Оловлардан омон қолган ожиза
Муаллиф ҳақида:
Суад — тахминан 60-йилларда Иорданиянинг жанубий соҳилларидаги (ҳозирги пайтда Фаластинга қарайди) мусулмон араб қишлоқларидан бирида туғилган. Йигирма йил давомида у психотерапия бўйича даволаниб ўтмишини эслайди. Барини хотирлагач, у яқин Шарқдаги аёлларнинг ҳаёти қандай бўлганини тасвирлаш мақсадида биографик роман ёзади.
Суад — бир тарафдан олиб қараганда буткул айбсиз, иккинчи тарафдан эса ўз ҳислари сабаб, ўз заифлиги сабаб алданиб қолган ожиза…
Тўғри, унинг ҳаёти бу алфозда кечишига, аввало, оиласидаги муҳит, жараён, унга қилинадиган муомала сабабдир. Отасининг қизини ҳайвонча ҳам қадрламаслиги, онасининг эса ўз вазифаларини тўла адо этмаганлиги сабабли унинг ҳаёт йўли издан чиқди. Айтишингиз мумкин: “Ахир Суаднинг жамиятида, мамлакатида аёл қизларга паст назар билан қарашган, бечора ота-онада нима айб”, — деб. Йўқ! Агар сиз бундай ўйласангиз албатта, адашасиз. Агар инсоннинг қалбида зиғирча одамийлик бўлса, Аллоҳ инъом этган қалб кўзи очиқ бўлса, бу каби шавқатсиз қонун-қоидаларни, ҳеч бир урф-одатни бутун бошли жамиятнинг онгига сингдиришнинг иложи бўлмасди. Демакки, ҳамма гап ушбу инсоннинг ўзига боғлиқ. Асарда ушбу гапимга далил ҳам келтирилган. Суаднинг ёзишича, унинг қишлоғида бир аёл ўтиб қолади. Эри эса аёлини ўз қўлларида кўтариб бориб қабрга қўяди. Ўшанда Суад аёл кишига кўрсатилган эҳтиромга илк бор гувоҳ бўлади. Ваҳоланки, улар ҳам айни бир вақтда, айни бир жамиятда яшашган...
Қиз боласан, уят бўлади… Қиз боласан кўп гапирма, аралашма, кулаверма, кўчага чиқма, ўқиб нима қиласан, баланд гапирма, савдолашма… Эҳ-ҳе, қизлар учун “кашф этилган” бу каби “чекловлар”ни санаймиз десак саноғига етолмаймиз. Қиз бола аввалига ота-онаси учун, турмушга чиққач турмуш ўртоғи учун, она бўлгач эса фарзанди учун яшайди. Тарихдан маълумки, турли жамиятлардан аёл қадри, шаъни у қадар улуғланмаган: камситилган, ерга урилган… Шундай мамлакатлардан бири, Суад исмли аёлнинг туғилиб ўсган жойи – Иордания ҳисобланади. Биз бу ҳақида Суаднинг “Аланга ичидаги аёл” (таржимон: Нодирабегим Иброҳимова) асаридан билиб олишимиз мумкин. Асар бир ожиза аёлнинг бу дунёда кўрган, ҳис қилган “дўзоҳ азоблари” ҳақида, десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди…
Ота…
Отамиз, падаримиз, дунёга келишимизга сабабчи зот. Ҳа, биз отамиз туфайли бу ҳаётда мавжудмиз. Лекин бу дегани унинг мулкимиз дегани эмас. Хоҳласа уриши, хоҳласа сотиши, хоҳласа ҳаётимизга биргина сўзи билан нуқта қўйиши мумкин дегани эмас. Ота, аввало, бизга ҳаёт йўлимизда ибрат ва намуна бўлмоғи лозим. Аммо Суаднинг отаси нима қилди?! Ўз қизларининг ҳаётига зомин бўлди. Дунёга келган қизлари у сабабли туғилиши билан сониялар ичида жон берди… Тирик қизлари эса оилада қиз фарзанд сифатида эмас, ҳайвончалик мавқега эга бўлмаган чўри сифатида кун кўришди… Суаднинг отаси ҳам бошқа оталар сингари оқкўнгил, меҳрибон, ғамхўр инсон бўлиши мумкин эди. Аммо у ўз жамиятида “қуллик” қилди. Оила шаъни учун фарзандларининг ширин жонидан кечди…
