Матбуот хизматига “ўгай” матбуот

Ёдингизда бўлса “XXI asr” газетасининг шу йилги 32-сонида (санаси 3 август) журналист Рўзимбой Ҳасаннинг “Анна Герман Урганчнинг “ўгай” қизи(ми)!?” сарлавҳали танқидий мақола босилиб чиққач, анчагина шов-шувларга сабаб бўлди. Боиси, жуда қисқа муддат ичида Хоразм вилояти ҳамда Урганч шаҳри ҳокимликлари матбуотдаги бу асосли чиқишга эътибор қаратиб, мақолада кўтарилган муаммони ижобий ҳал қилишди. Албатта, масъулларга ташаккур айтиш керак.

Танқидий мақоламизда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2021 йил 3 май санасидаги “31/1-990” рақамли чора-тадбирлар режасининг 32-бандида Урганч шаҳридаги 1-сон болалар мусиқа ва санъат мактабига Анна Герман номини бериш ва ҳовлисига ёдгорлик ўрнатиш белгиланган бўлса-да, ўтган икки йилдан ортиқ вақтда бу масалага эътибор қилинмаётгани тилга олинганди.

Урганч шаҳар ҳокими зудлик билан фармойиш чиқариб, ҳайкални тайёрлашга ва ўрнатишга кетадиган тегишли маблағни ажратди ва 25 августда — Анна Герман вафот этган куни ёдгорлик ўрнатилди!

Яхши-я!

Албатта. Қувонмай бўладими!

Буни қувонч билан ёзаётганимиз сабаби – сўнгги йилларда идора-ташкилотлар, маҳаллий ҳокимликлар вақтли матбуотда чоп этилаётган танқидий чиқишларга эътиборсизлик билан қараб келаётгани инкор қилиш қийин бўлган ҳақиқат эди. Бирор тумандан тайёрланган танқидий материал хусусида матбуот хизмати раҳбарига боғланишимизга тўғри келганда, одатда, улардан бир хил қолипдаги жавобни эшитишга ўрганиб қолганмиз: “Ия, қачон чиқди? Хабарим йўқ экан!”

Президентимиз фармони билан идора-ташкилотлар, туман ҳокимликларида матбуот хизмати ташкил қилинганига тўрт йилдан ошиб қолди. Бу хизмат зиммасига оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда ойдинланаётган танқидий чиқишларга муносабат билдириш вазифаси биринчи навбатда юклатилганди. Аммо минг таассуфки, аксарият тизимлардаги матбуот хизматлари “ўзларининг биринчи навбатдаги вазифаси сифатида ижтимоий тармоқлар (ҳатто айрим хорижий ва маҳаллий ОАВ ҳамда сайту телеграм гуруҳлари)да бўлар-бўлмас, у асослими, асоссизми, барибир, чиққан бўлса тамом, танқидий чиқишларга тезкор муносабат билдириш” деб билишади.

Матбуот хизматлари масъуллари эрта-ю кеч планшету қўл телефонларидан нигоҳларини узмай ўтиради: хўш, қани, қайси тармоқда ўз тизими, ҳудудига алоқадор бирор нохушроқ “негатив” нарса чиқибди, шуни назорат қилиш билан овора-ю сарсонлар!

Ва ҳатто техника тараққиёти ша­роитида ҳозир кун бўйи телефонга термилиб ўтириш шарт эмас, унга махсус дастур ўрнатиб, ўз тумани ёки тизими атамасини киритиб қўйишса…қарангки, қайси тармоқда бирор нарса тарқалса, бўлди, ҳамма ҳаволалар чиқиб келаверади.

Лекин буни қарангки, ўша дастурга ОАВ киритилмаган. Босма нашрлар, радио ва телевидение ҳам “унутилган”.

…Матбуот(Ахборот) хизмати раҳбари бўлган бир танишимиз қизиқ гапни айтиб қолди: “Бизлар биринчи навбатда юртимиз шаъни, обрўсини сақлашимиз керак. Ижтимоий тармоқлардаги ҳар бир нарсани дунё кузатади. Айниқса, танқидга мойилроқ чиқишларни одамлар кип­рик қоқмай ўқийди.  Кўпчилик деярли мақтов ва ижобий нарсаларни ўтказворади, аксинча, кўнгилсиз воқеалар тез тарқалади. Мабодо бизнинг идорамиз номи келтирилган тўрт қатор танқидийроқ нарса чиқса, урди Худо, шу заҳоти тўполон бошланади. Қандай қилиб бўлсаям яшин тезлигида “андаваланган” муносабат билдирмасак, уйимиз куяди. Нима эмиш, бундай чиқишларга бефарқ бўлсак… унда юртимиз имижига путур етади. Газеталар эса мамлакат ичида тарқалади, яна адади оз…”

Фикрлашга қаранг! Ана сизга савия, ана сизга даража!?

