Ким кимни алдаяпти?

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги,

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва

“VEOLIA ENERGY TASHKENT”

МЧЖ ХК мутасаддиларига

ОЧИҚ ХАТ

Муҳтарам жаноблар!

2022-23 йил қиш мавсумида қор устига қор ёғиб, жонни эговлайдиган совуқ бўлганлиги сабабли газ кескин пасайиб, халқимиз иссиқликсиз қийналиб қолганини, ўйлаймизки, шу соҳага масъул сифатида Сизлар ҳам унутмаган бўлсангиз керак. Ростини айтганда, заҳрини ўтказган бултурги қиш давомида хонадонларимиздаги иситиш тизимларининг ўзи исинишга зор бўлди. Мажбур бўлиб, электр иситкичларни ишга солдик. Электр қувватини тақсимлаб берувчи трансформаторлар зўриққандан-зўриқиб, талаб қилинган электр қувватини етказиб беролмай, шўрига шўрва тўкилиб, “чарс-чурс”лаганча бирин-кетин тутади, куйди, ёнди…

Ана шунда электр қувватидан ҳам бенасиб бўлдик. Ҳақиқий танглик бош­ланди. Ичидаги суви музлаб қолган кўза ҳам совуққа дош беролмай синди. Болалар тугул катталар ҳам типирчилаб қолишди. Одамлар иссиқлик ва электр қуввати тизимларидан норози бўлиб, интернет тармоқларида аччиқ-аччиқ гапирдилар. Бу асосли эди. Чунки оғир аҳволга тушиб қолган пойтахт аҳолисига вазиятни ўнглаш учун қандай чоралар кўрилаётганини оммавий ахборот воситалари орқали тушунтирадиган мард топилмади. Соҳа раҳбарлари одамлар билан юзма-юз гаплашишдан ва қўнғироқларга жавоб беришдан ўзларини олиб қочдилар. Бизнинг эса ёрдам сўраб мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Туман ҳокимияти билан иссиқлик етказиб бериш корхонасига куну тун қўнғироқ қилиб, навбатчидан қуруқ гап­дан бош­­қа нарса эшитмадик. Аҳвол эса мушкуллигича қолаверди.

Яхшиямки, буларнинг баридан хабар топган Давлатимиз раҳбари мазкур масала бўйича шошилинч йиғилиш ўтказиб, оёғи ердан узилган бир қатор раҳбарларнинг жавобини берди, яна бир қанчасининг танобини тортиб, қаттиқ огоҳлантирди. Шунга қарамай, “бўлса бўлар, бўлмаса ғовлаб кетар” кайфиятидаги айрим раҳбарлар этакларини йиғиб олмадилар. Арзи ҳолимизнинг бу ёғи айнан ўшаларга аталган.

Камина истиқомат қилаётган Миробод туманидаги Шароф Рашидов номли маҳалла аҳолиси иссиқликни Тошкентнинг маҳаллий аэропортидан икки бекат беридаги иситиш қозонидан олади. Яккасарой тумани ҳудудида жойлашган бу иситиш қозони қурилганига камида олтмиш йил бўлган. Ундан узатиладиган иссиқликнинг охирги манзили бизнинг маҳалламиз. Бу ердаги кўп қаватли уйлар 1967-68 йилларда бунёд этилган. Орадаги масофа эллик йилдан зиёд. Шу эллик йил ичида иситиш қозони билан бизнинг маҳалламиз оралиғида озмунча кўп қаватли турар-жой ва хизмат кўрсатиш бинолари қад ростладими?! Буларнинг бари ўша иситиш қозонига уланган.

Хўш, бундан олтмиш йилча муқаддам қурилган иситиш қозони мўлжалдаги бир-икки қаватли 100-150 бино устига қўшилган беш-олти юзта кўп қаватлисини иситишга қодирми? Йўқ, албатта! Шунинг учун ҳам яқин ўн йилдан буён Шароф Рашидов маҳалласигача қайнаган сув паст босим билан судралиб келса-да, ҳароратдан дарак йўқ. Одамлар қишнинг совуқ кунларини бир амаллаб ўтказишга мажбур. Бундай пайтда қорасини кўрсатмайдиган соҳа мутасаддилари ҳисоб-китобга келганда гапни “тўламасангиз, судга берамиз”дан (кундалик жаримаси билан қўшиб) бошлайдилар. Минг афсуски, инсон ҳақ-ҳуқуқларини қонун доирасида ҳимоя қилиши керак бўлган маъмурий идоралар ҳам бундай пайтда масаланинг моҳиятига етмай туриб, иссиқлик кўрмаган фуқарони жазога тортишдан тоймайдилар. Қани айтинг-чи, жаноблар, бундай адолатсизлик яна қанча давом этади? Ниҳояси борми бу текинхўрликнинг?!

