Изтироб гуллари

Ўткир РАҲМАТ

 

             Изтироб гуллари

                       (достон)

Оҳ тортиб…

Дардига тополмай чора,

Кўксини тўлдирди надомат ва уҳ.

Изтиробга дўнди у бора-бора,

Тасалли келтирди на замин, на кўк.

Ҳавасга бурканган дунё хоблари,

Эътибор қаратмас кўздаги ёшга.

Тамоман бошқадир изтироблари,

Унинг азоблари сиғмас бардошга…

Дилларда ҳасратлар ўсса, гулласа,

Сув ичиб ҳаётнинг баланд-пастидан.

Тақдир шу битикни кимга йўлласа,

Изтироб чечаклар дунё дастидан…

Афсуслар қалбига жойланган бир ўқ,

Ахир ҳаққи йўқми кулиб қарашга?

Ҳали жавобини тополгани йўқ:

Изтироб – маҳкумми шундай яшашга?

 

…Таъриф йўқ кўнгиллар қайноқ ишқига,

Борлиқ жилокордир, ёрқин теварак.

Муҳаббат чорлади нурли кўшкига

Ҳапқириб йўл олди иккита юрак.

Чилдирма чалинди, янгради ёр-ёр,

Кимки жам бўлибдир, қувончлари мўл.

Камандин ташлади бу дуни-даввор,

Кутиб турар энди ҳаёт – оғир йўл.

Орзу дарёсида оқди иккиси,

Гоҳ кулги, гоҳ қайғу бўлди дўст, ҳамроҳ.

Ичидан ўтганин билмас ҳеч киши,

Дуч келар гоҳ савоб, гоҳида гуноҳ.

Азалдан тириклик равиши шундоқ,

Думалаб-думалаб ўтади даврон.

Ота нима қилсин, буёғи қандоқ…

Уйда кутаётир беш бола, беш жон…

 

Қайларга бошламас одамни тақдир,

Қалбидан ўтгани ўзига аён.

Тирикликнинг юки ҳамиша оғир,

Қачон умидлари ушалар, қачон?..

Ўйласа юраги чиқар қинидан,

Не-не ваъдалари бўлди, деб сароб.

Топгани етмайди, сўрар кимидан…

Ўзини ҳар ерга уради – хуноб.

Хайр-хўш, демасдан ўтади фурсат,

Дилин оловлатган ишқ ўти сўнар.

Бир чора қолгандек кўринар фақат…

Қайга улоқтирса тақдири – кўнар.

Бир нима қилмаса бўлмайди, ахир,

Нечалар юрт кезиб топмоқда имкон.

Балки хорижларда қуёши балқир,

Умидвор мўлтирар беш бола, беш жон.

Аёл изтироби ундан зиёда,

Далаю, рўзғордан бўшамайди ҳеч.

Иқболим кулмади, дейди дунёда,

Билдирмай кўзёшлар тўкади ҳар кеч.

Турмуш тегирмони айланар, хомуш

Ташвишлар кетидан келар ташвишлар.

Занглаган қиличдек яроқсиз номус,

Сездирмай емириб борар юмушлар.                                    

Қанча уринса ҳам ҳеч фойдаси йўқ,

Кўринмайди сира рўзғорнинг туби.

Кўпинча оч қолар, унда-бунда тўқ,

Бошқа кам-кўстига етмайди қурби.

Қайсидир тун эди…

Мижжа қоқмади,

Сўнг бозор чиқарди ёлғиз молини.

Ориқмасми… Кимга ёқди, ёқмади,

Ниҳоят, ўнглади ғариб ҳолини.

Сал хотиржам тортди, шодланди бироз,

Тўлиб-тошиб қайтди кулбаси томон.

Аллақандай туйғу дилин этди ёз –

“Ахир, қувонади беш бола, беш жон…”

Дерлар, ғарибларнинг тўйгани байрам,

Кўзлар кулди, уй ҳам бўлди нурафшон.

