Янги давр нафаси
Янги таҳрирдаги Бош Қомусимизда мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳалари қатори таълим соҳасига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда
Мамлакатимизда таълимнинг барча босқичларини, хусусан, халқ таълимини тизимли ислоҳ қилиш ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожлантиришни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришнинг муҳим шартидир. Бу эса, ўз навбатида, ўқув-тарбия жараёнида таълимнинг инновацион шакллари ва усулларини қўллашни талаб этади. Ўқитиш соҳасидаги янгиланишлар жараёнида чет тилларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилгани ёшларимизнинг ўқув ва илмий фаолиятини хориждаги нуфузли олий таълим ва тадқиқот муассасаларида давом эттиришига хизмат қилади.
Жорий йилнинг юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилиниши алоҳида эътирофга лойиқ. Чунки таълим сифати ва жамият тараққиёти ўзаро чамбарчас боғлиқ. Сифатли таълим йўлга қўйилса, билимли, рақобатбардош, замонавий компетенцияларга эга кадрлар етишиб чиқади. Бундай мутахассислар эса касбий ва бошқарув фаолиятида оқилона қарорлар қабул қилиш орқали юрт равнақига ҳисса қўшади.
Президентимиз Янги Ўзбекистонни “Ижтимоий давлат” тамойили асосида қуришни эътироф этиб, энг катта инвестиция таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилишини алоҳида таъкидлади. Зотан, “Нажот — таълимда, нажот — тарбияда, нажот — билимда. Чунки барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”. Бугун замон ҳар қачонгидан ҳам тезлашди. Шу боис, замон талаблари асосида ўқитиш ҳам янгиланиши ва ривожланиши зарур. Энди билим олувчилар ҳам, таълим берувчилар, қолаверса, таълим мазмуни ҳам янгиланиши, ўзгариши керак. Биз фаолият юритаётган олий таълим муассасасида ҳам жараён давом этмоқда. Негаки, талабаларда эркин ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш барчамизнинг бурчимиз.
Шу ўринда Самарқанд давлат чет тиллар институтида ҳам таълим сифатини яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб ўтамиз. Йилдан йилга институтга ўқишга кириш мақсадида ҳужжат топширувчилар ва талабалар сони ортиб бормоқда. Бу эса ўз-ўзидан янгидан янги ўқув бинолари, талабалар тураржойлари ва кутубхоналар қуришни, жумладан, янги таълим йўналишлари, факультетлар ҳамда филиалларни очишни тақозо этмоқда.
Эҳтиёждан келиб чиқиб, 2022/2023 ўқув йилида давлат-хусусий шериклик асосида 1 минг 500 ўринга мўлжалланган талабалар тураржойи, шунингдек, уч қаватли замонавий ахборот-ресурс маркази қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, мавжуд ва фойдаланишга яроқсиз бўлган минг ўринга мослашган тўрт қаватли ўқув биноси ҳамда 350 ўринли талабалар тураржойи мукаммал қайта таъмирдан чиқарилди ва ҳозирда талабалар учун фойдаланишга топширилган. Биз бу билан талабаларни тураржой билан таъминлаб, замон талабларига мос жиҳозланган ўқув хоналарида таълим олишига имкон яратдик, десак муболаға бўлмайди.
Айни дамда жаҳон андозаларига жавоб берадиган икки минг ўринли янги ўқув биноси қуриляпти. Жумладан, очиқ спорт майдони, ёпиқ спорт мажмуаси, таълимда кластер тизимини жорий қилиш мақсадида мактабгача таълим муассасаси ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб қуриш ишлари ҳам истиқболдаги режаларимиздан ўрин олган.
Самарқанд давлат чет тиллар институти хорижий олийгоҳлар билан алоқа ўрнатиш борасида ҳам ўзига хос ўринга эга. Бугунги кунга қадар институт юзга яқин нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни давом эттирмоқда. Бу йил Туркиянинг Меҳмет Акиф Эрсой университети билан ҳамкорликда турк тилини, Испаниянинг Кастилла-Ла Манча университети билан биргаликда испан тилини ўқитиш бўйича қўшма таълим дастурларини йўлга қўйишни мақсад қилганмиз.
Таъкидлаш жоиз, Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги томонидан 27-28 март кунлари Тошкентда Ўзбекистон-Корея олий таълим муассасалари ректорлари форуми ўтказилди. Ушбу форумда Самарқанд давлат чет тиллар институти Жанубий Кореянинг бир нечта олийгоҳлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди. Даегу Ҳаанй университети, Дуксунг Wоменс университети ҳамда “Busan University of Foreign Studies” университетлари шулар жумласидандир.