Суаднинг онаси…
Она мисли Жаннат. Негаки, у бизга ҳаёт аталмиш тирикликни туҳфа этади. Сўнгра тарбиялайди. Унинг илк вазифаси фарзандига тўғри тарбия бериш. Айниқса, она тарбияси қиз бола учун ҳаёт-мамот масаласидек гап. Чунки қиз бола айни ўтиш даврида ўзида рўй бераётган ўзгаришларни отасига, ака-укасига, ҳатто опа-сингилларига ҳам айта олмайди. Бундай пайтда фақат ва фақат она қиз бола учун ягона нажотдир. Лекин Суаднинг онаси-чи?! У нима қилди? Ҳеч қизлари билан ҳақиқий оналар каби дилдан гаплашдими? Уларнинг ҳислари билан ҳисоблашдими? Уларнинг кўнглидагини пайқадими? Йўқ! Аксинча, унинг ўзи хиёнат ботқоғига ботди… Яна Суаднинг кўз ўнгида ўз эрига хиёнат қилди… Бу энг катта гуноҳи азим эди. Суаднинг ҳаёти бундай бўлишига асосий сабаблардан бири, отасидан ҳам аввало, онаси айбдор деб ҳисоблайман…
“Даданг билан ўзим гаплашаман…”
Хўш, бундай оилада туғилган қиз нима қилсин?! Ўзини ўлдирсинми? Сувга отсинми? Ўтда куйдирсинми? Жон ширин, ҳамманинг ҳам яшагиси, дунё лаззатларидан баҳра олишни хоҳлайди. То Аллоҳ омонатини ўзи олмагунча кимнинг ҳам ўлгиси келади дейсиз?! Суад ҳам худди шундай эди. Аммо унинг вазиятида биргина йўл — янги оилага кетиш, яъни турмуш қуриш эди. Аммо ўзидан олдинги опасига совчи келавермагани сабаб Суаднинг ҳам тўйи кечикди. Лекин у қандай бўлмасин тезроқ бу қийноқлардан, азоблардан қутилишни, келинлик бахтини туйишни ва энг асосийси “озодликка” чиқишни хоҳларди. Шундай қилди ҳам. Икки уй наридаги қўшнисидан совчи келди. Уни кузата бошлади. Севиб қолди. Гаплашди. Севишди. Ва охир-оқибат… ҳаётидаги энг мудҳиш хатога қўл урди… Йигитдан ҳомиладор бўлиб қолди. Суадни ўзига “сеҳрлаб” олган йигитча эса ишини битказди-ю, шарпадек қизнинг ҳаётидан ғойиб бўлди. Ўртада бечора Суад ва унинг ҳали туғилиб ҳам улгурмаган, бу разил жамият қонун-қоидаларидан бехабар фарзанди қолди… Ҳеч кимсиз, ҳеч нарсасиз… Хўш, энди у нима қилсин?! Курашсинми? Ёки… Ўзи кураш учун унда нима қолди? Бокиралигидан ҳам, шаънидан ҳам, оиласидан ҳам, 19 ёшида кўнгил қўйган илк муҳаббатидан ҳам айрилди…
“Энди гуноҳингни яширишнинг имкони йўқ, қизалоқ…”
Ўйлаб кўринг: сиз тириксиз, нафас оляпсиз, идрок эта оласиз, онгингиз ишлаяпти, ўзингизга бўйсунади, бунинг устига ухламаяпсиз ҳам! Энди тасаввур қилинг. Худди шу ҳолатда устингиздан бензин қуйиб, гугурт чақишди… Ёна бошладингиз… Аланга тўхтамайди… Кучайгандан кучаяди. Бутун вужудингиз ила қалбингиз ҳам тўхтамай ёнади… Оловнинг оташи жонингизни суғуриб олгандек бўлади… Энг аламлиси, бу иш ўз ота-онангиз хоҳиши билан бўлади. Яна нима учун? Жамиятнинг арзимаган урф-одатлари деб… Аммо Аллоҳ берган умрга Унинг ўзигина нуқта қўя олади.
