий манбалардан сабоқ чиқара билиши керак.
Тўлқин ҲАЙИТ,
Ўз ФА Темурийлар тарихи
давлат музейининг
катта илмий ходими