БОЗОРДА АРАВА ТОРТИБ, ПЕЧКА СОТГАН ЙИГИТ

қандай қилиб блогерга айланди?

Дима Қаюм. Бу номни интернет саҳифаларида, ижтимоий тармоқларда кўп учратамиз. Ҳаётий ҳақиқатлар, жамият муаммоларини  ўз даражасида ёритадиган, чекка бир қишлоқнинг оддий ҳаёт тарзини намоён этувчи бу одам Фарғона вилоятининг Риштон туманидан.

Асли исми-шарифи — Дилшод Болтабоев. У бугун блогер. Дима Қаюм тахаллуси. Асл касби печкачи – уста. Шунингдек, Риштон туманидаги деҳқон бозорида ўзининг кутубхонасини очган. Айтишича бугунги кунда кутубхонада 10 мингга яқин турли хил адабиётлар бўлиб, унга нафақат юртимиз фуқаролари балки, чет эллик сайёҳлар ҳам кириб туришади. Дима Қаюмга бир неча саволлар бердик. У бажонидил жавоб қайтарди.

 – Дилшод ака, тузуккина исмингиз бор экан, ҳамма Дима Қаюм дей­ди. Майли бу — суҳбат аввалидан ҳазил. Асли касбингиз печкачи – ҳунарманд экан. Билишимча бозордаги тадбиркорларга шогирд тушиб, шу касбнинг сир-асрорини ўрганган экансиз?

– Ҳа. Умримнинг чорак қисми мана шу бозорда ўтди. Дастлаб, холамнинг ўғиллари билан бозорда арава тортганмиз. Ҳалол меҳнатнинг айби йўқ, тўғрими? Қўлимиздан келган барча ишлар: қурут, писта, ёнғоқ, мева–чева ҳам сотдик. Нима иш тўғри келса шуни бажардик. Ёш бўлишимга қарамай рўзғор юкини уйдагилар билан тенг тортишга ҳаракат қилардим. Мус­тақилликнинг илк йиллари биз учун оғир келган. Бунинг устига ота-онам қаттиқ касал бўлиб қолгани учун ҳам бозорга чиқиб ишлашга мажбур эдим. Бу нафақат фарзандлик бурчим балки улар олдидаги масъулиятим ҳам эди. Кейинчалик мен шу бозордаги катта тадбиркорга шогирд тушганман. Унинг меҳнатини қилдик, рози қилиб, ўзимиз алоҳида тадбиркорликни бошлаганмиз. Қиш кунларида печка, мўрикон, ёзда эса банкалар сотамиз. Печкаларимизни усталаримиз бор, ўшалар ясайди. Андижон, Асака, Шаҳрихон, Қўқондан бўлган усталар бор, ўшалар чиройли қилиб ясаб беришади. Халқнинг хизматини қилиб юрибмиз-да.

– Демак, сиз печка ясамайсиз, уни сотасиз. Шундайми?

– Ҳа, шундай. Лекин меҳнат қилмаган,  ҳунар ўганмаган,  илм олмаган инсонга ҳаётда оғир бўлиши мумкин. У кутилган ва кутилмаган синовларга тўла. Сабр ва тинимсиз меҳнат эса энг тўғри йўл. Ҳаётимдан нолимайман. Кимгадир менинг касбим оддий бўлиб кўринар. Эҳтимол яна кимдир менсимас, қўлини учи билан кўрсатишар. Ундайларга эътибор бермайман. Бу — менинг йўлим, менинг ҳаётим. Худога шукур, ёшликдаги қийинчиликлар ҳозир ортда қолган. Муҳими тинчлик замонида яшамоқдамиз. Меҳнат қилинса, ҳамма нарсага етишса бўлади. Асосийси қайси касб эгаси бўлишидан қатъи назар тўхтаб қолмаслик.

– Мана, сиз 24 йилдан буён бозорда экансиз. Бозор бу фақат маҳсулотларни сотиш, сотиб оладиган жой эмас. Бу ерда ҳаётнинг ёзилган ва ёзилмаган қонунлари ҳам ишлайди. Нима деб ўйлайсиз, сиз ана шу “қонун”ларга қандай амал қилиб келмоқдасиз?

