Миллий қадриятлар қасидаси

ёки истеъдодли шоир Хушбоқ РАҲИМ ижоди ҳақида ўйлар

 

Файласуф шоир Хушбоқ Раҳимни эшитганман, катта олимлигини, истеъдодли шоирлигини яхши биламан, — деб ёзади Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ижодкорнинг “Сурхондарё қасидаси” китоби сўзбошисида.— Чунки, шоир Хушбоқ Раҳимнинг шеърлари ўзига хослиги ва ижтимоий юки билан бошқалар ижодидан ажралиб туради. Улардан ҳар бир касб-ҳунар ва мансаб эгаси ўзича маъно-мазмун ўқиши, хулоса чиқариши, ибрат олиши мумкин. Мисол, учун “қўшмоқ айирмоқнинг қилча нафи йўқ” сатрини олайлик. Бу сатрлардан иймони собит ва маънавияти бутун кишилар миллийликка қўшсанг ҳам, қўшмасанг ҳам натижа миллий, яъни юртимиздаги тўғри ҳам, эгри ҳам,   саводли, бесавод ҳам, ҳалол ҳам, ҳаром ҳам, увол ҳам савоб, ютуқ ҳам камчилик, фойда ҳам зарар, иллат ҳам фазилат ўзимизники, ички ишимиз деб ҳисоблайди.

Миллийлик умуминсонийлик билан боғланади. Ўзбекистон кўп миллатли халқ. Унда юз элликдан ортиқ миллат ва элатлар яшайди. Уларнинг барчаси этутирноқ, бағри кенг, меҳмондўст ўзбеклар билан анъана, урф-одат, маросим, тўй-томошалари, юриш-туришлари ўзаро қўшилиб, бир-бирини бойитган. Kелажаги буюк Ўзбекистон ўзбекнинг ҳам, уларнинг ҳам умумий уйи. Шоир Хушбоқ Раҳим қардош халқлар эт-тирноқ ва қисматдошлигини шундай изоҳлайди:

 

Ортиқ ё кам эмас, одамдан одам

Қозоқ, тожик, ўзбек тирноқ билан эт.

Қатағон қурбони қанча-қанча жон,

Юртидан бадарға ингушу месхет.

Қувғин… қардошим кел, хонамиз миллий

Бир дардда, бир ўтда ёнамиз миллий.

 

Инсон борки, ўз ватани, туғилиб ўсган жойи, ўзи яшаётган гўшаси тарихини билишга, ўзлигини англаб етишга ҳаракат қилади. Ўзликни англашга интилиш энг аввало ўз юртининг тарихини билишдан бошланади. Чунки тарих ўтмишни, халқимиз қолдирган муқаддас мерос­ни, диний қадриятларимизни, ота-боболаримиз хотирасини, ўтмишдаги барча камчилик ва хатоларимизни ўргатади.

Хушбоқ Раҳим бугунги ва келгуси авлодлар онгига буюк аждодларимиз ўтмишини, турмуш тарзини, диний эътиқодларимизни сингдириб боришга ҳаракат қилади. Токи аждодларимиз ким бўлган, қаерда, қандай яшаган, ҳаётлари қандай бўлган, келгуси авлодларимиз билсин ва фахрлансин.

Кимки ўз юрти тарихини билмаса, ўз ватанига, миллатига ҳурматсизлик қилган бўлади, аждодлар ўтмишига бепарво, ота-бобосига беписанд кишилар миллий қадриятларимизга хиёнат қилган бўлади.

Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, шоир Хушбоқ Раҳимнинг биргина “Чағониён ёхуд бетакрор дунё” асарини ўқиган киши унинг нақадар катта ижодкор эканлигига шоҳид бўлади. Бу асарнинг предмети шу ҳудудда яшаб ўтган инсон ва беқиёс инсоний кечинмалар, ўйлар, хислар баҳсидир. Инсон – ташқи табиатнинг, мақсадга мувофиқ ҳаракатларнинг фарзанди. Мақсадга йўналтирилган ҳаракат эса меҳнатдир. Меҳнат табиатдаги тайёр буюмларга ишлов беришдан бошланади. Инсоннинг тили, тафаккури, маданияти шу меҳнат қуроли даражасидан ортиқ бўлмаган. Маданият эса бир томондан моддий, иккинчи томондан маънавийдир. Зараутсой қояси камаридаги ибтидоий расмлар маънавий, лекин улар муайян моддий қуроллардан фойдаланилмасдан чизилмаган.

“Чағониён ёхуд бетакрор дунё” асарида Хушбоқ Раҳим юқоридаги ҳақиқатга суянган, китобхонлар диққатини оламнинг бир бутунлигидан ташқари ижтимоий ишлаб чиқариш усулига, хусусан, меҳнат предметига, ишлаб чиқариш қурол-воситаларига, уларни ҳаракатга келтирувчи инсонга, илм-фанга, уларнинг муштарак бирлигига қаратади. Археолог олимлар қадимги тепалик ва ташландиқ шаҳар харобаларидан топган анчайин танга, сопол, сополсиёҳдон, ибодатхона ёки металл заводининг дастлабки ўрни, ёмби ёхуд тилла тақинчоқлардан шоир қувонади ва ёзади:

 

Минг йиллик ҳангома, кечаги гаплар,

Ўтмиши энг олис, келажаги энг…

Будрачга бахшида достон мазмуни

Меҳнат қуролининг ёши билан тенг.

 

“Чағониён ёхуд бетакрор дунё” – фалсафий асар. Тупроқ шоирга кошин, булут ёки томчи яшин бўлиб кўринади. Китобдаги уч юздан ортиқ илмий изоҳ унинг тарихийлигидан далолат. Уларсиз ҳам “Чағониён ёхуд бетакрор дунё” мумтоз ва миллий қадриятлар қасидасидир:

 

Кўмакка шошилди энг олис мозий,

Тинчлик, жой топилмас юракдан ғамга.

Қувончга кафолат дастлабки давлат,

Дастлабки оқсоқол, дастлабки тамға.

 

Хушбоқ Раҳим шоир сифатида дастлабки оқсоқол, дастлабки давлат, дастлабки тамға, “номаълум ёзув” билан фахрланади. Ундай қад­риятларнинг каттаси ҳам, кичиги ҳам ота-боболаримизнинг кимлар эканлигини ошкор айловчи моддий омиллардир. Моддийлик эса уларнинг маънавиятини шартлайди. Аслида ҳам ёзувдан хабарсиз кишига сополсиёҳдон нокерак. Давлат ва мансаби бўлмаганларга муҳр шарт эмас. Аёл зотига, гўзалликка бегона, бедид одамларга тилла тақинчоқларнинг қизиқчилиги кам. Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Саид Шермуҳамедов “Қалбим изҳори” китобида “Инсонлар қиёфасида 36 та фазилат ва 36 та иллат борлиги аниқланди”, деб ёзади. Дарҳақиқат, Хушбоқ Раҳимнинг “Чағониён ёхуд бетакрор дунё” асарида қайд этилган тарихий шахсларда файласуфлар ҳисоблаб чиқишган ўша фазилат ва иллатларнинг барчаси бор, дейилса хато бўлмас.