Вақтли матбуот ҳеч қачон танқидий чиқиши орқали мамлакат обрўсини тўкишни ўз олдига мақсад қилиб қўймаган, қўймайди ҳам. Қолаверса, қайсидир туман ҳокими ёки ташкилот мамлакат имижини белгиламайди. Ҳар бир танқидий чиқиш ортида муаммосига ечим излаган мустақил давлатимиз фуқароси бор, халқнинг бир вакили бор, ИНСОН бор ахир! Қай бир туманда ислоҳотларнинг пайсалга солинаётгани, давлат раҳбари имзолаган фармон ва қарорлар ёки ҳукумат томонидан белгиланган вазифалар ижро қилинмаётгани, асоссиз пайсалга солинаётгани ҳақида бонг уради матбуот.

Баъзан кўзимиз тушади: ҳатто исми-шарифини чала-чулпа ёзадиган ўзини блогер деб атайдиган шоввоз қайсидир маҳаллага тортилган ичимлик сув қувури бехос ёрилгани ҳақида (бошқа мавзуларни қўяверинг, ЙТҲ, жанжал-тўполон, куракда турмайдиган ҳақоратли видеолар ва ҳоказо…) оғиз кўпиртириб, яна “Ҳой, ҳоким, прокурор ва бошқа мутасаддилар, қаердасиз, ҳаммангиз ухлаб ётибсизларми?” деган саводсизларча ёзилган, лекин ваҳимали сарлавҳа билан ижтимоий тармоқда чиқиш қилади ва… Орадан уч-тўрт соат ўтар-ўтмас, худди ўша вилоят-туман-шаҳар ё қайсидир номи от ҳуркитадиган идора матбуот хизмати “ўша камчилик тезкорлик билан тузатилгани” ҳақида ахборот-хабарча эълон қилади. Бу ёқда эса босма нашрларда ўша туманда тадбиркорлар ўз лойиҳаларини амалга ошириш учун йиллаб кредит ололмаётганлари, ишлаб чиқаришни йўлга қўёлмай, бор маҳсулотни ҳам сотолмаётганликлари учун қарзлар кундан-кун “болалаб” бораётганидан норози бўлишаётгани ёки қайсидир юртдошимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилаётгани, бир-биридан фарқ қилмайдиган “идоралар­аро “отписка”лардан одамларнинг ҳафсаласи пир бўлаётгани  ҳақидаги жиддий, факт ва рақамларга асосланган танқидий чиқишга тезкор эмас, ўз муддатида, яъни қонунда белгиланган тартибда муносабат билдириш ўша, давлатдан отнинг калласидай маош олиб, нуқул муросасозлик қилаётган матбуот хизматининг тушига ҳам кирмайди. Янада қизиғи, танқидий чиқиш­ларимиз таъсирчанлигини ошириш мақсадида, биз ўша материалларимизни ижтимоий тармоқларга жойлаб борамиз. Кузатувчилар бу ҳаволаларимизга имкон қадар ўз муносабатини ҳам билдиради, ҳатто айримлари қизиққонлик қилиб, масъуллар шаънига нордонроқ сўзларни ҳам ёзишади. Худди ана шундай пайтда ўз раҳбари атрофида “Хитой девори” қуриб олган “содиқ ҳи­моячи” — матбуот хизмати “тирилиб” қолади. Бу “жонланиш” исботи у қўнғироқ қилиб, ўша мақолани ижтимоий тармоқдан олиб ташлашни илтимос қилиш билан якунланади…

Бундай икки хил стандарт қачонгача давом этади? Ким бу саволга жўялироқ жавоб беради?

Аслида, барча ОАВ вакиллари, шунингдек, ижтимоий тармоқда ўзининг холис ва адолатли сўзини айтмоққа ҳаракат қилаётган инсонларнинг  эзгу мақсади, ёруғ нияти битта: у ҳам бўлса, шу озод Ватанимизнинг нурли келажаги, истиқболи, тарақ­қиёти, Президентимиз таъбири билан айтганда, жонажон халқимизни рози қилишдир. Демак, бу жабҳада тоифа ёки тарафларга ажратиш яхшиликка олиб бормайди.

Норқобил ЖАЛИЛОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “XXI asr”  газетаси

Бош муҳаррири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 + one =