– Аслида бозорчи ҳам бир тадбиркор. Битта растаси бўладими, ўнта бўладими, дўконими, бунинг фарқи йўқ. Бир қарашда оддий бўлиб кўриниши мумкин, лекин қийин касблардан бири бу бозорда савдо-сотиқ қилиш. Таваккалчи бўлмасангиз сиздан сотувчи чиқмайди. Бунинг учун билим керак. Ҳисоб-китоб, муомала маданияти, харидорларга манзур бўладиган тилда сўзлаш лозим. Агар эрталаб уйингизда ким биландир урушиб келган, кайфиятингиз ёмон бўлса бунга харидор айбдор эмас. Сиз ана шундай паллада ўзингизни қўлга олиб, ёмон кайфиятни бир четга суриб ишингизни давом эттиришингиз керак. Тўғри, бозорингиз бир текисда кетмайди. Орада зиён кўришингиз ҳам мумкин. Бусиз иложи йўқ. Аммо ҳар бир кўрилган зиён сиз учун бир дарс бўлади. “Ёзилмаган қонунлар”га келсак, бу аввало “снос”лар масаласи. Очиғи, у ҳар бир тадбиркор, бозорчини қийнаб юборади. Олдинлари ҳар янги келган ҳоким борки бозорни бузишга, унга ўзича ўзгартириш киритишга уринарди. Бугун вазият ўзгарди. Президентимиз тадбиркор ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳақида кўплаб қарорлар, фармонлар чиқармоқда, ишлаш учун кенг йўллар очилди. Худога шукур, ҳозирги пайт­­да ҳеч ким ишимизга аралашмайди. Вақтида солиғини тўлаб, меҳнат қилаяпмиз.

– Риштон туманидаги Деҳқон бозорида кутубхона ташкил этиб, ўқувчиларни, китобсеварларни турли адабиётлар билан беминнат таъминлаб келаётган кутубхонангиз бугун ҳам борми?

– Бор, албатта. Китоблар – менинг ҳаётим. Ўзим зиёли оиладан бўлганим учун китобга муҳаббатим кучли. Президентимизнинг китоб мутолаасига бўлган катта эътибори эса мени янада илҳомлантирди. Яъни, менда бундан 6 йил аввал одамларга мутолаа учун бепул тарқатиладиган кутубхона очиш истаги туғилди. Мен тадбиркорлик орқасидан 2 миллион сўм жамғаргандим ва бу пулга кутубхона учун маҳаллий усталарга махсус бир китоб жавони ясаттирдим.

Бу ҳақида “facebook”да маълум қилганимда, ҳамюртларим мени қўллаб-қувватлашди. Бутун рес­публика бўйлаб, ҳатто қўшни Қирғизистондан ҳам китоблар юборишди. Маърифатпарвар юртдошларимизга катта раҳмат! Ёшликдан катта бўлсам ўзимнинг кутубхонам бўлади деб ният қилардим. Ниҳоят, у амалга ошди. 2017 йил 21 октябрда (тил байрамимиз арафасида)  уни очдик. Дастлаб, унинг фондида саноқли, бир неча юзта китоб бўлган бўлса, бугун 10 мингга яқин турли хил адабиётлар, ўзбек ва жаҳон асарлари, тадбиркорлик, бизнес соҳаларига оид китоблар жамланган. Ҳа, мана унинг очилганига 6 йилдан ошди. Ҳали бирор кун бўлса-да тўхтаб қолмаган. Риштонлик ёшу-қариялар учун беминнат хизмат қилиб келмоқдамиз. Нафақат катталар, бу ердан ёшларнинг ҳам қадами узилмайди. 20, 30 га яқин ёшларимиз китоблар сотиб олишади. Демак, уларга керак. Мутолаа қилишмоқда. Биласизми, баъзида ишдан чарчаб кетсам ўзим ҳам дарҳол шу ерга чопаман. Ёқтирган китобларни мутолаа қилиб енгиллик оламан. Асосан, хажвий йўналишда ижод қилиб, пост­лар ёзганим учунми Анвар Обиджон ҳажвиялари, хусусан, унинг “Олтиариқ ҳангомалари” ва албатта ўзимизнинг “Муштум” журналини кўп ўқийман.

