Матбуот ҳеч қачон ёпилмайди
Ҳа, шундай. Матбуот ҳеч қачон ёпилмайди. Чунки эркинлик, сўз эркинлиги юртимизга қайтгани, энди ортга чекинилмаслигини давлатимиз раҳбари жуда кўп бора таъкидлаб келадилар. Бу эса ОАВда меҳнат қилаётган журналистларнинг ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев яқинда Қашқадарё вилоятига қилган сафари давомида Қарши шаҳридаги Янги Батош маҳалласида жойлашган 71-ўрта мактабда бир гуруҳ ўқитувчилар, фахрийлар билан суҳбатлашиб, яна сўз эркинлиги ва очиқлик масаласида фикр билдирди. Бу кўплаб интернет нашрларида ўша куннинг ўзидаёқ эълон қилинди.
“Ёпиқ давлат бўлиб, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватламаганимиз учун халқнинг овозини эшитмадик.”
“Эркинлик нафаси ёқадими? Менга ёқади.”
“…Яна олдингидек, прокурор, СНБ (МХХ. Таҳририят), текширувчи бўлаверсинми? Биз ниятимизга етдикми? Биримиз икки бўлдими?”
“Шунинг учун, эркинлик нафасини, оммавий ахборот воситаларини дўст биламиз. Гапирсин, адолатни гапирсин. Танқид қилсин, тўғри танқид бўлсин. Шу қишлоққа, мактабга, таълимга фойдаси бўлса, нур устига нур.”
“Мен ҳар куни ўқийман, интернетни ҳам ўқийман. Ким қандай гапирганини вақтим борича, қўлимга қалам олиб, ўзимга ёзиб оламан. Барибир 10 та фикрдан 9 таси тўғри бўлиб чиқади. Бу тўғри йўналишми? Агар бизда (ОАВ) ёпиқ бўлса, сизларни ҳам ҳеч ким эшитмайди.”
Президентимизнинг бундай очиқ ва самимий фикрлари албатта, барча матбуот вакилларини ҳам руҳлантирди, десак хато бўлмайди. Лекин сир эмас бугун матбуот нашрлари, хусусан, босма нашрлар тақдири, аҳволи кўнгилдагидек эмас. Минг машаққат билан чоп этилаётган нашрлар жуда тор доирадаги одамларга етиб бораётгани ҳам сир эмас. Маънавият сарчашмалари бўлган газета ва журналлардан одамлар кун сайин узоқлашиб бормоқда. Бунинг сабаби нимада, чиндан ҳам босма нашрларни халқ ўқишни истамаяптими? Ёки бу нашрларда одамларни қизиқтирадиган мавзулар ёритилмаяптими?
Албатта, бу саволларга бирданига жавоб бериш осон эмас. Лекин жуда керак. Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, бугун матбуот нашрларининг ўрни, аҳамияти йўқолган эмас. Зеро, интернет тармоқлари кенг ривож топган қатор илғор мамлакатларда ҳам 100 минглаб нусхада газета ва журналлар чоп этилаётгани бежиз эмас.
Хўш, унда масала нимада?
Кўп йиллик кузатувларимиз, матбуот нашрларида фаолиятимиз давомида ишонч ҳосил қилган айрим масалалар борки, улар бугун ўзининг ечимини кутмоқда. Катта йиғишлардан бирида Президентимиз “Болаларимизни телефон тарбиялаяпти”, дея куюнчаклик билан фикр билдирган эди. Чиндан ҳам шундай. Бугун ҳатто 1-синф ўқувчисининг қўлида ҳам “Ғунча” эмас, балки шапалоқдек телефон.
Ҳа, телефон ҳам керак. Интернет ҳам. Аммо фарзандларимизнинг билим, ахборот, маънавий бойлик оладиган бор манбаси фақат электрон қурилмалардан ҳам иборат бўлмаслиги керак-да. Нима учун дейсизми?
Биринчидан, телефон ёки интернет тармоқлари фақатгина керакли маълумотлар, тасвирлар эмас, балки бузғунчи ва тарбияга ёд нарсалар билан тўлиб –тошган “қути” эканлиги сир эмас.
