Меҳрибонлик (Оилавий ҳангомалар)

Балиқнинг боши

 

Эрталабдан ота-бола ер чопаётган эдик. Ошхонада нимадир пишираётган хотиним чойга чақирди.

— Чой ичиб олинглар. Кел, ўғлим, қорнинг ҳам очиб кетгандир. Эрталабдан бери ишлайсан ахир, – деди хотиним одатдагича.

Қўлларни ювиб, ошхонага кирдик.

— Оила бошлиғи мен бўлсам нега ўғ­лингни чақирасан-у, менга индамайсан? – дедим бироз жаҳлим қистаб.

— Оила бошлиғи сизсиз-а? – деди хотиним нечундир жилмайиб.

— Эсингдан чиқиб қолдими?

— Унда ўғлингиз оиламиз думими?

— Йўқ! – дедим қатъий, – ўғлим ўртаси, сен думисан!

— Сиз оила боши, ўғлим ўртаси, мен думиманми? – Қайта сўради хотиним.

— Ҳа! Қарорим қатъий. Ўз сўзимда қоламан! – дедим тантанавор оҳангда.

— Гапингиздан қайтмайсиз ва тонмайсиз, – хотиним лабидаги табассум мени ҳайрон қолдира бошлади.

— Ҳа! – дедим яна.

—Ундай бўлса, – деди у янги пиширган балиқни тақсимларкан, – оила бошлиғи бўлганингиз учун балиқнинг боши сизга, менга думи, ўғлимга ўртаси…

 

Манзарали дарахт

 

Ишдан келиб одатимча ҳовлини айланарканман, ўғлим буюрган ишларимни чала қилганлигини кўриб асабим бузилди.

— Ўғлинг қани?! – дедим ошхонада куймаланиб овқат тайёрлаётган хотинимга зарда билан.

— Ҳозир келиб қолади. Ўртоғининг уйида ҳашар бор экан, шунга кетувди. Бирон ишингиз бормиди?

— Йўқ! – дедим кескин оҳангда. – Бирон ишни охиригача бажармайдиган ўғлингда нима юмушим бўлиши мумкин?!

Хотиним гапим оҳангига мутлақо аҳамият бермагани мени ғоят ажаблантирди. Устига устак у жилмайиб қараб турарди.

— Нимага илжайиб турибсан? – дедим жаҳлни ҳайронликка алмаштириб. – Ўғлинг­­ни уришмоқчи бўлсам куласан-а?!

— Ҳа, энди дадаси, ўзингиз айтасиз-ку. “Мевали дарахтга тош отилади” деб.

— Ия, ўғлинг ҳали мевали дарахт бўлиб қолдими? – дедим жиғибийрон бўлиб.

— Ҳа, шунақа, ўғлим – мевали дарахт! – деди хотиним яна кулиб.

— Унда мен-чи? – дедим жонҳолатда.

— Сизми? – деди у фавқулодда хотиржамлик билан. – Сиз энди манзарали дарахт­сиз, дадаси, манзарали.

 

Қовоқ сомса

 

Ишга кетаётганимни кўрган хотиним ошхонага чопиб кирди-да, целлофан халтага солинган нарсани кўтариб чиқиб, қўлимга тутқазди ва:

— Ишхонада ерсиз, – деди.

— Нима бу? – дедим унинг ноодатий меҳрибонлигидан ҳайратга тушиб.

— Ўтган кунги пиширган қовоқ сомсам.

— Нечук ўғлингга бермай менга илиндинг?

— Кеча ўғлингизга опкетгин десам, ишхонага қовоқ сомса оборгани уяламан, – де­ди.

— Мен-чи? Уялмайманде, а…

— Ана шунақасиз-де. Сизга бирон нарсаям илиниб бўлмайди, – деди хотиним ўшшайиб.

 

Илож қанча?

 

Кечки оқшом оила даврасида ҳар ким ўз иши билан машғул. Мен китоб ўқияпман, хотиним кўрпача қавияпти, ўғлим телефон билан овора.

Китобни ўқиган сарим ўзимни кулгидан тўхтатолмасдим. Охири бўлмади: портлаш юз берди.

— Ҳа, секинроқ, мунча хахоламасангиз, – деди хотиним кўзойнаги остидан ажабланганча менга қараб.

— Қаҳҳор зўр ёзувчида… Адабиёт ўқитувчисининг саволини қара – Салтиков каттами Шедрингми?

Хотиним ҳайрон бўлганча қараб турганини кўриб қитмирлигим тутди.

— Хўш, сенингча қайси бири катта? – дедим унга қараб.

— Э… бошқа саволингиз йўқми? – деди хотиним ишини тикишда давом этиб. – Қайси бирини катта деб айтсам барибир хато бўлади.

— Сен нима дейсан? – дедим юқори синф­­да ўқийдиган ўғлимга қараб. У “билмайман” дегандек елкасини қисди ва яна телефон билан овора бўла бошлади.

— Нега индамайсан? Мактабда адабиёт дарси борми? Адабиёт ўқитиладими ўзи? – дедим ўғлимнинг қилиғидан жаҳлим чиқиб.

Ўғлимга берилаётган кетма-кет зарбалардан сўнг хотиним зарда билан менга қаради.

— Алмойи жалмойи саволларингиз билан боламнинг бошини қотираверманг. Ўзи мактабдан чарчаб келган бўлса. Бизни, – деди хотиним ўғлининг ёнига ўтиб олиб, – қачон айтганимиз тўғри бўлувдики, энди тўғри бўлса? Ўзингиз билинг, хўпми? Сиз ўшаларнинг қайси бирини катта десангиз кўнамиз. Иложимиз қанча?..

 

Биринчи бўлиш

 

— Ўғлинг келдими? – дедим хотинимга инқиллаб.

— Йўқ, ҳали келгани йўқ, – деди у бироз ташвишли оҳангда.

Орадан ярим соат ўтди. Яна сўрадим. Боя­­ги жавоб. Орадан бир соат ўтса ҳамки ўғлимдан дарак йўқ эди.

— Ўғлинг қачон келади? Келадими ўзи? – дедим ҳасратимдан чанг чиқиб.

— Докторда ушланиб қолибди, дадаси. У ҳам нима қилсин?! Хотинининг кетида юрибди-да.

— Ҳа, – дедим ўксиб. – Унга хотин керак. Қариган отадан нима фойда. Мен кечадан бериб ётибман, иши йўқ. Ўзи касаллигимни айтганмидинг?

— Айтувдим, дадаси, айтувдим. Озгина сабр қилинг, келиб қолар. Мунча бесабр бўлмасангиз. Аҳволингиз у даражада ёмон эмас-ку.

— Ҳа, ўлар ҳолатда ётсам ҳам сенингча яхшиман! – дедим бироз ўксиниб. – Чунки нариёққа кетишга ҳам биринчи рақамли номзодман. Бунақа одам кимга керак? Тўғрими?

— Сиз, – деди хотиним мени юпатмоқчи бўлиб, – ҳеч ташвиш тортманг, дадаси. Комил ишонч билан айтаманки, ўзингиз айтганингиздек ҳамма соҳада биринчи бўласиз. Биринчи…

Баҳром АКБАРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × four =