ЗИЁРАТ — ўзини кўз-кўз қилишми?

Яқинда  яқин бир биродаримизнинг бувиси Умра зиёратидан келадиган бўлди. Мени ҳам кутиб олишга айтишди. Борсам, тумонат одам. Қишлоқнинг деярли ярми йиғилган эди. Таъбимни хира қилгани шу бўлдики, кутиб олишга чиққанларнинг ҳар бирининг қўлида ё кўрпача, ё жойнамоз, ёки белбоғ. Ерга узун қилиб тўшаб ташлашди, пойандоз солишди.

— Бу нима энди, ака? – деб сўрадим қариндошимиздан.

— Кўрмаяпсизми, бувимлар муқаддас жойларни зиёрат қилиб келмоқдалар. Табаррук қадамжоларга теккан оёқлари остига тўшалган нарсалар эса ирим-сирим-да. Албатта, “Яхши ният — ярим давлат”. Бизга ҳам шундай жойларга бориш насиб этсин.

— Ахир буларнинг бари беъманилик эмасми, одатда, бундай ишлар кўз-кўз қилинмайди-ку?

— Секинроқ гапиринг, одамлар эшитиб қолишса, нақ сазойи бўласиз-а?

Очиғи, ғалати бўлиб кетдим. Туппа-тузук ўқимишли одамнинг гапини қаранг. Мен нотўғри ёки ножоиз гапирмадим, шекилли? Хуллас, зиёратчилар келишди. Уёғини гапирмасам ҳам, ёзмасам ҳам ўзингиз тушуниб олган бўлсангиз керак. Орият юзасидан маросимни кузатиб турдим. Кетиб юборишга “ҳурматсизлик бўлмасин”,  деб истиҳола қилдим.

Минг афсус!

Жуда таниш манзаралар, шундай эмасми? Айниқса, бугун ижтимоий тармоқларда муборак Ҳаж ёки Умра  зиёратини адо этиб келганларни кутиб олишда зиёратчилар қадами остига узундан-­узун шолчалар, турли матоҳлар тўшалгани, ёш болани зиёратчининг оёғи остига бостирилиши акс этган видеолавҳаларни кўрмаётган юртдошимиз бўлмаса керак. Негадир шу тобда “Кўрмаганнинг кўргани қурсин” деган нақл эсга тушади.

Ана шундай ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази қуйидагича муносабат билдирган:

“Ҳақиқатда умра ибодатига бориб келаётган айрим зиёратчилар ва уларнинг яқинлари билган ёки билмаган ҳолда риёкорликка йўл қўйиши кузатилмоқда. Баъзи ҳолларда умра сафаридан келганларни дабдаба-ю асъаса ила кутиб олиш, кўча бошидан пойандозлар солиш ҳолати кўпаймоқда. Бу кабилар динимизга мутлақо зид бўлиб, ундай ишларни қилаётганлар ўта жоҳил ва нодон кишилардир. Эҳтимол, бу ишлари билан улар ўзларининг Аллоҳнинг байтига бўлган эҳтиромларини ёки уни тавоф қилиб келган кишига нисбатан ҳурматларини ифодаламоқчидир. Лекин ибодатга ҳурмат-эҳтиром бу тарзда намоён қилинмайди. Аксинча, бу риёкорлик ва оғир гуноҳ”.

Ўйлаб қоласан, одамларга нима бўляпти? Ахир ана шундай дабдабали маросимлар учун қилинадиган сарф-харажатларни тежаб, ён-атрофдаги муҳтож кишилар, оилаларга беришса ҳам бўлади-ку!

Ёки яна бир ҳолат. Кўп бўлмади, бир муддат илгари ижтимоий тармоқларда бир видео-­лавҳага кўзим тушди. Унда бир йигит онасининг оёғи ювилган сув­ни қўлларига олиб ичаётгани акс этган. Ана сизга яна битта кўз-кўз томошаси! Эй, барака топкур, ҳар ким ҳам ота-онасини ҳурмат қилиши,  эъзозлаши керак. “Жаннат оналар оёғи остидадир” деган пурмаъно ҳикматлар бежиз айтилмаган. Аммо… ота-она розилиги ҳаммага кўз-кўз қилиб, уларнинг оёқлари ювилган сувни ичиш билан эмас, балки  фарзанд умри давомида уларнинг хизматларини қилиши, уларга нисбатан доимо хушмуомала бўлиб, азият бермаслиги билан бўлади. Шунга кўра, фарзанд ота ёки онасининг ювинган сувини ичиши ва буни ижтимоий тармоқлар орқали бошқаларга кўз-кўз қилиши… ота-онани эмас, аввало, ўзини кўз-кўз қилиш, савия, фаросатдан анча узоқда эканлигидан далолат бермайдими?

Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази қуйидагича муносабат билдирди:

“Динимизда ота-онани рози қилиш катта савоб ҳисобланса-да, уларнинг оёғи ювилган сувни ичиб, уни барчага кўз-кўз қилиш жоиз эмас. Чунки, бу биринчидан, динда ғулув (чуқур) кетиш саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақида огоҳлантириб, шундай деганлар: “Динда ғулув (чуқур) кетишдан сақланинг. Зеро, сизлардан олдингиларни фақатгина динда ғулувга кетишлари ҳалок қилгандир” (Имом Насоий, Ибн Можа ва Аҳмадлар ривояти).

Иккинчидан, бу ишда риё белгилари бор. Яъни, мўмин одам ҳар бир амалини холис Аллоҳ учун қилиб, имкон қадар бошқалардан яшириши лозим. Акс ҳолда, қилган амалининг савобидан маҳрум бўлади. Энг ёмони, баъзилар мана шундай ножоиз ишни қилиб, камига суратга ҳам олдириб тарқатмоқдалар. Натижада бош­қалар “бу ишлар жуда улуғ амал экан”, деб ножоиз ишларни ибодат даражасига кўтариб юбормоқда. Кўр-кўрона эргашиб кетмоқдалар. Имом Раббоний қуддиса сирруҳу “Мактубот”да айтадилар: “Бирор амал шариат кўрсатмасига мувофиқ бўлсагина Ҳақ таоло ҳузурида мақбул бўлади. Аксинча бўлса, Аллоҳ таоло рози бўлмаган иш ҳисобланади. Қандай қилиб Аллоҳ рози бўлмаган иш савоб ўрни бўлсин?! Балки у жазога лойиқ амал саналади”. Демак, ота-онани рози қилиш ҳам шариатимизга мувофиқ тарзда бўлсагина мақбул бўлади…

Гап очилганда яна бир ҳолатни айтиб ўтсак. Минг афсуски, бундай дабдабали ҳолатлар оилавий тадбирларимиз, тўйларимизга ҳам бегона эмас. Айниқса, тўйларнинг кундан-кунга дабдабали тус олаётгани, кимдир пулдан, кимдир доллардан нимча кийиб, тўйга келганларнинг оғзини очаётгани ҳеч кимга қизиқ эмас, аслида. Ота-она, аввало, фарзандининг бахти-камолини кўриш ниятида тўй қилади.

Эътибор берсангиз, ҳозир ҳам ривожланган давлатларда машҳур кишиларнинг тўйи саноқли кишилар билан, оммавий ахборот воситалари ходимларидан имкон қадар яширилган ҳолда нишонланади. Оддий аҳолининг тўйи эса янада одми ўтади. Хўш, бизда-чи? Машҳурлар, айниқса, санъаткорларнинг тўйини бутун республика интернетдан бемалол тўғридан-тўғри томоша қилади. Ундаги ҳашаматли столлар, икки-учтадан қўшиқ айтиб кетаётган “юлдуз”лар, алламбало шоулар бошқалар кўнглига шундай тўй ўтказиш туйғусини солади. Худди дабдабали тўй қилинса, ёшлар бахтли-тахтли бўлиб кетадигандек. Ҳаётда эса тескарисини кўраётганимиз хаёлимизга ҳам келмайди.

Бобо-бувиларимизнинг айтиш­ларича, бизда яқин-яқингача келин куёвнинг хонадонига бошдан оёқ ўралган ҳолда олиб келинган. Ёмон назардан асраш мақсадида келин бегоналарга кўрсатилмаган. Ҳозир ҳам қайсидир ҳудудларда бу анъана бордир, аммо кўпчилик келинни аввал “ЗАГС”га, кейин тўйхонага, сўнгра куёв хонадонига очиқ-сочиқ тарзда олиб бор­япти. Аввал тўйларда келин давранинг маликаси бўлиб, ёшлар учун тайёрланган столда бош эгиб ўтирган бўлса, энди айрим келин бўлмишлар тўйнинг бошидан охиригача рақсга тушяпти, ҳатто қўшиқ куйламоқда! Кундан-кунга “замо­навийлашиб” кетаётганимиздан келинимизни ҳамманинг кўз ўнгида соатлаб рақсга тушириб қўйишдан уялмаяпмиз. Аввалги куёвлар тўйда келиннинг юзини очишга рухсат бермасди, қизғанарди. Ҳозирги куёвлар келиннинг бошқалар билан рақс тушаётганига ҳам парво қилмаяпти, тўғрироғи, ор қилмаяпти. Кундан-кунга миллийлигимиздан, ўзлигимиздан узоқлашиб бораётганимиздан далолат бу!

Жадид маърифатпарварларидан Ҳожи Муин 1919 йилда “Тўй ва аза маросими ҳақинда” номли мақоласида билдирган ушбу фикр­ларга қулоқ тутинг-а: “…илмсизлигимиз сабабли турли маросим ва одатлар юки остинда эзилиб, мунинг учун ахлоқий ва молий жиҳатдан ғоят кўб зарарлар кўрмакда бўлғон бир миллатмиз. Бизнинг халқ “мол ва жон кетса кетсун, обрўи кетмасун”, хатна  ёки никоҳ ва ё аза  маросимини ўрнуға кетурмак учун қўлларида бор нарсаларини 1-2 кунда барбод этадилар, қарздор бўладилар. Қарзларини адо эта олмағач, охири, “молни одам топар, одамни мол топмас”, деб ўз боғ ва ҳовлиларини сотиб, қарзлариға берарлар”.