“Чағониён ёхуд бетакрор дунё” илмий қийматга эга асар. Шоир китобхон эътиборини исталган буюм-ҳодисанинг туб илдизига, ички, ҳал қилувчи зиддият ва боғланишларга, моҳиятга тортади. Моҳиятни чуқур илғаш эса тафаккурнинг ишидир. Мисол учун буюмнинг моҳияти унинг қийматидир. Ҳар қандай бадиий асарнинг қиймати чекилган дард, изтироб, сарфланган меҳнатдир. Исталган мавзудаги илмий тадқиқотнинг моҳияти элу юрт учун қўл келадиган моддий ёки маънавий фойдадир. Абдуҳолиқ Ғиждувоний “Васиятнома”сининг моҳияти “Даст ба кору дил ба ёр!”, Баҳовуддин Нақшбанд тариқатининг моҳияти эса “Дил ба ёру даст ба кор!” Хушбоқ Раҳим улардаги узлуксизликнинг узилмаслигини инкорни инкорда, ворисийликда кўради. Шоир учун ворисийлик амал қилмаган матоҳ, ички ҳаракат, ўзгариш, янгиланиш, юксалиш топилмайди. Шу маънода ворисийлик “Чағониён ёхуд бетак­рор дунё” асарининг юраги, юрак ришталари, қони ва жонидир. Ворисийлик, айниқса, шоирнинг Мавлоно Аттори Валий, Яъқуб Чархий, Хожа Ахрори Валий ўртасидаги беҳашам муносабатларга бағишланган сатрларда бўртиб кўринади. Аслида Хожа Ахрор Валий ўзидаги “Қиё­­фа ва ботин илми” булоғини ваҳийдан эмас, балки, оғир ва машаққатли меҳнатларидан, ворисийликдан топганлар. Аксинча бўлганида “мусулмони ким?” сўроғига жўяли жавоб топиш мақсадида йиллар Ҳиротда Умар Баҳовуддин, сўнгра Чағониёнда Мавлоно Яъқуб Чархий хизматларида ҳаёт кечирмас эдилар.

Хушбоқ Раҳим “Чағониён ёхуд бетакрор дунё” асарининг туб мағзини жамиятга тааллуқли тизимлар, жумладан, оила, маҳалла, давлат, қонун, ишлаб чиқариш, тақсимот, халқ, миллат, менталитет билан эт-тирноқ истеъдодли инсонлар ташкил этади. Уларга муносабатда шоир китобхон диққатини “Руҳият”, “Мафкура”, “Ғоя” тушунчаларига тортади. Руҳиятга айримлик, мафкурага умумийлик хос дейди. Руҳиятдан фарқли ўлароқ мафкура инсон онгига она алласи ва сути билан сингдирилмайди. У ишлов берилган, тартибга солинган тизим сифатида онгга, инсон миясига ташқаридан киритилади. Мафкура жамият аъзоларининг барчаси учун бирдайдир. Шоир мафкурани милтиққа, ғояни ўққа ўхшатади. Мустақиллик мафкурасининг мазмуни, мақсади, миллий манфаатдан, истиқлолни ҳимоя қилишдан, мустаҳкамлашдан иборат.

Мустақиллик ўзбек халқига эрк ва эркинликни, хусусий мулк ва мулкдор бўлиш бахтини берди. Тилини, тил ва дил бирлиги билан анъана, маросим, урф-одат, расм-русумларини қайта тиклади. Халқ амалий санъати ва ҳунармандчилигини оёққа қўйди. Ташаббускорлик, жумладан, мустақил фикрловчи ёшлар жамиятнинг мустаҳкам таянч нуқтасига, энг янги тарихнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланди. Хусусий мулк, моддий манфаат, малакали меҳнат ижодкор инсонни, таъбир жоиз бўлса, меҳнат предметига “михлаб” ташлади. Илм-фан эса уларнинг ишончли ишлаб чиқарувчи кучи ва уларнинг ўта чидамли қалқонига айланди. Табиат, жамият тафаккур қонунларини қўлидаги қамчидай ўйнатувчи олимлар меҳнати “очлик” тушунчасини дорга осди, “тўқлик” тушунчасига муҳрин босди, яъни улар мамлакат ва жаҳон халқларининг қорни тўқ ва усти бут яшашига кафолат беради. Олимлар орасида Чуқур қишлоқлик физика-математика фанлари доктори Нигора Тўраеванинг ҳам борлиги шоирда ғурур ва шодлик уйғотади. Шоир ёзади:

 

Денов тупроғининг дунда тенги йўқ,

Гиёҳ, гул, ғунчада Ватан, юрт ҳиди.

