Сурхон юртида ҳам ривожланиш, ўсиш бўлади

Маълумки, шу йилнинг 13 март куни Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли ҳаёти, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг амалга ошиш жараёни билан танишиш мақсадида Сурхондарёда бўлди.

Айтиш керакки, бу галги ташриф сурхондарёликларнинг қалбидан янада чуқур ўрин олган, тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлди десак муболаға бўлмайди. Негаки, Президентимиз томонидан 2023 йил ҳар бир воҳа аҳли ҳаётида муҳим ўрин тутиши, хусусан, Сурхондарё вилоятида ҳам туб ислоҳотлар, янгиланиш, улкан бунёдкорлик ишлари қаторида аҳоли фаровонлигини таъминлайдиган йирик лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши юртдошларимизни қувонтириб юборди.

Давлатимиз раҳбари вилоят фаоллари, депутатлар билан бўлган учрашувдаги нутқида Сурхон аҳлига чуқур ҳурматини билдириб, воҳа аҳли турли соҳа ва тармоқларда улкан натижаларга эришаётганлиги,   ҳудуд ривожининг бугунги ҳолатига тўхталиб   “агар яна бир-икки йил қаттиқ ишлаб, халқимизга астойдил хизмат қилсак, Сурхондарёда жуда катта ривожланиш, ўсиш бўлади”, дея ишонч билдирди.

Шунингдек, Президентимиз аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш энг асосий вазифа сифатида белгиланишини илгари суриб, маҳаллаларга оилавий тадбиркорликни олиб кириш ва касаначиликни янада ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш масаласига алоҳида тўхталди.

Айтиш жоиз, бугун Сурхон воҳасидаги барча маҳаллаларда ҳам бирдек тадбиркорлик яхши йўлга қўйилмаган. Шу боисдан давлатимиз раҳбари вилоятда тадбиркорлик суст кечаётган 43 та маҳаллада микро-марказлар ташкил этилишини маълум қилди. Эндиликда ушбу маҳаллаларда турли лойиҳаларга 80 миллиард сўм имтиёзли кредит йўналтириладиган бўлди. Шу йил 1 июлга қадар 118 та оғир маҳаллада касаначилик лойиҳалари ва 10 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланади. Бу бир неча минг оилаларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлайди. Энг муҳими, ана шундай эзгу ишлар оилалар тинч-хотиржамлиги ва фаровонлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Давлатимиз раҳбари   меҳнат бозорига кириб келадиган   ёшлар тўғрисида ҳам тўхталар экан, уларни билимли, касб-ҳунарли қилиб вояга етказиш муҳим эканлигини таъкидлади. 2023 йилда воҳада 50 минг нафар ёшларнинг   14 минг нафарига 350 миллиард сўм кредит берилиши, 16 минг нафарига деҳқончилик учун ер ажратилиши баробарида 10 минг нафари учун бўш иш ўринлари яратилишини маълум қилди.

Янаям қувонарлиси, ёрдамга муҳтож 18 мингдан зиёд аёллар касбга ўқитилиб, меҳнат қуроллари учун 15 миллиард сўм субсидия ажратиш орқали 3 минг нафар хотин-қизлар банд қилинадиган бўлди. Тадбиркор бўлиш истагидаги 10 минг нафар аёлларга 200 миллиард сўм кредит ажратилади, 5 минг нафар хотин-қизлар эса уй шароитида касаначиликка жалб қилинади.

Сурхондарёнинг иқлими деҳқончилик учун жуда қулай. Шу боис йилда ердан 3 мартагача ҳосил олиш имконияти мавжуд. Ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш аҳоли даромадларини оширишнинг муҳим шарти, албатта. Давлатимиз раҳбари вилоятда деҳқонларга шароит яратиб, сув таъминотини яхшилаб, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини 2 бараварга ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 250 миллион долларга етказиш вазифасини қўйди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Сурхон диёрида ҳали фойдаланилмай ётган имкониятлар жуда кўп. Шу боис, жорий йилда 292 та саноат ло­йиҳаси ишга туширилиши белгиланди. Бу эса 10 мингта янги иш ўрни яратиш имконини беради. Шунингдек, саноатда импортни 50 миллион АҚШ долларига қисқартириб, экспортни камида 250 миллион долларга етказиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Энергетика масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Сариосиё туманидаги Тўпаланг гидроэлектр станцияси ҳамда янги 3 та кичик ва микро ГЭСлар орқали шу йилнинг ўзида 350 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши ҳамда Шеробод туманида 457 М/В қувватли йирик қуёш электр станцияси ишга туширилиши ҳамда кичик қувватли қуёш панелларини ўрнатиш орқали энергетика тизимини янада яхшилаш, энг муҳими, электр энер­гияси ишлаб чиқаришда харажатларнинг камайишига эришиш каби вазифалар ўта муҳимдир. Бу эса воҳа иқтисодиёти ривожида муҳим ўрин тутади.

Умуман олганда, Сурхондарёда ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга жорий йилги давлат дастурларида кўзда тутилган 1,5 триллион сўмга қўшимча яна 465 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Шунингдек, аграр соҳа, ичимлик суви ва тадбиркорлик лойиҳаларига қўшимча 328 миллион АҚШ доллари жалб қилиниши бўйича Юртбошимиз томонидан топшириқ берилганининг ўзиёқ ҳақиқатан ҳам Сурхон диёрида ҳам жуда катта ривожланиш, ўсиш бўлишини кўрсатиб турибди.

Шубҳасиз, бундай истиқболли режалар, амалга оширилаётган барча эзгу ишлар аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш, вилоятни камбағаллик ва ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш йўлидаги тарихий саъй-ҳаракат, десак хато бўлмайди.

Наргиза РАҲМАТУЛЛАЕВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари,

Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгаши депутати

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen + 6 =