Дунёнинг султони бўлди бир оқшом,

Биларлар – ўткинчи бу дам, бу даврон…

Олдинда қиличин қайраб турар қиш,

Яна не ўйинлар кўрсатар тақдир.

Ўлсин, тугамайди юмушу ташвиш,

Бу қишдан чиқмоғи жудаям оғир.

Қўшнилар бергани нимаям бўлар,

Қўл билан берганга, ахир, қуш тўймас.

Бир кун ер, бир куни имконсиз қолар,

Болалари эса бир сўраб қўймас.

Неча сўлғин тонглар кетма-кет отар,

Қайғусиз ва порлоқ кун илинжида.

Мудроқ саодати қаерда ётар?..

Аслида, барчаси Ҳақнинг измида…

Бир куни секраниб турди жойидан,

Кўнглида орзулар туғилди равон.

Бахт аримас бир кун улар пойидан,

Беш равон йўл бўлар – беш бола, беш жон.

Аёл хаёл қилар: юрагимни еб,

Адо этажак, деб мени бу ғамлар.

Ўксинар, толеъда бахтлар йўқми, деб,

Йўқми, деб умримда фарахбахш дамлар?

Кўз очиб дунёда шудир кўргани,

Дардини бировга сўйламоқ малол.

Алла айтган каби ёниб, ўртаниб,

Кечалари фарёд урарди аёл:

“Тоғдек юрагимни эзма, эй ҳаёт,

Ғам билан ҳушлама мени, эй дунё.

Учай, қанотимни кесма, эй ҳаёт,

Йўлбарсдек тишлама мени, эй дунё…

Ёндим, сабо топиб бергил, кел ўзинг,

Тондим, маъно топиб бергил, кел ўзинг,

Тўйдим, маво топиб бергил, кел ўзинг,

Толдим, даво топиб бергил, кел ўзинг…

Яшаб юрибман жим, улар туфайли,

Уларсиз… мен ҳам йўқ бўлгум бегумон.

Уларни асрагил, мени-ку майли,

Омон бўлса басдир беш бола, беш жон…”

Интилди, кимсадан ёрдам кутмади,

Ҳасратлар чекмади, тутмади мотам.

Тунлари аламлар заҳрин ютмади,

Ўшал орзусига суянди мудом.

Фақат соғинч эзди, айлаб беқарор,

Баъзан “дод” дер эди дил озоридан.

Ёридан на хат бор, на-да бир хабар,

Гумонлар туғилар оҳу зоридан.

Дер эди: “Буларнинг барчаси ёлғон…

Эҳтимол, шўрликнинг хастадир жони,

Эҳтимол, ишлари юришмай қолган…”

Шу алфоз бирма-бир ўтди ой, кунлар,

Йиллар улғайтирди ҳижрон гулини.

Бу ҳолни тушунмас бағри бутунлар,

Пойлаган билади ёрнинг йўлини…

Изтироб куртаги дўнди гулларга,

Жужуқлар улғайди, бўлди суянчиқ,

Ҳаёт кулиб боқди қадди долларга,

Кўмакчи бўлдилар – беш бола, беш жон.

Кимдандир эшитди – фалончи жойда

Оқиллар мажлиси бўлармиш такрор.

Бошқа эшикларга бормоқ бефойда,

Дардингни айтасан дангал ва ошкор.

Муродинг ушалиб, кулади кўзинг,

Эзгу ниятларинг бўлар ижобат.

Иш билан таъминлаб ўзингни ўзинг,

Ўзингга берасан ўзинг мукофот…

Йўлга чиққанида ёришганди кун,

Изғирин наштарин санчди юзига.

Дилдаги нияти нон каби бутун,

Далда бериб борар аёл ўзига.

…Ичкарига киргач, бир зум жим қолди,

Кимдир деди: “Келинг, не муаммо бор?”