Энг Чуқур қишлоқни осмон айлаган

Болари беш кетган олима диди.

Қанча баҳоласанг, шунча Нигора,

Юртга садоқати кунча Нигора.

 

Деновда ижодкор, каштачи, пазанда, спортчи, санъаткор, журналист қизлар бир талай. Уларнинг миллий ва халқаро танловлардаги ютуқларидан шоир Хушбоқ Раҳим сархуш ва лол.

У киши (шоир) меҳнатда суяги қотган ота сифатида уларга ҳавас билан қарайди. Улар билан беллашгиси, улар ютуғини қувлаб етгиси, қайтадан ёшариб кетгиси келади. Бундай беғубор, беғараз, тоза туйғуларни шоир яна мус­тақилликдан деб баҳолайди ва ёзади:

 

Урвоқ тугунида мулки табиат

Ундан ҳам бадавлат, равза бу ёқлар.

Заминга сочдан ҳам қаттиқ ёпишган,

Товусдай товланган майса, гиёҳлар.

Мозийдан муштарак, буюк тўхтамдир,

Мустақиллик мангу, таянч нуқтамдир.

 

Дарҳақиқат, мустақиллик шарофатидан Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Файзуллаев Ҳақ севган, Ҳақнинг бандаси, яъни ўшаси, Тўкин, тўқ халқининг устунгўшаси; Аҳмад Нарзуллаев эса Боботоғнинг қиридай, мулкдорлар қавмининг пиридай… Улар фермер. Фермерликнинг моҳияти эса шахсий манфаат. Фермер ва унинг аъзоларини ўша хусусий манфаат бирлаштиради, янгидан-янги имкониятларни излаб топишга, тийинни тежаб ишга солишга мажбур этади. Бу жараённи Хушбоқ Раҳим обдон кузатади ва ошкор айлайди:

 

Ютуқлар сабаби билим, техника,

Маҳорат, синчковлик машқидан етди.

Беқўним хаёлим тола ва ипак,

Калава, сут, қаймоқ цехига кетди.

Фермерга ишонган деҳқоннинг бари

Юмушга ёпишди мисли болари.

 

Фермерлик касб танламайди. Меҳнат қилишни, моддий манфаат кўришни, мулкдор бўлишни истаган ҳар қандай ёшдаги киши фермерликни эгаллаши мумкин. Мисол учун Ўзбекистон телевидениесининг Сурхондарёдаги махсус мухбири Жўрақул Турсунов – фермер, хусусий мулк эгаси. Бошқача айтганда, шахсий чорваси, муайян гектардан иборат даласи бор. Дала мухбирликка, мухбирлик дала ишларига халақит бераётгани йўқ. Бир қарасанг, унинг елкасида эски чопон, кифтида кетмон, яна бир қарасанг, эгнида янги костюм, бўйнида бўйин боғи, қўлида микрофони. Қойил.

 

Чағониён тарих, чўпонлик тарих,

Деҳқонда тарихий реза-реза тер.

Суянчиқ, сепоя инсонга инсон

Қалам қавартирган қўлларингни бер.

Қалай, омонмисиз, Жўрақул Турсун!

 

Хушбоқ Раҳим талқинида исталган касб эгаларининг қиёфалари ниҳоятда ўхшаш. Ички қиёфалари эса юзлаб шоҳ кўча ва минглаб боши берк ё талай жин кўчалар мажмуасидан иборат шаҳардан ҳам сержумбоқдир. Шаҳаргина эмас, балки самовот мулкидан ҳам минг чандон бой чангак ва чигалликларнинг чанг босган, бечегара омбори, омборгина эмас, инсонга хос яхши фикру фазилатларнинг минг кўзли қайнаб ётган зилол чашмасидир:

 

Ўйласам, ўйимда қири кўп дунё,

Суянган тоғидан пири кўп дунё.

