САМАРҚАНД СЕҲРИ
Ҳиндистоннинг “Business of Travel Trade – BOTT” ихтисослашган сайёҳлик журналида қадимий Самарқанд шаҳри ва туризм соҳасидаги Ўзбекистон – Ҳиндистон ҳамкорлиги ҳақида мақолалар чоп этилди.
“Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик чуқур тарихга эга. Икки давлат турли йўналишларда, жумладан, сиёсат, иқтисодиёт, таълим, спорт, маданият ва гуманитар соҳаларда узоқ йиллик ҳамда вақт синовидан ўтган шериклик муносабатларини ривожлантириб келмоқда, — деб қайд этилган нашрда. – Шу маънода туризм сектори ўзаро алоқаларнинг муҳим жабҳаларидан бири сифатида ажралиб туради”.
Материал муаллифи Ўзбекистон Ҳиндистонда ўзининг салмоқли сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилишдан манфаатдор экани, ҳиндистонлик саёҳатчиларга мамлакатнинг бой маданияти ва анъаналари, албатта, ташриф буюрилиши керак бўлган масканлари, шунингдек, замонавий таълим олиш учун қулай шароитлар яратилган Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Андижон, Фарғона, Наманган, бошқа қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарлари ҳақида ранг-баранг маълумотларни тақдим этаётгани тўғрисида сўз юритган.
“Бу саъй-ҳаракатларда Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси икки мамлакат ўртасидаги боғловчи кўприк вазифасини ўтамоқда, турли маркетинг компанияларида иштирок этиш, янги саёҳат пакетларини тақдим этиш ва Ҳиндистон бўйлаб истеъмолчилар учун тарғибот тадбирларини ўтказиш орқали юксак режаларни амалиётга татбиқ этмоқда”, — деб таъкидлаган “Business of Travel Trade – BOTT” мухбири.
Шундан сўнг журнал ўқувчилари эътибори Ҳиндистоннинг молиявий пойтахти – Мумбай шаҳрида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишлаб уюштирилган кенг кўламли роуд-шоу тафсилотларига қаратилган. Мазкур тақдимот маросими Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг туризм соҳасидаги яқин ҳамкорлигининг яна бир ёрқин намунаси бўлди, икки буюк давлатни бир-бирига яқинлаштирди, Ҳиндистон аҳолисига Ўзбекистон, унинг тарихи, халқаро миқёсда тан олинган ҳақиқий меҳмондўстлик анъаналари ҳақида ранг-баранг маълумот олиш имконини берди, деб қайд этган ихтисослашган нашр.
“Самарқанд: Жаҳон маданий туризм пойтахти” сарлавҳали мақола муаллифи “Ўзбекистоннинг шарқий-марказий бағрида ўтмиш тамаддунлари ҳақида шивирлаб ҳикоя қиладиган, ҳар бир тоши тарихий даврлардан гувоҳлик берадиган шаҳар жойлашган. Икки минг йилдан ортиқ бой тарих ва маданий уйғунликнинг жонли гувоҳи бўлган Самарқанд шаҳрига хуш келибсиз”, деб урғулаган.
Журналист қадимий шаҳарнинг жозибадорлигини англашга ҳаракат қилиб, шундай хулосага келган: “Самарқанднинг сеҳри унинг тарихий хазиналари – масжид, мадраса ва мақбараларнинг мафтункор уйғунлигидадир. Шаҳар марказида ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Регистон жойлашган бўлиб, у бир вақтлар бозорлар ва карвонсаройларнинг шовқинига бурканган, ҳукмдорлар фармонларининг акс садоси янграган гавжум майдон бўлган. Регистон Самарқанд бой тарихининг мазмун-моҳиятини ўзида мужассам этган бўлиб, меҳмонларни ушбу ажойиб шаҳар бунёд этилган ўтган даврларга шўнғишга чорлайди”.
Муаллиф сайёҳларга шаҳарнинг сирли ўтмишидан ҳикоя қилувчи тарихий гавжум кўчалари бўйлаб сайр қилиш, улуғвор Бибихоним мадрасасининг жозибадорлиги, Улуғбек расадхонасининг самовий мўъжизалари, Хожа Аҳрор мажмуасининг сокин муҳити, Афросиёбнинг қадимий сеҳрини ҳис қилишни маслаҳат беради. “Тарихий шахснинг бардавом меросини акс эттирувчи Амир Темурнинг ҳайратланарли мақбарасини зиёрат қилинг. Бу ердаги қўйилган ҳар бир қадам тарихнинг мазкур жонли китобидан янги кашфиётлар очишга имкон беради”, — дейилади нашрда.
Мақолада Самарқанднинг меъморий ёдгорликлари, жонли ва сершовқин Сиёб бозори, кичик дўконлари ва бутиклари ранг-баранг тарзда тасвирланган. Шаҳар ресторанлари ўзбек ва бошқа халқларнинг овқат тайёрлаш усуллари уйғунлашган пазандалик мўъжизаси, деб аталган.
“Бой маданият ва мероснинг жонли солномаси бўлган Самарқанд сизни нафақат эсдалик совғалар билан, балки ўз қалбининг бир парчаси билан ватанингизга қайтишга чорлайди. Мовий гумбазлар ва лабиринт кўчалар билан хайрлашар экансиз, билингки, Самарқанд сеҳри мангу сақланиб қолади ҳамда Ўзбекистон мафтункор тарихининг қоқ бағрига қилган саёҳатингиздан акс садо бериб туради”, — дея хулоса қилган мақола муаллифи.
“Дунё” АА,
Деҳли.