Айб фолбиндами?

ёхуд айрим одамларнинг ваҳимага ўчлиги ҳақида

 

Бувим раҳматли ҳар гал танча атрофига биз — набираларини йиғиб сўз бошласалар албатта ибратли, ҳаётнинг паст баландини исботлаган, йиллар, асрлар мобайнида ўз тасдиғини топган ҳикматга тўла воқеаларни айтиб беришдан эринмасдилар. Шундай кунларнинг бирида ҳуда-беҳудага ваҳима қилиб, пашшадан фил ясайдиган инсонлар ҳақида бир нималарни гапириб қолдилар. Маълум бўлишича, бир киши ўз келажагини олдиндан билишга аҳд қилибди ва фолбинга борибди. Фолбин нималарнидир ўзича минғирлаб, кейин тилга кирибди ва дебди:

— Анча вақт бахтли яшайсан, аммо охирида девор босиб қолиб, ўласан

Буни эшитган ҳалиги киши нима қиларини билмай саросимага тушибди ва ўзини қутқариш мақсадида кимсасиз чўлу биёбонга чиқиб кетибди. Йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди ва ахийри чарчабди. Эҳтиёт шарт яна атрофга аланглабди. Бирорта девор кўринмайди. Кўнгли хотиржам тортиб энди кўзи илинганда эса устига оҳиста шамолда учган шувоқ келиб тушибди. Девор босди, деб хаёл қилган ҳалиги кишининг юраги ёрилиб, шу топдаёқ тил тортмай жон берибди. Аслида эса уни девор эмас, ваҳима босган эди. Девор эмас, ҳадик ўлдирибди.

Эсимда. Ўтган йили рамазон ойи эди. Ишда эдим. Бирдан чироқ ўчди. Орадан ярим соат ўтар-ўтмас бу ҳолат бутун республикада ҳатто қўшни давлатларда ҳам кузатилаётгани ҳақидаги хабар кўпчиликни ваҳимага солиб қўйди. Ишхона рўпарасидаги дўконда одамлар тўпланган, гавжум бозор бўлиб кетди. Қизиқиб бордим, кузатдим. Ҳамма сувга ёпишган. Кимдир икки, уч бакал, кимдир эса ярим бакал сув олиб кетишмоқда. Мен ҳам барча қатори ярим литр сув солинган бакалашкани олиб, устидаги қоғозга кўз югуртириб ўқиб турсам ортимдан бир киши келди-да: “Нима қилиб ўтирибсан, ўқишга бало борми, сотиб олмасанг менга бер” дея қўлимдаги сувга чанг солди. Ҳайратдан ёқа ушладим.

Ёки ўтган йили кузатилган Марказий Осиёдаги блэкаутни олайлик. Бир неча кун нафақат Ўзбекис­тонда балки қўшни Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам свет бўйича муаммолар юзага келди. Шамнинг нархи эса кескин равишда ошиб кетди. 3 минг сўмлик шамлар 6-7 мингга кўтарилиб кетганига нима дейсиз? Наҳотки, бир неча кунги фавқулоддаги вазиятларда айрим “уддабурон тадбиркорлар” шамнинг нархини икки-уч бараваргача ошириб олишган бўлса деган ўй-хаёллар билан юрдим.

“Илгари ҳам “свет” ўчарди, лекин шам бу даражада қиммат бўлмаган эди-ку? – дейди иккита шамни 16 мингга сотиб олган қўшним ўша кезлари. Аслида халқ бошига ташвиш, иш тушганда оддий одамлар корига шу тадбиркорлар лаббай деб яраши керак эмасми? Уч-тўрт сўмлик фойдани деб вазиятдан фойдаланиб қолиш, даромад олиш буюрадими?

Биласизларми, бундай ваҳима касаллиги коронавирус чиқибди деганда ҳам жуда авж олган эди. Эсимдан чиқмайди, биринчи карантин пайтида қиш­лоққа бориб бир муддат қолишимга тўғри келди. Қўшнимиз бозордан ўн қоп ун сотиб олиб келди. Гўёки юртга очарчилик келадию, ҳамма жойда ун тугайди. Кўриб ғалати бўлиб кетган эдим. Орадан бир ҳафта ўтиб қазо қилиб қолди. Сотиб олган унлар эса жанозадан кейинги марака маросимларига кетди.

Ваҳима… Энг қизиғи, у ҳам вирусга ўхшайди. Чунки психологияга оид китобларда ваҳимага ҳис-туйғу ва кайфиятнинг бузилиши сифатида қаралади. Ваҳимада одамни асоссиз қўрқув босади, киши нимадандир хавотирланиб, ҳадиксирайди, безовта бўлади, кўнгли ғашланиб, ороми йўқолади. Унга келажакда фалокат бўлиши муқаррардек, ўзи ёки яқинларининг ҳаёти хавф остида тургандек туюлаверади. Вирусга ўхшаш жиҳати эса ваҳимачи билан сўзлашган кишининг ҳам юрагига ғулғула тушади. Ҳадик оралайди.

Ҳамкасбим айтиб қолди. Тонгда ишга келаётса, бир киши у ўтирган таксини тўхтатибди. Таксига ўтириб улгурмасидан юзига тутилган ниқобни юлқиб олибди-да, ваҳимани бошлаб юборибди.

