Жондор

Олимжон ЎСАРОВ

 

Муаллиф ҳақида:

Олимжон ЎСАРОВ — 1973 йил 9 апрелда Булунғур туманида таваллуд топган. 1996 йили ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини, 2002 йили Тошкент давлат юридик институти (ҳозирги Тошкент давлат юридик университети)ни тамомлаган. Муаллифнинг “Баҳор хазонлари”, “Изтироб гуллари”, “Юлдузлар карвони” сингари шеърий тўпламлари, “Тунги қотиллик” қиссаси чоп этилган.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

 

ЖОНДОР

(Ҳикоя)

Камина жониворшунос эмас­ман, аммо кўпчилик қатори жондорсеварлар жамиятининг “кўнгилли” аъзосиман. Ижарада яшайдиган торгина, димиққан эски кулбамда биргина ноёб маҳлуқот бор: кўринишдан буғма илонга ўхшайди, гоҳида калтакесак қиёфасига ҳам киради, исми жисмига монанд – ЖОНДОР.

Менинг бор бисотим ҳам шу. Хона тўридаги ҳеч вақт йиғиштирилмайдиган кир-чир   кўрпа-тўшак ҳамда деворга суяб қў­йилган ғалати тошойна ҳам унга тегишли. Уззу кун у тошойнани, тошойна эса уни томоша қилади. Табиийки, мен бунга кўникиб кетганман.

Адашмасам, унга қаттиқ боғланиб қолганман. Эҳтимол, севарман ҳам. Ахир севмай бўладими, шунчалар гўзалки, айниқса, кип­рик қоқмай, сўзсиз боқувчи ўткир, совуқ кўзлари… ҳушингдан айиради. Бу кўзларга бир бор тикилсанг, тамом, жодуланасан: аввал ҳаяжон босади, бутун баданинг жимирлаб, селга айланасан ва англайсанки, асир тушибсан.

Унинг каминага ёқадиган яна бир одати бор: ҳар сонияда “буни кўраяпсанми?” дегандек тилларини кўрсатишдан чарчамайди. Сукунатнинг чинқириғи кар қилган қулоқларим унинг сўз айтмай тўлғонишидан истакларини эшитади, аниқроғи, тушунаман ва… итоат қиламан. Қалбингни ўғирлашса шундай бўлади, ҳусни жамолига маст, нигоҳларга маҳлиё бўлиб яшайверасан. Ойдин кечаларда беихтиёр   “Сулувимсан” деб эркалайсан ҳам. Совуққонлиларнинг барчаси шундай эркалашни ёқтиришади. Айниқса, улар мутлоқ ҳокимлик ўрнатган салтанатга қоронғу чўкиши ғоят фароғатли. Кун бўйи дунёда мавжудлигингдан толиққан асабларингга тин бермоқчи бўлиб тўшакка чўзилганингда, совуқ нарса бўйнингни қучади. Секин судралиб устингга чиқади, гўё жисми жонингни силаётгандек бўлади. Шунда… унинг кулчадек жуссасини юрагингнинг устига қўясан. Ҳаво етмаётган кўксингга унинг муздек танаси тегиб, яна… ҳузур қиласан. Судралиб юрувчиларни нега “совуқ” дейишларини англагандек бўласан. “Уларнинг нафақат кўриниши, балки вужудида қон айланмаслиги сабаб танаси ҳам совуқ бўлади”, беихтиёр биология муаллимининг айтганлари хаёлингдан ўтади. Вужудинг қирқ даража иссиқ, тер босган кафтларинг билан муздек танасини силайсан, хаёлингни ғалати фикр ўғирлайди: “Ҳозир чақиб олса-я?” Оҳиста юрагига қулоқ тутасан. Ҳиссиз, бир маромда секин ураётган товушни эшитиб, ўзингни юпатасан: “Чақмайди, чунки эртага ҳам керакман”.

Ҳаётимга кириб келган шунча вақт ичида у ўзини кўзгуга соладиган қилиғини ҳеч тарк этолмади. Кун бўйи тошойна ёнидан кетмас, ўз аксига термулиб чарчамас, шундай кезларда мавжудлигини ҳам унутиб қўярди.

Сўнгги ҳафтада унинг фаромуш, ҳастадил бўлиб қолганини сездим. Очиғи, ўзим ҳам эътибор бермай қўйган эканман. У ёлғиз эди, ёлғизлик жисми жонини ва ақлу хаёлини кишанлаб олганди. Унга раҳмим келди, яна меҳрим товланди. Дунё­даги энг қимматбаҳо нарсамни йўқотиб қўйишдан қўрқиб кетдим. Ахир уни менга инъом этишганда умримнинг охиригача авайлаб-­асрашга сўз берганман.

Бахтни қаранг, шу кунларда қўшним хорижга узоқ сафарга кетадиган бўлиб қолди. У ашаддий гул ишқибози эди. Уйи тўла турфа хил гуллар. Ҳатто қишда ҳам уникида баҳор, гуллар ранго-ранг очилиб ётади. Қўшним сафардан қайтгунича гулларига вақти-вақти билан сув қуйиб туришимни илтимос қилди. Гулларга унча ҳушим бўлмаса-да, ноилож рози бўлдим.

Икки кун ўтгач, кечқурун гулларга сув қуйиш учун қўшнимникига чиқмоқчи бўлдим, қарасам, у ҳам ортимдан судраляпти. Тўхтаб, бироз унга тикилиб турдим, нигоҳим маъносиз, жавдираб турган кўзларга қадалди. Бу кўзлар аввалгидек ўткир ва совуқ эмасди. Кутилмаганда, унинг кўзларига ёш қалқди. Бардошим етмади, жим ортга ўгирилдим. Кўксимда чақин чақнади, киприк­ларимда оғир нимадир осилиб қолди. У ҳам ортимдан шитоб билан судралиб борарди.

Қўшнимнинг хонадонида қанча қолиб кетганимни билмайман, аммо уйга кирарканман, ҳамиша йўлимни пойлайдиган, остонада мени кутиб оладиган кўзлар йўқлигини ҳис этдим. Дарҳол тош­ойна ёнига қарадим. Бўмбўш. Умримнинг бир қисмига, эҳтимол мазмунига айланган кимдир, нимадир йўқ эди. Ваҳимага тушдим. Қўл-оёқларим ҳолсизланиб, ўтириб қолдим. Сониялар ичра бирга кечган оқ-қора кунлар кўз ўнгимдан югуриб ўтди. Ҳушимга келгач, қўшнимникига отилдим. Калитлар адашиб қолганми, бирортаси тўғри келмасди. Мен баттар шошардим. Шарақлатиб эшикни очдим, шу пайт қўшнимнинг алвон гуллари узра оппоқ капалак ҳавога кўтарилди ва мен томон учиб, бошим узра айлана бошлади. Сўнгра оҳиста кифтимга қўнди. Мен уни танидим. Вужудимга жон кирди, меҳрим жўшиб кетди. Уни авайлабгина қўлимга олдим, қанотларини силадим. Унинг оқ, ҳарир қанотлари онамнинг оппоқ сочларини эслатарди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − 16 =