Тасаввур қилдингизми?! Нақадар қўрқинчли-я?! Ушбу жараённи ўқиганим билан танам титраб, кўзларимдан тинмай ёш оқди… билмадим нега? Балки, мен ҳам қиз бола бўлганим учундир…
Хуллас, Суадни ёқишади. Қорнидаги айбсиз ҳомиласи билан… Лекин улар тирик қолишади. Касалхонага олиб боришади. У ерда унга ҳайвонга тенг муомала қилинади. Онаси ўз қўллари билан уни заҳарламоқчи бўлади. Барибир Аллоҳнинг инояти билан Суад тирик қолади ва айнан ўша касалхонада, 7 ойлик ҳомиласини ҳеч қандай доясиз ўзи дунёга келтиради… Бунча қийноқлардан сўнг дунёга келган чақалоқни мўжиза дейиш мумкин…
“Келганимни дадамлар билмасин…”
Асад. Суаднинг укаси, баджаҳл, отаси сингари қўпол, шафқатсиз эркак… Лекин асарнинг охирида негадир унга нисбатан кўнглим эриди. Опаси учун мева олиб келади ва буни ҳеч кимга айтмаслигини тайинлайди. У келмаслиги ҳам мумкин эди. Лекин нима қилсин?! Жигар барибир жигар экан-да!
“Қўрқма, сенга ўзим ёрдам бераман…”
Жаклин. Суадни бу жирканч жамият қобиғидан қутқариб чиққан халоскор. Агар у бўлмаганда Суад аллақачан ўлиб кетган бўларди. Худдики, асарда Жаклин нажоткор фаришта мисол гавдаланган. Балки, айнан у Яратганнинг Суад учун юборилган паноҳидир?! Ҳа, Суад ёнаётган пайтда танам қандай жимирлаган бўлса, асар давомида Жаклин пайдо бўлгач ҳам худди шу ҳисларни туйдим. Суадни ва фарзандини Европага, яъни Швейцарияга келишида катта ёрдам беради. Швейцарияда Суад ва ўғлини бир оила асраб олади. Ўғли 5 ёшга тўлгач эса Суад у оилада ўғлини қолдириб, ўзи иш топиб кетади. Бу орада у абадий бахти билан танишади ва у билан турмуш қуради. Икки нафар қизли бўлади. Хуллас, ҳаёти яна ўз изига тушади. Орадан бир қанча вақт ўтиб ўғли билан учрашади…
“Сизни қизғонаман, онажон!”
“Сизни қизғонаман, онажон, оилангиздан қизғонаман, соғинаман, ёнимда бўлишингизни истайман…” Бу Суаднинг ўғлини сўзлари эди… Ҳа, у ҳам ҳамма қатори ўз онаси бағрида, ўз отаси қўлида катта бўлишга тўлақонли ҳақли эди… Аммо ундай бўлмади.
Худди ўша урф-одатлар сабаб у бегоналар қўлида катта бўлди… Меҳрга зор… Онадан йироқ… Отасини танимай… Бу қанчалар даҳшатли эканлигини фақатгина ҳис қилиб кўрганлар тушунади… Тўғри, охирида ҳаммаси бахтли якун топди, лекин аслида бошқача бўлиши ҳам мумкин эди… Улар ўз оиласида тўла-тўкис, бахтли яшашлари ҳам мумкин эди…
Сўнгсўз ўрнида
Асар биографик қисса ҳисобланиб, унда иорданиялик Суад исмли аёлнинг ҳаёти тасвирланганини кўриб чиқдик. Тўғриси, асарни ўқиб охирида савол туғилади: Нега энди мусулмонларни бу қадар ёмон кўрсатяпти? Европаликларни эса яхшилаяпти дейишингиз мумкин. Аммо хулосага шошманг! Китобнинг охирида, яъни “Суад билан суҳбат” қисмида ундан: “Ҳаётингизда содир бўлаётган ўзгаришлар дин билан боғлиқми?” — дейишганида у: “Йўқ, ундай эмас, Ислом дини мамлакатимизга кириб келмасидан олдин бу каби қоидалар мавжуд бўлган, қизларга паст назар билан қарашган”, — дея жавоб берган. Демакки, асардаги разил инсонларни “мусулмонлар” деб тушунмаслик керак. Улар шунчаки, ернинг барча нуқталарида мавжуд бўлган “ёмон инсонлар” деб тушуниш тўғрироқ бўлади!
Дилдора ДЎСМАТОВА