Иккинчидан, кун давомида телефон ва интернетга муккасидан кетиш нафақат маънавий, балки тиббий жиҳатдан ҳам зарарли эканлигини мутахассислар бежиз айтишмаяпти.
Шундай экан, фарзандларимизни албатта, босма нашрларга, уларнинг севимли “Ғунча”, “Тонг юлдузи”, “Гулхан”, “Класс” сингари нашрларга қайтаришимиз зарур. Қачонки ана шу нашрларни ўқиб, ўрганиб катта бўлган болалар келажакда ҳам яъни вояга етганларида ҳам нафақат газета-журналларни, балки китобларни ҳам ўқийдиган бўлишади.
Бугун-чи, юртимизда 10 мингга яқин мактаблар бўла туриб, уларда бир неча миллионлаб болалар таълим олишаётганига қарамай, ана шу нашрларнинг ададлари 2-3 мингдан ошмайди. Демак, бу нашрлар ҳатто 1 та мактабга бир нусхадан ҳам етиб бормаяпти!
Назаримизда, матбуотдан ёшларнинг узоқлашиб кетишига ана шу нарса сабаб бўлмоқда. Шу боис, айрим таклиф ва мулоҳазаларимизни қайта-қайта ўртага ташлашдан эринмаймиз.
- Бугунги кунда аксарият босма нашрларнинг адади, жойларга етиб бориши, етказиб берилишида жуда катта муаммолар мавжуд. Бунинг сабаби кейинги 20-25 йил давомида босма нашрларга обуна уюштириш масаласида ечим топилмади.
Юқорида айтилганидай, ўрта мактабларда болалар нашрларига ўқувчиларни обуна қилиш мутлақо издан чиқди. Мустақиллигимиздан олдин “Ғунча”, “Тонг юлдузи”, “Гулхан” каби нашрлар 100-200 минг нусхадан зиёд чоп этилган бўлса, уларнинг бугунги тиражи 1,5-2 минг нусхага тушиб қолган. Болаларнинг қўлини эса маънавият булоғи бўлган нашрлар эмас, телефонлар эгаллади. 25-30 йил давомида эса матбуот нашрларини ўқиш, севиш иммунитетидан мосуво авлод пайдо бўлди.
Ечими: мактабларимизда бугун 5 миллиондан зиёд ўқувчилар таълим олмоқда. Ҳар битта синфга камида болалар нашрлари ёшига қараб 5 нусхадан обуна қилишни йўлга қўйиш лозим. Шунда ушбу нашрларнинг йиллик обуна нархлари ҳозиргига нисбатан камида 10 баравар арзонлашади. Яъни жуда арзимас нархда бўлади. Ҳеч ким оғринмай фарзандини уларга обуна қилади.
- Республика нашрларининг аксарияти бугунги кунда 3-5 минг ададда чоп этилмоқда. Бу эса мамлакатимиздаги саноқли ташкилот ва корхоналаргагина газета ва журналлар мажбурликдан етиб бораётганини билдиради. Миллионлаб одамлар, 5,5 миллиондан зиёд хонадонларга газета-журналлар деярли етиб бормаяпти. Оддий одамлар газета-журнал ўқиш имкониятига эга эмас. Ҳатто, бутун бошли маҳалла, қишлоқлардаги 1000та хонадон ўрганиб кўрилганда, уларнинг ҳеч бирига 1 нусха ҳам бирор номдаги газета-журнал етиб бормаётганини кўриш мумкин.
Сабаби: нашрларнинг бугун ўртача обуна баҳоси 500 минг сўмдан 900 минг сўмгача. Бу нархга эса одамларнинг обуна бўлиш истаги бўлса-да, иқтисодий имконияти етмайди.
Ечими: юртимиздаги барча хонадонлар хоҳишларига кўра, ўзлари истаган нашрларга маҳаллалар орқали обуна бўлишларини яъни “Маънавият саватчаси” ташкил этилиб, унда мамлакатимиз сиёсатини, маданиятини тарғиб-ташвиқ қиладиган ҳамда адабий-бадиий нашрлар рўйхати шакллантирилиши зарур. Шунда ушбу нашрларнинг ададлари бир неча юз минг нусхага ошиб, обуна нархлари ҳам 40-50 минг сўмни ташкил қилган бўлар эди.