Таассуф… Орадан салкам 100 йил ўтса ҳамки, ҳамон деярли ўша-ўшамиз…

Яна мавзуга қайтсак. Хабарингиз бор, ўтган йилнинг 22 декабрь куни Президентимиз раислигида Республика Маънавият ва Маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилган эди. Мана шу учрашувда Давлатимиз раҳбари Ҳаж ва Умрага бориб келган ҳар бир юртдошимиз маънавият тарғиботчиси бўлиши керак деган фикрларини илгари сурди.

“Маълумки кейинги йилларда Ҳаж, Умра зиёратларига кенг йўл очяпмиз, минглаб фуқаролар мана шундай қутлуғ зиёратларга бориб келаётганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Бу борада илгари ҳам айтган бир фикримни такрорламоқчиман: Ҳажга, Умрага бориб келган ҳар бир юртдошимиз маънавият тарғиботчиси бўлиши, одамларни яхшиликка бошлаши керак. Афсуски, ҳамма жойда ҳам шундай бўлмаяпти. Зиёрат баҳона ўзини кўз-кўз қилиш, манманликка берилиш каби бизга ярашмайдиган хунук ҳолатлар кўзга ташланяпти. Булар, албатта, барчамизни ўйлантириши керак”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳақ гап. Биз — ўзбекмиз. Томири минг йилларга бориб тақалувчи элатмиз. Бизнинг миллатимизга хос тўй-маросимларимиз бор. Улар ҳақиқий хурсандчилик билан, ҳаётимиздаги энг ёрқин кун сифатида муҳрланишига нима етсин. Хоҳ тўй бўлсин, хоҳ чақалоқни туғуруқхонадан кутиб олиш, хоҳ Ҳаждан қайтган бобо, бувиларга, ота-оналарга  эҳтиром кўрсатиш бўлсин. Муҳими, барчаси ўзаро меҳр-оқибат, ҳурмат-иззат, одоб, ҳаё, камтарлик деган тамо­йилларга монанд тарзда кечиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбари,  муфтий Нуриддин Холиқназаров Умра зиёратидан қайтганларни кутиб олишдаги исрофгарчиликлар, ортиқча дабдабаларга муносабат билдираркан, шундай деди:

“Муҳтарам Умранинг ниятида юрган ҳожи ота, ҳожи оналаримиз… Агар Аллоҳ таоло мени Каъбатуллоҳ тавофига мушарраф қилса ёки Пайғамбаримиз Муҳаммад С.А.В. равзаларига бориб намоз ўқишни, ул зотнинг қабр­ларига қараб салавот-у саломлар айтиш бахтини берса, ушбу ибодатдан қайтиб келганимдан кейин ҳеч қандай риё қилмасликка, исроф қилмасликка, балки ҳеч бўлмаганда икки камбағал оилага қўлдан келганча яхшилик қилишга Аллоҳ насиб қилсин, деб ваъда қилинг. Агар йилда 70 минг нафар одам Умрага бораяпти десак, ҳозирга қадар 40 мингга яқини борди. Агар ҳар бир 40 минг киши иккитадан камбағал оиланинг бошини силаса, 80 мингта оиланинг хонадонига бахт кириб боради.

Сиз ўзи Умрадан келгандаги тадбир-у маросим, исрофгарчилик, риё, хўжакўрсин маросимга кетадиган харажатни иккита камбағал оила боласининг мактаби учун, таълими учун берсангиз эди, ёки боласини даволатиш учун, ота-онасини даволатиш учун дори излаётган одамга берсангиз эди, бугун топгани ошга, нонга етиб, зўрға яшаётган азизларнинг хонадонига ўша хурсандчиликни киргазганингизда эди, унинг савоби бу дабдабабозликдан чандон-чандон кўп бўлар эди”.

Хўш, муфтий ҳазратларининг бундай ажойиб даъватларига нега муносабат, амалий муносабат йўқ? Нега жиммиз? Наҳотки, дабдаба, ким ўзарга мусобақа афзал айрим юртдошларимиз учун?!

Минг таассуфки, глобаллашув шароитида моддий чегаралар тобора нисбийлашиб, маънавий қадриятлар аста-секин умумийлашиб бориши кузатилмоқда. Бундай паллада эса миллий ўзига хосликни сақлаб қолиш, миллий ўзликни англаш ва қадрига етиш тушунчалари устувор мақсадга айланмоғи лозим. Зеро, миллий ўзликни англаш ва қадрлаш жараёни маънавий қадриятларимизнинг пойдевори бўлиб хизмат қилади.

Ислом АСИЛБЕКОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 1 =