– Бежизга бу саволни бермадим. Сабаби, кутубхонангиз очилгандан бироз ўтиб, “ноқонуний қурилган” дея бузиб ташлашмоқчи бўлишганмиди?

– Тўғри, бошида тушунмовчиликлар кўп бўлди. “Бозорнинг ичида кутубхона бўладими” деб устимдан кулганлар ҳам бўлишган. Лекин мен тўхтаб қолмадим. Курашдим. Ўзбекис­тон халқ шоири Иқбол Мирзо ўша вақтда сенатор эдилар, у киши Риштонга келиб, бу ердаги бозорда янги қуриладиган кутубхона учун рамзий маънода ғишт қўйиб берганди. Бироқ орадан маълум вақт ўтгач, бозор маъмурияти томонидан “Кутубхона ноқонуний жойга қурил­япти, буни бузиш керак” деган гап-сўзларни қилишди. Табиийки қаршилик қилдим. Вазиятдан халқни хабардор қилиш учун ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимга пост қўйдим. Бу эса ижобий натижасини берди. Бир гуруҳ зиёлилар, жамоатчилик вакиллари, депутатлар ва Комил Алламжонов (у пайтда Президент Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Бош директори эдилар) аралашуви билан кутубхона бузилишдан сақлаб қолинди. Бугунга келиб ҳаммаси жойига тушган ва фаолиятимиз давом этмоқда. Ниятим битта — ватан учун сидқидилдан меҳнат қилиш. Ва бир орзуим бор: қани энди Ўзбекистоннинг ҳар бир туман, шаҳар марказларида ҳам мана шундай “Халқ кутубхоналари” қурилса. Нур устига аъло нур бўларди-да!

– Ижтимоий тармоқларда анчагина шов-шув бўлган “Мен ким, Дима Қаюм” китобини ёзгансиз. Бунга сабаб нима бўлган ва у ерда нималар ҳақида сўз боради. Шунингдек, бугун телеграм каналингизни 1,500 дан ортиқ, “facebook” саҳифангизни эса 40 000 га яқин киши кузатади…

– Бу рост. Аввало бу китобнинг чоп этилишида ўзларининг ёрдамини аямаган яхши инсонларга раҳмат айтаман. Биласизми, ўзимиз халқнинг орасидамиз. Бор ҳаётий нарсаларни кулгили қилиб чиқариб берамиз. Аслида, у нарсаларни кулгили, деб ҳам бўлмайди. Бироқ бу ҳам бир йўналиш-да. Келажакда режаларим кўп. Бу билан тўхтаб қолмаймиз. Режаларимиз улкан. Фалсафий мавзуларга келсак, раҳматли Ҳожибой Тожибоев: “Халқдан олиб, халққа берамиз” деганидек, мен ҳам шу халқдан олиб, халққа бераман. Китобимда эса ана шу халқнинг ўзидан олинган оддий, содда, рамзий маънога эга бўлган латифалар, воқеалар ўрин олган. Назаримда китоб ёмон ёзилмаган. (Ушбу китоб унинг “facebook”даги шахсий саҳифасида эълон қилинган ҳазил-ҳангомаларидан таркиб топган. Уларда “оддий печкачининг” (Дима Қаюм ибораси) улкан қалбини илғаш қийин эмас.) Сотиб олиб ўқишмоқда. Фикрлари билан ўртоқлашмоқда. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимга келадиган бўлсак, албатта, вақт топаман. Каминанинг эътиборидан ҳеч нарса четда қолмайди. Ижтимоий аҳамиятга молик долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун жойлайман. Китоб тарғиботи, хайрия ишлари, дўстлар билан самимий суҳбатлар, суратлар дегандек. Айтганча, камина яхшигина фотограф ҳам. “facebook”даги саҳифамда 10 000 дан ортиқ ўзим туширган расмлар бор. Уларда оддий халқнинг турмуш тарзи, фаолияти, бозордаги қайноқ жараёнлар, далалардаги меҳнат, бир сўз билан айтганда менинг диққатимга нима эътиборли кўринса, шуларни суратларга муҳрлайман ва албатта одамларга улашаман. Бугун жамият беэътибор эмас. Қўяётган ҳар бир постларимга ўзларининг муносабатини билдириб боришади. Ҳайрия ишларини ташкилласак савобталаб тадбиркорлик, яхши инсонлар ёрдам қўлини чўзишади. Бу эса менда ишлаш, севган касбим билан фахрланиш ҳиссини кучайтиради.

