Конституциявий ислоҳотлар — табиий ва зарурий жараён

Ўзбекистон Президенти олиб бораётган ташқи сиёсат минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда

 

Хитой Давлат кенгаши ҳузуридаги Европа ва Осиё ижтимоий ривожланиш тадқиқотлари институтида Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар мавзусига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди

Мазкур институт Хитойдаги етакчи “ақл марказ”лардан бири бўлиб, Хитойнинг ички ва ташқи сиёсат соҳаларидаги давлат сиёсатини шакллантиришга фаол ҳисса қўшади.

Тадбирда Европа ва Осиё ижтимоий ривожланиш тадқиқотлари институти, Халқаро муносабатлар академиясининг Евросиё тадқиқотлар институти, Пекин миллий университети раҳбарлари ҳамда илмий ходимлари иштирок этдилар.

Давра суҳбати қатнашчиларига Янги Ўзбекис­тоннинг бугунги тараққиёт жараёнлари, янгиланаётган Конституция, таклиф этилаётган асосий ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти ҳақидаги батафсил маълумотлар тақдим этилди.

Хитойлик экспертлар томонидан билдирилган умумий фикр­ларга кўра, Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришлар, хусусан, конституциявий ислоҳотлар мамлакатни ривожлантириш жараёнларининг узлуксизлиги ва изчиллигини таъминлаши баробарида республиканинг миллий устувор манфаатларини акс эттиради. Энг муҳими, Ўзбекистондаги конс­титуциявий ислоҳотлар мамлакатни янада жадал ривожлантиришни таъминлаш учун қонунчилик базасини мустаҳкамлаш ва такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Европа ва Осиё ижтимоий ривожланиш тадқиқотлари инс­титути директори Ли Юньчуан:

“Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўз тараққиёт йўлини ишонч билан давом эттирмоқда”, дея таъкидлади. “2017-2022 йилларда ислоҳотлар дастурининг биринчи босқичи муваффақиятли якунланди. Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида рес­публикани ривожлантириш бў­йича янада юқори ва улкан вазифалар белгилаб берилган”.

Институт директори Ўзбекис­тондаги конституциявий ислоҳотларни мамлакат ўз олдига қўйган катта ривожланиш вазифаларини ҳисобга олган ҳолда табиий ва зарурий жараён, деб ҳисоблайди. У Конституциянинг 65 фоиз матни Ўзбекистон халқи таклифлари асосида янгиланаётгани, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид қоидалар уч ярим бараварга кўпайгани ҳамда шулардан келиб чиққан ҳолда Асосий қонунга муҳим ўзгариш ва қўшимчалар киритиш референдумга қўйилаётганини олқишлади.

“Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг янгича ривожланиши учун энг муҳим бўлган асосларни, шу жумладан, иқтисодиёт либераллашувини, жамият эркинлиги ва хавфсизлиги ҳамда дўстона ташқи муҳитни яратди”, деди у.

Экспертнинг таъкидлашича, Хитойнинг илмий ва эксперт доиралари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўзловчи ва кенг қамровли ислоҳотлар дастурини катта қизиқиш билан кузатиб бормоқда. “Биз Ўзбекистоннинг минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга, минтақада ҳамкорлик ришталарини янада мус­таҳкамлашга қўшаётган ҳиссасини алоҳида қадрлаймиз”, деди Ли Юньчуан.

Халқаро муносабатлар академиясининг Евроосиё тадқиқотлар институти директори Динь Сяосин:

Ўзбекистон 2017 йилдан бош­лаб мутлақо янги тараққиёт даврига қадам қўйгани ва бетакрор муваффақиятларни қўлга киритганини таъкидлади. “Биргина мисол: пандемиядан кейинги йиллар давомида саноқли давлатларгина иқтисодий ўсишга эриша олди. Улар қаторида Ўзбекистон ҳам борлиги эътиборга моликдир. Мураккаб халқаро муносабатлар шароитида Ўзбекистон қўлга киритаётган иқтисодий натижаларга эришиш осон эмас. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари йўлга қўйилиб, минтақадаги вазият мутлақо янгиланди. Бу аслида Ўзбекистон раҳбарининг буюк қаҳрамонлигидир. Ўзбекистон ўз тараққиётини минтақа мамлакатлари тараққиёти билан чамбарчас боғлиқликда кўради, минтақанинг умумий манфаатлари учун қайғуради. Буни бутун халқаро ҳамжамият эътироф этмоқда”, деди Динь Сяосин.

– Бир неча кун муқаддам Президент Шавкат Мирзиёев ҳозирги мураккаб халқаро муносабатлар ҳақида фикр билдирар экан, унинг “Мен миллатим, халқим буюк Ўзбекистон томонидаман” деган мардона фикрлари биз хитойлик экспертларни ҳам тўлқинлантирди, — деди у. — Ўзбекистон раҳбари олиб бораётган ташқи сиёсат минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Институтнинг катта илмий ходими Сюй Тао ҳам конституциявий ислоҳотлар Ўзбекистоннинг янада барқарор ривожланишига хизмат қилишини таъкидлади.

Унинг фикр билдиришича, Конс­титуцияга киритилаётган кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари, ўқитувчилар мақоми юксалтирилиши, ёшлар сиёсати каби масалалар амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида “Инсон қадри учун” тамо­йили асосидаги ёндошув яққол намоён бўлмоқда. “Биз Ўзбекис­тонда учинчи Ренессанс даври пойдевори яратилаётган тарихий жараёнга гувоҳ бўлаяпмиз”, деди Сюй Тао.

Хитой халқ университети профессори Ван Сяньцзю Ўзбекистондаги ислоҳотларни буюк тарихий жараён эканлигини қайд этар экан, улар минтақа равнақи учун катта ҳисса қўшаётганини айтди. “Ўзбекис­тон Марказий Осиё тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучига айланди, десак сира муболаға бўлмайди”, деди Ван Сяньцзю.

У Ўзбекистонда ўқитувчилар мақомини ошириш, таълимга қаратилаётган катта эътиборни мамлакат учун долзарб аҳамият касб этишига эътибор қаратар экан, таълим йўналишида Хитой ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик истиқболлари ғоят кенг эканлигини қайд этди.

Хитойлик олим сўнгги олти йилда Ўзбекистонда олий ўқув юртлари сони 77 тадан 210 тага, уларга қабул эса, 5 бараварга ортиб, талабалар сони 1 миллион нафарга етганини мамлакатнинг улкан муваффақияти, деб баҳолади.

“Дунё” АА.

Пекин

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − twelve =