Шу сўздан тўсиқлар бирдан йўқолди,

Бир зумда кўнглида гуллади баҳор…                

Не бўлса борини тўкиб солди у,

Дардини тинглашга ҳамроз топганди.

Якунда ҳайратдан қотиб қолди у,

Ҳасрат дафтарини кимдир ёпганди.

Шодланиб кўзида терилди ёши:

“Ҳали одамларда бор экан виждон…”

Уйгача етса, бас, бори бардоши,

Қувнайдиган бўлди беш бола, беш жон…

Мудом эскиларнинг айтганлари рост:

“Тадбиркорлик асли кони хазина…”

Чевар бўламан, деб айлади-да қасд,

Мақсадга интилди зинама-зина.

Деди: “Бировларга қараб қолмайман…”,

Ўқиди, изланди, сира тинмади.

“Эрта-кеч ишлайман, энди толмайман…”,

Ғовларни менсимай ўтди, синмади.

Уйига ризқ кирди ҳалол меҳнатдан,

“Чевар” деб ҳурмати ошди бағоят.

Тинмай шукр айтар ушбу неъматдан,

Омад кулиб боқди унга ниҳоят.

Энди армонлари қилмайди алам,

Пойига поёндоз бўлғуси жаҳон.

Қаторига кирди фарзандлари ҳам,

Бешта полапони – беш бола, беш жон…

Ёлғиз қолиб, кўнгли бўлганда барбод,

Кимлардир аёлга суқланиб боқди.

У эди самимий, шўх-шодон, шаддод,

Бу қайси амалдор кўнглига ёқди.

Пинҳона илмоқлар ташлаб шай бири,

Турли режаларни тузди туну кун.

Ишқий номаларни ёзди қай бири,

Юрар йўлларини пойлади узун.

Аёлнинг ичида портлади вулқон:

“Қароқчи бемалол қиларми ғорат!”

Сақлаб қола олди номусин омон,

Ўзида илк бора сезди жасорат…

Тинмади, ҳеч кимни тинчитмади у,

Охир калаванинг топди учини.

Номардлар аламдан сепади оғу,

Шундай қилиб олар экан ўчини.

Ҳақиқат сирлари очилди аста,

Юзи ёруғ бўлди шўрлик аёлнинг.

Аммо яраланган юраги хаста,

Ҳали жавоби йўқ ўнлаб саволнинг…

Барини ортига ташлади дангал,

Шундай ўйининг ҳам бор, дея замон.

Домонин пок сақлаб қололди аёл,

Ахир виждонидир — беш бола, беш жон.

Онанинг орзуси ушалди буткул,

Оламда қолмади хавотир, хатар.

Беш бола чақнади юлдузлар мисол,

Юксалди маърифат осмони қадар.

Илмдан қалбларда жилваланди нур,

Йўли равон бўлди, тушмас чоҳларга.

Қанот чиқардилар Дулдулдек учқур

Йўл олиб бирма-бир олийгоҳларга.

Севинчга тўлдириб хонадонини,

Дилини оғриқдан фориғ қилишди.

Қувнатиб ҳар бири онажонини,

Ажинли юзини ёруғ қилишди.

Ҳамма қойил дерди улар шаштига,

Тасанно айтдилар замину замон.

Шунча чеккан заҳматлари гаштига

Ўз йўлин топишди – беш бола, беш жон.

Қуёш нури билан азиз аслида,

Жўшқинлиги учун муқаддас дарё.

Меҳр улашади умринг фаслида,

Қуёш ҳам, дарё ҳам онамикин ё?..

Нур сўнса, оламни эгаллар зулмат,

Йўлин йўқотади, ҳатто, донолар.

Беминнат зиёлар тарқатар фақат,

Умринг офтобига дўнмиш Оналар.

Дарёлар тошмаса, не маъно бундан,

Ҳаёт ҳаёт эмас, бир тушдир, абас.

Балки меҳрлидир дунёмиз шундан,

Дарё оналардан улгу олган, бас.

