Ваъда бериш осонми?
Сирдарё туманидаги 71-махсус мактаб-интернат реконструкцияси бошланди-ю ташланди. Шу тумандаги 32-умумтаълим мактаби эса ҳамон “авария” ҳолатида…
Бугунги Ўзбекистон улкан қурилиш майдонига айлангани ҳеч кимга сир эмас. Лекин “гуруч курмаксиз бўлмайди” деганларидек, Сирдарёда кейинги йилларда битиши ичакдек чўзилиб келаётган, “туя гўшти еган” қурилиш объектлари бир-иккита эмас. Хусусан, Тошкент – Гулистон катта магистрал йўлида қайта қурилаётган кўприк бир неча йилдирки, сира битмайди. Минг-минглаб йўловчилар тирбандликдан хуноб. Айниқса, катта юк машиналари қатнайдиган ушбу магистрал йўлдаги тирбандлик баъзида вилоятлараро давом этишига сабаб бўлмоқда. Ҳатто ана шу муҳим объектнинг ишга тушмагани вилоят маркази — Гулистон шаҳрига ҳам салбий таъсир қилиб, бу ерда ҳам тирбандликлар юзага келмоқда. Аммо қуйида бу “оламшумул” қурилиш ҳақида эмас, бундан кичикроқ, лекин аҳамияти жиҳатдан ўта муҳим чала бунёдкорликлар ҳақида тўхталмоқчимиз.
Дастлаб яна Сирдарё туманидаги 71-махсус мактаб-интернат реконструкцияси ҳақида икки оғиз.
“Яна” деганимизнинг боиси – ушбу қурилиш объекти ҳақида шу йилнинг 27 март куни “Адолат кўзгуси” газетасида каттагина танқидий мақола эълон қилинган эди. Лекин у вилоятнинг ҳозирги пайтдаги “газета ўқимас” раҳбарлари эътиборидан четда қолди. Ачинарлиси, орадан ўтган 8 ой давомида қурилиш объектида лоақал 8 дона ғишт бир жойдан иккинчи жойга олиб қўйилмади. Маълум бўлишича, мактаб-интернат биносини қайта қуриш 2019 йилда бошланган.
Дастлаб ушбу билим маскани бутун жиҳозлари, 240 нафарга яқин ўқувчиси ва 100 кишилик педагогик жамоаси билан Сирдарё туманига қўшни Бахт шаҳридаги енгил саноат коллежининг бўшаб қолган биносига кўчирилган. 3,5 гектарни эгаллаган ушбу билим даргоҳи қуриб битирилса, унинг мамлакатимиздаги энг кўркам, барча қулайликларга эга ўқув ва тарбия масканларидан бирига айланиши шубҳасиз эди…
Бироқ вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мутасаддиларининг таъкидлашича, 2020 йилги пандемия ишнинг белига тепган. Шу сабабли қурилишда депсиниш бошланган эмиш. Барча ишлар деярли тўхтабди. Бу орада пудратчи корхона — “Great builders” МЧЖ қурувчилари бир қаватли ўқув биносини икки қаватлига айлантириш, бошқа биноларнинг томларини янгилаш, иситиш ва ёритиш тизими учун салкам 10 миллиард сўмлик ажратилган маблағини аллақачон сарфлаб тугатишган. Қойилмисиз?! Ёмон томони, шу билан барча ишлар ўлда-жўлда ташлаб кетилган-да!
Тўғри, республика ҳукумати мактаб-интернат биноси реконструкциясини ниҳоясига етказиш юзасидан шошилинч чора-тадбирлар режасини кўрган. Жумладан, ҳукумат томонидан 3 та йирик корхона:
“SFI Management Group” МЧЖ, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” ҳамда “Ўзбекистон металлургия комбинати” акциядорлик жамиятларининг ташаббусли ажратмалари мазкур объектнинг реконструкциясини таъминлаш учун асосий молиялаштириш маблағлари этиб кўзда тутилгани қўллаб-қуватланган. Агар иш бошланишида 10 миллиард сўм сарфланганини ҳисобга олинадиган бўлса, қурилишни якунлаш учун яна 25 миллиард сўм маблағ зарур экан. Таассуфки, ҳали-ҳануз юқоридаги обрўли ва саховатпеша ҳомийлар маблағидан эса негадир дарак йўқ экан.
Бу — масаланинг иқтисодий жиҳати. Бироқ масаланинг маиший-маънавий томонлари ҳам бор.
