Маданият ходими ким?

Маданият ходими ким ёки қандай кадр, мутахассис бўлмоғи керак, деган савол кўпдан бери мутахассисларни, тадқиқотчиларни қизиқтириб келади. Ҳамон эсимда, 1974 йили олий маълумотли маданият ходими тайёрловчи Тошкент давлат маданият институти очилгач, “Ўзбекис­тон санъати”, ҳозирги “Санъат” журнали “Маданият ходими ким?” деган рукнда мутахассисларнинг чиқишларини, баҳсларини уюштирганди. Уни институтимиз ректори Азизхон Қаюмов очиб берганди. Домла, устозим, маданият ходими юксак ахлоқий фазилатларни тарғиб этадиган, элини, халқини севадиган, уларга содиқ, фидоий инсон, олийжаноб касб эгаси бўлмоғи зарур, деган концептуал ғояни илгари сургандилар. Бу ғояда ўша пайтдаги идеологиянинг таъсири ҳам бор эди, албатта, балки шу боис унга ҳеч ким эътироз билдирмаган. Устозимнинг ғояси аслида ўзбек халқининг маънавий-ахлоқий тажрибаларига, Навоий (устозимиз навоийшунос эди-да) маърифий ғояларига қурилган эди. Коммунистик идеология, синфий ёндашувнинг тарафдори бўлса-да, Навоий гуманизмига ҳеч қандай тўсиқ қўя олмаган.

Хуллас, устозимнинг, маданият ходими маънавий-ахлоқий таж­рибаларни тарғиб этувчи, олийжаноб, гуманистик қадриятларни шакллантиришга хизмат қилувчи фидоий инсон, касб эгаси, деган ғоя давлат томонидан ишлаб чиқилган квалификацион тавсифларга ҳам асос қилиб олинган.

Кейин давлатлар ўзгарди, идеологик устқурма янгиланди, маданият ходими ким ва ким бўлиши зарур, деган савол яна пайдо бўлди. Маданият институтига театр ва рассомлик институти қўшилиб, у ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига айлантирилди. Очиқ айтишим керак, улар қўшилгунга қадар Маданият институти ҳаваскорлик жамоаларини ташкил этувчи, аҳоли бўш вақтини уюштириб, уларда ахлоқий қадриятларни шакллантиришга хизмат қилувчи кадрларни тайёрлаб келган. Кадрлар асосан оммавий санъат ва ҳаваскорлик ижодини ривожлантиришни зиммасига олган. Икки институт қўшилгач, энди   Маданият инс­титути каби оммавий, ҳаваскорлик санъатини қўллаб-қувватлайдиган кадрлар таёрланиши керакми ёки Театр ва рассомчилик институти каби профессионал саъаткорлар тайёрланиши керакми, деган савол пайдо бўлди. Минг афсуски, бу савол айрим мутахассислар ўйида айланаётган бўлса-да, у жиддий муҳокама қилинмаган. Натижада Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида оммавий, ҳаваскорлик санъати учун ҳам, профессионал санъат учун ҳам кадрлар тайёрлаш давом этмоқда. Бунда мен бирор ғайриҳаётийлик кўрмайман, юқорида икки ёндашув бир бирига мувофиқ келавермаслигини биламан. Профессионал санъат оммавий, ҳаваскорлик санъатидан юқори. Аслида ҳам шундай бўлмоғи керак. Кўпгина профессионал санъаткорлар ҳаваскорлардан ўсиб чиққан, К.Станиславский, М.Яхонтов, М.Турғунбоева, С.Эшонтўраева, К.Отаниёзов, О.Отажанов, Ф.Умаров кабилар шулар жумласидандир. Гап дипломда, қайси институтни битирганингда эмас экан, гап қандай маҳоратга эга эканингда экан.

2021 йили Ёшлар кунига бағишланган тантанада Президент, кўп соҳаларда, шу жумладан, маданиятда ҳам, кўп лавозимлар бўш турганини, бунга диплом талаб этиш сабаб бўлаётганини айтди. У мазкур тартибни ўзгартириш зарурлигини билдирди.

Агар ўринга даъвогар қобилиятли бўлса, шу соҳани севса, нега уни бўш лавозимга қўймаслик керак? Маълумотларга қараганда, Маданият, туризм тизимидаги маданият муассасаларида хизмат қилаётганларнинг жуда оз қисми олий маълумотли кадрлар. Лекин ҳар йили Санъат ва маданият институтини 400 дан зиёд кадрлар тугатаётганига қарамай, маданият муассасаларида уларнинг ўсиш динамикаси кузатилмайди.

