Эҳ аёллар, аёллар…

“Гўзаллик қурбонлик талаб қилади” деган машҳур ибора бор. Тўғрисини айтсам, шу пайт­гача бу иборани шунчаки бўрттириш, яъни аёллар чиройли кўриниши учун қилинадиган турли хил парҳезлар, баланд пошнали оёқ кийимларда юриши, соч рангини ўзгартириши, кимё­вий пардоз воситаларидан керагидан ортиқ фойдаланиши каби омилларга ишора деб тушунар эдим. Аммо бир мақолани ўқиб, гўзаллик нафақат қурбонлик талаб қилишига, балки гўзал кўриниш учун қурбон бўлганлар тақдиридан ҳам огоҳ бўлдим.

Мақолада келтирилишича, XVIII-XIX асрларда ғарб­лик хонимлар ўртасида урф бўлган кринолин каркасли – қўнғироқни эслатувчи этаги узун кўйлаклар балсевар хонимлар учун кулфатнинг ўзгинаси бўлган экан. У вақтларда бал ўтказиладиган заллар юзлаб шамлар билан ёритилган ва шамдонлар шундоққина ерга – залнинг четларига қўйилар экан. “Қўнғироқ” этакларга ўша шамлардан олов илашиб кетган ҳолларда этакдан чиқиб олиш деярли имконсиз бўлгани учун, кўп хонимлар куйиш жароҳатини олган, баъзилари ҳатто… Маълумотларга кўра, XIX асрнинг иккинчи ярмидаги ўн йилликнинг ўзида 3000дан ортиқ аёл елкаси очиқ, бесўнақай этакли кўйлакларига олов туташиб кетиши туфайли ҳалок бўлган. Француз тарихчилари ёзма манбаларида бу либос “кулфат келтирувчи кўйлак” деб аталган.

Муаммо ўша даврда қолиб кетган бўлса майли эди-ку-я, аммо “кулфат келтирувчи либослар”ни ҳозирги замонда ҳам аёллар сўнгги мода сифатида қадрлашади: қанчайин зарарли бўлмасин, барибир, воз кечишолмайди…

Корсет яратилиши сабаби тўғрисида ҳам ҳар хил маълумотлар бор.

XV аср иккинчи ярми XVI аср бош­ларида испан модасида даҳшатли корсетлар  яратишдан асосий мақсад аёл ўз турмуш ўртоғига хиёнат қилган-қилмаганини аниқлаш эди. Яъниким, аёл танасига кийдирилган корсетлар ёғоч ва пўлат панжарали ускуналардан иборат бўлган. Корсетни тажрибасиз қўл маҳкамлаши ёки ечиши иложсиз эди. Уни кийган аёл ўзи мустақил еча олмаган, ўзга киши эса илгакларнинг нозик томонларини тушунолмаган ва хиёнат нотўғри боғланган корсет ёрдамида тезда аниқланарди…

Кейинчалик, XX асрнинг 20-йилларига келиб ҳозирги кенг тарқалган корсетлар яратилди. Тўғри, булар ҳам кўкрак қафасини сиқади, лекин белни эркин ва мослашувчан қолдиради. Шундай бўлса-да, замонавий корсетларни белгиланган соатлар давомида тақиш мумкин. Шунда тана ортиқча зўриқмайди.

XX асрнинг охирларидан ҳозирга қадар тор жинси шимлар ҳам урфдан қолмай келмоқда. Айрим аёллар қишин-ёзин бу каби шимлардан ажралишолмайди. Кўплар ўзларига бир ёки икки ўлчам кичик либосни кийиш танани оздиради, деб ўйлашади. Аслида, вазн ташлаш учун, аввало, қулай ва кенг либос кийган маъқул. Тор либослар инсонда “компартмент” синдромини келтириб чиқаради. Бу дегани босим туфайли тана аъзолари шишади, қон айланиш тизимида муаммо пайдо бўлади. Тор шимлар инсоннинг бел ва қорин соҳасини сиқиб қўйиши оқибатида туғуруқ ва унгача бўлган даврда салбий асоратлар келиб чиқиши мумкин.

Оёқ муаммоларининг асоси бўлмиш пошнали туфлилар ҳам саломатликка зарарлилиги бўйича олдинги қаторларда туради. Сабаби, пошнаси баланд пойабзал кийганда  оёқнинг товон қисми кўтарилиб, гавданинг бутун оғирлиги бармоқларга тушади. Зўриқиш оқибатида оёқлар ясси шаклга келиб, бутун мушак-скелет тизимида муаммолар келтириб чиқаради. Шунинг учун мутахассислар 2-5 см оралиғидаги пошнали пойабзал кийишни тавсия қилишади.

Кийимларнинг зарарлиларини айтдик, энди тавсияга келсак. Замон билан ҳамнафас қизларимиз яхши билишади – бу йил “Олд-моней” услуби урфда. Замонавий маданият ва классик нафосатни ўзида уйғунлаштирган “Олд-моней”да ҳашамдорлик эмас, сифат муҳимроқ. Яъни, бу услуб бир мавсумда урф­дан чиқиб кетадиган эмас, балки кўп йилларга хизмат қиладиган ки­йимларга сармоя киритишни афзал кўради. Бу услубда тақинчоқлар тақиш муҳим эмас, бироқ  сифатли, бежирим тасмали соатни ушбу услубдаги ҳар қандай кийимга қўшиш мумкин. Бу услубнинг асосий мақсади оддий, аммо нафосатли, виқорли  кўринишдир.

Инсоннинг энг яхши ташриф қоғози – унинг либоси. Кийимнинг ҳар бир унсури атрофдагиларда ижобий ёки салбий таассурот уйғотиши мумкин. Маданиятли, маънавиятли инсон ҳамма жойнинг ўзига хос бўлган кийиниш одобига риоя қилади. Ташқи кўриниш инсоннинг кайфияти ва руҳий ҳолатига таъсир этиб, унинг хатти-ҳаракати, феъл-атворини ҳам ўзгартиришга қодир.

Кийиниш маданиятига эътиборсизлик, нотўғри танланган, муҳитга мос келмаган уст-бош кишини ноқулай аҳволга солиш билан бирга, ўзига нисбатан ишончсизликни ҳам келтириб чиқариши мумкин.

Жамиятни ва ўзини ҳурматлайдиган аёллар, опа-сингиллар иложи борича мавсумга, қиёфаси ва рангу рўйига ярашадиган, энг муҳими, соғликка зарар келтирмайдиган кийимларни танлайдилар. Либос иккиламчи, инсоннинг гўзаллиги, аввало, ақл-заковати, дид-фаросати, чиройли фазилатларида намоён бўлади.

Дилдора ДЎСМАТОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × one =