Тунлар чалғиб ўтдилар, Кунлар балқиб ўтдилар…

Саъдулла ҲАКИМ

 

Халқимиз таниқли шоир, камтарин инсон, устоз Саъдулла Ҳакимни яхши билади. Таниқли ижодкорнинг “Ҳамал тонглари”, “Сен кутган баҳор”, “Ёз оқшоми”, “Она сўз”, “Кўнгил юзи”, “Кўҳна нақл” сингари китоблари юртдошларимизнинг севимли асарларига айланган. Моҳир таржимон сифатида ҳам баракали ижод қилиб, Гёте, Пушкин, Лермонтов, Есенин, Юнус Эмро каби дунё шоирларининг қатор асарларини ўзбек тилига таржима қилган эди.

Меҳнат фаолиятини Ғаллаорол туманида ўқитувчиликдан бошлаган шоир турли йилларда нуфузли матбуот нашрларига раҳбарлик қилди, Давлат идораларида масъул вазифаларда ишлади. 2016 йилдан бошлаб ҳаётининг охиригача Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига раҳбарлик қилди. 2020 йили вафот этди.

Бугун устоз шоир, ёшларнинг ажойиб мураббийси бўлган Саъдулла Ҳаким таваллуд топган кун. Агар ҳаёт бўлганида 72 ёшни қарши олган бўлар эди. У кишини ёд этиб, қуйида шоирнинг ҳали матбуотда эълон қилинмаган бир нечта шеърларини ҳавола қилдик.

 

              ИШҚИНГ ЎТИДА КУЙДИМ

Эй ёр, сенинг ишқингда ишқинг ўтида куйдим,

Суйдим кул бўлиб, яна гулдай кўкариб суйдим.

 

Ҳар сўзинг ёмғир каби малҳам бўлди дилимга,

Эшитган борми, ташна деса ки, ичиб тўйдим.

 

Сендан кўзим узмоққа қиймади кўзим, шундан

Ўзгаларнинг кўзидан ҳаргиз кўзимни қийдим.

 

Рўзадор борки ўзни тийгуси ёмон сўздан,

Сенинг номингдан ўзга сўздан мен ўзни тийдим.

 

Тилим тотли бўлсин деб бол ялайди одамлар,

Мен тилимга бол каби сенинг номингни қўйдим.

 

Куз қуёш соғинчида кийган каби заъфар тўн,

Ҳижрон чопоним бўлди, соғинчдан дўппи кийдим.

 

КЎНГЛИ ЗОР

Кўнгли зор билгай кўнгилнинг зорини,

Этмагай ёр дарду ғамга ёрини.

 

Масту беҳуд қилмаса ишқ, ҳеч киши,

Севмагай мендек ўшал   айёрини.

 

Дардга малҳам уч маҳал аччиқ дори,

Мен шифо билдим санам озорини.

 

Икки гул барги тилим этди чучук,

Бол бериб ёзди дилим хумморини.

 

Энди не бўлгай десам, ул айтдики,

Бол шимиб, бол бирла боққай ёрини.

 

Мен дедим, томирда шарбат нашъаси

Оқмаса очгайми гул узорини?

 

Бори гап шулми дея, ёр, инжима,

Бўлмади айтиб Саъдулло борини!

 

                    ДАШТ ҚИЗИ

Эй сочларини шамол ўриган дашт қизи,

Эй кўзларини қуёш қўриган дашт қизи.

Сен на еру ва на осмондан,

Сен малаклар юрти томондан.

 

Эй лаби – тоғолча, юзи – қизғалдоқ,

Қулоғида икки бўлик ой   балдоқ.

Сендан келар шувоқ ифори,

Сўзинг шифолию, ўзинг шифоли.

 

Сен бу дунёга гавҳар бўлиб келгансан,

Гавҳар азиз замонни билиб келгансан.

Сени излаб эрта келган мен,

Қисматидан тақдир кулган мен.

Сен қоронғу хонага тушган толаи нур,

Сен куйган юракка томган қатра ёмғур.

Сен ҳеч унутилмас ёд,

Сен ўчмас унсиз фарёд.

Эй сочларини шамол ўриган дашт қизи…

 

КЕЧИР МЕНИ, ДЎСТ

Тонг-саҳар. Ўнгимми-туш,

Кечир мени, дўст,

Уйғотди бедор бир қуш,

Кечир мени, дўст.

У қуш кўксимда эди,

Балки ўксимда эди,

Сенинг исмингни деди.

Кечир мени, дўст.

Эслатди ёшлик чоғим –

Ҳар лаҳзаси қаймоғим.

Шабнамдай пок ўртоғим,

Кечир мени, дўст.

 

Тунлар чалқиб ўтдилар,

Кунлар балқиб ўтдилар.

Сойлар оқиб ўтдилар,

Кечир мени, дўст.

Тегрангда танишинг кўп,

Бол тутгувчи кишинг кўп.

Банд бўлдинг-да, ишинг кўп,

Кечир мени, дўст.

Номардлар бошлаб ўйин,

Орани бузди қуюн,

Шайтонга эгдик бўйин,

Кечир мени, дўст.

Булут ёпган офтобим,

Унут ётган китобим.

Тонг-саҳарлар хитобим:

Кечир мени, дўст.

Сенинг ҳам кўксингда қуш,

Дўстим, деб берса довуш,

Икки дунё кўрдик хуш,

Кечир мени, дўст!            

 

        ЯНГИ ЙИЛ ОРЗУСИ

Қорбобо келмайди ўрмон оралаб,

Эртакдан чиқмайди Қорқиз ҳам, аён.

Қорбобо келармиш деса,   воажаб,

Эшикка боқаман боладай шодон.

Қорбобо қор олиб келсин бу кеча,

Қиш ёзсин пояндоз,   эс кирмасин кеч.

Эски дўстлар қолсин эскилигича,

Янги дўстлар эса эскирмасин ҳеч!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 − three =