Дўстлар дийдорин истар кўнгил…

Курсдош дўстлар дийдорлашуви ҳақида ёзиш шунчалик муҳимми? Ҳамманинг ҳам курсдош­лари бор, улар ҳам биз каби бир-бирлари билан хабарлашиб, кўришиб туриши табиий, албатта. Қолаверса, курсдошдан ташқари синфдош, мактабдош, қуролдош ва яна бошқа қанча “дош”лар ҳам бор-ку! Ўзбекистон Миллий университети (олдинги Тош­­ДУ)нинг журналистика факультетини 1983 йилда битирган талабаларнинг  40 йиллик учрашуви анъанавий  тадбирлардан нимаси билан фарқ қилди? Бир қараганда, бу ҳам одатдаги учрашувлардан бири-да, дерсиз. Умуман олганда, шундай. Аммо, дилдош­ларимнинг ўтган йиллар ўз изини қолдирган нурли сиймоларига боқиб,  уларнинг ҳар бири  етуклик сари, донишмандлик сари юз тутаётганлигига амин бўлдик.

Биз ростдан ҳам дилдошмиз, сирдошмиз. Ахир  беш йил  бир аудиторияда таҳсил олганмиз, бир партада ёнма-ён ўтирганмиз. Бир ётоқхонада, бир томнинг остида яшаганмиз. Ошхонамиз ҳам, дарсхонамиз ҳам бир эди.  Турли қозонларда тайёрланган таомлардан бошқа хонадошларга ҳам манзират қилинарди. Бир кишининг меҳмони барчаники эди. Машғулотларга тайёрланиш ҳам шу зайлда кечарди: бир хона бошқа хонадан китоб ёки ёзув дафтарини  оларди ёки берарди, кимдир қайси бир иқтидорли ижодкорнинг  янги асарини ўқиганини айтарди, ундан иқтибослар келтириб, бошқаларни ҳам ўқишга даъват қиларди. Бошқа биров эса ўз ижодидан  намуналар ўқирди. Ўзимиз англамаган, билмаган ҳолда ана шу дўстлар даврасида, ижодий муҳит ичида ўсиб-улғайганмиз. Албатта, ўқишни тугатгач, ким қаёққа ишга бориши-ю, ўз фаолиятини қандай давом эттиришигача – ҳаммамиз бир-биримизни яхши билардик. Келажак орзуларимизни бир-биримизга  сўзлаб берардик. Ахир қандай дилдош бўлмаслик мумкин?

Мақтаниш эмас, курсдошларимиз ўртасидаги  меҳр-оқибатга ҳозиргача кўпчилик ҳавас қилади. Тўғри, ўқишни битирган дастлабки  йилларда ҳамма ҳам ўз ташвишлари билан овора бўлиши тайин. Бизда ҳам шундай бўлган. Бироқ 2003 йилдан буён учрашувларимиз анъанавий тус олди. Ўшанда 20 йиллик тадбиримизни катта саъй-ҳаракатлар билан ташкил қилгандик. Ўша кезларда, дўстимиз, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Бобур Алихонов “Ўзбекистон” телеканалининг “Ахборот” дирекциясига раҳбарлик қилиб турган даврда, барчамиз унинг бошчилигида астойдил ҳаракат қилганмиз: курсдошларнинг яшаш манзилларини аниқлаштириб, барчани хабардор қилиб, йиғилишганмиз. Деярли ҳамма курсдошлар тўпланиб, чиройли дастур тайёрлагандик. Юқори ва кейинги курслар ҳам ҳавас қилиб, биздан ибрат олишганди.

Шу-шу дўстона алоқаларимиз қайтадан мус­таҳкамланиб, учрашувларимиз анъанавийлик тусини ола бошлади. 2008 йилда дийдорлашувнинг 25 йиллигини ташкил килдик. Шундан бошлаб эса курсдошларимиз турли вилоятлардан эмасми, ҳар йили ҳали у ҳудудда, ҳали бу ҳудудда тўпланиш яхши анъанага айланиб қолди. Бу орада Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Бухоро, Фарғона, Андижон вилоятларидаги дўстларимиз  бизни меҳмон сифатида кутиб олишди. Бундан ташқари, ўзаро борди-келдиларимизни айтмайсизми, уларнинг  сон-саноғини ҳам билмаймиз. Ўтган давр мобайнида бир-биримизга қанчалар ҳамдард ва ҳамнафас бўлганмиз, ўрни келганда суянч ва юпанч бўлдик. Айниқса, ҳар биримизнинг ютуғимизда, албатта, дўстларнинг кўмаги, маслаҳати борлиги яна ҳам қувонарли.