“Ёзда тўнингни қўйма, қишда ўзинг биласан”, деган мақолни сизлар ҳам эшитган бўлсангиз керак. Масалага шу нуқтаи назардан ёндашган Президентимиз қиш мавсумига тайёргарликнинг аҳволини бир неча бор муҳокама қилиб, мавжуд камчиликларни тезгина бартараф этиш бўйича соҳа жиловини ушлаб турган сиз жанобларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берди. Қатор-қатор раҳбарларимиз эса кўзини чирт юмиб: “Бу йил ҳеч қандай муаммо бўлмайди, қишга тайёрмиз!” – дея булбулдай сайрашди. Хўш, чиндан ҳам муаммо бўлмадими? Бўлди. Бўлганда ҳам ростакамига бўлди. Мана эшитинг!

Ўтган йили Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан 6 ноябрь куни пойтахтликлар хонадонларига иссиқлик берилди. Шароф Рашидов маҳалласи аҳолиси эса бу иссиқликни ҳозирга қадар кутмоқда. Ҳали кўринганича йўқ. Худди ўтган йилгидек кўринмаса ҳам керак. Йиғилган маблағни еб-ичиб ўтирган номи улуғ, суп­раси қуруқ хизмат кўрсатувчи компаниялардан (бу соҳа фаолиятини замон талаблари даражасида тубдан қайта ташкил этиш вақти келмадими?) тортиб, туман ва шаҳар ҳокимиятларигача, иссиқлик етказиб берувчи туман корхонасидан то жавобгар вазирликларнинг жойлардаги бўлимларигача ҳар куни беш-ўн марталаб мурожаат қилаяпмиз десак, ишонаверинг!

Хизмат кўрсатувчи компаниянинг ҳам, иссиқлик корхонасининг ҳам муҳандислари-ю мутахассислари неча бор келиб, масалани ҳал эта олмадилар. Ҳатто Миробод туман ҳокими ўринбосари ҳам билағонлари билан келиб, муаммони ечолмай кетди. Биз эса қўнғироқ қилишдан тўхтамадик. Ростини айтганда, туман иссиқлик корхонаси ўз айбига иқрор бўлгиси келмади. Аммо касални яширсанг, иситмаси ошкор қилар деганларидек, бу корхона “арбоб”лари бизни алдаб келаётгани фош бўлди. Аввалига улар “фалон жойда қувур алмаштирсак босим ошади”, дейишди. Бўлмади. Кейин “қўшни маҳалладаги барча уйларнинг иссиқлик тарқатувчи қурилмаларига “шайба” ўрнатсак, хонадонларингиз исиб кетади” дея енг шимариб, 8-10 кун тер тўкишди. Барибир бўлмади. Босим паст бўлгач, иссиқлик қайдан бўлсин?

“Бор отангга, бор онангга”дан безиб, охири Давлатимиз раҳбарининг виртуал қабулхонасига бир неча бор (23.11.2023 йил: 814058/23; 27.11.2023 да такроран; 09.12.2023 йил: 861202/23-рақамлар билан рўйхатга олинган) мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Вақт ўтиб жавобини сўраганимизда: “Ижро учун юборганмиз, ўн беш кундан бир ойгача бўлган муддат ичида жавоб оласиз”, деди навбатчи оператор. Мана, 2024 йилнинг февраль ойи ҳам ўтиб боряпти. Лекин ҳеч ким бу масаланинг ечими учун елиб-югургани йўқ.

Қишнинг бир куни ҳам — қиш. Қор устига қор ёғиб, яна совуқ кунлар бошланди. Хўш, энди яна ўтган йилгидек “оҳ-воҳ”лаб ўтираверайликми?! Аввалги қишда болаларимиз билан бирга ўзимиз ҳам титраб-қақшаб, гоҳ йўталиб, гоҳ иситмалаб, дорихонадан оёқ узмай, амал-тақал қилиб, баҳорга чиқиб олган эдик. Аммо кўп қаватли уйларимизнинг четидаги хонадонлар деворларигина эмас, шифтлари ҳам захдан моғорлаб, қорайиб, сувоқлари кўчиб тушиб, бутунлай таъмирталаб бўлди. Бутун қиш давомида хонадонларимизда иссиқлик бўлмаганлиги ҳақида далолатнома тузиб, имзолару муҳрларни қўйиб, туман иссиқлик корхонаси раҳбари қўлига тутқазиб, кўрган зарарларимиз ҳақида куйиб-пишиб гапирганимиз ҳавога учди-кетди. На тўлов, на таъмирталаб хонадонлар масаласи кўрилди. Аксинча, эшик қоқиб келган корхона ходими емаган сомсага пул талаб қилди. Устига устак, суд орқали ундириб оламиз деган дағдағани ҳам унутмади. Бундай ғайритабиий муносабатни истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи республика қўмитаси қандай баҳолар экан?