Чағониён, Эркин, зоти инсоннинг

Самоват мулкидан сири кўп дунё.

 

Зоти инсон мияси билан фикрлайди, онг бир қатор омиллар туфайли мияда ҳосил бўлади. Мия эса камида ўн олти миллиарддан-да ортиқроқ ҳужайралар тўпламидан иборат физио­логик жисмдир. Юқори типдаги ҳайвон, жумладан, инсон мияси ташқи табиат билан сезги аъзолари орқали боғланади. Ташқи табиатни билиш сезги ёки сезишдан бошланади. Билишнинг шакллари, босқичлари бор. Унинг юқори босқичи мантиқий билиш ёки мантиқий тафаккурдир. Тафаккур буюм, ҳодиса, жумладан, инсон зотининг моҳиятини, ботинини билишнинг ишончли ва қудратли қуролидир. Шу важдан, Хушбоқ Раҳим чағониёнлик Э.Аъзамни дунёга ўхшатади. “Тушунча”, “Тасаввур”, “Идрок”, “Сезги”, “Хотира”, “Илмий тадқиқот” ва бошқаларни тилга олади. Ниҳоят, китобхонга қуйидаги ихчам хулосани тақдим этади:

 

Кексармас очунда ёш бўлган дунё,

Серманак даврада тош бўлган дунё.

Сараланган сўзлар синчиси – Эркин

Тафаккур аҳлига бош бўлган дунё!

 

“Чағониён ёхуд бетакрор дунё” “яримҳўл хазондай тутаётибман” мисоли ўхшатиш, “Ҳисори қўй сони харсангдан оғир”, “Буқангча тош босмас тоғлар қояси”, “Далага ёпишган мисли болари” янглиғ бўрттирмаларга бой бадиий пишиқ асар. Унда зиммасига муайян ижтимоий вазифа юклатилмаган сатр, шакли мазмунига мос келмайдиган жумла топилмайди. Шоирнинг ўзи эса сиртдан қараганда “Ёзгим келган эди, бир даста ёздим”, “Ғарам ҳам, хирмон ҳам Сизларга қолди”, дейди. Ботинда эса Чағонруд бўлғуси, Жайҳун бўлғуси, Сув бўлғуси, эл-­юртга сувдай хизматда бўлгуси келади. Ниҳоят, шоир Хушбоқ Раҳим мозийнинг китоби, даврининг хитобидан куч-қудрат тўплаб, Жайҳунга айлангиси, чигитда Жайҳундай жўшгиси, ютуққа янгидан янги ғалабалар қўшгиси келади.

Шоирнинг орзулари ижобат бўлсин! Бу инсонни юртимизда кўпчилик билади. Келинг, шундай бўлса-да мен ҳам яна бир бор таништирай:

Хушбоқ Раҳим. Сўзи ўткир, диди баланд ижодкорларимиздан. Шеъриятга ошуфта юрак. Мамлакатимиз мустақиллиги Хушбоқ Раҳимга ўзига хос илҳом манбаи бўлди. Шоир ўзининг “Сурхондарё” достонини ёзди.

Дарҳақиқат, Хушбоқ Раҳим достонларини ўқиганлар асар ёзиш учун ижодкор кундалик ҳаёт билан киришиб кетган, сўнгра тарихни, мавжуд фан ютуқларини, фалсафа қонун-­қоидаларини яхши ўзлаштирган бўлиши лозим, деган хулосага келади. Юқоридагилардан юзакироқ хабардор киши Хушбоқ Раҳим шеъриятининг мазмун-моҳиятини қандай бўлса, шундайлигича англаб етмаслиги мумкин.

 

Мустақил дунё ҳам эркин тафаккур,

Тарихни туянинг жунидай титди.

Қуёш ҳам тожига тирноқдош Хушбоқ

Шону шуҳратингга қасида битди.

Сурхондарё.