40 йиллик учрашувимизни барчамиз ҳам катта интизорлик билан кутганмиз, шекилли (курсдош­ларнинг телеграм канали ҳам ташкил қилинган), кун санаб кунимиз ўтди: телеграм каналда тадбирга неча кун қолганлиги ҳар куни кўрсатиб борилди. Ва ниҳоят, кутган дақиқаларга – шу йилнинг 13 май санаси – шанба кунига етиб келдик. Аллоҳ бизни ниятимизга етказди. Ушбу  тадбирга эндиги сафар Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган  курсдошларимиз мезбонлик қилишди. Барчанинг кўнглини бирдек оладиган, биродарларни тез-тез йўқлайдиган дўстимиз Олим Душаев ушбу тадбирга оиласи билан бош-қош бўлди. Тўғри-да, у айтганидек, вилоятларга борганимизда хурсандчилигидан ўзини қўярга жой тополмайдиган, меҳмонига уйининг тўридан-да жой  берадиган қадрдонларинг 40 йил деганда Тошкенти азимга бир келишса-ю, уларнинг ҳурматини қилмасак, қандай бўлади?! Меҳмонларни кутиб ола бошладик. Бизнинг уйга бир кун аввал қашқадарёлик ва сурхондарёлик дўстлар оилавий бўлиб ташриф буюришди.

Қибрай тумани марказидан оқиб ўтувчи  анҳор ёқасида жойлашган соя-салқин дала ҳовли учрашувимизнинг манзил-макони бўлди. Меҳмонларни бирин-кетин катта хурсандчилик билан кутиб олдик. Энг сўнгида водийлик дўстларимиз ташриф буюрдилар. Ростини айтганда, учрашувимиз  расмиятчиликлардан холи, самимий руҳда ўтди. Таниқли шоир Абдумажид Азимов ўтган давр ичида босиб ўтган йўлимиз, эришган муваффақиятларимиз  ҳақида қисқача бўлса-да, фахр билан сўзлади, хусусан,  бир гуруҳ курсдошларимиз Бобур Алихонов  бошчилигида  телевидение соҳасида, мамлакатимиз ахборот маконини ривожлантиришда  самарали фаолият олиб боришгани, кўпчилик йигит-қизларнинг  республикамиздаги нуфузли газета ва журналларда эришган ижодий  ютуқлари, бир гуруҳ дўстларимизнинг ўз ҳудудларида маҳаллий оммавий ахборот воситалари ривожида тутган ўрни   хусусида ифтихор билан сўз юритилди. Йўқ, маърузабозлик бўлмади. Таклиф этилган санъаткорлар ижросидаги дилтортар куй ва қўшиқлар даврамизга файз бағишлади, шунга монанд гўзал рақслар  ижро этилди.

Хоразмлик курсдошимиз Маҳфира Отаеванинг дўстларга бағишланган шеъридан барчамиз қаттиқ таъсирландик. Йиллар мобайнида бир неча қадрдонларимизни йўқотганмиз-да, ахир. Шеърда улар ҳақидаги ўчмас хотиралар дард билан қаламга олинган эди.

Яхши суҳбатлар қилдик. Худди ёш боладай — ҳали у даврага югураман, ҳали бу даврага чопаман. Уларни худди илгари кўрмагандайман, билинтирмай, юзларига, кўзларига   қаттиқ тикиламан, авваллари билмаган каби, янада кўпроқ ўргангандай бўламан, ҳозиргача мен билмаган, англамаган жиҳатларини, сифатларини кашф этгандай бўламан, ўзимча. Бунинг учун фурсат етмаётгандай, дақиқалар  эса тез, тезроқ ўтиб бораётгандай туюлаверади, назаримда.  Албатта, вақт қисқа, мен дўстларимнинг бугунги бахтини, қувончини англашим, ҳис этишим учун дардини-да тушуниб, кўнг­лини олишим учун бир кун, икки кун етмаслигини билиб, ўтиб бораётган  лаҳзаларнинг ҳам шунчаки ўтишини истамасдим. Агар янгидан, озгина ниманидир илғасам – қувониб кетаман, кўнглим ёришади. Мен каби бошқа дўстларим ҳам  ушбу туйғуни — дийдорнинг нашъу навосини,  беором кўнгил соғинчини  қалбан ҳис этаётганини  англадим. Ва биз бу билан  масрур эдик.

