Тадбиркор кўмак сўраса-ю… амалий ёрдам кўрсатадиган мард топилмаса?

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги диққатига!

 

“Тадбиркор бу ҳақиқий фидойи инсон. Шахсан мен бундай инсонларни, иккитагина иш ўрнини яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман. Тадбиркор йўлига қарши чиқиш давлат сиёсати, Президент сиёсатига қарши чиқишдир”, – дея таъкидлаган эди Президентимиз ўз маърузаларидан бирида.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, тадбиркор ўзининг бола-чақасидан қийиб, тўп­лаган пули, мол-мулкини янги иш очишга сарфлайди. Банкдан кредит олса, уни ҳам фоизи билан тўлайди. Унга ҳеч ким ҳар 15 кунда бюджетдан аванс ёки ойлик бермайди. Шунга қарамасдан, таваккал қилиб, ҳузур-ҳаловатдан кечиб, бор имконияти ва маблағини сарфлайди, ўз иши учун кеча-ю кундуз жонини бериб ишлайди. Шу йўл билан нафақат ўз оиласини таъминлайди, балки эл-юртга ҳам нафим   тегсин дейди-да.

Яқинда, изланувчан тадбиркорлардан бири ҳақида сўз юритган эдик. Газетамизнинг шу йил   25 январь №3 сонида “Ўзбекистонда фрион ишлаб чиқаришнинг имкони борми?” сарлавҳали мақолада “FAROXAT mir” МЧЖ директори, тадбиркор Муҳиддин Ортиқовнинг ишлаб чиқариш билан боғлиқ режаси амалга ошадиган бўлса, давлатимизга ҳам, халқимизга ҳам нафи тегадиган иш бўлиши хусусида ёзилган, дунёда саноқлигина давлатлар, асосан Америка ва Хитойда ишлаб чиқариладиган ноёб кимёвий маҳсулот — фрион ишлаб чиқариш режаси ҳақида сўз борганди. Чунки ҳамюртимиз Муҳиддин Ортиқов ушбу ноёб ва камёб, аммо ниҳоятда харидоргир фрион моддасини   Ўзбекистонда ишлаб чиқариш технологиясини ишлаб чиқиб, уни амалиётга жорий қилиш учун интилмоқда экан.

“Ушбу маҳсулот қанча йиллардан буён Ўзбекистонга валюта эвазига хориждан олиб келинади. Сизларда чиққан мақоладан кейин бирорта мутасадди қизиқиб, мени қийнаб келаётган ўн сотих ер майдони ва мазкур истиқболли лойиҳани рўёбга чиқариш учун зарур бўладиган 300 минг АҚШ доллари миқдоридаги   грантни ажратиш бўйича бирор амалий кўмак берар деб ўйлаган эдим. Аммо ҳеч қандай муносабат ҳам, акс-садо ҳам йўқ”, — дейди куни кеча яна таҳририятимизга келган тадбиркор М.Ортиқов.

— Нима ҳам дердик, биз сизга банк бўлмасак ёки ло­йиҳалар учун грант ажратадиган фонд ҳам эмасмиз, — дедик унга.

— Ҳа, биламан, раҳмат сизларга, — дейди у тушкун кайфиятда.

Тадбиркорнинг айтишича, бу масалада амалий ёрдам сўраб собиқ Инновацион ривожланиш вазирлигига, ҳозирги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига мурожаат қилган. Улардан эса қуйидагича жавоб хати олибди:

“Сизнинг мурожаатингиз Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўрганиб чиқилди. Бу юзасидан эса вазирлик биносида сиз билан мутахассислар иштирокида суҳбат ташкил этилиб, унда муро­жаатингизда келтирилган ғоя ва фикрларингизни лойиҳа кўринишида келтирилган ҳолда вазирлик томонидан эълон қилиб бориладиган лойиҳа танловларида иштирок этиш бўйича сизга тушунтиришлар ва зарурий тав­сиялар берилди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Сизнинг инновацион ғоя ва таклифларингизни қўллаб-қувватлаши ва амалий ёрдам кўрсатишга доимо тайёрлигини билдиради. Ижро аппарати раҳбари А.Якубов”.

Жавоб хати олгани яхши бўлибди, албатта. Аммо янги, истиқболли ғоялар қўллаб-қувватланмаса, вақт деганлари югурик ўтиб кетаверса, бундан нима фойда?

…Тадбиркорнинг айтишича, Ўзбекистон Кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти билан ўзаро ҳамкорликда музлатгичга ишлатиладиган фрион, яъни “Изобутан R 600-A” русумли фрион маҳсулотини ишлаб чиқаришга лойиқлиги синовдан ўтказилган. Фақат уни йўлга қўйиш қолган.

“Бундай ишлаб чиқариш нафақат Ўзбекистонда, ҳозирча ҳатто Ўрта Осиё давлатларида ҳам мавжуд эмас.   Йилига камида 1 млн. АҚШ доллари   миқдорида юртимизнинг валюта заҳирасига фойда келтирган бўлар эди. Келажакда эса бу ишлаб чиқариш катта заводга айланиб, маҳсулот тури тўрт бараварга кўпайиши, энг муҳими, қўшни давлатларга уни экспорт қилиш имконияти туғилган бўлар эди”, — дейди М.Ортиқов.

Эҳтимол, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ушбу масалага жиддийроқ муносабат билдирар, тадбиркорга кўмак қўлини чўзар?

Бизнинг ушбу мавзуга қайтишимиздан мақсад ҳам шу — юртимиздаги яхши ниятдаги бир тадбиркорга кўмак кўрсатилишига умидворликдан ўзга ният йўқ.

Ўйлаймизки, мутасадди вазирлик газетамизни олади, кузатиб боради. Агар аксинча бўлса, таҳририятимиз уни жўнатади.

Ислом АСИЛБЕКОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 + 15 =