“Ҳар бир хонадонга — газета ва журнал” лойиҳасига Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси масъул бўлса, мақсадга молик бўлар эди.
- Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, бошқа тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда ОАВни ривожлантириш бўйича махсус дастур, йўл харитаси ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.
- Турли вазирлик ва идоралар, катта-кичик ташкилот ва корхоналар тасарруфидаги газета-журналларни мониторингдан ўтказиш — давр талаби. Чунки айтайлик, Олий суд — ўз газета-журналларига, Адлия вазирлиги ва бошқа вазирликлар, Бош прокуратура, қўмита ва агентликлар, турли бошқа ташкилотлар, йирик корхоналар ва уларнинг қуйи тизимларидаги бошқармалари ҳам “ўз газета ва журналларни” очиб олишиб, фақатгина “ўзининг” нашрларига обуна уюштириш билан банддирлар.
Ўйлаб кўринг, ҳар бир вазирлик ёки қўмита фақат ўз нашрига обуна бўлса, унда республиканинг асосий нашрларига ким ва қачон обуна бўлади? Масалан, 1-2 йил аввал “Ўзбек кўмир” АЖ “Кўмир” деган газета очганини эшитган эдик. Жуда ғалати, ахир кўмир қазувчи инсонлар меҳнати, ҳаёти ҳақида фақат уларнинг ўз нашрлари ёритиши керакми? Ва бу газета ушбу акциядорлик жамиятига нима беради?
- Бугун одамлар ҳақиқий маънода маънавий-маърифий воситалардан “узулиб” қолганлиги сабабли, ўзларини турли ижтимоий тармоқлардан баҳраманд бўлишга, негатив фикрловчи, бирёқлама тафаккур қилувчи тоифаларга айланиб боришмоқда. Чунки маънавий бўшлиқни матбуот нашрлари эмас, ижтимоий тармоқлар эгаллаб бормоқда.
Таклиф: мамлакатда Маънавият ва маърифат марказига жуда катта маблағлар ажратилган бўлиб, аслида маънавий бўшлиқни тўлдирувчи матбуот нашрларини обунасига маълум даражада кўмак бериш вазифаси ана шу Марказ зиммасига ҳам юкланса, ўринли бўлмасмиди?
Матбуот нашрларининг ўрнини, нуфузини ошириш учун у обуначиларга ўз вақтида етказиб берилиши эса — жуда муҳим масала. Ҳозир афсуски, нашрлар бир ҳафтада ҳам обуначига етказиб берилмайди. “Ўзбекистон почтаси” ва “Матбуот тарқатувчи” АК тузилмалари тўлиқ ислоҳга муҳтож бўлиб қолган.
Яна шундай таклиф борки, бугун матбуотда эълон қилинаётган материалларга эътибор, жавобгарлик, жавоб бериш мажбуриятини тиклаш жуда-жуда зарур. Негаки, матбуот—давр кўзгуси экан, унда акс эттирилган танқидий-таҳлилий чиқишларга муносабат билдирилиши, чора-тадбир кўрилиши шарт. Йўқса, қанча гапирилмасин, қанча муаммолар, камчиликлар олиб чиқилмасин, бари дарёга отилган тошдай изсиз кетаверади. Минг афсуски, бугун вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар ОАВда эълон қилинган материалларга жавоб беришни “унутиб” қўйишган. Тўғрироғи, мутлақо қизиқишмайди ҳам, нима эълон қилинаяпти-ю, нималар чоп қилиняпти билишмайди ҳам.
Юқоридаги мушоҳадалардан келиб чиқиб, мамлакатимизда Юрт эгаси —Президент матбуотни ўқиётган, интернет тармоғини кузатаётган экан, бундан барча катта-кичик амалдорлар ҳам тегишли хулоса, ибрат олишларига умид қилишга ҳақлимиз.
А. ПАРДАЕВ