Ўрикнинг сўнгги ҳиммати

Муҳаббат ҲАМИДОВА

 

Муаллиф ҳақида:

Муҳаббат Ҳамидова — 1955 йилнинг 20 мартида Қибрай туманида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тугатган.

“Асабингизни асранг”, “Изингиздан борамиз”, “Қора жўжа”, “Сеҳргар бола”, “Кокилли илон” каби насрий китоблари чоп этилган.

Унинг “Янги уч оғайни ботирларнинг саргузаштлари” номли  жажжи қиссаси 2000 йилда “Энг яхши китоб” Республика танловининг “Болалар учун ёзилган энг яхши китоб” номинацияси ғолиби бўлган.

Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаси аъзоси.  II даражали “Соғлом авлод учун” ордени ва “Шуҳрат” медали соҳибаси.

Муҳаббат Ҳамидова “Гулхан” журнали бош муҳаррири ўринбосари лавозимида фаолият олиб бормоқда.

 

Ўрикнинг  сўнгги  ҳиммати

(Ҳикоя)

 

Суръат аканинг  ҳовлисида    ўрик дарахти бор… уни  дадаси  Исфарадан  олиб келган. Меваси унчалик  йирик ҳам эмас, бироқ жудаям чиройли. Бир томони қаҳрабодай  сап-сариқ, ярми ёқутдай қип-қизил. Ўша кекса ўрик  бу йил шунақанги  мўл ҳосил қилдики, унинг залворидан шохлари ларзон-ларзон  эгилди.

— Вой-бў, ишқилиб ўзини бошини  есин, ўрик жонивор  қариганда ҳам  мева беравераркан-да.  Тоға, ўрик қаламчасидан ҳам кўкараверадими, олиб бориб экардим, — деди  меҳмонга келган жияни ҳовлиқиб.

— Мен ҳам шунга ҳайронман.   Қуриб қолган шохларига  ҳам  бу йил жон кирди. Барча  шохи бирдай гуллади.  Кўриб турганинг ҳосилни ярми. Ярмини  довчалигидаёқ  қўни қўшни билан баҳам  кўрдик, — жилмайди Суръат ака мамнун. —  Мана бир ҳафтадирки маҳалладошларга челак-челак ўрик тарқатяпмиз.  Жонивор бир пишса  баравар пишади. Вақтида териб олмасанг тўкилиб увол бўлади. Ўрикни еган  борки,   мени, уни эккан  отамни  дуо қил­япти.

— Аммо ўзи  жуда қари-а, тоға. Мен эсимни таниганимдан  биламан.  Балки вақти соати битгандир.  Шам ҳам ўчиш олдидан бир ўчиб ёнади-ку, — жиян  қўлидаги ўрикни данагидан ажратиб ярмини оғзига солди. Шу данак  ундан эсдалик, олиб бориб  экиб қўяман.

— Э, нафасингни иссиқ қил, жиян. Шукр қилайлик. Аллоҳ насибамизни етказиб, қари  ўрикка  куч берганига.  Шаҳардаги    ҳамма ҳовлида ҳам бунақа  мевали  дарахт  ўсавермайди. Ўригим ҳали вери қуримайди. Элнинг дуосини олди у, — жиянининг  ўйламай  гапирганидан Суръат аканинг дили ғашланди.

— Айтдим қўйдим-да, тоға. Суяксиз тил ҳар нима деяверади-да, — узрли  оҳангда деди жиян.

Бу суҳбат  унутилиб ҳам кетганди. Бироқ кузга яқин маҳалла ўртасидан  катта йўл тушиши муносабати билан  кўча юзидаги уйлар  бузиладиган бўлди. Суръат аканинг ҳовиси ҳам ана шу лойиҳада бор экан. Уларга  шаҳар чеккасидаги  кўп қаватли уйлардан  жой беришди. Аммо  Суръат ака  жума намозини  эски маҳалласидаги  қадрдон Сузук ота масжидида  ўқишни канда қилмади. Қиш оёқлаб қолганда Суръат аканинг негадир  ҳовлисига  ўтгиси келиб қолди. Борса, бу ерда қурилиш жадал кетаётган экан. Тусмоллаб  ҳовлисини топди.  Топгандаям  мунғайиб қолган  ўрик дарахтидан топди. У бир умр соя солиб ўтган ошхона ҳам бузилиб кетибди. Дарахт ёнида икки йигит гап­лашиб турган экан. Югуриб келиб  Суръат ака билан  сўрашишди. Ёнларида электр арра. Ҳовлиларда қолган дарахтларни  ўтин қиламиз деб  кесиб  олишаётган экан. Улар  ўзларини,  олтиариқликмиз, деб таништиришди.

— Жуда азамат дарахт экан. Танаси ҳам заранг бўлиб кетибди ўзиям. Камида  бир ой уйимизни иситади.  Ўрикнинг чўғи  оёқдаги  оғриқларга  шифо. Бувимнинг сандалига  солиб берсам, жони киради”, — деди йигитлардан бири.  Суръат аканинг юраги ғалати бўлиб кетди. Аста ўрик ёнига келди. Қадрдони билан кўришгандай қучоқлади. Танасини силади. Негадир унинг танасидан сув оқарди.

Нега йиғлаяпсан, қадрдон, —  деди Суръат ака уни силаб. – Сен жуда яхши яшадинг. Одамларга  нафинг кўп тегди. Биз сендан розимиз. Сен ҳам рози бўл. Қара  сўнгги дамларингда ҳам одамларга яхшилик қилишга ярабсан. Шу чоқ дарахтнинг тепасидаги шохда қолиб кетган бир дона туршак тап этиб оёғи остига тушди. Шохни силкитган қарға эса чўчиб ҳавога кўтарилди. Кейин қўнарга шох тополмай узоққа  учиб кетди. Йигитларни аррани ишга солишга шайланганини кўрган Суръат  ака жадал юриб  бу ердан   узоқлашди. Бироқ  бир  маромда ғириллаётган электр арранинг овози қулоғига қадрдон ўригининг  видолашув ноласи бўлиб эшитилди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty + 10 =