Минг афсуски, бу ҳол кўп йиллардан бери ўзгармай қолмоқда. Демак, олий маълумотли маданият ходими тайёрлаётганимиз беҳуда экан-да?! Йўқ, олий маълумотли маданият ходимида шароитга, давр талабларига мослашиш кучли.Бир мисол келтирай. 1979 йили биз, 74 та ёш Маданият институтининг методист-ташкилотчи бўлимини битирганмиз. Орадан қирқ йил ўтгач учрашдик, уларнинг аксарияти ўқитувчи, баъзилари тадбиркор, фермер, қурувчи, шофёр, ҳатто майда тижоратчи бўлиб ишлаётган экан. Фақат биттаси қишлоқ клуби мудири бўлиб ишлаётган экан. Кўриниб турибдики, ўтиш даври мураккабликларига дуч келган олий маълумотли ходим ўзини йўқотиб, диний мутаассиблик ёки ичкилик­бозлик каби ғайриижтимоий қилиқларга берилиб кетмаган. Тинмай ўзгараётган ҳаёт талабларига мослашиш билим, соф ақл, ирода ва янги соҳаларни ўзлаштиришга мойилликни тақозо этади. Шу сабабли институтимизни тугатаётган кадрларнинг турли соҳаларга ўтиб кетишини тасаввур этиш мумкин. Барибир жамиятимиз ютади, кадрларимиз ижтимоий ҳаётга, маънавий муҳитга ниманидир олиб киради.

Менимча, 1997 йили қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури бугунги реалликка мувофиқ эмас. Энди кадр­лар тайёрлашнинг янги дастури керак. Унда асосий эътибор миллий таълим тараққиёти манфаатлари устувор бўлиши керак. Чет эллик филиалларда миллий таълим эҳтиёжларидан яхши хабардор, халқимизнинг гуманистик мероси ва қад­риятларини ҳурмат қиладиган мутахассислар дарс берсин. Баъзан шундай бўляптики, ҳатто халқимизнинг саломлашиш урфини билмайдиган хорижий профессор ўз тилида истаган нарсасини ваъз қилиб кетяпти. Уларни назорат қиладиган, ваъзини керакли томонга бурадиган механизм йўқ. Уларнинг маърузалари кутубхоналарда йўқ, борлари эса ўзбек тилига ўгирилмаган. Хуллас, биз хорижий таълим моделларини кенг жорий этяпмиз, лекин уларнинг миллий таълим манфаатларига қанчалик мувофиқ келишини ҳозирча етарлича ўрганмадик, билмаймиз.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти давлат муассасалари учун кадрлар тайёрлашга йўналтирилган. Аммо негадир кейинги йилларда унинг ўқув режаларида коммерция, тадбиркорлик предметлари устуворлик қила бошлади. Давлатнинг бош буюртмачи экани унутилиб, талабаларни коммерция ва тадбиркорликка ўргатиш авж олди. Буни баъзи “мутахассислар” иқтисодиётни ўқитиш, баъзилари эса ғарбнинг коммерция тажрибаларини улуқ-юлуқ ўзлаштириш асносида амалга оширдилар. Ғарбдаги маданият муассасалари коммерция, тадбиркорликка қурилган, бизда улар асосан давлат ёки давлат таъсирида бўлган касаба уюшмалари, ижодий ташкилотлар, Ёшлар иттифоқи тасарруфидадир. Давлат уларни бюджетидан қўллаб-қувватлайди, барча шароитларни яратиб беришни ўз зиммасига олади. Шундай экан, давлат маданият муассасалари ходимлари бош буюртмачининг талабларини бажариши шарт. Коммерция, тадбиркорликнинг мақсади эса пул, маблағ топиш, мулк орттириш. Бизда давлат маданият муассасалари давлатнинг маданий-ахлоқий тарбия, инновацион тафаккурли ёшларни Янги Ўзбекистон бунёдкори қилиб тарбиялашга ўз ҳиссасини қўшишга даъват этилган. Шу нуқтаи назардан давлат маданият ходимларини ватанпарвар, оммани ижодга ўргатувчи, фидоий бўлишга ундайди. Коммерция ва тадбиркорларда бундай маънавий-ахлоқий ва фидоий, ватанпарвар бўлишга даъват кузатилмайди, улар турли шоу, оммавий трюклар орқали мўмай пул топишни исташади. Ғарб коммерция ўчоқларига хос бу жиҳатларни етарли ўрганмай, билмай, юзаки тасаввурлар билан давлат маданият муассасаларига тадбиқ этиш таажжуб уйғотмайдими? Бўлғуси давлат маданият муассасалари ходимларига ғарбона тажрибани сингдириш уларни реал воқеликдан узоқлаштириб қўймайдими? Ахир реал ҳаётимизда маданий тадбирларга аҳолимиз пул тўлаш имконига эгами? Майли, бир-икки ашулачининг чиқишига у келиши мумкиндир, аммо бу билан у маданият ходимларини пул билан таъминлаган бўлмайди-ку? Туман ва қишлоқлардаги маданий эҳтиёжлардан жиндек хабардор киши пуллик маданий хизматга тентакнинг хом хаёли, деб қараши турган гап. Ўқувчи мени коммерция, тадбиркорликка қарши деб ўйлаши мумкин. Мен 1997 йили “Маданият муассасаларида иқтисодий бошқариш усуллари” деган монографияни чоп эттирганман. Унда маданият ўчоқлари истиқболи хўжалик ҳисобида, ўзини ўзи маблағ билан таъминлашда, деган фикрни илгари сурганман, кейинчалик уни докторлик диссертацияси сифатида ҳимоя қилганман. Ҳимоя пайтида устозим, илмий раҳбарим, академик Азизхон Қаюмов билан баҳс келиб чиққан. Устозим, маданият ходими маданий-ахлоқий етук, ватанпарвар, фидоий бўлиши зарур, деб менга эътироз билдирган. Мен ўз фикримни так­рорлаганман. Мана, шундан бери 23 йил ўтди, энди англадимки, устозим ҳақ экан.