Ўрин ака (Худойбердиев)нинг дўстлар учун кабоб тайёрлаб, “Мен ҳаммангизни яхши кўраман”, дея илтифот билан таомни дастурхонга тортиқ қилиши, Қурбон ака (Тўрақулов), Раҳмон ака (Маҳмудов)ларнинг сокин  ва самимий суҳбатлари, Раъно Тўлаганованинг қувноқ ҳазил-мутойибалари, Сафар Омон ва бошқа дўстларнинг элга  омонлик тилаб қилган  дуоларини – барча-барчасини, Аллоҳнинг розилиги учун,  кўнгилдан  кўнгилларга изҳор деб билдик. Шу суҳбатларнинг бирида  содда ва самимий курсдошимиз Римма Бобоеванинг мен ҳанузгача билмаган катта маънавиятини яна ҳам теран англадим. У  чин инсонийлик қадриятини ота-боболаридан олганлиги ва уни авлодларга етказаётганини эшитиб, бир дўст сифатида ифтихор туйдим. Айниқса, курсдошларимиз Содиқ Эшмуродов ҳамда Ўрин аканинг жайдари  ҳангомалари даврамизга янада хуш кайфият бағишлади. Биров бировга овозини баландлатиб гапирган эмас, ҳамма бир-бирини асраб-авайлади, назаримда. Ҳатто хурсандчилик боис, бир оз кўнглини чоғлаган  меҳмонларга ҳам илтифот кўрсатилди. Мезбонларнинг хизматлари ҳам чиройли бўлди, мазали таомлар тайёрланиб, дастурхонга улашилди.  Даврада таниқли шоир дўстимиз Баҳром Рўзимуҳаммад бир фикрни билдирди: олт­миш икки йил ичида мен ҳали бунчалик ҳаловатланмагандим. Бу барчамизнинг кўнглимиздаги гап эди.

Биз бир-биримизни қаттиқ соғингандик, доимо шеър ўқилган даврада энди кўзлар сўзлади, нурли юзлар сўзлади, дўстларнинг ҳар бири вужуди билан, нигоҳлари билан шеърга айланган, сўзлари-да – шеър, шеърлари-да  – сўз эди. Ҳар гал давраларни  латифалари билан қизитиб келган Улуғбек Раҳимов ҳам бу гал навбатни давра муҳитига бўшатиб бера қолди. Биз учун олтинга тенг бўлган дийдор онларини  муҳрлаб, улардан бизни баҳраманд айлаган Ҳайдарали Маматов, Салимахон  Рустамова ва Турсуной Душаеваларнинг тезкорлиги ва маҳоратига тасаннолар айтдик.

Журналис­тика илмидан  сабоқ олганмиз. Кимдир сиртқига ўтиб кетди, кимдир кечкига,  уларнинг ҳам ўрни шу зайлда тўлиб борди. 1983 йилда 40 нафар талаба ушбу илм даргоҳини битириб, қалдирғоч мисоли  ўз кенту қишлоқларига, манзил-маконларига равона бўлишди. Адабий  жараёнга яқин бўлган, марказий нашрларда ўз илми ва тажрибасини синамоқ истагида бўлган бир гуруҳ курсдошлар пойтахтда қолишга қарор қилдилар. Ва албатта, улар  мақсад-муддаоларига етишишди: ўз соҳасининг етук кишилари, билимдонлари, муҳими, эл танийдиган ва эл ардоқлайдиган инсонлар бўлиб шаклланишди.

