“Директорни кўрсак таниймиз…”

Ўтган якшанба куни Сирдарё шаҳар деҳқон бозоридан бир нечта мевали дарахт кўчатларини харид қилдим-да, темир йўл ёқалаб уйга қайтдим.

Бироздан сўнг қулоғимга ортимдан келаётган болаларнинг ўзаро тортишуви чалинди. Ярим ўгирилдим. 14-15 ёшлардаги 3 нафар ўғил бола.

Кичикроғи гапга жуда чечан эди. Бунинг устига, деярли ҳар гапида рус тилидаги биронта сўкинишни ишлатарди.

Жаҳлим чиқди.

Ўсмирлар ёнимдан ўтаётганида, уларга юзландим ва бояги маҳмадонадан:

— Менга қара, жўра, ҳозиргина русча сўкиндинг. Ўзинг шу сўзнинг маъносини биласанми? — деб сўрадим.

Бола бироз ўнғайсизланди-да, йўқ, билмайман, деди.

— Бу жуда уятли сўз, бошқа айтмагин. Сизлар ҳам айтманглар, — дедим ўртоқларига қарата.

Болалар “хўп” дегандай бош ирғашди. Сўнг йўл-йўлакай улар билан суҳбатлашиб кетдим.

Яхши болалар экан.

Икки нафари қўярда-қўймай қўлимдан кўчатларни олишди.

Болаларнинг исми Ҳожиакбар, Нуриддин ва Озодбек эди.

— Қойил, учовларингга ҳам машҳур артистларнинг исмини қўйишган экан. Сизлар ҳам қўшиқчи бўласизлар шекилли?

— Йўқ, биз артист бўлмаймиз, бошқа касбларни танлаганмиз.

— Масалан, сен ким бўлмоқчисан? — деб сўрадим “маҳмадона”дан.

— Инглиз тили бўйича таржимон. Туризм соҳасида ишламоқчиман, — деди у.

— Яхши. Сен-чи? — деб сўрайман каттароғидан.

— Архитектор бўламан.

Учинчи бола эса доктор бўлиш истагидалигини билдирди.

Суҳбатимиз қизигандан қизиди. Мухбир эмасманми, кўпроқ мен савол бердим, улар жавоб қайтаришди.

Афсуски, болалар ўзлари танлаган соҳа бў­йича бошланғич билимга ҳам эга эмасдилар.

Мисол учун, инглиз тилини ўрганмоқчи бўлаётган Нуриддин оддийгина “street” сўзининг ўзбекча таржимасини айтолмади. Бўлажак архитектор ва докторнинг ҳам билимлари саёз эди.

Суҳбат асносида уларнинг қайси мактабда ўқиш­ларини сўрадим. Шаҳардаги мактаблардан бирини айтишди.

— Директорларинг ким? Исм – шарифини биласизларми?

— Кўрсак таниймиз.

Семиз амаки. Лекин отини билмаймиз,— деб жавоб қайтарди болаларнинг каттароғи.

— Бўйи узун киши, — деб қўшимча қилди “махмадона”.

— Мактабга яқинда келибсизлар-да ёки директор янгими? — дейман ажабланиб.

— Йўқ, биринчи синфдан шу мактабда ўқиймиз. Директор ҳам эски. Фақат у одамни жуда кам кўрамиз. Кўрсак ҳам, биз билан гаплашмайди. Шунинг учун отини ҳам, фамилиясини ҳам билмаймиз…

Бу орада уйимизга яқинлашиб қолдик. Болаларнинг қўлларидан кўчатларни олиб, раҳмат айтдим, уларни яхши ўқишга ундаб, илиқ хайр­лашдим.

Уйга келиб, юқоридаги тасодифий суҳбат мазмунини 30 йил ўқитувчи бўлиб ишлаган аёлим­га айтиб бердим.

— Аввалги раҳбарлар ҳозир йўқ, бўлса ҳам жуда камчилик, — деб мулоҳаза қилди у.

— Мактабимиз директори Насиба опа билан завуч Саодат эсингиздами? Мингдан зиёд ўқувчининг деярли ҳар бирини номма-ном билишарди. Улар ҳар кун эрталаб эшик олдида туриб, болаларни бирма-бир кутиб олишарди.

Ўқувчилар ҳам:

— Ассалому алайкум, Насиба опа!

— Ассалому алайкум, Саодат опа! — деб, шоду-ҳуррамлик билан саломлашарди.

— Ваалайкум ассалом, болажонлар! Тезроқ кирақолинглар, ҳозир қўнғироқ чалинади, — деб болаларни шошириб ҳам туришарди устозлар…

Беихтиёр кўз ўнгимдан 4 нафар фарзандимиз таҳсил олган пойтахтдаги 320-мактаб собиқ директори Насиба опа Шораҳметова, ҳамда илмий бўлим мудири, кейинроқ директор бўлган Саодат Акбарованинг кулиб турган чеҳралари намоён бўлди.

Ўшанда мактабга бориб қолсам, бу икки раҳбарни кўпинча ҳовли ёки коридорда ўқувчилар қуршовида кўрардим. Улар ҳар гал ўғил-қизлар билан ниманидир қизғин гаплашаётган бўларди…

Ўйланиб қолдим.

Хаёлимда ўқитувчи номини баландга кўтарган тошкентлик аёл устозлар ва ўқувчилар исмини ҳам билмайдиган сирдарёлик мактаб директорини адолат тарозисининг икки палласига алоҳида-алоҳида қўйиб кўрдим.

Назаримда ҳар сафар   “семиз амаки” қўйилган палла анча енгил келди.

Юрагим увушди…

Ҳайдарали МАМАТОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × four =