КЎЗБЎЯМАЧИЛИК ОҚИБАТИ

Раҳматли бобом қуриётган дарахт қандай дардга чалинганини, унинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкинми-йўқлигини билар ва шунга қараб иш кўрар эдилар. Ҳовлимиздаги серҳосил ширин гилос учидан қурий бошлаганда катта-кичик ҳаммамиз ачиниб, муҳим бир нарсадан ажраб қолаётгандай ташвишга тушганмиз. Бобом эса: “Бунинг илдизига қурт тушган. Тозалаб ташлаб, яхши парваришласак, гуркираб ўсиб кетади” дедилар-да, ишга киришдилар. Гилос атрофини илдизлари  кўрингунга қадар ковлаб, сўнг қандайдир кулранг кукунни сувга қориштириб, керакли жойларга қуйиб чиқдилар. Хиёл ўтмай, ҳар бири бармоқдай келадиган қорамтир қуртлар ҳалокатдан қутулиб қолиш учун илдизлар ости-устидан тўзғиб чиқишди.“Гилосни қуритмоқчи бўлганнинг жазоси шу”, дея бобом икков уларга қирон келтирганмиз. Кейин томирларга яна эритма сепиб, устидан маҳаллий ўғит ва тоза тупроқ солиб, сув қуйиб туришни канда қилмадик. Уч-тўрт кун ўтиб, гилос шохлари куч олиб, баргларига жон кирди.

Ўша пайтдаги қувончимизни кўрсангиз эди. Ҳовлимизнинг кўрки бўлган гилосни ҳаётга қайтарган бобомдан миннатдор бўлиб, қайта-қайта раҳматлар айтганмиз. “Бобонг Мичуриндан ҳам зўр” деганлар отам кулиб. Ёшим улғая борган сари отам бу таърифни бекорга айтмаган эканлар дердим ўзимга ўзим. Чунки бобом қайси дарахтга нима кераклигини, у билан қандай муомала қилишни, нималар эвазига мўл ҳосил беришини ман деган олимдан кўпроқ билишларини вафотларидан сўнг, қўни-қўшнилар-у қишлоғимиз қарияларидан кўп ва хўб эшитганман. Бундай гаплар менинг бобомга бўлган меҳримни янада оширар, шундай инсоннинг набираси бўлганлигим билан жуда-жуда фахрланар эдим. Шуни ҳам айтиш жоизки, бобом қаттиққўл ва қатъиятли эдилар. Бирон бир жойда  қуриган дарахтга кўзлари тушса борми, бу файзу-баракани қочиради дея уни томошага қолдирмас, дарҳол кундаков қилдириб, ўрнига бирон бир мевали дарахт эктирар эдилар. Кейин-кейин билдимки, буларнинг бари инсонни болалигидан табиатга меҳр-муҳаббатли қилиб тарбиялашда, яшиллик оламини турли офатлардан асрашни  ва уларни бебаҳо бойлик сифатида қадрлашни ўргатишда бир академия  вазифасини бажарган экан. Мана шу академия ўз нуфузини йўқотмагани учун ҳам қишлоқларимиз ҳамонки, шаҳарларимиз бозорлари пештахталарини полизу сабзавот маҳсулотларидан тортиб, мева-чевагача тўлдириб турибди. Бунинг учун бободеҳқонларимизга-ю миришкор боғбонларимизга ҳар қанча таҳсину тасанно айтсак арзийди.