Коммерция муассасаларининг буюртмалари давлатникидан фарқ қилади, шунинг учун улар ўзи учун зарур кадрлар тайёрловчи тизимга, дастурлар ва илмий потенциалга эга бўлиши даркор.Улар коммерцияга, маркетингга интенсив ўқитишга муҳтож, узоғи билан бир йил уларга етарли. Давлат таълим стандарти эса тўрт йилга мўлжалланган.

Давлат маданият муассасалари ходимлари ҳам коммерция, тадбиркорлик асосларига ўқитилиши мумкин, давлат — шерикчилик бунга имкон беради. Бироқ улар бош буюртмачининг талаблари дои­расида бўлиши шарт, акс ҳолда ўқишни битирган ёш кадр реал ҳаётда мутлақ ўзгача, назарияга тўғри келмайдиган вазиятга тушиб қолади, унинг касбига бўлган қизиқиши сўнади. Тўғри, назариянинг сал олдинда юргани маъқул, лекин реал ҳаётдан узоқ назария нокерак ваъзга айланиши мумкин. “Қуруқ гапдир ҳар қандай ғоя, мангу тирик ҳаёт дарахти” (Гёте).

Назарияни ҳаёт талабларидан келиб чиқиб яратиш кучли илмий салоҳиятни тақозо қилади, албатта. Институтни битирган, ҳатто олий ўқув юртида икки­-уч йил ишлаган ҳам илмий салоҳиятли бўлавермайди. Давлат маданият муассасаларини коммерция маданият ўчоқларидан, давлат маданият ходимини тадбиркордан фарқлаш, давлатнинг миллий маданиятни ривожлантириш концепциясини англаш, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг моделларини ишлаб чиқиш илмий потенциал орқали амалга оширилади. Маданият ходими ким, деган саволга ҳам аввало у жавоб бериши даркор. Назария заифлиги — амалиёт заифлиги, амалиёт талабидан орқада қолган назария эса   ўзини ўзи аврашдир. Биз қуруқ, ҳавойи сўзлар билан ўзимизни ўзимиз авраш учун кадрлар тайёрлаётганимиз йўқ, ижтимоий-маданий ривожланишимизни реал воқеликка айлантириш биринчи галдаги вазифамизга айланмоғи керак.

Виктор АЛИМАСОВ,

фалсафа фанлари доктори,

ЎзДСМИ профессори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 5 =