Аммо, ҳаёт бешафқат экан. Эли учун, юрти учун бемисл хизмат қилган баъзи дўстларимиз бу фоний дунёни эрта тарк этишди. Бетакрор шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдували Қутбиддин, “Адолат” газетасининг собиқ бош муҳаррири ўринбосари Рустамжон Аҳмадалиев, Фарғона вилояти ҳокимлиги ходимаси, шўх ва шаддод Роҳатой Қорабоева (Отақўзиева), болаларнинг севимли эртакчиси Ҳидоят Тўрахонова, “Бойсун овози” газетасида кўп йиллар раҳбарлик қилиб келган,  мард ва танти инсон Хайрулло Султонов, курсдошларимиз орасидаги илк тадбиркорлардан бири Олимжон Остонов, доимо қувноқ ва кўнгли очиқ Муборак Қозоқова ва Нишонбуви  Эрназарова, қорақалпоқ оғамиз, полвонкелбат Ерженбой Маденовларни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин, охиратлари обод, руҳлари шод бўлсин, омин. Уларнинг ҳар бирининг ўрни бўлак эди. Улар қалбларимизда мангу яшайди. Ўтганларнинг ҳақларига дуолар қилдик. Аллоҳ рози бўлсин.

Мазкур дийдорлашув онларидан мен англаган асл ҳақиқат шу бўлди:  дўстларимиз Аллоҳдан жамики дил сўзларини, эзгу ниятларини сўрашмоқда. Улар бирин-кетин ҳаж ва умра амалларини адо этишмоқда. Ҳожи ака ва опаларимизнинг зиёратлари қабул бўлсин. Илоҳим, ана шундай муқаддас амалларни бажаришни барчамизга насиб айласин. Дийдорлашув кунлари ҳожиларимизнинг биргаликда тиловат қилишларида,  ҳаж ва умра зиёрати билан боғлиқ  суҳбатларда, ўзаро мулоқот ва муносабатларда – ҳар бирида мен дўстлардаги улуғворликни, комиллик сари интилишни, Аллоҳга бўлган муҳаббатнинг мавжларини англадим ва улар ўзларига мангуга ҳамроҳ бўлишига тилакдошман. Таассуфки, Сурхондарёнинг олис Сариосиёсидан аёли билан Тошкентга келган дўстимиз Мусурмон Тилаков ҳам ушбу йиғилишимизда иштирок эта олмади. Хотинининг: “Аввал даволаниб, учрашувга сўнг борарсиз”, дейишига ҳам  кўнмабди ака. “Аввал дўстларимни кўришим керак”, дебди ва ушбу учрашувдан кейин даволанишни мўлжаллаб турган экан. Таассуфки, йиғилишимиздан  бир кун аввал аканинг иситмаси чиқиб қолди: “тез ёрдам” чақириб шифохонага жойлаштирдик. Тадбирдан сўнг ҳам аҳволини сўраб турдик. Айни чоғда Мусурмон ака даволанишда. Аллоҳ шифои комил  берсин.

Кейинчалик бир савоб ишдан кўнглим жуда тас­кин топди. Учрашувдан қайтаётиб, Содиқ Эшмуродовга, дўстимиз Эргаш (Иброҳимов)дан (кўп йиллардан буён бетобланиб қолган) ҳам бир хабар олса, яхши бўлишини эслатгандим. Ҳаммамиз ҳам чарчаганмиз, ўзимизга яраша ташвишларимиз бор эди, албатта. Бу хайрли иш Содиқ аканинг ҳам кўнглида турган бўлса-да, ака шошилинч равишда Қашқадарёга жўнаб кетибди. Сўнг эшитдимки, у тезда бир кунга Тошкентга  келиб, Эргаш дўстимиздан хабар олиб, бошқаларни безовта қилишни ҳам истамай, яна қайтиб кетибди.

Гарчи кўп бора эсланса ҳам, топиб айтилган яхши сўзнинг қадри  йўқолмайди, балки теранлашади, маъно-мазмуни ва аҳамияти ортиб бораверади. Улуғ донишманд Рудакий ёзганидек:

Жаҳоннинг шодлиги  йиғилса бутун,

Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун.

Насиб бўлса, соғинч бизни кейинги йилда Хоразмга чорлаяпти. Яратган Эгам дўстлар дийдоридан айирмасин.

Собир МАМАНОВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen + one =