Хорижий ёзувлар “жимжимаси” бизни қачонгача ўзига “мафтун” этади?

Назаримда, бугун гапирувчи кўп, эшитувчи йўқдек. На ёзилган қонунларга амал қиламиз, на ёзилмаган ахлоқий меъёрларга. Ҳамма нарсани ўзимизнинг таъбимизга, райимизга қараб мослаштириб оляпмиз.

Ёзувчи Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғолони” спектакли қаҳрамони Фармонбиби айтган “Хўрозқанд чет элники бўлса…” деган нақл бугун тилимиздаги ғализликлар ва имломиздаги хатоликларга кўчиб, “Ёзув чет элники бўлса…” тарзида ифода этилаётгандай. Бу тўғрисида олдин ҳам (“Hurriyat” газетасининг 2022 йил 37-сони “Масъулият фақат масъулларга(ми?)” ва 2023 йил 7-сони “Тасвирларда ўзлигимиз акс этса”) сарлавҳали мақолаларимизда айтиб ўтган эдик.

Бундан ташқари ОАВларида мунтазам кўп ва хўп гапирилмоқда, мутахассислар томонидан тушунтиришлар олиб борилмоқда, тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Шундай бўлса-да, айрим тадбиркорлар, фуқаролар томонидан давлат тилида иш юритиш, “Реклама тўғрисида”ги қонунларга, тил ва имло қоидаларига амал қилмаслик ҳолатлари камаймаяпти. Аксинча, ошиб бормоқда. Буларни биз кўча-кўйдаги ёзувли тасвирларда кўришимиз, кузатишимиз мумкин.

Гулистон шаҳрида “Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича ҳокимларнинг вилоят, туман ва шаҳар маслаҳатчилари” ва масъул ташкилотлар вакиллари, ОАВ ходимлари биргаликда ёзувли тасвирлар бўйича ўрганиш­лар олиб борди. Натижада тил ва имло қоидаларига беписандлик, ўзбилармонлик билан, иш тутаётган бир қанча фуқаролар, тадбиркорлар аниқланди, огоҳлантирилди.

Хусусан, “Жидкие обои” – Suyuq gulqog‘ozlar, “Master” – Usta, “Строй город”- Shahar qur, “Мир краски” – Bo‘yoqlar dunyosi, “Мир (ц) света” – Ranglar olami, “Клиника Ибн Сино” – Ibn Sino klinikasi, “Авиакасса” – Aviya chiptalari, “Межкомнатные двери” – Xonalararo eshiklar каби тил ва имло қоидаларига риоя қилинмаган тас­вирли ёзувларнинг муқобил вариантлари тавсия этилди. Ачинарли томони шундаки, ўзбек тилидаги ёзувли тасвирларнинг аксарияти “Mingchinor” – “Ming Chinor”, “Shohona” – “Shoxon”, “O‘zbek” – “Uzbek” тарзида хато ёзилган.

Сўз бирикмаларини нотўғри қўллаш “Nur kafesi” – “Kafe nur” тарзида ёзилган ҳолатга ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. Ўзлашмаган хорижий сўзлар орқали “янги сўзлар” ҳосил қилиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. “Cho‘ntak burger”, “Mebel sity” ёки бевосита инглиз тили қолипларига эргашиш ҳолатларининг учраши кузатилди (“Sher kafe bar”, “Ixtiyor DUNYO Market”, “OK Malika Budur”, “Murzachul donald duck”).

Айрим жойлардаги ёзувли тасвирларда чизиқча ва нуқталарнинг ҳам нотўғри қўлланилганига не дейсиз? Масалан, “Mening – ona shahrim Guliston”, “Uz.bek restoran” тарзида.

Бу жараёнда асосий эътибор имло қои­даларига тўғри риоя этиш ва номлаш жараёнида миллий анъаналаримизни, урф-одатларимизни, қадриятларимизни инобатга олган ҳолда ёндашиш эътиборга олиниши ҳақида тавсиялар берилди. Тил ва имло қоидаларига риоя қилиш қонун-қои­далари тушунтирилди. Хато ёзилган ёки белгиланган қонунларга жавоб бермайдиган ёзувли тасвирлар олиб ташланди.

Биргина Гулистон шаҳридаги ёзувли тас­вирларда юздан ортиқ ҳам имловий, ҳам услубий хатоликлар, ҳам тил қоидаларига риоя қилмаслик ҳолатлари учраса, бу сон юртимиз бўйлаб ҳисобланганда, қанча бўлишини тасаввур қилиб кўринг. Бугун юртимизда туризмни ривожлантириш масаласида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Янги туристик ҳудудлар ташкил этилмоқда. Келаётган хорижий сайёҳлар ўз имломиз ва тилимиз қоидаларига бундай беписандлигимиз, лоқайдлигимизни кўриб қандай хулосага келишини ҳам ўйлайдиган вақт келди, ахир!

Кўпчилик хорижий атамалардан фойдаланаётган тадбиркорларнинг фикрларига кўра, номлашдаги хорижий сўзлар жарангдор бўлармиш. Барака топгур, миллатинг ўзбек бўлса, ўз тилинг, миллатингдан қачон фахр этасан?!—дегинг келади. Шундай экан, сен юритаётган МЧЖ, ЯТТ ёки бошқа тадбиркорлик субъектлари ҳам сенга бегона эмас. Уларни хорижий атамаларда номлаш ёки қонунларга мос бўлмаган тартибда аташ орқали ўзимиз билиб-билмай миллатимиздан, тилимиздан, имломиздан уялишимизни намоён этаётганлигимизни англашимиз керак. Тас­вирли ёзувлардаги номларнинг тўғри ва аниқ юритилиши миллий қадриятларимизга мос бўлса, бу инсонларнинг кўзини қувнатади, таълим беради, тарбия қилади. Ота-боболаримиз томонидан ривожлантирилган хаттотлик санъати фақатгина гўзал ёзувни эмас, тўғри ёзишни ҳам ўзида акс эттирган.

Шу ўринда бир таклифни илгари суришни лозим топамиз. Давлат тили тўғрисида қонун бор. Кўпгина давлатлар қаторида бошқа миллат вакиллари тилларига ҳурматни сақлаган ҳолда тегишли қонунларда, шу жумладан, “Реклама тўғрисида”ги қонунда ҳам хорижий сўзлардан фойдаланишни камайтириш керак бўлса, тақиқлаш лозимдир балки.

Ўзимизни ислоҳ қилайлик, бошқалар ҳам биздан ўрнак олсин. Зотан, бу каби хато ва камчиликлар фақатгина масъулларнинг ҳаракати билан бартараф бўлиб қолмайди.

Баҳром БОЙМУРОДОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 1 =