 

Сурхондарё юракдай ягона курраи заминда қоядай мустаҳкам Ўзбекистоннинг муштарак қисми. Шоир воҳадаги Тешиктош ғори ёки Бойсун ва Боботоғ қиёфасини ва бисотинигина эмас, балки шу ҳудуднинг заррачасини ҳам синчиклаб тафаккури қамровидан қочирмайди. Уни китобдай ўқийди, у билан дардлашади. Заррани коинот билан, бели ва белбоғи билан, Сурхондарё билан бир бутунликда кўради. Юрт, коинот, инсон қадри, бел ва белбоғининг моддий ва мавжуд заррадай тинч ва соғлом бўлишини истайди. Чунки энг катта бойлик – тинчлик ва соғломликдир.

 

Заррани китобдай ўқидим, бугун,

Қаддимда Дунё ҳам ўша мадор, ўқ.

Белбоғ ҳам белимда мулки коинот,

Тинчлик ҳам соғликдан катта бойлик йўқ.

Сурхондарё.

 

Сурхондарё иқлими ниҳоятда қулай. Йилнинг тўрт фасли қуёшли. Қиш-қировли кун кам. Бу ҳудуд инсоният тамаддумининг дастлабки бешикларидан бири. Қадимги Бақтрия, Кушонлар давлати ва унинг пойтахти шу ҳудудда жойлашганлигини археологлар аниқлашган. Энг қадимги шаҳарлар ўрни, маҳалла, арки аъло, мудофаа деворлари, жаҳондаги энг қадим қабристон, сопол идишлар, сопол сиёҳдон, омоч, турли тақинчоқлар, давлат муҳрлари, жун, пахта, ипак, тўқима қолдиқлари, буғдой дони, ғўза чигити, дастлабки металл заводларнинг ўрни, шиша, пишиқ ғишт, заргарлик ашёлари, нақшинкор ёғоч синиқлари ва бошқа қатор тарихий қадриятлар Сурхондарё ҳудудидаги асрлардан асрлар оша кўкка кўкрак кериб турган тепалар бағридан топилган. Хушбоқ Раҳим достон орқали китобхонларни маскур топилдиқларни синчиклаб ўқишга, Сурхондарё тарихи ва бугунини эътибор билан ўрганишга чақиради.

 

Ҳунар кексармайди, кўнгил қаримас,

Меҳнатнинг ортидан ютуқлар бари.

Оромий ёзуви, рақам ҳам чизиқ,

Бору бир, баҳру бар китоб, дафтари.

Сурхондарё.

 

Шоир “Сурхондарё” сўзини дарё маъносида, моддий, бир жинсли вақт маъносида, табиат, жамият ва инсон тафаккури тараққиётининг энг умумий қонунларини, одам ва одам муносабатларининг ҳаммабоп алоқа ва боғланишларини билиш ва билдириш, таҳлил ва тадқиқ этувчи диалектик метод маъносида ҳам ишлатган. Дарҳақиқат, дарё сувига икки марта тушиб бўлмайди, ўтган вақт изига қайтмайди. Бугунги ютуқларнинг қусури эртага кўринади, ижтимоий ҳодисаларнинг қандай юз бериши мавжуд шарт-шароитга, ўринга ва вақтга боғлиқ. Уларни бир хил меъзон, тошу-тарози билан ўлчаш, бир хил бўёқ билан бўяш, бир қолипга жойлаш диалектика табиатига зид.

Шу маънода шоир Хушбоқ Раҳим шеърларида давлатлар ва улар ўртасидаги муносабатларнинг шарт-шароит ва замон талабига мувофиқлиги мадҳ этилган.

 

Темир йўл, авто йўл, осмонда ҳам йўл,

Кундалик ҳақиқат, тарихий юмуш.

Дўстларга сарфланган эзгу фурсатнинг

Ўрнини босолмас на олтин, кумуш.

Сурхондарё.