Форум доирасида мазкур олий таълим муассасалари билан келгусида томонлар ўртасида ҳамкорликда илмий ҳамда бадиий адабиётлар яратиш, профессор-ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш ва уларнинг тажрибасини ошириш, шунингдек, биргаликда янги таълим йўналишларини очиш кабилар юзасидан ҳамкорлик Меморандумларини имзоладик.
Барчамизга маълум, Самарқанд давлат чет тиллар институти мамлакатимиздаги 40 дан ортиқ олий таълим муассасалари билан биргаликда молиявий, академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигига муносиб топилган. Биринчи навбатда, ушбу тизимга ўтган олийгоҳларга таълим бозоридаги талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда ҳамда муассасанинг илмий-педагогик салоҳияти, моддий-техник базасини инобатга олиб, янги ўқув йўналишлари очиш, талабаларни тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари ва тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш ҳуқуқи берилади.
Молиявий мустақилликнинг яна бир афзаллиги топиладиган даромадни кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлган талабаларга сарфлаш, уларга моддий ёрдам бериш, рағбатлантириш мумкин. Шунингдек, олий ўқув юрти замонавий педагогик технологияларни қўллайдиган, илмий изланиш олиб борадиган маҳаллий ҳамда хорижий профессор-ўқитувчилар, мутахассисларни шартнома асосида ўқув жараёнига жалб қила олади. Молиявий мустақил бўлганимиз боис, охирги икки йилда қатор ишларни бажардик. Жумладан, институтимизда таҳсил олаётган талабалар мунтазам моддий рағбатлантирилмоқда.
Энг аҳамиятли жиҳати, олий таълим муассасаларига молиявий, академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллик бериш тизими янгиланаётган Конституцияда мустаҳкамланиб қўйилмоқда. Бу борада батафсил тўхталиб ўтадиган бўлсак, яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Конституциянинг моддалари амалдаги 128 тадан 155 тага кўпайиб, нормалари 275 тадан 434 тага ошгани, яъни, Асосий Қонунимизнинг 65 фоиз матни халқимиз таклифлари асосида янгилангани, бойитилгани, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид қоидалар уч ярим бараварга кўпайгани ҳамда шулардан келиб чиқиб, лойиҳани янги таҳрирдаги Конституция сифатида қабул қилиш учун барча асослар етарли эканлиги таъкидланди. Ҳақиқатан ҳам шундай. Айниқса, янги Конституциямизда таълим сифатини янада оширишга хизмат қиладиган ўзгариш ва қўшимчалар киритилганлиги эътибор ва алоҳида эътирофга лойиқ. Жумладан, айнан таълим соҳасидаги ўзгаришлар тўғрисида гапирадиган бўлсак, 43-моддада “Давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаши, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиши, фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этиши ва доимий рағбатлантириб бориши” белгилаб қўйилди.
Янги таҳрирдаги Бош Қонунимизнинг 50-моддасида эса ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эгалиги, давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлаши ҳамда Давлатнинг мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиши мустаҳкамлаб қўйилди. Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлаши, шунингдек, умумий ўрта таълим мажбурий эканлиги ва Таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия билан таъминлаши ҳам шулар жумласидандир.
Фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақлилиги, олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга эканлиги ҳам 51-моддада белгилаб қўйилмоқда.
Яна шуни алоҳида таъкидлашни истардикки, Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳам Юртбошимиз томонидан 2021 йилда қабул қилинган 60-сонли “Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 61-сонли “Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари билан академик, ташкилий-бошқарув ҳамда молиявий мустақил бўлганмиз. Эндиликда бу тизим кўплаб олий таълим муассасаларида жорий этилмоқда.
52-моддага қарайдиган бўлсак, унда ўқитувчининг қадр-қимматини, нуфузини ошириш, шаъни давлат томонидан ҳимоя қилиниши қатъий белгилаб қўйилган бўлиб, унга қуйидагича ўзгартириш киритилди: “Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”.
Ҳа, янги таҳрирдаги Конституциямизда мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳалари қатори таълим соҳасига ҳам жиддий эътибор қаратилганлиги жуда қувонарли. Шунинг учун ҳам мамлакатимизнинг барча фуқаролари қатори бизнинг институтимиз ўқитувчи ва талабалари ҳам янгиланган Конститутция муҳокамасида фаол иштирок этиб, уни қабул қилиш учун якдиллик билан овоз беришга келишиб олдилар. Зеро, янгиланган Конституция ижтимоий, демократик-ҳуқуқий ва чинакам халқпарвар давлатчилик асосларини яратиши, аҳоли фаровонлигини ошириши, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада юксалтириши ва ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришда муҳим омил бўлиши ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётида янги даврни бошлаб беришига аминмиз.
Илҳомжон ТЎХТАСИНОВ,
Самарқанд давлат чет тиллар
институти ректори, педагогика
фанлари доктори, профессор