Президентимиз ўтган йилнинг 13 декабрь куни Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида бўлган чоғида яна иссиқлик масаласига қайтиб, тегишли вазирликлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлигига аниқ топшириқлар бергач, 2023 йилнинг 20 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳри аҳолисини қўшимча иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлаш мақсадида тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тезкор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга асосан бизнинг маҳалламизда ҳам (рўйхатнинг бошида турибди) замонавий иситиш тизими қурилишини эшитиб, жуда хурсанд бўлдик. Бугун бўлади, эрта бўлади билан қанча ойлар ўтиб бормоқда.

Афсуски, бу тезкор топшириқни бажариш Энергетика вазирлиги билан Тошкент шаҳар ҳокимлигига юклатилган бўлса-да, негадир улар ҳалиям жим. Йил давомида қилинмаган ишдан энди умид қилмасак ҳам бўлар. Қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор деганларидек, бизнинг совуқдан азият чекаётганимиз иссиқ уйда яйраб ўтирган соҳа масъулларини ташвишга солармиди? Оғримаган бошини оғритиб, зарур келибдими?! Илтимос, фақат Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига мурожаат қилинг деманг! Бу вазирликда бор-йўғи биттагина —71-210-11-04 рақамли телефон бор. Вазирдан тортиб, муовинларигача шу рақам билан ички телефонга боғланиш мумкинлиги тўғрисида маълумот берилган. Агар вазирга қўнғироқ қилмоқчи бўлсангиз, 71-210-11-04 дан кейин 1250 рақамини терасиз. Бироқ ҳеч қандай жавоб бўлмайди. “Ходимнинг ички рақамини теринг!”ни қайта-қайта эшитаверасиз. Худди шунингдек, ўринбосарларга ўрнатилган 1101, 1013, 1051, 1506 рақамларига ҳам бир неча кун давомида узлуксиз қўнғироқ қилиб, ҳеч ким билан гаплаша олмадик. Аппарат раҳбари билан матбуот котибида ҳатто ички телефон рақами ҳам йўқ экан. Балки, уларни ҳеч ким безовта қилиши керак эмасдир. Иссиқликка жавоб берадиган вазирликнинг иш тартиби шундай бўлгандан кейин, додингизни кимга айтасиз?! Маҳаллага яқин ҳам келмайдиган туман раҳбарларигами ёки иссиқлик таъминоти корхонасининг телефон қоровулигами? Кимга?!

Одамларнинг саломатлиги билан боғлиқ бўлган бу масалага маҳалла раҳбарияти лоқайд қараб келаётгани, айрим хизмат кўрсатиш компаниялари ўзларига тегишли бўлган уйларни имкон қадар иссиқлик билан таъминлаш мақсадида жиноий ишга қўл урганликларини била туриб (бундан туман иссиқлик тармоқлари корхонаси ва коммунал хўжалиги мутасаддилари ҳам тўла хабардор) кўзларини кўр, қулоқларини кар қилиб ўтирганларига нима дейсиз? Иситиш тизими фаолиятини қўпол равишда бузиб, ундан ўғринча фойдаланишни йўлга қўйган компаниялар раҳбарларига нисбатан чора кўриш учун туман иссиқлик таъминоти вакили томонидан тузилган далолатномаларга маҳалла оқсоқоли имзо чекиб, муҳр босишни рад этганлигини алоқадор идоралар раҳбарлари қандай баҳолар эканлар? Юзлаб тонна сувнинг иситиш қозонига қайтиб бормай, оқова тармоғига оқизилганига ким жавоб беради?! Хизмат кўрсатувчи компаниями ёки билиб билмаганликка олган маҳалла оқсоқолими? Ким?!

Хуллас, бу кетишда қишнинг қолган кунларини ҳам амал-тақал қилиб, иссиқликсиз ўтказадиганга ўхшаймиз, шекилли. Эртага “VEOLIA”чилар (бу хорижий корхона билан шартномамиз йўқ. Умуман, туман иссиқлик тармоғи корхонаси билан кейинги ўн беш-йигирма йил ичида шартнома тузилган эмас) яна эшигимизни тақиллатиб, “тўлайсан, тўламасанг, судга берамиз” дейдими?! Йўқ, энди бундай бўлмайди. Бизни ва ўзларидан юқоридагиларни алдаб келаётган ўзи ўзига хон, кўланкаси майдонлар қилмиш-қидирмиш эканлигини унутмасинлар!

Нуриддин ОЧИЛОВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty + 18 =