Баҳор, сенга шараф бўлсин!

Салим АШУР

 

 

Баҳор, сенга шараф бўлсин!

 

Ҳавода шўх сабо пайдо,

Сабода най-наво пайдо,

Навода савт, сафо пайдо,

Яшил излар йўл четида,

Нурлар сизар кўл бетида.

Бу ерларга келди баҳор,

Тангритоққа беркинди қор.

 

Қорачиқдан юраккача,

Юракдан то суяккача,

Суякдан то фалаккача

Ўтди, кетди қиш заҳмати,

Заҳматга ҳам дил раҳмати.

Оқ қоғоздек тоза олам,

Кўк чизиқлар чизар кўклам.

 

Ўнгирлардан уфққа довур,

Жимирлайди юпқа ҳовур,

Адирларда совур-совур

Бир фасллик хазинани,

Бир ёққа сур кин, гинани.

Ошиқлар ёр тараф бўлсин,

Баҳор, сенга шараф бўлсин!

 

Тирқишлардан кирган эпкин,

Юракларни чертди секин,

Ғимирлади экин-тикин,

Ғимирлади мудроқ шуур,

Кўнгилларда чуғур-чуғур.

Ёлларин уйғотиб отлар,

Қирни қиқирлатиб ўтлар.

 

Турнажонлар тенг-тўш бўлиб,

Гул, гиёҳга жон, эш бўлиб,

Уруғ, аймоқ, эл, хеш бўлиб…

Гуруҳ-гуруҳ қалдирғочлар,

Керилган қош, узун сочлар.

Гуриллайди атлас, шойи,

Кенг оламларнинг чиройи.

 

Эй, сен — жаҳон бунёдкори,

Ато, Ҳаво ижодкори,

Еру осмон дурадгори,

Шу тупроққа ташла уруғ,

Қара, йўли қандай ёруғ!..

Маъшуқлар ёр тараф бўлсин,

Баҳор, сенга шараф бўлсин!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 − eight =