Негатив одам шундай экан…

Табиий экологик муҳитнинг бузилиши, истеъмол маҳсулотларида турли кимёвий унсурларнинг кўпайиши, ахборотлар хуружи, ижтимоий тармоқларнинг таъсири бугунги давр кишиларининг ўзларини тарбияга муҳтож қилиб қўймоқда назаримда. Бу эса ҳаммадан кўра она ва болалар руҳиятига жиддий хавф бўлмоқда. Руҳияти носоғлом оналик остонасидаги аёллар бола қорнидалик вақтида норозилик, (пессимистик) кайфияти болага ўтишини хаёлига келтиришмайди. Бола туғилгандан сўнг бу салбий кайфият она сути орқали ҳам болага синггади. Натижада ҳар қандай воқеа-ҳодисаларнинг салбий жиҳатларини кўрадиган, фақат манфий нуқтаи назардан мушоҳада қиладиган, ҳар нарсадан камчилик топадиган фарзандлар камолга етади.

Шу сабабдан “сут билан кирган жон билан чиқади” деган ибора асосан одамлар орасида ҳар нарсадан камчилик топадиган, тирноқ остидан кир қидирадиганлар учун кўпроқ қўлланилар экан. Нега шундай экан? Ибн Синонинг олдига олти ойлик фарзандини қандай тарбиялаш лозим, деб келган ота-онага аллома “сизлар олти ойга кечикибсизлар” деган фикрларни айтади. Замонавий тиббиёт фарзандни тарбиялашдан аввал бўлажак ота-оналарни тарбиялаш лозимлигини уқтириб келмоқда.

Бебаҳо ҳаётни, бир марталик умрни фақат қора бўёқларда кўриш, ҳар нарсадан ёмон жиҳатни ахтариш, ҳар кишининг айбини излаш негатив қидирувчи одамларга хос хусусиятдир. Улар билан суҳбат асно дунё ҳақида фикрлашсангиз ўзи бир кам эди инсоният уни янада камчиликларга ботириб ташлади. Ҳайвонот ва наботот оламининг етказган салбий таъсири каммиди дейишади.

Жамият ҳақида сўз очсангиз демократия йўқ, ҳамма соҳаларда муаммолар қалашиб ётибди. Одамларнинг дардини ҳеч ким эшитмайди. Ривожланган давлатларда ундоқ, уларда бундоқ дейди.

Ишхонаси ҳақида гап кетса, ундан бошқа ҳамма ходим ялқов, ишёқмас, ўз ишини билмайдиган, умуман бу соҳанинг мутахассиси эмас.

Ўзи ҳақида гапирсангиз мени биласизку ҳамма нарсани рост сўзлайман. Ҳамиша халқ дардини айтиб, ишчи ходимларнинг муаммоларини кўтариб юраман. Лекин гапирганинг, куйганинг, югурганинг билан фойдаси йўқ. Шунинг учун менга нима, битта менга керакми деб қўя қоламанда, дейишади.

Бир инсон бир шаҳардан иккинчисига кўчиб бораётиб, ўша шаҳарда яшовчи инсондан сўрабди, — бу шаҳар қандай шаҳар одамлари яхшими, аввалги яшаган жойимда инсонлар жуда яхши эди. Шунда унга шаҳар фуқароси: “Ҳа биродар, бу шаҳар жуда яхши, одамлари ҳам яхши” деган экан. Ҳар бир киши феълига, аъмолига   яраша борлиқни кўради. Борлиқ ҳам унга шундай акс-садо беради.

Демак, тафаккурлаш керакки, ўзимиз қандай бўлсак, жавоб шунга яраша бўлади. Яъни биз оқдан қорани излашни эмас, аксинча қорадан оқни топа олиш, кўра олиш қобилиятига эга бўлишимиз лозим. Ҳар нарсанинг ижобий жиҳатларини англай олсак, бизга нисбатан жавоб ҳам ижобий бўлади. Бу эса яхшилик ва эзгуликнинг янада кенг қулоч ёзишига замин яратади.

Баҳром БОЙМУРОДОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − four =