 

Дўстлик туйғуси – қадимий, маънавий қад­рият. Жаҳонда зиддиятли, боғланмайдиган, манфаатли муносабатда бўлмайдиган давлат, оила, одам йўқ. Инсоннинг ўзини тушуниши, бир бутун оламнинг оддий бир заррачаси эканлигини англаб етиш осон эмас. Орамизда, афсуски ҳаётда нима учун келиб, нима учун кетаётганлигини лоақал бир марта ўйлаб кўрмаган басирлар топилади. Инсон қиёфаси бир-биридан нисбатан кам фарқ қилади. Уларнинг ички олами эса бир-биридан чигал, бир-биридан мураккабдир. Ўзини тушунган одам бошқаларни ҳам тушунади. Ўзини ҳурмат қилган бошқаларни ҳам ҳурмат қилади. Ўзининг кимлиги ва нима ишларга қодирлигини англаб яшаган маънавиятли одам бошқалар учун ҳам яшайди.

Хушбоқ Раҳим мустақил, янги ҳаётда ямоқдай ялтираб кўзга ташлангувчи камчилик ва қусурларнинг кушандасини замонавий саводхонликда, уни сув мисол ичган мус­тақил фикрловчи ижодкорларда кўради. Шоирнинг назарида ўтмиш ёки ўтиш даври теша зарбидан кўкарган тирноққа ўхшайди. Хаста тирноқни янги, соғлом тирноқ суриб чиқаради. Соғлом тирноқ – шоирини ғурурлантирувчи мустақил Ватаннинг авлиё ва алломаларидан кам бўлмаган, билимдон, келажаги порлоқ ўғил-қизларидир.

 

Тўқ мағиз чигитдай ихчам хулоса,

Ушбу дамлар ҳеч бир дами ғам эмас.

Интернетга шўнғиб кетган ҳар боланг,

Авлиёю алломадан кам эмас.

Сурхондарё.

 

Ҳар бир шоирнинг китобхонга ёқтириш ва юқтиришга йўналтирилган ғояси бўлади. Хушбоқ Раҳимдаги бундай ғоя бирлик ва жипсликдир. Ватан, одамлар ва уларнинг олам билан бир бутунлигидир.

Шоир Хушбоқ Раҳим учун Коинот бир бутун, Курраи Замин, Ватан ва унинг манфаатлари бир бутун, оила, маҳалла, туман, вилоят, Ўзбекистон бир бутун, миллий, миллийлик, дунвий фанлар предмети, ислом олами бир бутун, ишлаб чиқарувчи кучларнинг унсурлари бир бутун, мулк шакллари бир бутун, гул бир бутун, гулзор бир бутун, тирик ва нотирик бир бутун.

 

Гул мисол ҳаёт ҳам олами кубро,

Улардан ажралмас инсон ҳам исми.

Кўзларим гавҳари Ўзбекистон ҳам

Курраи Заминнинг энг обод қисми.

Сурхондарё.

 

Табиий пишиқ шеър кўнгилларни яйратади, қалбларни қувонтиради. Китобхонни сувдан олиб ўтга, ўтдан олиб сувга ташлайди. Шеърлардаги дарднинг залвори йиғлаганларни юпатади, ғамдан йироқ басирларни йиғлатади. Омманинг баланд руҳини осмонларга кўтаради, белини янада бақувват қилади. Урвоқ ҳам уммон, гард ҳам гул, зар ҳам заргар вужудидаги ёпиқ, лекин яширин юлдузларни ошкор айлайди. Шеър – маънавий кашфиёт. Кашфиётнинг сабаби очиқ, аччиқ ва машаққатли меҳнатдир. Оқсоч очун бир кашфиёти учун минглаб марта тажриба, синовни такрорлаган табиатшунос олимларни билади. Яхши шеър ҳам шоирдан ҳеч бўлмаганда ўша кашфиётни қўлга киритган табиатшунос меҳнатини талаб қилади. Мушкул ва машаққатли меҳнатнинг оқибати эса мақтовларга лойиқ.

Тоштемир ТУРДИЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × five =