Яъни, махсус мактаб-интернат жамоаси кўчирилган коллеж биноси 4 йилдирки, руҳий ва жисмоний ривожланишида нуқсони бўлган ўқувчилар учун муайян қийинчиликларни юзага келтирмоқда. Мисол учун, коллежнинг катта ва баланд шифтли хоналарини иситиш қийин. Уларни бир амаллаб мослаштириб, амал-тақал фаолият юритишаяпти. Бироқ коллеж ётоқхонасида ўқувчилар ҳафтада лоақал бир марта бу ерда ювинишига ҳеч қандай шароит йўқлиги чатоқ экан.
Ноилож, ота-оналар ҳар ҳафта 50-100 километр йўл босиб, уй ва мактаб-интернат оралиғида сарсону саргардон бўлишмоқда. Бу эса аҳоли орасида турли норозиликлар туғдираётгани сир эмас.
— Бахт шаҳрига ҳафтада 2 марта Оқолтин туманидан қатнайман, — деди Раҳматилла Ғофуров. — Яъни, душанба куни бемор ўғлимни йўл машинасида мактабга олиб келаман, шанба куни уйга қайтариб олиб кетаман. Ювинтириб, душанба куни яна олиб келаман. Олис масофа, йўлкира анча мадоримни қуритиб қўйди. Йул азобидан бемор ўғлим ҳам эзилиб кетди.
Биз суҳбатлашган бошқа ота-оналар ҳам шу фикрга яқин гапларни айтишди.
Албатта, бу аҳволдан бугунги вилоят мутасаддилари хабарсиз, десак, адолатдан бўлмас.
Ўтган йилнинг 1 декабрида ўша пайтда вилоят ҳокими вазифасини бажариб турган Акмалжон Маҳмудалиев тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирокида қурилиш объектига ташриф буюради. Бу ердаги аҳвол билан атрофлича танишиб, вазиятни ўнглаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берган. Эртаси куни эса вилоят раҳбари Бахт шаҳрига, ҳозирда мактаб-интернат жойлашган коллеж биносига ҳам келганлар. Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ўнлаб ўқувчи ўғил-қизларга спорт кийимлари ва бошқа совғалар ҳадя қилибди. Лекин минг афсуски, вилоят раҳбарининг жамоа муаммоларига муносабати шу билан якун топибди.
Энди эътиборингизни “Hurriyat” газетасининг шу йил 29 март сонида эълон қилинган “Ўгай мактаб” сарлавҳали мақолага қаратмоқчимиз.
Унда Бахт шаҳридаги 32-мактабдаги “авария” ҳолати ҳақида сўз борган эди.
Таассуфки, бундан 50 йил муқаддам қурилган ушбу мактаб ўтган вақт мобайнида бирон марта ҳам капитал таъмирланмаган экан.
Эътиборли жиҳати шундаки, мақола газетада эълон қилингач, вилоят ҳокими сифатида тўлақонли иш бошлаган Акмалжон Махмудалиев катта-кичик раҳбарлар қуршовида 32-умумтаълим мактабигада ташриф буюрибдилар. Синфхоналарни айланиб, “авария” ҳолатига шахсан гувоҳ бўлган. Вилоят раҳбари мактабни шу йилнинг ўзидаёқ жорий таъмирлаш юзасидан Сирдарё тумани ҳокимига, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбарларига тегишли кўрсатмалар берган. Лекин…
Ҳурматли муштарий, 71-махсус мактаб-интернат ва 32-умумтаълим мактаби ўртасида қандай боғлиқлик бор, деб ўйларсиз. Ҳамма гап шундаки, биз юқорида тилга олган Бахт енгил саноат коллежининг бўшаб қолган биносига аслида мана шу 32-мактаб жамоаси кўчирилиши белгиланган эди.
Бугун эса на мактаб-интернатнинг янги биноси қуриб битказилди, на 400 ўринли 32-мактаб биноси жорий таъмирдан чиқарилди. Қисқаси, ҳамма ваъдалар ваъдалигича қолиб кетмоқда.
Не тонгки, “берган ваъдаларинг қани?”, деб сўрайдиган мард топилмаяпти. Вилоят раҳбарининг эса иши кўплигидан бўлса керак, биз айтаётган мактаб-интернат ҳамда 32-сонли мактаб бўйича жиддий шуғулланишларига вақтлари бўлмаяптилар, чоғи.
Мамлакатимиз Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев ҳар бир катта-кичик раҳбардан, аввало, таълим соҳасига эътибор қаратишлари лозим эканлигини ҳамиша уқтирадилар. Шу боис яхши ниятда бўлиб турамиз. Ажаб эмаски, вилоят мутасаддилари берган ваъдаларини эслаб қолишса?!
Ҳайдарали МАМАТОВ,
“Hurriyat” мухбири.