Афсуски, қатор-қатор экологик муаммолар пайдо бўлаётган бугунги кунда яшиллик оламини бойитиш ва уни асраш масаласида пойтахт Тошкентда хайрли, борингки, савоб ишлар қаторида ваъдабозлик, мендан кетгунча – эгасига етгунча қабилида иш тутиш, кўзбўямачилик кенг қулоч ёзаётганлигидан кўз юмиб бўлмайди. “Табиат бизнинг ҳаётимиз, ҳаётимизни асрайлик!” — дея бонг ураётган бўлсак-да, айрим жойларда табиатни табиат қилиб турган дарахтларни сунъий равишда қуритишни, ими-жимида гумдон қилишни қойиллатиб, гуноҳидан қўрқмаяпмиз. Мана, бир мисол: Тошкенти азимнинг Миробод туманидаги Шароф Рашидов номли маҳалласи шаҳарнинг қоқ белида жойлашган бўлиб, бу ердаги кўп қаватли турар-жой бинолари 1966 йилги ер силкинишидан кейин барпо этилган. Уйлар оралиғида, йўл ва йўлаклар бўйларида қаторлашиб турган неча юзлаб олтмиш-етмиш йиллик дарахтлар маҳалланинг кўркига кўрк, чиройига чирой қўшиб турарди. Бўйи 50-60 метр келадиган чинорлару қарағайлар шохлари бир-бирига туташиб кетган, ёз жазирамаси кунларида бу ернинг соя-салқинига ҳамманинг ҳаваси келарди. Бу дарахтлар ичида халқимизнинг ардоқли фарзанди, давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов ўз қўли билан эккан дарахт ҳам кўкка бўй чўзиб турар, унинг улуғворлиги маҳаллага ўзгача бир файз бахш этиб тургандек эди. Ҳар бири бир иморатни обод қиладиган бу дарахтларни кимлардир кўз остига олиб юрган эканми, ўн икки йил муқаддам э йўқ, бе йўқ танлаб-танлаб кесиб олиб кетишди. Одамларнинг бақир-чақирию дод-войига қайрилиб қарайдиган бирон бир табиатпарвар мард топилмади ўшанда.

Тўрт-беш йил олдин эса “Истиқлол” деб номланган болалар боғи ўрнида маҳалла гузарини бунёд этиш баҳонасида беш қаватли  бино қурилиши бу ердаги ўттизга яқин дарахтни (уларнинг ичида давлат арбоби  Ш.Рашидовдан ёдгор бўлиб қолган дарахт ҳам бор эди) жаҳаннамга равона қилишдан бошланди. Тоқати тоқ бўлган маҳалла аҳли бу гал чидаб туролмади. Дарахтларни кесишни бас қилишни қатъий талаб қилди.

Мурожаат бўйича келган шаҳар экология қўмитаси вакиллари эса бир қарорга келмай туриб, бошларини сарак-сарак қилганча жўнаб қолдилар. Газета, телевидение ва радио журналистлари енг шимариб келдилар. Бироқ, Ўзбекистон телевидениесида берилган танқидий кўрсатув ҳам, хорижий мухбирларнинг дунё­­га тарқатган репортажлари ҳам “бунё­д­­­­­­­к­орлар”ни орқага қайтара олмади. Одамларнинг ҳокимиятлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва юқори ташкилотлар қабулхоналарида соатлаб сарғайиб ўтиришларидан ҳам бирон-бир натижа чиқмади. Бу пайтда кундаков қилинган дарахтлар борадиган жойига бориб бўлган, харобага айланган болалар боғи ўрнида қудратли техникалар кучаниб-кучаниб, еру кўкни ларзага солиб ишлаётган эди. Маҳалла аҳлининг асаби янада таранг­лашган бўлса-да, умид билан оқни оққа, қорани қорага ажратиб берадиган одил суд­­га мурожаат қилди. Афсуски, туман суди ишни чўзиб ўтирмай, ғалаба қарорини “қурувчи” қўлига тутқазди. Бу ҳам маҳалла фидойилари кўнглини совута олмади. Иш Тошкент шаҳар маъмурий судида кўрилиб, ўша авқтдаги туман ҳокими қарори бекор қилинди.

Ана шунда анча-мунча сирлар фош бўлди. “Мен бу ер (салкам ярим гектар жой) учун ҳазилакам маблағ сарфлаганим йўқ” деди “қурувчи” бошини чангаллаб. У дарахт­ларни кестиришда бош-қош бўлганларни ҳам қуруқ қўймаганлиги оғзининг бир четидан чиқиб кетди. Лекин шунча қилғиликни қилган нафси ўпқонларнинг ҳеч қайси бири жавобгарликка тортилмади. Нега? Маҳалладошлар вайрон бўлган жойни аста-секин ўзлари обод қилдилар. Лекин, энди бу ерда тангадек соя йўқ. Болалар эса ота-оналарининг етовида “Кўк гумбазлар” боғига бориб ўйнайдилар.