Дарё йўлин берсин, берсин нур йўлин,

Шижоат, меҳрдан ҳормасин бир он.

Яхшилар дуога кўтарди қўлин:

“Онасига тортди – беш бола, беш жон”.

 

Қанча бўронларни енгди у роса,

Қайгадир йўқолди куч-дармонлари.

Кўзига нур бўлди, қўлига асо,

Суянчга айланди болажонлари.

Бироқ…

Ҳижрон олди ақлу ҳушини,

Соғинчлар дилига ўт жойлайверди.

Яхшиликка йўйиб ёмон тушини,

Онанинг кўзлари йўл пойлайверди…

Ҳали жавоб йўқдир минг бир саволга,

Кўнглида дод солар сўнгсиз нолалар.

Гарчи, улғайишди, етди камолга,

Фақат бола ўрнин босар болалар…

Бўйнидан қучганда набиралари,

Онани тарк этар бир зумда армон.

Тақдирнинг измида кетдилар бари,

Ота-она бўлиб беш бола, беш жон.

 

Умр деганлари бевафо чиқди,

Устин бўлмас экан ҳеч ким жаҳонга.

Қанча бекларни-ю гадони йиқди,

Ким кетар оташга, кимдир жинонга.

Кутилмаган кунда, субҳи саҳарда,

Ҳовлига яқинлар бўлди бари жам.

Баҳор эди, айни авжи баҳорда…

Дод солиб фарзандлар келишди мулзам.

Тўлқиндек чайқалиб жўнади тобут,

Ким йиғлар, ўтди деб зўр давру даврон.

Онасин олдида борарди собит,

Кўзлари қизарган беш бола, беш жон…

 

Видо сўзларини айтди бирма-бир,

Пешонасин босиб қабр пойига.

Оналар кетган сўнг дунё ҳам фақир,

Ҳатто, дарз кетади кўрк-чиройига.

Дерларки, бир барги узилса ногоҳ,

Бобочинорлар ҳам йиғларкан беун.

Гар чинорнинг ўзи йиқилса, биллоҳ,

Барча барги йиғлар ва бутун очун.

Билиб қўй эй тупроқ, билиб қўй осмон,

Она – Ватан экан, ҳур миллат экан…

Онанинг пойин ўп борида имкон,

Оналар Ватаннинг ниҳолин эккан…

…Кеч эди, шу куни анча кеч эди,

Болалар йиғилди она уйида.

Волидадан ўзга бари ҳеч эди,

Шу фикр чарх урди алар ўйида.

Дердилар: “Онамдай Ватан бўламиз,

Миллатга мададкор бўламиз ҳар он.

Бирлашиб бир жону бир тан бўламиз…”

Аҳдлашди шу кеча беш бола, беш жон.

…Аслида мукофот онанинг ўзи,

Ҳамда босиб ўтган шон йўлларидир.

Беш бола онанинг қолдирган изи,

Изтиробдан қолган бахт гулларидир…

Тилаклар гўзалдир: кўркли боғ бўлсин,

Бир жойга тўпланиб атиргул, лоланг.

Дуолар айлайман, Ватан соғ бўлсин,

Бешми, ўнми, юзми, минглаган боланг.

Нурга тўлиб турсин, бўлиб турсин ҳур,

Кўнгилнинг нураган хоналари ҳам.

Барча изтиробин махв этиб мағрур,

Бошида турсинлар Оналари ҳам.

Шараф бўлиб юксал, бахт қучиб яша,

Сени қўллаб турсин бардош ва сабот.

Ватан номли улкан боғда ҳамиша,

Сўлмас гулларингни ўстиргин, Ҳаёт!

Ҳаёт! Бир ниятим шулдир то абад,

Умр боғларини – қучиб шараф-шон,

Бахш этиб минглаган жонга саодат,

Асраб тураверсин беш бола, беш жон!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 + 17 =