Нурли излар

Ҳар бир инсон ушбу курраи заминда яшар экан у ўзидан келгуси авлодлар учун муносиб из қолдиргиси келади. “Из” бу рамзий маънода эканлигини қалби ва шуури адабиётга ошно қалб эгаси бўлмиш зукко газетхон аллақачон тушуниб етган. Шу маънода ёши тўқсонларни қоралаб қолган бўлса-да, “тинч ўтиролмайдиган”, одамларга эзгулик улашишдан чарчамайдиган собиқ Иттифоқ, кейинчалик Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг аъзоси Жаҳонгир Пирмуҳаммедов ҳам нав­батдаги китобининг номини “Изли сўқмоқлар” деб атабди.

Жаҳонгир акани узоқ йиллардан буён танийман. У кўп вақт “Ўқитувчи” нашриё­тида бўлим мудири бўлиб ишлади. Баланд бўйли, савлатли, қорача юзларидан нур ёғилиб турадиган, аския ва латифалар айтишни қийиб ташлайдиган, ҳузур қилиб кулганида кўзларидан ёш чиқиб кетадиган Жаҳонгир ака ўша – мен таниган вақтдаёқ республика матбуотида, яъни газета, журналларда ўзининг серқирра ижоди билан фаол қатнашарди. Аслида касби инженер бу инсон адабиётни хуш кўрар ва шу сабабли ҳам ўзи бевосита мулоқотда бўлган таниқли ёзувчилар ижодидан лавҳалар ҳамда улар ҳаётидан қизиқарли воқеаларни газетхонларга жонли тилда, самимият билан етказа оларди. Ойбек, Ўткир Ҳошимов, Муҳаммад Али, Ҳайдар Муҳаммад, Сайёр, Толиб Йўлдош, Элбек Мусаев, Маъруф Жалил ва бошқа кўплаб ёзувчи-шоирлар ҳақидаги қизиқ ҳикояларини ўқиганимда оддий муҳандис одамнинг тилига ва бадииятига қойил қолардим. Чунки бу эсдаликлар ўзининг соддалиги, ҳаётийлиги ва юморга бойлиги билан ажралиб турарди.

Жаҳонгир аканинг йиллар давомида журналистикада чархланган қалами 2000 йилларга келиб ёзувчиликда ҳам бўй кўрсата бошлади. Унинг ҳозиргача ўндан ортиқ ҳикоялар ва лавҳаларни ўзида жамлаган китоблари дунё юзини кўрди ва китобхонлар қалбидан чуқур жой олди. Унинг   ижодида уруш ва ундан кейинги йилларда одамлар орасидаги меҳр-муҳаббат, оилага бўлган садоқат, онанинг мўътабарлигию, отанинг улуғворлиги, дўстларнинг меҳри ва ижодкор ноширлар олами, улар ҳаётидаги ибратли воқеалар етакчилик қилади. Жаҳонгир ака машаққатли касб эгалари – матбуотчилар, журналистлар, ноширлар ҳақида ёзганида қалами “яйраб” кетади. У ўзи босиб ўтган нурли йўл – изли сўқмоқни очиқ-ойдин, бор бўйи билан кўрсатиб беради. Келтирилган ҳи­кояларда ўз камчиликлари ва хатоларини яшириб ўтирмайди, чиқарган хулосаларини рўй-рост тан олади. Шу сабабли ҳам ушбу китобдаги воқеалар тизгини сизни ўз “қармоғи”да ушлаб туради ва бевосита ушбу ҳикоя ёхуд воқеа иштирокчисига айланиб қолганингизни сезмай қоласиз.

Ушбу китобдан ўрин олган Ойбекнинг карта ўйинидаги қувлиги, Муҳаммад Алининг олтин пероли ручкани кимдан олганлиги, Сайёрнинг шеър айтиб тўй қиздириши, Маъруф Жалилнинг камсуқумлиги, Абдураҳмон аканинг ажойиб шафтолиси, Ўсарали аканинг таржимаси, Абдувоҳид аканинг сиёсий ҳушёрлиги, Саъдулла аканинг топқирлиги ва бошқа кўплаб воқеий ҳикоялар китобхонни бефарқ қолдирмайди. Мабодо гапларим шубҳа уйғотса, Сиз ҳам бир ўқиб кўринг. Чиндан ҳам Жаҳонгир Пирмуҳаммедов моҳир журналист, ўзининг самимияти, одамохунлиги ва камтарлиги билан ном қозонган, ўзбек журналистикасида ўз ўрнига эга Ўзбекис­тон Журналистлар уюшмасининг ҳозиргача қўлидан қаламини тушурмай келаётган содиқ аъзоси. Унинг янги китоби “Изли сўқмоқлар”нинг нурли изи муштарийларнинг қалб мулкига айланиб қолажак.

Баҳром АКБАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 3 =