Хўш, шу билан маҳалла тинчиб кетдими? Йўқ! Икки йил муқаддам кўп қаватли бешта уйга туташ бўлган ҳашаматли бинога нуфузли бир ташкилот кўчиб келиши муносабати билан яна кенг кўламли “ободонлаштириш” ишларига қўл урилди.  “Бузиб-тузишда” каттагина тажриба орттирганлар қилинадиган ишлардан аҳолини    воқиф этишни истамаган ҳолда ишга киришди. Ойни этак билан ёпиб бўлмас деганларидек, ҳаш-паш дегунча ҳақиқатга айланган миш-миш қулоқдан-қулоққа етиб, одамлар ободонлаштириш лойиҳасини талаб қилдилар. Уни ҳеч ким кўрсата олмади. Мардикор бозоридан олиб келинган одамлар ўзларига ўхшаган бир “доно” нима деса шуни қила бошладилар. Ғазаби қайнаган одамлар туман ҳокимига расман мурожаат қилишди, аммо фойдасиз. Эртаси куни мардикорлар сони ўттиздан ошди. Икки-уч кун ўтиб, экскаваторлару юк машиналари ёрдамга келди. Уларнинг бири йўлакларни ковласа, бири чиқиндиларни олиб кетади. Техниканинг “эҳтиёткор”лиги билан уй олди боғчалари тош ва шағалга қорилиб, мевали дарахтлари яксон қилинди. Эллик беш йилдан буён уйлар ораларидаги сув оқиб турадиган лотоклар кўмиб ташланди. Бу кўзбўямачилик авжига чиқаётганлигидан далолат эди.

Кечаси бетон ётқизилган йўлакларнинг қийшиқлиги, нотекислиги, нуқсонлари билан ҳеч кимнинг иши бўлмади. Яшовчилар парваришида бўлган боғчалар харсанг тошлардан тозаланмади ҳам. Уйларнинг олачипор бўялганини ҳисобга олмаганда ўрнатилган сув пуркагичлар қувурлари ёрилиб, бутунлай яроқсиз ҳолга келди. Ер остидан сув тортиб берадиган 380 волтли қурилма болалар учун жуда хавфли бўлган жойда ўрнатилган бўлиб, эшиги очиқ турибди. Умуман, ободонлаштириш ишлари  чала-ярим ташлаб кетилди. Энг муҳими, сувдан маҳрум бўлган бу ердаги дарахтлар бирин-кетин қуримоқда. Туман экология хизматидагилар “Ер ости суви саккиз метрга тушиб кетган. Буни биз ҳеч нарса қилолмаймиз. Қуриган дарахтлар масаласида шаҳар экология қўмитасига мурожаат қиласизлар. Кесиш-кесмасликни улар ҳал қилади” деган жавобни беришди. Олтмиш метр чуқурликдан тортиб олинаётган сув эса яшиллик оламига эмас, ёрилиб ётган қувурлардан қайнаб чиқиб, уйларнинг ертўлаларига тушмоқда. Хуллас, бўл-бўл билан қўл учида қилинган бу ғаройиб “ободонлаштириш” ҳақида бир йилдан буён мурожаат қилинмаган жой қолмади. Қабулхоналар навбатчилари эса исм-шарифингизни, манзилингиз ва телефон рақамингизни ёзиб олиб, “албатта, бошлиғимга етказаман”дан нарига ўтмайди. Шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари раҳбарларининг жавоби битта: “бу бизга тегишли эмас!” Унда бу кўзбўямачиликнинг эгаси ким?! Буни фақат ва фақат республика прокуратурасининг экологик муаммолар билан шуғулланадиган мутасаддиларидан бошқа бировнинг аниқлаши мушкул. Шу боис, эндиги мурожаатимиз уларга бўлади. Президентимиз ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси эълон қилиниб, юртимизда дарахт экиш ва парваришлашга ҳукумат даражасида эътибор қаратиляпти. Пойтахтда жойлашган Шароф Рашидов маҳалласида эса узоқ йиллар давомида дарахтларга қирон келтирилди. Бунга сабабчи бўлганлар эса жазосиз қолмаслиги лозим. Зеро, ҳар қандай қурилиш, ҳар қандай ободонлаштириш дарахтларни нобуд қилиш эвазига бўлмаслиги керак.

Нуриддин ОЧИЛОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + fourteen =