– Нега айнан Дима Қаюм тахаллусини танлагансиз. Унинг ўрнига ўзбекча бирорта исм қўйсангиз ҳам бўларди-ку?

– Аслида бу исм дилимга иймон марҳаматингни аяма деган сўзларнинг йиғиндисидан таркиб топган. Сўзлар қўшилганда унинг бош ҳарфидан Дима деган исм келиб чиққан. Қаюм эса машҳур инсонларга ҳавас қилиб қўйилган. Бошқа сабаби йўқ.

– Албатта. Қаюм номи ҳам жуда улуғ. Аллоҳнинг номи. Ўзи қўлласин. Демак, шундай қилиб, печкачи-тадбиркор бўлиб, бирданига “бир юмалаб” блогерга айланиб қолдингиз? 

– Ҳаммаси ҳаваскорликдан бошланган. Ўн йиллар илгари “facebook”да ўзимнинг шахсий саҳифамни очганман ва ҳажвий йўналишда постлар жойлаб борардим. Ундан олдин “Odnoklassniki” тармоғида ҳам фаол эдим. Лекин у унчалик ўхшамади. Бора-бора одамлар ижтимоий тармоқлардаги постларимга, хазил-мутойибаларимга ўзларининг муносабатини бера бошлади. Шундай тарзда ўз аудиториямни шакллантирдим.

– Айтишларича, бугун блогерлик асосий даромад манбаингизга айланган. Бозорда печка сотишдан кўра бу сердаромадлироқ иш эканми?

– Даромад топмайман десам ёлғон бўлади. Бироқ унчалик кўп эмас. Асосан, рекламалардан даромад тушиб туради. Ҳеч қачон маблағ борасида тортишмайман. Берганини олиб кетавераман. Қилиб берган рекламаларимга кўпинча телефон, китоблар беришади. Борига барака. Нима ҳам деймиз. Яна бир гап: кутубхона очилишидан олдин айнан блогерликдан топган маблағларимни кутубхона очилишига сарф қилганман. Шу қаторида кўплаб тадбиркорлар, яхши инсонлар қараб туришмаган, қарашган. Шунинг учун ёрдами теккан кўпчиликнинг маҳсулотларини бепул реклама ҳам қилиб бераман.

– Суҳбатимиз якунида айтар сўзларингиз бўлса, марҳамат?

– Қийналиб катта бўлдим. Олий маълумот ли бўлиш насиб этмади. Тирикчилик ташвишидан ортмадим. Бугун ўқиёлмаганимдан афсусланаман. Гоҳида аламим келади. Одамлар, ёшлар менга ўхшаб афсусланишмасин дейман. Қишлоқ жойларда бугун одамларнинг китоб сотиб олиб ўқиши қийин. Чунки рўзғорини тебратишга, қора қозонини қайнатишга амал-тақал қилиб пул топиб, кун кўриб юрганлар қанча. Бошимдан ўтгани учун биламан-да. Бундай оилаларда ўсаётган болалар ўксимаслиги керак. Китоб олишга пули бўлмагани учун маърифатсиз қолмаслиги лозим. Балки шуларнинг орасидан юрт қаддини кўтарадиганлар, Ватанга сидқидилдан хизмат қиладиганлар етишиб чиқар. Ўқишсин, илмли бўлишсин! Шу қишлоғимиздан яхши, ўқимишли инсонлар чиқишса, хурсанд бўламан. Бизнинг Ўзбекис­тондан ҳам “Apple”нинг хўжайинидек бизнесменлар, катта-катта сахий, маърифатли ишбилармон-тадбиркорлар чиқсин, дунё юзини кўрсин дейман.

Ислом АСИЛБЕКОВ ёзиб олди.

«Ҳуррият» газетаси, 2023 йил 16 август, 32-сонидан олинди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 + 17 =