— Бу дардисар қаёқдан чиқди, одам нафас ололмаяпти. Айтганча, кеча “Ахборот”ни кўрдингларми? Яна янги “запрет”лар қўйилибди. Бунча чекловлар қўйилаяптими, демак, вазият жиддий. Бир танишимнинг айтишича, коронавирусга чалинганлар 55 та эмас, минглаб эмиш. Асл ҳолатни давлат яшираётганмиш. Унинг гап-сўзлари “Шум бола”даги бекорчи нашавандларнинг Або Муслим ҳақидаги ривоят юзасидан қилган тортишувини эслатиб юборади…

Қадимда бир шаҳарда вабо тарқаб кетибди. Одамлар саросимада, қариялар чорасиз, болалар эса очликдан тинмай йиғлар, нажот эса йўқ экан. Шаҳар четидаги бир ташландиқ қишлоқда кўзи ожиз табиб яшар экан. Бироқ одамлар уни “бу сўқир, одамларни даволай олмайди, агар чиндан ҳам табиб бўлганида ўзини даволаган, кўр бўлиб юрмасди” дея уни омма орасига қўшмас экан… Ўша табиб туш кўрибди. Шаҳарда вабодан одамлар бирин-кетин вафот этаётган, чорасизликдан ҳамма тўғри келган томонга бош урармиш. Уйғониб кетиб қараса ҳақиқатдан ҳам воқеалар шундай тарзда бўлаётганини анг­лабди. Ҳассасига таяниб шаҳарга борибди. Аҳвол оғир. Ҳаммаёқ пароканда. Табиб одамларни бир жойга тўплабди ва шундай дебди:

“Ваҳима ва саросима бу энг катта “касаллик”дир. Бунинг битта давоси бор. Бу ҳам бўлса сизлар менга ишонишингиз ва ортимдан эргашиб, мен айтган муолажаларни бажаришингиз керак. Бўлмаса барчамиз ўлиб кетамиз…” Унинг гапларига кўпчилик ишонмабди, уни ёлғончи, кўзбўямачи деб ҳақоратлаб оғилхонага қамаб қўйишибди…

Вазият эса кундан-кун оғирлашса оғир бўлибдики, енгиллашмабди. Қариялар, гўдаклар жон таслим қилишаверибди. Имконсиз қолган “ақлсизлар”га инсоф бериб табибни бандиликдан чиқариб, ёрдам сўрашибди. Табиб эса уларни махсус гуруҳларга ажратиб, 40 кунлик чилла ва тозаликка риоя этишини айтибди. Қолаверса, касалга чалинмаганлар тоғдан дармонга бой ўсимликлар, гиёҳлар териб келишиб унга ёрдам берибди. Белгиланган муддат тугагунча ҳеч ким унинг гапини икки қилмай бажарибди ва касалликни енгиб ўтишибди… Шаҳар аҳли табибга миннатдорлик айтиш ва уни мукофотлаш учун унинг кулбасига келибди. Не кўз билан кўришсин у қўлида бир ҳовуч қуритилган гиёҳни ушлаганча (у ҳам вабо юқтириб олган эди бироқ унга қарши дамлама тайёрлаб ичолмай) вафот этган эди… Йиллар ўтиб одамлар кенгашган ҳолда шаҳарга унинг номини бериб, ҳатто ҳайкал ўрнатишган экан…

Нега буларни ёзаяпман? Ҳаммамизга маълумки, яқинда юртимизда катта сиёсий жараён – Президентлик сайлови ўтказилди. Бу жараёнда халқимиз ўзларининг сиёсий тафаккури, порлоқ келажаги ҳамда қаътий қарорлари билан танлаган номзодларига овоз беришди. Миллионлаб халқимизнинг хоҳиш-иродаси ўлароқ Шавкат Мирзиёев номзоди 87,5 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Бу албатта ўзбек халқининг, миллатимизнинг одил танлови бўлди.

Аммо бир танишимнинг айтишича, қишлоғидаги баъзи бир одамлар сайлов ўтар-ўтмас “Сайлов ўтса нарх-наво кўтарилиб кетади, ун, ёғ, озиқ-овқат маҳсулотлари ғамини еб олиш керак” деган ваҳима билан қоплаб ун, 20-30 литрлаб ёғ сотиб олишибди. Тўғриси, унинг бу гапларини эшитиб ёқа ушладим. Одамларга нима бўлган-а? Бундай гап-сўзларни қаердан ўйлаб топишар экан? Мана сайлов ҳам ўтди. Ҳаммаси жойида-ку. Нархлар ҳам барқарор. Бозорларда ун ёки ёғ тугаб қолгани, кимдир очликдан озиқ-овқатсиз қолгани йўқ. Ваҳимага не ҳожат?

Шу ўринда бир қизиқ латифа ёдга тушади. Бир куни Афанди кўчада кетаётса бир тўда болалар ўйнаб юришган экан. “Тўхта, шу хумпарларни бир боп­лайин” дебди у. “Ҳой болалар, кўчанинг бошида текинга олма тарқатишаётган экан, бормайсизларми”, дебди. Болалар ёш эмасми, барчаси бирдан гур этиб ўша томон чопиб кетишибди. Уларни кузатиб турган Афандининг юрагига ғулғула тушибди ва орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан “Чиндан ҳам олма тарқатишаётган бўлса-чи”, деб ўзи ҳам улар кетидан чопиб кетган экан…

Ислом АСИЛБЕКОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen + seventeen =